Қайднома

Қидирув

«Челси» ва трио. АПЛ кучли тўртлигига ким муносиброқ?

«Челси» ва трио. АПЛ кучли тўртлигига ким муносиброқ?

  05.03.2017 06:29
  0
  2442
«Челси» ва трио. АПЛ кучли тўртлигига ким муносиброқ?

Англия премьер-лигасида юқори ўринлар учун кураш турдан-турга ўта кескин тус олмоқда. «Челси» яқин таъ­қибчиларини сезиларли фарқ билан ортда қолдираётган бўлса, ЕЧЛ йўлланмасини берувчи ўринларга даъвогар клублар ўртасидаги тафовут катта эмас. Келинг, АПЛнинг жорий мавсумида кучли тўртликдан жой олишга лойиқ жамоалар имкониятларини бир чамалаб чиқсак. Ахир якунда Манчестер ва Лондон грандларидан бирининг Чемпионлар Лигасидан четда қолиши аниқ-да.

1. «ЧЕЛСИ»

«Челси»нинг ушбу курашда устунликка эришишига сабаблар етарли: барқарорлик, юлдузли таркиб, ҳар бир чизиқдаги етакчиларнинг ажойиб формада эканлиги. Ўз навбатида, тактикани ҳам ёддан чиқармаслик даркор, зеро 5-2-3-1 схемасидан керакли пайтда ҳимояланишда фойдаланиш мумкин. «Аристократлар» атиги икки марта дуранг ўйнашди, аммо чарчоқ аломатлари сезилганда янада эҳтиёткорликка урғу бериш имкониятига эгалар. Хуллас, Канте ва унинг шериклари ҳозир кучли тўртлик эмас, чемпионлик ҳақида ўйлашмоқда. Жамоани баҳорда қандайдир омадсизлик кутиб олишига ишониш қийин, боз устига, лондонликларни еврокубоклар ҳам чалғитмаяпти.

Чемпионат якунига 13 тур қолган бир паллада «кўклар» турнир жадвалидаги бешинчи жамоа ҳисобланган «Ливерпул»ни 11 очкога ортда қолдиришмоқда. Ўртага 39 очко қўйилган, шу боис етакчи фақат назарий жиҳатдан бешинчи ўринга тушиб кетиши мумкин. «Челси»га қарши бошқа сабаб топиш қийин, қаршингизда АПЛнинг бугунги кундаги ҳақиқий етакчиси турибди. «Аристократлар» бу борада ҳозирча ягоналар, қолган учта ўрин учун эса жиддий кураш бориши тайин.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: жуда юқори. «Челси» назарий жиҳатдан биринчи ўринни бой бериши мумкин, аммо кучли тўртликни тарк этишига ишониш қийин.

2. «МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Гвардиоланинг муваффақиятли стартидан сўнг аксарият мухлису мутахассислар чемпионликни унга топшириб қўйишганди. Аммо кейинчалик вазият ўзгарди, «шаҳарликлар» Хосепнинг топшириқларини бажаришга ожизлик қилишди. Қолаверса, испаниялик мутахассис ҳам кўпинча хатоларга йўл қўйди. Бу ўринда гап фақат тактика тўғрисида кетмаяпти: дарвозабонларнинг «қовун тушириши», ҳимоядаги нуқсонлар, таянч чизиғидаги нотўғри ўйин, ҳужумчиларнинг имкониятларни кўкка совуришларини унутмаслик даркор.

Ҳа, Гвардиоланинг «кўзир»и - Габриэль Жезусдан ташқари бошқа юлдузлар ҳам бор. Мисол учун, ўйинни ташкил этувчи Кевин де Брюйне. Агрессив Отаменди, аввалги ҳолатини тиклаётган Яя Туре. «Манчестер Сити» АПЛда тўпни эгаллашда 60 фоизлик кўрсаткич қайд этаётган ягона клуб. Дарҳақиқат, жасур, аммо омадсиз жамоа.

Бир томондан, «шаҳарликлар» учун ЕЧЛ муҳимлигини сақлаб қолмоқда. Иккинчидан, «Сити» барқарорлик бобида мақтана олмайди. Учинчидан, Гвардиола тўпни олиб қўйишга урғу берадиган мураббийлар тоифасидан эмаслигини таъкидлади. Ваҳоланки, АПЛда яккакурашлар муҳим аҳамият касб этади, Англияда жиддий тўқнашувлардан кейин ҳам голлар инобатга олинади.

Мабодо «Манчестер Сити» мудофаа чизиғидаги қусурларни йўқотмай, ЕЧЛда кўп куч сарфласа, март ойи якунларига бориб, мухлисларини ранжитиши ҳеч гапмас. Ахир уч ҳафта ичида «Монако», «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Челси»га қарши ўйнаш осон эмас. Туманли ўлкада шундай қийинчиликлар кутиб тургани Гвардиоланинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Ҳа, ЕЧЛнинг келгуси мавсуми йўлланмасига эга чиқиш учун ўта мураккаб йўлни босиб ўтишга тўғри келади.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: баланд, фақат... Агар «шаҳарликлар» чемпионликдан умид узиб, асосий рақобатчилари тезлик олишса, Хосепнинг шов-шувли тарзда кучли тўртликдан чиқиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Ҳозирча Англияда кўпчилик «Манчестер Сити»нинг иккинчи ўринни олишини башорат қилишмоқда.

3. «ТОТТЕНХЭМ»

Кейннинг айтишича, «шпорлар» «Челси»ни тўхтатиш учун турли йўлларни қўллашга тайёрлар. Аммо «Тоттенхэм» аввал очко йўқотмасликни ўрганиши, рақиблар ва тақвимдан келаётган босимни енгиши лозим. Умуман, Почеттино қўл остида ёш жамоа бор, улар Европа Лигасига жиддий қарашлари мумкин. Бироқ ЕЧЛда орттирилган тажриба (гарчи омадсиз бўлсада) кучни тўғри тақсимлашда асқотиши аниқ.

«Тоттенхэм»нинг ўйини жозибали, юлдузлар бор, ҳимоя мустаҳкамлиги муҳокамадан холи - тўп ўтказиб юбориш борасида «аристократлар» билан бир хил кўрсаткичга эгалар. Ҳозирча ҳаммаси бинойидек.

«Шпорлар» ҳали очко йўқотишлари мумкин. Буни «Ливерпул»га қарши баҳс­да исботладилар. Боз устига, яқин таъқибчилари билан орадаги тафовут катта эмаслигини инобатга олсак, кучли тўртликдаги жойни ҳали кафолатламагани ойдинлашади. Рақиблар кучли, аммо «Тоттенхэм»нинг тактик имкониятлари кўпчиликда ишонч уйғотмоқда. Тўғри, бу омилнинг ҳар доим ҳам ёрдам беравермаслиги ЕЧЛда кўриниб қолди.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: баланд, ўйин ва руҳий томондан «шпорлар»ни «Челси»га асосий рақобатчи сифатида кўрсатиш мумкин.

4. «АРСЕНАЛ»

«Бавария»га биринчи ўйин бой берилгач, «тўпчилар»нинг ЕЧЛдаги келажаги шубҳа остида қолди. Демак, «Арсенал» бор эътиборини АПЛнинг юқори тўртлиги учун курашга қаратса бўлаверади. Одатда, бу жамоа еврокубоклар йўлланмаси йўлида ўзини кўрсата олишни уддалайди. Таркиб борасида ҳам Арсен Венгерга ҳавас қилса арзийди. Кучли дарвозабон, жаҳон даражасидаги икки марказий ҳимоячи, ажойиб ҳужумкор футболчилар.

Санчес ва Озил кетишга шайланишмоқда, аммо бундан аввал «Арсенал»га ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этишга қарши бўлишмаса керак. Лондон жамоаси тажрибали. Эҳтимол, мудофаа чизиғи ишончли эмасдир, аммо Мустафини ўз вақтида харид қилишди. Хуллас, кучли тўртликда қолиш имконияти йўқ эмас.

Балки «Арсенал»га қуйироқ ўрин фойдалироқдир? Агар ўтган мавсумдаги каби рақиблар омадсизликка учраб, «канонирлар» иккинчи ўринни эгаллашса, Венгер ўз ўрнида қолиб, ёрқин келажак ҳақида гапирармиди... Ўз навбатида, тақвим якуни ҳам «тўпчилар» зиёнига ишлаши мумкин - мавсум охирида «Тоттенхэм», «МЮ» ва сўнгги турда «Эвертон»га қарши қийин ўйинлар бор.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: ўрта, «Арсенал» нима хоҳлаётганини ўзи билмаяпти - АПЛ ёки ЕЧЛда аниқ вазифа белгиланмаган, етакчиларни қувиш якунда премьер-лига кучли тўртлиги билан хотима топади. Аммо бу гал рақиблар янада жиддий ва сюрприз бўлиши эҳтимоли юқори.

5. «ЛИВЕРПУЛЬ»

Курашувчанлик Клопп жамоасига 2017 йилни яхши кайфиятда якунлаш имкониятини тақдим этмоқда. Мерсисайдликлар учун рақибларининг биттадан мағлубияти ва ўзаро баҳслардаги ғалаба кифоя қилади. «Ливерпул»­нинг хавфли вазият яратиш бўйича кўрсаткичлари ёмон эмас, боз устига, Мане ҳам қайтди.

Еврокубоклардан холи клубнинг тақвимига назар ташласак, «Арсенал», «Манчестер Сити», «Эвертон»га қарши баҳслар бор. Принципиал ўйинлар орқали вазиятни ўнглаш мумкин. «Тоттенхэм» билан ўтган ажойиб учрашув Клопп жамоасидан юқори натижаларни кутишга ундамоқда. «Халл»га имконият бой берилгач, кўпчилик «шпорлар»нинг мағлубиятга учратилишига ишонмаганди. Бироқ Садио Мане германиялик мутахассиснинг ишончини яна бир карра оқлади.

Тўғри, ҳимоя чизиғида муаммолар йўқ эмас, қолаверса, «Ливерпуль» «Арсенал»ни мағлубиятга учратиб, «Борнмут»га ютқазиши мумкин бўлган клублар сирасига киради. Мунтазамлик таъминланмас экан, «қизиллар» кучли тўртликдан тушиб кетиш хавфи остида қолаверадилар.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: ўрта, чунки «Ливерпуль» ўз олдига ЕЧЛга қайтиш вазифасини қўйган. Буни эса ҳозирча фақат АПЛда амалга ошириш мумкин. Мерсисайдликлар бу йўлда бор кучларини сафарбар этишлари, шубҳасиз.

6. «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»

Жозе Моуриньо қўл остидаги жамоада тартиб-интизом биринчи ўринга қўйилади. «МЮ» ва «Ливерпуль» бу борада рақибларига ўрнак бўла олишади. Аммо манчестерликлар мавсум бошида кўп очко йўқотишди, кейинчалик ўзларини тиклаб олишди. Шунга қарамай, ҳамон 6-ўринни эгаллаб туришибди. «Манчестер Юнайтед»да ишонч юқори. Кэррикнинг таъкидлашича, ҳаттоки, иккинчи поғона ҳам жамоани қувонтирмаслиги мумкин, зеро асосий вазифа - Фергюсон давридаги барқарорликни таъминлаш. Златан, Погба, Мхитарян, Де Хеа - юқори савияли футболчилар. Моуриньо ҳам клубга мос мураббийлигини кўрсатмоқда. Хуллас, «МЮ» ўйинини янада кучайтириши лозим. Дарвоқе, манкунианликларда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишнинг бошқа йўли ҳам бор - Европа Лигаси ғолиблиги.

Сулҳ масаласи ҳам қийнамоқда - «Манчестер Юнайтед» мунтазам ғалабага эришиш хусусиятини тиклаганича йўқ, 9та дуранг шундан далолат. Бу ёқда тақвим масаласи ҳам турибди: 36 ва 37-турларда мос равишда «Арсенал» ва «Тоттенхэм»га қарши ўйинлар кутмоқда. ЕЛ ва кубок баҳслари куч йўқотиб, АПЛдаги рақобатчилардан пастда туришнинг қўшимча сабаблари ҳисобланади. «Эвертон»нинг тезлик олиб, «МЮ»ни 7-поғонага тушириб юборишига ишониш қийин. Аммо юқорига кўтарилишда Моуриньога осон бўлмаслиги турган гап, кучли тўртлик учун кураш олиб бораётган рақиблар кучсиз эмас.

АПЛни топ-4да якунлаш эҳтимоли: паст, Европа Лигаси халал бериши мумкин, чунки ушбу турнирдаги муваффақиятли якун ЕЧЛ йўлланмасини тақдим этади. Кубок баҳслари ва қийин финиш ҳам «Манчестер Юнайтед»нинг АПЛ кучли тўртлигига кириш имкониятларини пасайтириб юбориши аниқ.

КЎП ТИЛГА ОЛИНАЁТГАН ТЎРТЛИК

1. «Челси». 2. «Манчестер Сити». 3. «Тоттенхэм». 4. «Арсенал»

38-турдан сўнг турнир жадвалининг юқори қисмида айнан шу тўрт­та жамоани кўрсак, асло ажабланмаймиз. «Челси» устунлигини исботлайди, Гвардиола шогирдларига тўғри йўл кўрсата олади, «шпорлар» олдиндан билдирилган ишонч­ни оқлашади. Венгер эса ўз услубида кўриниш беради: ўзига аталган ўринни эгаллайди - «Арсенал» чемпион эмас, аммо ўйнашни билади.

ЭНГ КУТИЛМАГАН, АММО ЭҲТИМОЛЛИ ТЎРТЛИК

1. «Челси». 2. «Ливерпуль». 3. «Манчестер Юнайтед». 4. «Тоттенхэм».

«Арсенал» ва «Манчестер Сити» ЕЧЛга йўлланма берадиган ўриндан четда қолишадими? Еврокубоклардаги иштирок, бунинг натижасида вужудга келадиган чарчоқ аломатлари зиёнга ишлаши кўп кузатилган. Вазият шуни тақозо этса, Чемпионлар Лигасини соғиниб қолган икки клуб юқорига кўтарилади. Унутмаслик керакки, «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» алоҳида параметрлар бўйича рақобатчиларини ортда қолдиришмоқда. Фақат «Тоттенхэм» бу борада уларга тенглашиши мумкин. Февраль якунига етаётган бир паллада кучли тўртликни башорат қилиш қи­йинчилик туғдирибдими, демак финиш янада қизиқарлироқ тус олиши тайин.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz