Қайднома

Қидирув

Олий лига томошаси учун 5та сабаб

Олий лига томошаси учун 5та сабаб

  03.03.2017 06:27
  0
  944
Олий лига томошаси учун 5та сабаб

Ҳар қандай қизиқиш нимадандир бошланади. Ахир қайсидир соҳа ёки касбга ўз-ўзидан меҳр бермайсиз-ку. Хусусан, футболга кўнгил қўйишингизга ҳам нимадир ёки кимдир туртки бергани тайин. Орамизда алоҳида бир футболчи ўйинига ошуфталик ўлароқ, миллионлар ўйинига ошно тутинганлар ҳам, қайсидир жамоага маҳлиё бўлганча мухлис номини олганлар ҳам етарлича кўп. Афсуски, Ўзбекистон чемпионати айни ҳолатда мухлислари кўплиги билан сира мақтанолмайди. Аммо олий лигамизни шу ҳолатида ҳам томоша қилиш учун залворли сабаблар топиш мумкин, албатта. Зеро, футболни севувчи инсон ўз уйидаги мусобақага ҳам бефарқ қарамаслиги лозим.  Шунга мувофиқ, қуйида ҳафта охирида стартга чиқадиган Ўзбекистон чемпионати-2017 ўйинларини томоша қилиш учун арзийдиган 5та сабабни санаб ўтишни лозим кўрдик.

Биринчи сабаб. Жалолиддин Машарипов

Жалолиддин Машарипов «Пахтакор»да шаклланган футболчи сифатида танилди. Мухлислар уни ўзига хос техникаси ва ҳеч қандай рақибдан чўчимаслик хислатини қадрлайдилар. Дарҳақиқат, Машарипов унча-мунча ҳимоячини писанд этмай, дриблинг маҳоратини ишга солиш иқтидорига эга. Мухлислар айни шу сифатлари учун ҳам уни Ўзбекистон миллий жамоасида кўришни истайдилар. Жалолиддин ҳам илк марта худди Жамшид Искандеров сингари Жиззахда ташкиллаштирилган болалар мусобақасида кўзга ташланганди. Ўша турнирни диққат билан кузатиб борган «Пахтакор» скаутлари кейинчалик Машарипов ва Искандеровни жамоага таклиф этишди. Муҳими, ҳар иккиси «Пахтакор» футбол мактабининг барча босқичларини бирга босиб ўтди. Бироқ Жамшиддан фарқли ўлароқ, Жалолиддиннинг асосий таркибга кириши учун бироз кўпроқ вақт кетди. Ҳарқалай, у энди захирадан майдонга туша бошлаганида, Искандеровни бутун Ўзбекистон таниб улгурганди. Гарчи Жалолиддин катта футболга кечроқ кириб келган бўлса-да, қисқа вақтда мухлислар қалбидан жой олди. Айниқса, аввалги мавсум унинг ўйини «очилганидан ҳам очилди» ва футболчи мухлислар олқишига эришди. Ҳаттоки, яна бир-икки йилдан сўнг «Пахтакор»ни Машариповсиз тасаввур қилиб бўлмайдигандек туюлаётганди. Аммо ярим ҳимоячи кўпчиликни таажжубга солган ҳолда, янги мавсум олдидан «Локомотив» сафига қўшилди. Ушбу трансфернинг ижара асосида амалга ошгани эса, таажжуб даражасини яна-да оширди. Ахир қайси клуб етакчи футболчисини ашаддий рақибига ижара асосида жўнатади? Катта пулга сотса бошқа гап, аммо ижара...

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаяннинг айтишича, ўзбек футболи манфаати йўлида шундай тўхтамга келинган. Яъни Машариповнинг ОЧЛда тажриба ошириши терма жамоага қўл келиши мумкин. Гарчи бу фалсафани унча тушунмасакда, тан олишимиз лозим, Машариповни «Локомотив» либосида кўриш анча қизиқарли. Кузатаверайликчи, у янги жамоасида ҳам аввалгидек далил ўйин намойиш эта олармикан? Энди бир тасаввур қилинг, Машарипов қизил либосга бурканиб, «пахтакорчилар»га қарши майдонга тушса, қандай бўлади? Бу ўйинни томоша қилишни истамасмидингиз?

Иккинчи сабаб. Африкалик легионерлар

Ўзбекистон чемпионати учун африкалик легионер янги саҳифа эмас. Яқин-яқинда ҳам нигериялик Дэвид Ония ўйинларини кўрардик. Унга қадар Ихероуме Уче «Пахтакор»даги тезкор ҳаракатлари ва ажойиб техникаси билан эътиборимизга тушганди. Бироқ сўнгги йилларда юртимизга асосан Россия, Украина ва Молдовадан футболчи келиши авж олди. Нари борса, олий лигада Сербия ва Босниядек Шарқий Европа мамлакатлари вакилларини кўришга кўникдик. Ўйин услуби ва техник имкониятлар жиҳатидан маҳаллий футболчилардан катта фарқланмайдиган бундай легионерларнинг олий лигамизга кўп нарса беришганини таъкидлаш қийин. Шунга қарамай, клубларимиз нима учундир айнан шундай легионерларни таклиф этишга мойиллар. Мухлислар эса узоқ хориждан ҳам футболчи жалб этилишини хоҳлашлари табиий ҳол. Хуллас, янги мавсумдан эътиборан, олий лигада ниҳоят, яна африкалик легионерлар тўп сурадиган бўлишди. «Локомотив» қишки йиғинлари давомида таркибини Кот-д`ивуарлик икки футболчи билан тўлдирди - Муҳаммад Коне ва Ньоре Кризо янги мавсумда «темирйўлчилар» шарафини ҳимоя қилишади. Бу ўз навбатида, жамоа ўйинига қизиқишни маълум даражада ошириши керак. Чунончи, Африка футболи тарбияланувчилари одатда жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарликка эгаликлари билан ажралиб турадилар. Уларда техник маҳорат ҳам чакки эмаслигини биламиз. Бундай футболчилар ҳаракатларини кузатиш эса ҳар доим завқ бағишлайди. Мисол учун, Европадаги аксарият клублар таркибида африкалик футболчилар кўпчиликни ташкил этишади.

Мухлислар ҳимоячи Муҳаммад Конени амалда кўришга улгурдилар. Тан олиш лозим, у ОЧЛ доирасида «Ал-Тавон»га қарши кечган ўйинда ҳимояда анча ишончли ҳаракатланди ва ҳақли равишда эътироф этилди. Бироқ 1-2та ўйинга қараб, хулоса чиқариш ярамайди. Шундай экан, Муҳаммад Коне ва Ньоре Кризонинг нималарга қодирлигини билиш учун «Локомотив»нинг олий лига доирасидаги ўйинларига ташриф буюриш керак.

Учинчи сабаб. «Пахтакор»

Одатда бизда чемпион жамоанинг кейинги мавсум ўртамиёналар қаторига қўшилиб қолиши ҳар доим ҳам кузатилмайди. Бунақаси кучли рақобат шаклланган чемпио­натларга хос. Хусусан, Англия премьер-лигасига. Ёдингиздами, ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида чемпионликни қўлга киритган «Блэкберн» кейинчалик анча пасайганди. АПЛда бу анъана ҳамон бардавом. Дейлик, 2 йил муқаддам чемпионликни тантана қилган «Челси» кейинги мавсум инқирозга юз тутиб, 10-ўрин билан чекланди. Жорий чемпионатда эса «Лестер»нинг бошига худди шундай кўргилик тушди. Яқинда Клаудио Раньерини истеъфога чиқарган амалдаги чемпионнинг АПЛ турнир жадвалидаги айни ҳолатига сира ҳавас қилиб бўлмайди.

Олий лигамизни АПЛ билан солиштириш ақлга сиғмайди, албатта. Аммо аввалги мавсум «Пахтакор»нинг худди Англия чемпионлари қисматини такрорлагани айни ҳақиқат. 2 йил олдин катта устунлик билан Ўзбекистон чемпионати ғолибига айланган клуб ўтган мавсум сезиларли муаммоларга дуч келди ва якунда бор-йўғи 5-ўринга жойлашди. Яқин орада «Пахтакор»ни бундай ҳолатда кўрмаганимиз боис, олий лига ўйинларини кузатиб бориш нисбатан қизиқарли бўлганини тан олиш лозим. Шу маънода айтсак, янги мавсумда ҳам «Пахтакор»нинг миллий чемпионатда қайд этадиган натижаларига эътибор кучайиши, шубҳасиз. Боз устига, «шерлар» таркибида рўй берган ўзгаришлар ҳам ғалати. Юқорида Жалолиддин Машарипов хусусида тўхталдик. Етакчи футболчининг кетиши клуб ихтиёридаги бир қатор ёшларга катта имконият эканлиги тушунарли. Энди гап ёшларнинг шу имкониятдан қандай фойдаланишларида. «Пахтакор» ҳар доим ёш ва иқтидорли футболчилари билан мақтаниб келган. Кўрайликчи, клуб янги мавсум давомида бизга қандай кашфиётларни туҳфа этаркин?

Тўртинчи сабаб. Игорь Сергеев

Игорь Сергеев катталар футболига кириб келибдики, унинг атрофидаги баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Кимдир Игорни иқтидорли ҳужумчи сифатида таърифлайди, бошқа биров аксинча, 4та вазиятдан биттагина гол урадиган футболчидек қабул қилиб, Ўзбекистон миллий жамоасига муносиб эмаслигидан сўз очади. Адолат юзасидан айтиш лозим, ҳар икки томон ўз фикрида мустаҳкам туриш учун етарлича асосларга эга. Дарҳақиқат, Сергеев баъзида шу қадар ёрқин ўйнайдики, беихтиёр Европада тўп суришга лойиқлигини тан оласиз. Бироқ гоҳида ҳаттоки, бўш дарвоза қаршисида шошиб қолганини кўриб, энсангиз қотиши ҳеч гап эмас. Шу вақтга қадар унда барқарорлик йўқлиги ҳақида гапирмаган киши қолмади, чоғи. «Пахтакор» ҳужумчиси аввалги мавсумнинг иккинчи ярмини Хитой чемпионатида ўтказди. Бироқ «Пекин Гуоан»даги 5 ой Сергеев учун фойда берганини айтиш қийин. Зеро, Ўзбекистон чемпионатида гол кетидан гол урганча 12та аниқ зарба билан олий лига бош тўпурари бўлиб турган ҳужумчи Хитойга бордию, уни «ўчиб» қолди. Натижада хитойликлар ҳужумчини секингина ортга қайтардилар.

Энди Сергеевнинг яна олий лигада кўриш икки баравар қизиқ. Шу маънодаки, у ҳамон миллий жамоамиз асосий ҳужумчиси ва муҳим ўйинлар олдидан гол уриш қобилиятини тезда тиклаши шарт. Савол: Ўзбекистон чемпионатининг энг кучли ҳужумчиси ўз уйида аввалгидек «қичқира» оладими? Бунга ўйинларни кузатиш асносида жавоб оламиз.

Бешинчи сабаб. Ким чемпион бўлади?

Ҳар қандай чемпионатда янги мавсум бошланиши арафасида бўлажак ғолиб ҳақида баҳс кетиши тайин. Бизнинг олий лига ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Тўғри, айни пайт «Локомотив» барчадан кучлироқ кўринмоқда. Бироқ «Пахтакор» ва «Бунёдкор»ни ҳозирдан четга суриб қўйиш адолатдан эмас. Қолаверса, «Насаф» ҳам бор ва бу клубнинг доимгидек медалларга даъвогар эканлигини айтиш учун асослар етарли. Ҳаттоки, аввалги таркибини 80 фоизга янгилаган «Бухоро»дан ҳам нимадир кутиш мумкин. «Қизилқум» эса ҳамон таркибини кучайтириш билан овора. Буларнинг барчаси янги мавсумда чемпионлик масаласида жиддий кураш кечишини билдиради. Хуллас, олий лигада қайси клуб ва қай тариқа ғолиб чиқишини билишни истайдиганларга йил давомида ўйинларни кузатиб боришни тавсия этамиз.

Хулоса

Албатта, оддий мухлисни Испания, Италия, Англия, Франция ва Германия чемпионатларидан чалғитиб, олий лигага оғдириш жуда мушкул иш. Бироқ қайсидир хориж клубига жон куйдирадиган ишқибоз ўз шаҳри, вилояти ёки тумани жамоаси ўйинига ҳам назар ташлаб қўйиши мумкин-ку. Мана шу назар вақти келиб, ашаддий мухлисликка уланиши ҳеч гап эмас. Фақат бунинг учун клубларимиз ҳақиқий футбол ва росмана кураш намойиш этишлари лозим. Демак, ҳаммаси футболчилар ва иштирокчи жамоаларга боғлиқ. Мухлис аҳлини алдаш ярамайди. У атайин қўйиб юборилган гол ва ҳақиқий меҳнат эвазига қўлга киритилган ғалабани яхши фарқ­лай олади. Умид қиламизки, янги мавсум давомида барчамиз шундай ҳақиқий ғалабалардан баҳра оламиз...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz