Қайднома

Қидирув

Тотализатор – жиноят

Тотализатор – жиноят

  05.03.2017 15:01
  0
  1431
Тотализатор – жиноят

Миллионлар ўйинида бир иллат бор - футбол баҳсларига пул тикиш, яъни тотализатор. Ҳозир букмекерлик идоралари орқали қайсидир жамоанинг ғалабаси, нечта гол уриши, қанча тўп ўтказиб юбориши ва ҳоказо жиҳатларни кўзлаб пул тикиш жуда авж олган. Бу ўринда ҳатто сариқ ва қизил карточкалар қанча кўрсатилиши-ю, аутдан тўп неча марта ўйинга киритилишигача аҳамият касб этади. Хуллас, бу таваккалчиликнинг бир тури. Ишонинг, ишқибози етарлича. Ёмон томони, букмекерлик идораларига аксарият футболчи ва мураббийларнинг ҳам мурожаат қилиб туришлари айтилади.

СЎРОВНОМА

Ўзбек футболида анча кўзга кўринган, тажрибали журналистлардан бири яқинда «Твиттер» ижтимоий тармоғида антиқа сўровнома ўтказди. Унда қуйидагича савол билан мурожаат этилган: «Мураббий ва футболчиларнинг ўзи иштирок этадиган ўйинда жамоасига қарши пул тикишига қандай қарайсиз?». Жавоблар эса қуйидагича: «Бу - жиноят», «Арзимаган иш», «Шунчаки, даромад орттиришнинг бир йўли» ва «Энг муҳими - чиройли ўйин». Албатта, жавобларнинг қай бири кўпроқ танланганини олдиндан билиб олиш қийин эмас. Сўровномада иштирок этганларнинг 69 фоизи «Бу - жиноят» бандига тўхталишган. Аммо шу билан бирга аксини тасдиқловчилар ҳам топилганини айтиб ўтиш жоиз. Масалан, «Энг муҳими - чиройли ўйин»га 17 фоиз, «Шунчаки, даромад орттиришнинг бир йўли»га 10 фоиз ва «Арзимаган иш»га 4 фоиз овоз берилган. Тўғри, сўровнома шунчаки, бир журналист томонидан ўтказилди ва унда қатнашганлар кўп эмас. Аммо шу билан бирга тан олинг, муаммо аслида кўринаётганидан кўра анча чуқурроқ илдиз отган.

ТЕЗ СЎНГАН ҲУРМАТ

Анча йиллар олдин радиода ташкил этилган янги лойиҳалардан бирида иштирок этиш учун чақиришган эди. Таклифга кўра бордик. Бундай вақтда бироз вақтлироқ келиш талаб этилади, ҳар ҳолда эшиттиришга тайёргарлик кўриш керак. Чақиришларини кутиб йўлакда турганимизда, беихтиёр икки кишининг қизғин баҳсига гувоҳ бўлдик. Улар Украина чемпионатида Киевнинг «Арсенал»и ва адашмасам, «Карпати» жамоалари ўртасида кечадиган баҳсда ким ғолиб чиқишидан тортишаётган эканлар. Тасаввур қилинг, «Арсенал» ва «Карпати»! Униси «Арсенал», дейди, буниси эса «Карпати». Тўғрисини айтсам, спорт журналистикасида анча йиллардан буён ишласам-да, Украина чемпионати борасида бундай баҳсга қўшилар даражада билимим етмас экан. Ўйлаб кўринг, Англия, Италия, Испания, Франция, Германия ва ҳатто, Голландия ҳам эмас, Украина биринчилиги ҳақида баҳс кетмоқда. Бўлиб ҳам Киевнинг «Динамо»си ёки Донецкнинг «Шахтер»и ҳақида эмас, ўртамиёна клублар ўртасидаги ўйин-дан тортишяптилар. Очиғи, шу заҳоти бу икки ишқибозга нисбатан ҳурматим ошиб кетди, биз журналист сифатида аҳамият қаратмаган учрашув устида улар баҳслашмоқдалар. Бунақада ҳурмат қилмай бўладими?

Аммо бу ҳурмат қанчалик шиддат билан пайдо бўлса, шунчалик тез сўнди. Қизғин муҳокама иштирокчилари азбаройи мухлисликдан эмас, балки клубларнинг қай бирига пул тикиш устида «жон олиб, жон беришаётган» экан. Уларнинг баҳсига маҳлиё бўлибмиз-ку, аммо тотализатор деган иллатнинг борлигини унутиб қўйган эканмиз. Сир эмаски, қиморнинг ҳар қандай тури кишини жазавага солади. Футбол ўйинларига пул тикиш ҳам ҳақиқий қимор эканини ўшанда кўрган эдик. Эс-ҳуши жойида бўлган, ўзини ҳурмат қиладиган одам бундай ишлардан узоқ юргани маъқул...

ПАОЛО РОССИ

Энди бояги сўровномага қайтсак. Оддий мухлиснинг футбол учрашувларига пул тикиши қиморга яқин бўлса, футболчи ва мураббийлар ҳақида нима дейиш мумкинлигини тасаввур қилиб олаверинг. Ўйлаб кўринг, улар ўз мағлубиятига пул тикса, майдонда ким кураш олиб боради? Бунақа «футбол»ни футбол, деб аташ мумкинми? Сўровномада «Энг муҳими - чиройли ўйин», деган жавоб бўлгани ва уни ҳам кўпчилик танлаганини айтдик. Қанақа чиройли ўйин? Ахир футболчилар ўз мағлубиятига пул тикиб турса, бунақада ҳамма жой «ўйин» бўлиб кетмайдими?

Аслида, бундай муаммо бутун дунё футболида бор. Ёки бўлган. Авваллари ўйинчи ва мураббийларга катта пул тўланмаган вақтларда Европа ва бошқа футболи ривожланган ўлкаларда ҳам бу иллат жуда авж олган эди. Италия футболи афсонаси Паоло Россини кўпчилик жуда яхши билади. У 1982 йилги жаҳон чемпионатида 6та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлган ва Италияни чемпионлик шоҳсупаси сари етаклаган эди. Аммо танганинг орқа томонидан бехабарлар ҳам топилса керак. Ҳозир шу ҳақида ҳам бироз маълумот бериб ўтсак.

Эътиборли томони, Росси мундиалга қадар икки йил давомида расмий ўйинларда майдонга тушмаган. Бунга эса тотализаторга пул тиккани сабаб бўлган. Ҳатто бунинг учун қамоққа ҳам олинган. Тўғри-да, қонунбузарлик қилган экан, ҳар қанча иқтидорли бўлмасин, жазосини олиши шарт. Унинг дисквалификация муддати жаҳон чемпионати бошланишига бир ой қолганда якунланар, бу эса Россининг бемалол мундиалда иштирок этиши мумкинлигини англатарди. Аммо муаммо шундаки, қамоқ муддати ҳали якунига етмаганди. Айтишларича, Россини бир шарт билан озодликка чиқаришган - Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. Росси бу ишни қай даражада шараф билан уддалаганини энди биз яхши биламиз. Аммо факт шундаки, ҳатто шундай буюк футболчи ҳам қинғир ишларга аралашган. Бунақалар дунё футболи тарихида яна топилади, десак ишонасизми?

ЎЗИМИЗДА-ЧИ?

Ҳозир футболи ривожланган ўлкаларда бу иллат деярли барҳам топиб улгурган. Чунки футболчиларга бемисл даражада катта пул тўланади ва тотализатордаги шубҳали даромаддан кўра майдондаги фойдали иш коэффициенти кўпроқ даромад келтириши мумкинлигини тушуниб етишган. Бироқ футболчи ва мураббийларнинг даромади ҳаминқадар бўлган ўлкаларда қиморнинг бу тури ҳамон учраб туради. Шу ўринда яна бир савол туғилиши турган гап - Ўзбекистон чемпионатида ҳам тотализатор борми? Буниси энди алоҳида қарашга арзийдиган масала.

Бахтимизга юртимизда букмекерлик идоралари очилишига йўл қўйилмайди, пул тикишнинг бу кўриниши жиноят ҳисобланади. Аммо бошқа ўлкаларда бу иллатга йўл қўйиб берилгани турли муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Чунки интернет орқали сохта ишқибозлар истаган жамоасига пул тикиши мумкин. Афсуски, бу айни ҳақиқат...

ТАЛАБ ВА ТАКЛИФ

Яхши биласиз, Ўзбекистон футбол федерацияси қошида «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» иш юритади. Унга яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси ва мураббийларидан бўлган Аҳрол Иноятов раҳбарлик қилади. Иқтисодиётда бир атама бор, «талаб ва таклиф» дейилади. Яъни талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди. Энди шу терминни футболга ҳам боғлаб кўрсак - демак талаб борки, иллатни бартараф этишга ихтисослашган ташкилотга асос солиш зарурияти туғилган. Ўйлаб кўринг, агар келишилган ўйинлар бўлмаганда, уларга қарши кураш қўмитаси тузилармиди? Уйингизни сичқон босмаса, дориловчиларни чақирмайсиз-ку, тўғрими? Кемирувчи бор жойда уни йўқотишга бел боғлаганлар ҳам тайёр туради. Демак, тотализаторчилар бор экан, «келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» уларнинг олдига тўсиқ қўйиб, ноқонуний фаолиятларига чек қўймагунича тинчимайди.

Ўз вақтида, қўмита ишига нисбатан танқидий муносабатлар кўп бўлди. Бироқ шунга қарамай, ўтган йилги чемпионат анча бошқача ўтганини тан олиш лозим. Ўйинлар ҳисобини олдиндан айтиш бирозгина қийин бўлиб қолганини ўзингиз ҳам пайқагандирсиз?

Умид қиламизки, қўмита ўз ишини шу зайл давом эттириб, янги босқичга чиқади. Клублар билан учрашувлар ташкил этилмоқда, футболчи ҳамда мураббийлар «ҳалол ўйин декларацияси»га имзо чекишмоқда. Назорат қатъийлигини сақлаб қолса, олий лига равнақига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Энди бояги сўровнома мавзусини якунига етказиб қўйсак. Ундан чиқарилган хулоса шундай бўлди - футболчи ва мураббийларнинг ўз жамоаси мағлубияти учун пул тикиши кўпчилик томонидан жиноят деб баҳоланди ва бу ҳолат кишини хурсанд қилади, албатта. Ҳақиқатан ҳам шундай - жиноят. Унутмайлик, бу иллатнинг қонунбузарликка тенг эканини билиб туриб ҳам унга қўл урадиганларни жиддий жазо кутиб турибди. Сир эмаски, футболга нохолислик аралашса, ўйин жозибасини йўқотади. Бундай бўлишини эса ҳеч бир мухлис хоҳламаслиги тайин.

ИЛЛАТГА ҚАРШИ

БИРГАЛИКДА

Юртимизда футбол ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги стадионлар қуриляпти, инфратузилма яхшилан-япти. Бунинг учун қанча маблағ сарфланганини ҳисоблаш ҳам қийин. Дарҳақиқат, кўп иш қилинди. Энди барча шунга ҳамоҳанг тарзда фаолият юритиши лозим. Миллионлар ўйини ривожига ҳисса қўшганлар меҳнатини юксак қадрлаб, футболни ноқонуний даромад манбаига айлантирмоқчи бўлганларга қарши курашиш барчанинг бурчига айланмоғи лозим. Бугунга келиб ушбу масалада олдинга силжиш кузатилди. Аммо бу билан тўхтаб қолмай, назоратни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ. Боя айтиб ўтдик, Паоло Росси озодликка чиқиш ва тотализатордаги айбини ювиш учун Италия терма жамоасини жаҳон чемпионлиги сари етаклашни уддалаган эди. Демак, иллатга қарши жиддий курашиш орқали терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқадиганлар етишиб чиқишига ҳам замин ҳозирлаган бўламиз...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz