Қайднома

Қидирув

Футбол айёми яқин азиз мухлислар!

Футбол айёми яқин азиз мухлислар!

  02.03.2017 16:00
  0
  1466
Футбол айёми яқин азиз мухлислар!

Одатий кунларнинг бирида Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайтида Ўзбекистон миллий чемпионати яқинлашаётгани ҳақида хабар берилди. Ҳа, фасли навбаҳорнинг илк кунларида старт оладиган мусобақани кўпчилик интиқлик билан кутгани рост. Мана, ниҳоят, мамлакатимиз яшил майдонларида олий лига 1-тур учрашувлари ўтказиладиган сана арафасида турибмиз. Хўш, бизни янги мавсумда нималар кутмоқда? Олий лиганинг нуфузи ошиши учун қайси омилларга эътибор қаратиш лозим? Қандай чоралар қўлланса, миллий чемпионатимиз ривожига хизмат қилади? Қуйидаги мақолада шу мавзу юзасидан мулоҳаза юритамиз.

ВАҚТ

Энг аввало, ёзнинг жазирамасида, қоқ тушда  ўтказиладиган ўйинлардан қутулиш керак. Футбол майдондаги ўйинчиларни ҳам, четдан кузатаётган томошабинларни ҳам қийнамаслиги лозим. Ундан ўйнаган ҳам, томоша қилган ҳам бирдек лаззат олиши шарт.

Аслида, бутун дунёда шунақа. Акс ҳолда, футбол ҳеч қачон миллионлар ўйинига айланмасди. Хорижнинг бир қатор ўлкаларида бўлганлар айтишади, у ерда стадионларда ҳамма нарса муҳайё, ўйинлар вақти эса шу қадар қулайки, ишдан чиқиб, уйга бориб, қоринни тўйдириб, кийим-бошни алмаштиришга ҳам улгурасиз.

Бизда эса футбол кўриш учун турли мураккабликларга дуч келасиз. Мисол учун, ўйинлар ноқулай вақтга белгиланиши туфайли ишдан вақтлироқ чиқиш талаб этилади. Балки шунинг учун ҳам стадионларда одам камнамодир? Ҳар қанча ғалати туюлмасин, биз учун футбол фақат Ўзбекистон терма жамоаси ўйнаганда миллионлар ўйинига айланиши айни ҳақиқат. Бошқа вақтда эса «минглар» ва ҳаттоки, баъзи клублар учун «юзлар ўйини», холос. Қачонки бизда ҳам футбол учрашувларини иш вақтидан холи, кечки соя-салқин вақтда томоша қилиш имкони бўлса, ўшанда олий лигага қизиқиш ошмаса, ҳозирча билмадик...

КЕЛИШИЛМАСЛИК

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўйин вақти қулай бўлгани билан тоза футбол томоша қилинмаса, мухлис стадионга келишга кўп ошиқмаслиги турган гап. Миллионлар ўйинида «келишилган ўйинлар», деган бало бор экан, у мухлисларни ҳурмат қилмайдиганлар учун даромад манбаига айланади. Ҳайтовур, сўнгги йилларда миллий чемпионатимиз баҳслари тоза ўтди, буни тан оламиз. Шу эришилган ютуқ билан чекланиб қолмай, келишилган ўйинларга қарши курашни янада кучайтираверган маъқул. Чунки кичик лоқайдлик ҳам иллатнинг урф олишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

ҲАКАМЛИК

Келишилган ўйинларни бартараф қилиш асносида нохолис ҳакамликнинг ҳам олдини олиш даркор. Биз сўнгги йилларда ўзбек ҳакамларининг халқаро майдонларда қандай ютуқларни қўлга киритишаётганини фахр билан тилга оламиз. Бу - бор гап! Дарҳақиқат, ўзбек ҳакамлари қитъада ўзгача ҳурматга эга. Равшан Эрматов жаҳон майдонларида қай даражада муваффақиятга эришганини ҳам яхши биламиз. Бироқ бу гапларнинг барчаси четда кечаётган мусобақалар ҳақида кетмоқда. Ўзимизда эса...

Биз ҳозир қайсидир ҳакамнинг номини тилга олиб, ортиқча гап-сўз кўпайтириш ниятида эмасмиз. Шунчаки, ўтган мавсум улардан норозилар анча кўп бўлганини айтиб ўтиш кифоя қилса керак.

Клублар келгуси ўйинларни ўйлаб, ҳакамлардан шикоят қилишни исташмайди. Чунки ўша рефери билан кейинчалик тўқнаш келиш турган гап. Шу боис жамоалар ҳар қанча зарбани ҳам «миқ» этмай ўтказиб юбораверадилар. Бироқ мухлислар ҳақида бундай деб бўлмайди. Ва бу ўринда мухлисларнинг нохолис фикрлаши ҳақидаги сийқаси чиққан гапни ҳатто эшитгинг ҳам келмайди. Тўғри, ҳакам хато қилади. Бироқ бехосдан йўл қўйилган хато билан атайлаб қилингани ўртасидаги фарқ яққол кўриниб турганда ким ҳам стадионда ўтиришни истарди?

ЯКУНДА

Хуллас, шундай гаплар. Юқорида янги мавсумда биз кутаётган учта ўзгариш ҳақида гапириб ўтдик. Агар шу янгиликлар амалга оширилса, миллий чемпионатимиз савиясини ошириши тайин. Чунки шу тариқа ареналарда мухлислар сони ортади. Футболчилар эса мухлис тўла стадионда ўзгача кайфиятда тўп суриб, ўсишга эришишади. Бу эса, табиийки, миллий термамизда тўп сурадиган маҳаллий футболчилар руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Буни ривожланишнинг ўзига хос занжири деса ҳам бўлаверади.

Ким билади дейсиз, балки янги мавсумдан бошлаб олий лига ўйинлари вақти ҳам мухлисларга қулай қилиб белгиланар, ўйинлар шиддати ошиб, ҳакамлар юксак савияда фаолият юритишар. Шунда Ўзбекистон миллий чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолганда бу муҳим воқеани минглар эмас, миллионлар кутади. Пойтахтимиз ва барча вилоятлардаги ишқибозлар кун санаб юришади. Албатта, яхшиликдан умид бор.

Янги мавсум муборак, азиз мухлислар!

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz