Қайднома

Қидирув

Супер мақоми билан

Супер мақоми билан

  05.03.2017 01:22
  0
  869
Супер мақоми билан

ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ИЛҒОР АГЕНТЛАР.

Корчалон агентлар, яъни асосан трансферлар бозорини назорат қилувчи ёхуд нархларга катта таъсир ўтказувчи воситачиларни таърифлашда  одатда «супер» бирикмаси ишлатилади. Замонавий футболда бундайлар сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Хўш, айни пайт Европа футболини бошқаришда ҳамма биладиган Мино Райола ва Жорже Мендешдан ташқари, яна қайси агентлар ўз сўзларини баралла айтишмоқда. Хуллас, «ССФ» нашри сайёрамиздаги энг йирик футбол агентликлари соҳибларига эътибор қаратиб, уларни яхлит рейтингга жойлаштирди. Рўйхатга тушган ҳар бир агентнинг йиллик даромади - миллион-миллион. Уларнинг мижозлари - жаҳоннинг энг сара клублари. «Маҳсулот»лари эса - энг қимматбаҳо футболчилар. Оддий айтганда, улар - «супер» мақомига муносиблар...

1. Константин ДУМИТРАСКУ (Франция)

Агентлиги: Mondial Sport Management - Consulting Sarl (Германия)

Мижозларининг умумий нархи: 804,4 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Эдинсон Кавани (45 млн. евро), Филиппе Коутиньо (35 млн. евро), Дуглас Коста (35 млн. евро)

Аждодлари руминларга бориб тақаладиган франциялик Константин Думитраску ҳақида маълумотлар жуда оз. Чунончи, у агентлик бизнесидаги кўплаб ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, сояда қолишни маъқул кўради. Яъни машҳурликка интилмайди. Дейлик, Константиннинг бирор фикри ёки изоҳи матбуот юзини кўрган эмас. Гап шундаки, у эҳтимоли бор келишувлар ҳақида асло сўз очмайди, шунингдек, миш-миш тарқатиш усулидан сира фойдаланмайди. Оддий айтганда, информацион ҳамла Думитраскуга хос эмас. Муҳими, у шу йўл орқали футбол оламида катта обрў орттирган. Жиддий клублар вакиллари франциялик воситачи билан ҳамкорлик қилишга мойиллар, ҳарқалай. 2015 йили ёзда Думитраску мижозлари иштирокида амалга оширилган савдо операцияларининг умумий қиймати деярли 1 млрд. еврога етдики, шунчаки, қойил қолмасликдан бошқа илож йўқ. Айнан ўша вақтда Антони Мартиалнинг трансфери бутун дунёни ёқа ушлашга мажбур этганди. Ахир «Манчестер Юнайтед» ёш футболчи учун 80 млн. евро тўлаш (бонуслар билан бирга)ни ўз зиммасига олди. Бунда табиийки, воситачи катта роль ўйнаган. Умуман, Думитраску ўша ёзги кампания давомида клублардан чамаси 100 млн. евро  миқдорида комиссион ҳақ ундирганди. Ушбу агент мижозлари орасида машҳур мураббийлар ҳам бор, албатта. Мисол учун, у Хитойда ишлаётган италиялик жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро ортидан сезиларли даражада кўп пул топади. Шунингдек, Славен Билич («Вест Хэм»), бразилиялик Зико ва Дунга ўз ишларини айнан Думитраскуга ишониб топширганлар. Айтганча, россиялик ярим ҳимоячи Денис Черишев («Вильярреал») ҳам франциялик агент хизматидан фойдаланади.

2. Жорже МЕНДЕШ (Португалия)

Агентлиги: Gestifute (Португалия)

Мижозларининг умумий нархи: 588,3 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Криштиану Роналду (100 млн. евро), Анхель ди Мария (50 млн. евро), Хамес Родригес (50 млн. евро)

Жорже Мендеш - сайёрамиздаги энг машҳур футбол агентларидан бири. У Криштиану Роналдунинг «Манчестер Юнайтед»дан «Реал»га нақ 96 млн. евро эвазига ўтишига бош-қош бўлиш орқали ўз соҳасида чинакам юлдузга айланди. Зеро, ўша вақт португалиялик жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси мақомини олганди. Мендеш ўз мижозлари билан дўстона алоқа ўрнатиши билан ном қозонган. Дейлик, Роналдунинг тўйида шунчаки, меҳмон сифатида эмас, балки куёвжўра ролида қатнашганди. Табиийки, Мендеш мураббийларга ҳам бефарқ эмас. Ёрқин мисол - Жозе Моуриньо. Португалиялик воситачи Россияда «Зенит» вакили Мигель Данни манфаатларини ҳимоя қилади.

3. Исраэль Ралим ДО КАРМО (Бразилия)

Агентлиги: EUROPE SPORTS GROUP (Бразилия)

Мижозларинингумумийнархи: 442 млн. евро

Энг қимматбаҳомижозлари: Рикардо Гоуларт (12 млн. евро), Рамон Абила (6 млн. евро), Рохелио Моли (5 млн. евро)

Рейтингнинг дастлабки икки қаторини банд этишган агентлар аввало, ўз мижозлари савиясига эътибор қаратишса, бразилиялик Исраэль Кармо уларнинг сони билан мақтаниши мумкин. Унинг мижозлари ёзилган расмий рўйхатда 650та фамилия (!) бор. Ҳа, Кармо билан ҳамкорликни йўлга қўйган футболчиларнинг ўртача трансфер нархи айтишга арзимайди - 700 минг евродан паст. Бироқ умумий ҳисоблаганда, барча мижозларининг баҳоси 442 млн. евродан ошиб кетади. Ушбу агент рўйхатида Россияда ўйнайдиган футболчилар ҳам йўқ эмас. Дейлик, яқинда «Зенит» сафига қўшилган бразилиялик Эрнани, шунингдек, унинг «Анжи»даги ҳамюрти Шандао айнан Кармо мижозлари ҳисобланишади.

4. Дэвид МАНАССЕ (Англия)

Агентлиги: Stellar Football Ltd

Мижозларининг умумий нархи: 379,5 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Гарет Бэйл (90 млн. евро), Гжегож Криховяк (28 млн. евро), Адриен Сильва (25 млн. евро)

Англиялик агент Дэвид Манассенинг энг катта муваффақияти - бу Гарет Бэйлнинг «Тоттенхэм»дан «Реал»га ўтказгани. Биласиз, бу келишув деярли 100 млн. евро эвазига амалга оширилганди. Асли уэльслик воситачи барча мижозлари нархини 25 фоиз ошишини таъминлагани билан эътиборга тушган. Айтганча, январь ойида ижара келишуви остида «Локомотив» сафига қўшилишдан бош тортган ҳимоячи Стивен Колкер номидан айнан Манассе музокара олиб борганди.

5. Мино РАЙОЛА (Голландия)

Агентлиги: йўқ

Мижозларининг умумий нархи: 311,3 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Поль Погба (105 млн. евро), Ромелу Лукаку (40 млн. евро), Генрих Мхитарян (37 млн. евро)

Голландиялик Мино Райола жаҳондаги энг машҳур агент мақоми  учун Мендеш билан бемалол рақобатлашиши мумкин. Тўғри, у кўп ҳолларда можароли келишувларда иштирок этади ва бу ҳам рейтинги ошишига хизмат қилади. Марио Балотелли ва Златан Ибрагимович - булар Райоланинг содиқ мижозлари. Эътиборли факт: Райола жаноблари аввалига Поль Погбанинг «МЮ» «чангали»дан текинга чиқиб кетишини таъминлади ва кейин уни айнан инглиз клубининг ўзига  сотди. Боз устига. рекорд суммага - 105 млн. евро. Демак, «Ювентус» Минодан бағоят миннатдор бўлиши керак.

6. Кис ВОС ва Алекс КРОС (Голландия)

Агентлиги: Sports Entertainment Group (Голландия)

Мижозларинингумумийнархи: 306,2 млн. евро

Энг қимматбаҳомижозлари: Мемфис Депай (25 млн. евро), Стефан де Врей (20 млн. евро), Квинси Промес (18 млн. евро)

Кис Вос ва Алекс Крос Sports Entertainment Group агентлигининг футбол бўлимини бошқаришади. Айтиш жоиз, ушбу компания фаолияти биргина спорт доирасида эмас. Мисол учун, SEG таркибида мусиқачилар билан иш юритадиган алоҳида бўлим ҳам мавжуд. Агентлик мижозлари орасида «Спартак» ярим ҳимоячиси Квинси Промес бор ва у энг қимматбаҳо футболчилар рўйхатида 3-ўринни эгаллаб турибди.

7. Франжо ВРАНЖКОВИЧ (Хорватия)

Агентлиги: FirstEleven ISM (Германия)

Мижозларининг умумий нархи: 285,5 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Корентен Толиссо (18 млн. евро), Вилфред Ндиди (18 млн. евро), Серж Орье (15 млн. евро)

Хорват Франжо Вранжкович ягона фикрга эга каттагина жамоага раҳбарлик қилмоқда. Ушбу агентлик вакиллари бутун дунё бўйлаб юриб, ўз мижозларига муносиб жамоа қидиришади. Тўғри, компания майда-чуйда келишувлар билан ўралашиб қолмайди. Шунинг баробарида юлдузларга «ёпишмайди». Франжонинг охирги омадли ишларидан бири нигериялик ёш ҳимоячи Вилфред Ндидига боғлиқ бўлди. Ҳар ҳолда, хорват қишда «Лестер»ни бу футболчи учун 18 млн. евро тўлашга кўндира олди.

8. Фолькер СТРУТ (Германия)

Агентлиги: SportsTotal (Германия)

Мижозларининг умумий нархи: 273,7 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Тони Кроос (60 млн. евро), Марко Ройс (40 млн. евро), Омер Топрак (20 млн. евро)

Фолькер Струт SportsTotal таркибидаги энг омадли ва корчалон воситачи ҳисобланади.  Ушбу компания Германия футболидаги 25-27 ёшли иқтидорларнинг бутун бир гуруҳи билан шартнома тузган. Улар орасида асли россиялик немис йигити, ҳимоячи Константин Рауш («Кёльн) ҳам бор.

9. Рожер УИТМАН (Германия)

Агентлиги: ROGON Sportmanagement GmbH-Co. KG (Германия)

Мижозларининг умумий нархи: 273,4 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Роберто Фирмино (35 млн. евро), Юлиан Дракслер (32 млн. евро), Рикардо Родригес (25 млн. евро)

Рожер Уитманнинг агентлик бюроси Германияда рўйхатдан ўтказилган бўлсада, унинг мижозлар базаси бутун дунёни қамраб олган. Бунинг сири оддий - скаутлар ва агентларнинг улкан тармоғи. Мисол учун айтсак, Германия агентлиги мижозлари қаторида ЦСКА ҳимоячиси Марио Фернандесни ҳам кўриш мумкин. Ваҳоланки, у Россияда италиялик Марко Трабукки хизматидан фойдаланади.

10. Хосе ОТИН (Испания)

Агентлиги: Bahнa Internacional (Испания)

Мижозларининг умумий нархи: 221,1 млн. евро

Энг қимматбаҳо мижозлари: Хави Мартинес (25 млн. евро), Педро (23 млн. евро), Хесус Навас (20 млн. евро)

Bahнa Internacional агентлигида айнан Хосе Отин муҳим роль ўйнайди. Ушбу компания ўз қанотида асосан испаниялик футболчиларни бирлаштирган. Аслида Отиннинг мижозлари сони кўп эмас, аммо уларнинг юқори савияга эга эканликларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунинг ҳисобига агентлик рўйхатига тушган футболчиларнинг ўртача нархи анча баланд - 4 млн. евро. Хосе Отин мижозларининг асосий ҳаракат йўналиши Испания - Англиядир. Лекин у вазият тақозосига кўра, ўйинчини Германия клубига ҳам жойлаштириб қўйиши мумкин.

А. Аҳмедов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz