Қайднома

Қидирув

Леонардо: «Ҳимояда таваккал қилиб бўлмайди»

Леонардо: «Ҳимояда таваккал қилиб бўлмайди»

  06.03.2017 03:37
  0
  826
Леонардо: «Ҳимояда таваккал қилиб бўлмайди»

Corriere dello Sport наш­ри «Милан»нинг собиқ футболчиси, ўз вақтида «россонери»нинг мураббийи ва функционери ҳисобланган Леонардо билан суҳбат уюштирди. Интервью чоғида бразилиялик мутахассис мураббийлик соҳасидаги дастлабки қадамлари ҳақида гапириб ўтди.

- Мураббийликка қандай кириб келгансиз?

- Бу тасодифан юз берганди ёки Галлиани шуни сезган. Фаолиятимни якунлаганимдан сўнг «Милан»да функ­ционер бўлиб ишлаётгандим. Қайсидир маънода жамоага янги мураббий керак эди. Карло Анчелотти барча нарсага эришиб бўлганди. Унинг ғалабали одими якунлангач, реконструкция вақти етганди. Клубдагилар ўтиш даврида ўзларига қарашли одам билан ишлашни исташаётганди. Галлиани бош мураббий лавозимини бир неча бор таклиф қилган, мен эса рад жавобини бергандим. Аммо якунда ҳамкорликка кўнганимдан мамнунман. Мураббий бўлиш ажойиб. Эҳтиросларингизни ўзингиздан ёш бўлган футболчилар билан баҳам кўрасиз. Ҳар уч кунда вазият ўзгариб туради, ҳис-ҳаяжонга бериласиз, янги ғоялар, миллионлаб мухлисларни ўзига ром этадиган учрашувлар... Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб.

- Нима учун бир йилдан сўнг жамоадан кетдингиз? Натижалар унчалик ёмон эмасди-ку?!

- «Милан»да 14 йил фаолият олиб бордим. Ўйнадим, ишладим. Жамоада анча вақт ўтказганимдан сўнг турли муаммолар пайдо бўла бошлади. Клуб ичида мураккаб вазият юзага келгач, кетишга қарор қилдим. Берлускони ҳам олдингидек эмасди. Шу зайл давом эттиролмасдим. Қолаверса, ҳамиша ўзгаришларга ошиқишим ҳам кетишимга сабаб бўлди.

- Ишингизга аралашишармиди?

- Бу одатий ҳол, шунчаки, иш жараёни. Айни вазиятда «аралашиш» иборасини ишлатмаган бўлардим. Табиийки, президент ўз пулларини сарфлаганидан сўнг жим қараб турмайди. Унинг ўз сўзини айтиш, ғоялари билан ўртоқлашиш ҳуқуқи бор. «Лео ва Леонинг дўсти ўйнаши керак», де­йиш муаммо эмас. Лекин қоидаларга амал қилиш шарт. Уларсиз ишлаб бўлмайди.

- Сиз ҳозир актуал бўлган «4-2-фантазия» схемасини ўйлаб топгансиз. Бу услуб қайси фалсафага мос тушади?

- Ушбу қарорга келишдан олдин анча ўйландим. Италияда биринчи навбатда тўп ўтказиб юбормаслик керак, сўнгра гол уришга ҳаракат қиласиз. Ҳимояда таваккалга ўрин йўқ. Бу бразилча футбол эмас. Таркибда Пирло, Зеедорф, Пато, Инзаги, Борьелло ва Роналдиньо каби юлдузлар бўла туриб, уларни захирада ушлаб туриш эса жиноят. Хуллас, аста-секинлик билан шундай ўйин моделига ўтдик. Менимча, жуда қизиқ бўлганди. Мазкур ғоя футболчилардан катта мотивация талаб қилади. Масалан, буни Аллегри ҳам яхши билади. Биз муваффақият қозониш учун барча нарсага максимал тарзда ёндашиш лозимлигини билардик. Югуриш, очиқ зоналарни ёпиш. Амброзини буни қойилмақом тарзда уддалаган. Албатта, бошқа футболчилар ҳам четда қолишмаган. Ҳаттоки, Роналдиньо ҳам «қурбонлик»ка рози бўлган. Умуман олганда, «4-2-фантазия» схемасини Галлиани ўйлаб топган, мен уни шунчаки, маъ­қуллаганман, холос. Биз ҳақиқатан ҳам роҳатланардик. Тўғри, ғалаба қозонмаганмиз, аммо рақобатбардош жамоа шаклланган. Сизни ишонтириб айтишим мумкин, натижа ва чиройли ўйинни бирлаштириш осон эмас. Лекин бу янгиликни амалга татбиқ этганимдан фахрланаман.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz