Қайднома

Қидирув

Контега етиб оладиганлар борми?

Контега етиб оладиганлар борми?

  02.03.2017 09:24
  0
  716
Контега етиб оладиганлар борми?

Испаниялик журналистлар гуруҳининг таъкидлашича, ҳар қайси обрўли мураббий клуб учун асосий фигура ҳисобланади. Бу омил нафақат натижалар самарадорлиги, балки бошқа жиҳатларга ҳам боғлиқ. Элит тоифадаги мураббий машҳурликка эга бўлиши шарт, чунки у ўз номи билан ишлаётган клуби нуфузини ҳимоя қилиши лозим. Умуман, ҳар бир жамоа устози шунга уриниши даркор. Қолаверса, оммага таниш шахс сифатида улардан ўзларини бинойидек тутиш талаб этилади. Soccer.ru бугунги куннинг энг кучли мураббийларидан иборат рейтинг тузди. Ушбу рўйхатни тузишда қуйидаги параметрлар бўйича кўрсаткичлар инобатга олинди.

1. Фаолият. Мураббийлик пайтидаги ҳар қандай ютуқ: жамоавий ва индивидуал совринлар, клублар билан шартномалар муддати давомийлиги, ғалабалар фоизи.

2. Бошқарув. Футболчиларга таъсир ўтказиш даражаси, жамоа, ходимлар ва раҳбарият билан муносабат. Белгиланган вазифалар ва кўрсаткичларнинг ўзаро мутаносиблиги.

3. Ижтимоий тармоқлардаги фаоллик. Аккаунтлар, аъзолар, хабарлар сони; сермазмунлик.

4. Спорт олдидаги ижтимоий масъулият. Ўз клуби, умуман, футболнинг довруғини ёйиш мақсадида уюштирилган акциялар, кампаниялар, мастер-класслар, учрашувлар ва бошқа дастурларда ўз манфаатини кўзламаслик.

5. Хабарлар (интервью, матбуот анжуманлари). Ўзини кўрсатиш, ўз нуқтаи назарини етказиш, оммада қизиқиш уйғотиш, берилаётган ахборот орқали омма фикрига таъсир ўтказиб, муайян муносабат билдирилишига эришиш.

6. ОАВ билан алоқа. Ҳар қандай тилда ўтказиладиган интервьюларга тайёр туриш.

7. Таассурот. Ташқи кўриниш, шунингдек, имо-ишоралар, юз ифодаси орқали мурожаат эта билиш. Бир сўз билан айтганда, келишган бўлиш.

8. Веб-сайт. Расмий сайт - катта мураббийларнинг дахлсиз буюми.

9. Ҳомийлар. Мураббий хонасидан ташқарида ушбу мутахассисга талаб юқорими? Унинг шахси ва номи орқали даромад кўраётганлар қанча тўлашади?

10. Сайтдаги ахборот. Футбол янгиликлари ҳақидаги китоблар ва мақолалар. Бу ўринда жамоа ва ишқибозлар билан муносабатларни намоён этувчи фойдали хабарлар ҳам инобатга олинади.

Ҳар бир параметр учун энг юқори балл 10га тенг бўлади, яъни умумий ҳисобда 100 балл тўплаш мумкин. Табиийки, ҳисоблаш чоғида вақт масаласини ёддан чиқармаслик даркор, зеро ҳар бир параметр худди мураббийнинг тақдирига ўхшаб ўзгаришга мойил.

Хўш, айни пайт энг юқори чўққини қайси мутахассислар эгаллаб туришибди?

Энг обрўли 20 нафармураббий

20-ўрин. Жорже Жезуш («Спортинг»; Португалия) қ 100дан 41,2

62 ёшли мутахассиснинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда саҳифаси йўқ, бошқача айтганда, гўёки «динозавр»дек. Жорже сабот билан ишлагани, кўп йиллик меҳнати туфайли ушбу рўйхатдан жой эгаллади. Аммо у ОАВ эътиборидан четда юради, потенциал ҳомийларда қизиқиш уйғотмайди.

19-ўрин. Клаудио Раньери («Лестер»; Италия) қ 100дан 41,4

Яна шунга ўхшаш ҳолат, лекин Раньери рейтингда жиддий ўсишга эришди: «Лестер»даги муваффақиятдан сўнг италиялик мутахассисни кўпчилик таний бошлади. Уни энг яхшилардан бири сифатида тан олиб, турли тадбирларга таклиф этишмоқда.

18-ўрин. Томас Тухель («Боруссия Дортмунд»; Германия) қ 100дан 41,5

Германиялик ёш мутахассис ҳали юксак чўққиларни забт этиши мумкин, лекин унинг бутун диққат-эътибори футболга қаратилган. Ваҳоланки, топ-даражага чиқиш учун дунё билан ҳамнафас бўлиш керак. Хуллас, Тухель ҳозирча ўз номини кенг ёйишга қизиқмаяпти, чунки айни пайт веб-сайт ва ижтимоий тармоқда саҳифалар очишга улгурмади.

17-ўрин. Лучано Спаллетти («Рома»; Италия) қ 100дан 43,9

Ҳа, бугунги рўйхатдан бу мураббий ҳам ўрин эгаллаган. Аслида, у кўпинча омадсизликка учраган, лекин фаолияти ва бошқаруви юқори баҳога лойиқ кўрилади.

16-ўрин. Винченцо Монтелла («Милан»; Италия) қ 100дан 46,2

Италиялик мутахассисларнинг кўплигига эътибор қаратдингизми? Дарҳақиқат, Апеннин мураббийлар мактаби ҳамон кучли.

15-ўрин. Арсен Венгер («Арсенал»; Франция) қ 100дан 46,9

Агар жаноб Арсен интернетда шахсий саҳифаларини очганида, ҳозир юқори ўнликда бориши аниқ эди.

14-ўрин. Люсьен Фавр («Ницца»; Швейцария) қ 100дан 47,1

Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби билан муваффақият қозонган швейцариялик мураббий «Ницца»ни Лига 1 етакчилари қаторига қўшиш орқали омма эътиборини яна ўзига қаратмоқда. Айнан у Марио Балотеллининг фаолиятини изга қўйишга катта ҳисса қўшди.

13-ўрин. Леонарду Жардим («Монако»; Португалия) қ 100дан 49,5

«Монако» яна ЕЧЛ «плей-офф» босқичида ўйнайди. Қолаверса, Жардим ишлаётган жойда довруғ қозониш одатий ҳол. Ваҳоланки, ушбу мутахассис машҳурлик ортидан қувадиганлар тоифасидан эмас.

12-ўрин. Маурисио Почеттино («Тоттенхэм»; Аргентина) қ 100дан 51,6

«Тоттенхэм»нинг Почеттино қўл остида ўсишга эришгани - факт. Маурисио энг сара мураббийлар сафига қўшилиб бўлди. Қизиғи, «шпорлар»­нинг ишбилармон раҳбарияти бу мураббийнинг машҳурлигидан етарлича фойдалана билмаяпти.

11-ўрин. Рональд Куман («Эвертон»; Голландия) қ 100дан 63,6

Мабодо «Барселона» ушбу мутахассисни чақирса, жамоани ишончли қўлга топширади. Чунки ҳозирги пайтда голландиялик мураббийлар орасида энг эътиборни кўп тортаётгани айнан Куман бўлиб турибди.

10-ўрин. Луис Энрике («Барселона»; Испания) қ 100дан 64,4

Мана шунақа, Луис Энрике ўзининг эҳтимолли ўринбосари ёнидан жой эгаллаб, кучли ўнликни очиб беради. Қуйироқ поғонадагилардан фарқли ўлароқ, каталонияликлар устозининг расмий веб-сайти бор.

9-ўрин. Жозе Моуриньо («Манчестер Юнайтед»; Португалия) қ 100дан 70,6

Моуриньо 9 баллни ҳомийлар қизиқиши туфайли қўлга киритди, унинг фаолияти эса атиги 7 баллга тортади. «Реал» билан ЕЧЛда ғолиб чиқолмади, «Барселона»нинг гегемонлигига барҳам беролмади, «Челси»дан истеъфога чиқарилди. Эҳтимол, «МЮ»да обрўсини қайта тиклашга эришар?

8-ўрин. Юрген Клопп («Ливерпуль»; Германия) қ 100дан 71,9

Юрген ўнта параметрнинг бештасида 9 баллга лойиқ кўрилди: фаолият, ОАВ билан муносабат, хабарлар, ҳомийлар ва бошқарув. Ресурс ташкилотчиларининг фикрича, Интернетга қизиқмаслиги Клоппнинг қуйироқдан жой олишига сабаб бўлди. Акс ҳолда, германиялик мутахассис ўз иқтидори ва инсонийлик фазилатлари эвазига юқоридан ўрин эгаллашга лойиқ.

7-ўрин. Унаи Эмери («ПСЖ»; Испания) қ 100дан 73,1

Серқирра ва етук мутахассис: 7та параметр бўйича 7, яна учтасида 8 балл тўплади. Унаи - ҳақиқий шинаванда, омма билан ҳамиша алоқада. Эмери ўзининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида тактик янгиликларини баҳам кўради, таҳлилий муҳокамалар ўтказади, ўқувчиларга ўйин ва машғулотларнинг ич-ичига сингиб кетишда ёрдамлашади.

6-ўрин. Массимилиано Аллегри («Ювентус»; Италия) қ 100дан 73,6

Камсуқум Аллегри ўз номини брендга айлантирган: Массимилиано шунчаки «Ювентус» устози эмас, балки мустақил шахс ҳамдир. Ҳам мураббий, ҳам оддий инсон сифатида шогирдлари кайфиятини кўтаришга қодир мутахассис кучли клубларнинг доимий диққат марказида.

5-ўрин. Диего Симеоне («Атлетико»; Аргентина) қ 100дан 74,1

ЕЧЛнинг икки карра финалчиси сайёрамизнинг энг яхши мураббийлари бешлигини очиб беради. Эль Чоло ҳар тарафлама фойда келтириши мумкин: у ортиқча қийинчиликларсиз янги иш жойи топа олади, ҳомийлар ҳам навбат кутиб туришибди, журналистлар ва ишқибозлар эса Симеоненинг ҳар бир гапини ёдда сақлашади.

4-ўрин. Пеп Гвардиола («Манчестер Сити»; Испания) қ 100дан 74,6

Агар Гвардиола «Манчестер Сити»ни ғалабалар сари етаклай олмаса, бир нечта параметрлар бўйича балл йўқотиб, азалий рақобатчиси Моуриньога қўшни бўлиши ҳеч гап эмас.

3-ўрин. Карло Анчелотти («Бавария»; Италия) қ 100дан 74,6

Бу мутахассиснинг фаолияти қора чизиқлардан холи. Карло қаерда ишлашидан қатъий назар, ҳамиша сов­ринлар ютиб, можаролардан узоқ юрган.

2-ўрин. Зайниддин Зидан («Реал»; Франция) қ 100дан 78,1

Бир-икки йил аввал Зидан «Реал»­да Анчелоттига ёрдам бераётганди. Энди эса ЕЧЛнинг амалдаги соҳиби устозини ортда қолдирмоқда. Дарҳақиқат, Зайниддинга ўйинчилик фаолиятини орттирган тажрибаси қўл келмоқда: Зизуни яхши кўрадиганлар сони миллиондан ортиқ, шу боис мураббийликда обрў орттириши у қадар қийин кечмади.

1-ўрин. Антонио Конте («Челси»; Италия) қ 100дан 79,1

Қизиғи, юқори учликдагиларни «Ювентус» боғлаб туради. Зидан ва Конте 20-аср охирларида Карло Анчелотти қўл остида «Кекса синьора»да тўп суришган. Антонионинг фаолияти ёрқин кечди, жамоани ақл билан бошқара олади. Айни пайт Англия чемпионатида етакчилик қилаётган мутахассис мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлишга асосий номзод бўлиб турибди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz