Қайднома

Қидирув

Юбилей ва рекордлар «Уик-Энд»и

Юбилей ва рекордлар «Уик-Энд»и

  02.03.2017 16:23
  0
  658
Юбилей ва рекордлар «Уик-Энд»и

Февралнинг сўнгги шанба ва якшанба оқшоми футбол мухлисларига янги рекорд ва юбилейларни тортиқ этди.

Энрикенинг омадли юбилейи

Париждаги шармандали мағлубият (ЕЧЛ, нимчорак финал) Луис Энрикенинг янги мавсумдаги фаолиятига мавҳумлик бахш этганди. Бироқ мураббий билан жамоа ўртасида нормал муносабатлар сақланиб қолганини Мадриддаги баҳс яққол исботлаб берди. Чемпионлик учун «Реал»ни изма-из қувиб бораётган «Барселона» «Атлетико»дек жиддий рақибдан муҳим 3 очкони тортиб олди. Ўйиннинг 86-дақиқасида ғалаба тўпини дарвозага йўллаган Месси устозининг «Барса» рулидаги 100-учрашувига ажойиб совғани тортиқ этди. Шу баҳона ўзининг тўпурарлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Луис Энрике раҳбарлигида жамоа 75та ғалаба, 14та дуранг ва 11та мағлубиятни қайт этди.

«Реал» «Барса» рекордини такрорлади

Чемпионнинг жорий мавсумдаги етакчилиги бир неча соатдан кейин йўққа чиқди - «Вильярреал»га қарши муросасиз баҳсда ғолиб чиққан «Қироллик клуби» яна пешқадамга айланди. Ваҳоланки, учрашувнинг учдан икки қисми ортда қолган пайтда Зидан жамоаси 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди. Шу паллада мезбонлар устози Фран Эскриба қарши ҳужумлар самарадорлигини ошириш мақсадида Денис Черишевни жангга ташлади. Бироқ «Реал» тарбияланувчиси мезбонларни эмас, собиқ жамоадошларини руҳлантирди. Натижада меҳмонлар рақиб дарвозасини 3 марта забт этишга муваффақ бўлди. Гарет Бэйл билан Альваро Мората гол уриш учун каллани ишлатган бўлишса, Роналду пенальтидан унумли фойдаланди. Эътиборли жиҳати шундаки, жамоа якшанба оқшомидаги голлари билан «Барса»нинг рекордини такрорлаб, қаторасига 44та учрашувда рақиблар дарвозасини ишғол этган жамоага айланди.

Дербида ирода ғолиб

«Бетис»-«Севилья» дербиси ҳам кескин тарзда кечди. «Бенито Вильмарин»да мезбонлар пешқадамлардан орт­да қолмасликка интилаётган «Севилья»ни тўхтатиш учун бор имкониятларини ишга солишди. Жумладан, Ризо Дурмиси зарба беришдан аввал тўпга нималарнидир шивирлаб, жарима зарбаси орқали ҳисобни очди. Лекин мавсумда мустаҳкам иродани намойиш этаётган «Се­вилья» ҳужумни кучайтирди ва мезбонлар посбонини 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.

Контенинг рекорди

Чемпионлик йўлидаги тўсиқларни довулдек янчиб ўтаётган «Челси» бу сафар «Суонси»(3:1)дан устун келди. Шу тариқа «кўклар» ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олишди. Шунингдек, италиялик устозларига рекорд ўрнатиш имкониятини яратиб беришди. 26 учрашувда 20та ғалаба - Англия чемпионатлари тарихида ҳеч бир мураббий бунчалик муваффақиятли старт билан мақтана олмайди. Уэльсликлар жамоаси билан бўлган баҳс Сеск Фабрегас учун ҳам алоҳида аҳамиятли - испаниялик ярим ҳимоячи АПЛдаги юбилей-300-учрашувини ўтказди.

Моуриньонинг «МЮ»даги иккинчи соврини

«Челси» шоҳсупага тобора яқинлашаётган бўлса, унинг собиқ бош мураббийи «МЮ» билан иккинчи совринни қўлга киритди. Жамоа «Уэмбли»да «Саутгемптон»ни (3:2) мағлуб этиб, Лига кубогининг соҳибига айланди. Бош қаҳрамон ролини ўйнаган Златан Ибрагимович биринчи бўлимда жарима зарбаси орқали ҳисобни очган бўлса, 87-дақиқада ҳал қилувчи тўпни дарвозага йўллади.

Улкан юбилейга улкан ғалаба

«Бавария» бош мураббий Карло Анчелотти ҳам йирик юбилейни нишонлади - «Гамбург»га қарши баҳс италиялик мутахассис фаолиятидаги 1000-учрашув сифатида тарихдан жой олди. «Бавария» эса рақиб дарвозасига 8та жавобсиз гол уриш билан шонли санани нишонлашга эришди. Совғанинг арзигудек чиқишида жонбозлик кўрсатган Левандовски «хет-трик»ка эришиб, тўпурарлик борасида Обамеянгга тенглашиб олди. Омадсизлик кўчасига кириб қолган Томас Мюллер эса голлар «ёмғири»га иккита самарали узатмаси билан улуш қўшди. Таажжубки, немис ҳужумчисининг бундеслигадаги голи ҳамон ягоналигича қолмоқда. Айтганча, ана шу учрашувдан сўнг Мануэль Нойер ҳисобидаги «қуруқ» ўйинлар сони 100тага етди. Бу ҳам клуб рекордидир.

Қидира-қидира дарвозани топди!

Пьер-Эмерик Обамеянгнинг 471 дақиқадан иборат голсиз серияси ниҳоясига етди. Очиғи, дортмундликларнинг габонлик ҳужумчиси февраль ойида анча ҳорғин кўринаётганди. Таажжубки, 22-тур нафақат у, балки Левандовски учун ҳам самарали бўлди. Агар Обамеянг «Фрайбург» дарвозасига 2та гол урмаганида, польшалик касбдоши олдинга ўтиб оларди. Тўғри, Пьер-Эмерикнинг биринчи голида Марко Ройснинг ҳиссаси катта бўлди - Обамеянг учун икки метрли масофадан тўпни бўм-бўш дарвозага йўллаш қолганди, холос. Лекин ҳужумчи гол «ҳид»ини сезиш қобилиятини айни вақтида тиклагани - айни муддао. «Боруссия»ни «Байер» ва «Бенфика»га қарши муҳим беллашувлар кутмоқда.

Ростгўй Монтелланинг эътирофи

Сассуолодаги ғалабадан кейин «Милан» бош мураббийи Винченцо Монтелла ҳакамлик хусусидаги изоҳ билан кўпчиликни ҳайрон қолдирди: «Сассуоло»га қарши кечган баҳснинг бир қатор лавҳалари бизнинг фойдамизга ҳал қилинди. Буни тан оламан. Бундай вазиятлар доимо рақиблар фойдасига бўлавермайди. «Сассуоло»га ачинаман. Ахир биринчи даврада ҳам айнан шу жамоа ҳакамлар қароридан азият чеккан ва 4:3 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Шуни ҳам алоҳида таъкидламоқчиманки, фақатгина шу икки учрашувда лавҳалар жамоамиз фойдасига ҳал қилинди». «Милан»га 3 очко келтирган голни Карлос Бакка «нуқта»дан амалга оширди.

Эмерининг «ПСЖ»си очилди

Афтидан, Унаи Эмери ўз жамоасини мукаммал даражада созлашга эришган кўринади. Пойтахтликлар сўнг­ги 7та учрашувнинг 6тасини ажойиб ғалабалар билан якунлаб, юксак сермаҳсулликни намойиш этишди. Жумладан, «ПСЖ» «Барселона» ва «Ренн»ни 4тадан, «Дижон» билан «Бордо»ни 3та гол фарқи билан сийлаганди. Энди у «Велодром»да «Марсель» посбонини ўз дарвозасидан 5 марта тўп олиб чиқишга мажбур этди! Сермаҳсул серия орасида «Тулуза» билан қайд этилган натижа (0:0) нурсизлиги билан ажралиб турибди. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керак-ки, ўшанда «Барса»га қарши муҳим беллашувда руҳан ҳамда жисмонан толиққани парижликларга «Тулуза» устудан ғалаба қозонишга озгина шиддат ва омад камлик қилганди.

Фортуна «Фейеноорд» томонида

Голландия эредивизиясида ҳам алоҳида эътиборга молик ўйин бўлиб ўтди. Чемпионат етакчиси - «Фейеноорд» амалдаги чемпион - ПСВни қабул қилиб, «сулҳ» имзолашга яқин турганди. Аммо узоқ йиллардан буён чемпионликка эришолмаётган роттердамликлар нурли чўққини забт этишга яқин туришибди. Бу борада бош мураббий Жованни ван Бронкхорстдан ташқари омад аталмиш кўринмас омил ҳам «Фейеноорд» томонида. Роттердамдаги баҳснинг 9-дақиқасида Торнстра мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. 62-дақиқада Перейронинг аниқ зарбаси эвазига ПСВ мувозанатни тиклади. Бироқ 83-дақиқага келиб кутилмаган воқеа юз берди: Вандер Хейден томонидан йўлланган тўпни меҳмонлар дарвозабони Йерун Зут ушлаб олганди. Аммо ўрнидан тураётиб... тўп билан дарвоза ичига йиқилди!

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz