«Челси» - «Суонси» учрашувини такроран томоша қилиш чоғи, оиламиздагилар тили билан айтганда, ёдлаётганимда, телефон қўнғироғи янгради. Гўшакни кўтардим. «ИнтерФутбол»да маълум муддат ижод қилган ҳамкасбим Гулчеҳра Муродова. Салом-аликдан сўнг у ҳазиллашди:
- Яна футбол томошасими?
- Ҳа, ёдлаяпман.
- Демак, журналист футбол муаммолари билан банд.
- Аслида шундай, лекин буни сал бошқачароқ ифодалаш керак. Футбол муаммолари билан том маънода шуғулланадиган мутасаддилар етарли. Бизнинг кучимиз сўзга етади, холос.
- Ҳозир «Китоб дунёси» газетасида Габриэль Гарсия Маркеснинг «Бошқотирма» номли ҳикоясини ўқидим. Кичик ҳикоя. Шуни сизга илинмоқчиман. Мақола ёзишингизда асқатади...
Хуллас, бироз ноқулайлик туғдирсада, ҳамкасбим ҳикояни ўқиб берди. Унинг бош ғояси ҳақиқатан ҳам, футбол борасидаги ўйларимга мос тушди. Гулчеҳра бежиз таъкидламаган экан, ҳикоя қаҳрамони - олам муаммолари хусусида бош қотирадиган олим. У журналдаги глобус суратини қайчилайди ва ишлашга халақит бермаслиги учун ўғлининг қўлига тутқазади. Олим ўйлайдики, ўғли глобус бўлакларини узоқ вақт бирлаштиради.
Аниқроғи, у дунё ҳақида тасаввурга эга бўлмаган кичкинтойнинг бу ишни уддалашига сира ишонмайди. Қийқимларни тезлик билан бир-бирига мос тарзда елимлаган бола эса олимни ҳайратда қолдиради. Аёнки, у ўғлидан ўта тезкорлик сабабини сўрайди. Маълум бўлишича, ўғил ўзи учун мос йўлни танлаган, яъни глобус орқасидаги одам сурати бўлакларини бирлаштирган. Олим бир варақнинг икки саҳифасида глобус ва одам сурати жойлашганига эътибор қаратмаган экан. Бола нигоҳи эса бу имконни кўрган ва одам тасвири воситасида ўзи учун ноъмалум саналган объект - глобусни қайта тиклаган...
Қалай? Зўрми? Маркесга офарин! Гулчеҳра Муродовага раҳмат! Фақат дастлабки саҳифани ўқиш билан овора бўлаётганлар учун яхши сабоқ бу ҳикоя. Футбол китоби варақларининг орқа саҳифаларини ўқимаётган мураббийлар мазкур ҳикояга мурожаат қилишса арзийди. Мутолаа зарур хулосалар учун асос беришига ишончимиз комил. Орқа саҳифани ҳам ўқий оладиган мураббийлар эса ғалаба билан ёнма-ён. Гонсало Игуаин «Реал», Хуан Куадрадо «Челси», Марио Маджукич «Бавария» бағрига сиғмай, сарсон бўлишганини мухлислар яхши билишади.
Ваҳоланки, улар аввалги клубларида ҳам моҳир мураббийлар қўл остида тўп суришган. Афсуски, ўша моҳир мураббийлар ва юксак савияли футболчиларнинг юлдузлари ўзаро туташмади, яъни бир-бирига тўғри келмади. «Реал»дан кетган Игуаиннинг обрўси тушмади ёки савияси пасаймади. Аксинча, у аввал «Наполи»да қайнаб-тошди, мана, бугун «Юве»да юксакларни кўзламоқда. Массимилиано Аллегрининг ютуғи шундаки, у кўпчиликнинг назаридан нари сурилган шу 3 нафар футболчининг бошини бир жамоада қовуштирди.
Ўзини нималарга қодирлигини футбол оламига қайта исботлашга чанқоқ истеъдод бундай имкондан яйраб-яшнаб кетиши аниқ. «Ювентус» мураббийи «депрессия»га учраган истеъдодли футболчилар руҳиятидаги тўлғоқдан унумли фойдаланди. Шунинг учун «Ювентус» Альваро Мората ёки Поль Погбанинг йўқлигини сезмаяпти. Орқа саҳифани ўқиш - шу. Ўтган мавсумнинг шу палласига солиштирилса, жорий чемпионатда «Ювентус» очколар хусусида ўсишга эришди. «Наполи»да эса нисбат деярли тенг. Балки шунинг учун бу жамоа чемпионлик учун охиригача курашолмаётгандир.
Акс ҳолда, сафарда «Реал»га қарши муносиб ўйнашган неаполликлар ўз майдонларида «Аталанта»га умидсиз ҳолатда имкониятни бой бермасдилар. Яна бир муҳим жиҳат шуки, Массимилиано Аллегри энг қалтис вазиятда Леонардо Бонуччи билан тил топишиш иложини қилди. Антонио Конте эса Диего Костани йўлга солишни уддалади. Агар бу мураббийлар дастлабки саҳифани ўқиш билан кифояланиб, вазиятни чигаллаштирганларида, «Челси» ва «Ювентус» вакиллари ҳозирданоқ чемпионлик нафасини туйишмасди.
Карло Анчелоттининг итальян мураббийлари ютуқлари ҳақидаги изоҳи умумий характерга эга. Назаримизда, италиялик мутахассисга ички сезимлар ва улар ёрдамида орқа саҳифани ўқиш улкан ютуқларни туҳфа айламоқда. «Бавария» мураббийи шогирдларида шундай шукуҳ уйғотганки, натижада ўз фаолиятидаги 1000-ўйинни 8та гол билан нишонлади. Агар алоҳида таъсир қуввати бўлмаса, футболчилар нари борса, 5та голдан сўнг ўзларини тийишарди. Кўплаб мураббийлар варақнинг орқа саҳифаси борлигини ҳаттоки, ўйлаб кўришмайди ва кўрсатмаларни бажармаётган маҳоратли футболчилардан нолишади.
Карло Анчелотти эса орқа саҳифа мавжудлигини биладиган ва уни ўқий оладиган доно мураббийдир. «Челси» - «Суонси» учрашувидан сўнг Антонио Конте асосий таркибда кам ўйнаётгани учун ўзини ҳафсаласиз тутган Курт Зуманинг елкасига уриб, уни эркалаб қўйди. Ўша лаҳзада бу ҳолат футболчи учун аҳамиятсиздек туюлади. Лекин ўйинни ва ундан кейинги вазиятни қайта томоша қилган пайт бундай енгил эркалаш футболчига ёқимли таъсир кўрсатади. Антонио Конте шу каби кичик жиҳатлар кўмагида катта ғалабалар сари қадам ташлайди. Қаранг, Эден Азар ҳеч бир қизғанишсиз ва табиий тарзда жамоадошларига тўп узатмоқда. Футбол гарчи жамоавий ўйин саналсада, Азардаги каби табиийликни ҳозирги замонда топиш жуда-жуда мушкул.
Демак, мураббий «Эден Азар» номли китоб варақларининг орқа саҳифаларига ҳам жиддий разм солган. Эҳтимол, мураббий уни «Сен биз учун «Челси»нинг Мессисисан»,-деб олқишлагандир, руҳлантиргандир. Ҳар ҳолда, Азарнинг Месси услубидаги ҳаракатлари тобора ёрқинлашмоқда, Леонинг ўзига эса мўъжизалар кўрсатишда нимадир етишмаяпти. «Нимадир»? Буни ҳар ким ўзича изоҳлайди. Бизнингча, Луис Энрике аргентиналик даҳодаги мўъжиза «ричаги»ни қўлдан чиқариб юборди. Энди у бу «ричаг»ни топса-топди, акс ҳолда, «Барса» муҳитида кескин ўзгаришлар кузатилиши муқаррар.
Ҳозирги «Барселона» - ўз қудратини намойиш этолмаётган арслон. Табиийки, айни шу сабабга кўра, Жозе Моуриньо бразилиялик Неймарга кўз тикмоқда. Каталонияликлар «Атлетико»га қарши баҳсда орият нуқтаи-назаридан ўйнашди, хусусан, Месси ҳам. Айниқса, сариқ карточка буюк футболчига ўзидаги ички кучни эслатди, гўё. Луис Энрике бунинг фарқига бордими ёки йўқ - бу бизга қоронғу.
Футбол - шунақа, соф бошқотирма каби. Улуғ ёзувчининг «Бошқотирма» ҳикояси уни ечишга ўргатади...
Муҳаммад Вали
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20