Қайднома

Қидирув

50000та гол аро сайр

50000та гол аро сайр

  06.03.2017 06:25
  0
  888
50000та гол аро сайр

Бундеслига тарихидаги рекорд кўрсаткичлар. Карим Бел-араби бундеслига тарихидаги юбилей - 50000-гол муаллифи сифатида ўз номини турнир зарварағига ёздириб қўйди. Soccer.ru сайти ижодкорлари шу баҳона Германия олий дивизиони архивини кўздан кечириб, бир қатор эътиборга молик ажойиб кўрсаткичлар ва рақамларни ажратиб кўрсатишди. Узоқ 1962 йилнинг 28 июль куни оберлигалар аъзолари мажлисида ГФРда ягона футбол биринчилиги - бундеслигага асос солиш хусусида қарор қабул қилинганди. Шу тариқа 1963|1964 йиллар мавсумидан эътиборан бундеслига тарихи бошланди. Демакки, Германия элит дивизиони 54 йилдан буён тинмай ривожланмоқда. Табиийки, ортда қолган даврда жуда кўплаб статистик маълумотлар тўпланди, ажойиб рекордлар қайд этилди. 50 мингта гол - шунинг ўзи катта аҳамиятга эга. 17 февраль куни бўлиб ўтган «Аугсбург» - «Байер» ўйинидан сўнг бундеслига тарихидаги жами голлар сони 50003тага етди. Яъни ҳисобни очган «доришунос» - Карим Белараби юбилей гол муаллифи сифатида қайд этилди. Умуман, Германия чемпионатининг ҳар мавсумида мухлислар ўртача ҳисобда 926тача гол кўришган.

Жамоалар

* Бундеслиганинг барча 54 мавсумида иштирок этиш биргина «Гамбург»га насиб этган. Бу жамоага нисбатан «динозаврлар» таърифи ишлатилиши бежиз эмас. «Вердер» ҳисобида эса 53 мавсум бор. «Бавария»га келсак, мюнхенликлар дастлабки 2та чемпионатда қатнашишмаган.Зеро, улар лига асосчилари орасида йўқ эдилар. Хуллас, бундеслиганинг энг совриндор клуби 52 мавсум ўйнаган. Кейинги ўринларда «Штутгарт» (51 мавсум), «Боруссия» Д. (50 мавсум), «Боруссия» М. (49 мавсум) ва «Шальке» (49 мавсум) жамоалари бор.

* Бундеслигага асос солинганидан буён турнирда жами 55та клуб ўз омадини синаб кўрди. Айни пайт улардан 3таси - «Тасмания 1900» (Берлин), «ВфБ Лейпциг» ва «Блау-Вайсс 1890» (Берлин) жамоалари бутунлай тугатилган.

* 25та чемпионлик унвонига эга «Бавария» бундеслиганинг чинакам «шоҳ» жамоасидир. Эътибор беринг, турнирнинг ҳақиқий ва кўп йиллик «гегемон»и мавсумларнинг деярли ярмида «Кумуш товоқ»ни бегона қилмаган. «Бавария»нинг бу борадаги энг яқин таъқибчилари ҳисобида атиги 5тадан олтин медаль бор. Хуллас, улар мюнхенликлардан 5 баравар ортда қолишяпти. Айтганча, «Бавария» аввалги мавсум ўз тарихида илк марта кетма-кет 4 марта чемпионат ғолибига айланди. Бунгача «Кумуш товоқ» ютиш масаласида энг яхши серия 3 мавсумга тенг эди. Умуман олганда, 12та жамоагагина бундеслига тахтига кўтарилиш насиб этган, холос.

* «Бавария» яна бир қизиқарли кўрсаткичга эга - жамоа нақ 5 мавсум 1-турдан охиргисига қадар турнир жадвалининг юқорисидан тушмаган. Шунинг баробарида мюнхенликлар 1985|1986 йиллар мавсуми давомида бирор марта пешқадам бўлмай, фақат сўнгги турда 1-ўринга кўтарилиб, «Кумуш товоқ»ни ўзлариники қилишган.

* Яна 2та клубнинг чемпионлик йўлидаги кўрсаткичи диққатга сазовор. Отто Рехагель қўл остида ўйнаган «Кайзерслаутерн» мавсум-1997|1998да элит дивизион дебютанти сифатида ғолиб чиққан. Яъни «қизил шайтонлар» иккинчи бундеслигадан кўтарилишлари ҳамоно «Кумуш товоқ» соҳибига айланишган. «Нюрнберг» эса аксинча, 1967|1968 йиллар чемпионатида «олтин»га бурканиб, кейинги мавсумдаёқ бундеслига билан хайрлашган.

Футболчилар

* Бундеслигада энг кўп чемпион бўлиш рекорди 3 нафар футболчига тегишли. Уларнинг барчалари немис миллатига мансуб ва ўз совринларини «Бавария» сафида қўлга киритишган. Хуллас, Мехмет Шолль, Оливер Кан ва Бастиан Швайнштайгер фаолиятлари давомида 8 мартадан чемпионлик бахтига мушарраф бўлишган. Жорий мавсум якунида Филипп Лам ҳам улар қаторига қўшилса керак. Айни пайт «Бавария» сардори ҳисобида 7та олтин медаль бор.

* Оливер Кан бундеслигада ҳаммадан кўп ғалабани тантана қилган футболчидир. Собиқ кипер чемпионат баҳсларида клубининг 310та ғалабасига бевосита ҳисса қўшган. Қуруқ ўйинлар бўйича рекорд ҳам айнан Канга тегишли. У бундеслига доирасидаги 196та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

* Энг кўп мағлубиятга учраган футболчи - бу Бернард Диц. Аввалги асрнинг 70-80-йиллари «Дуйсбург» ва «Шальке» сафида ўйнаган Диц бундеслига баҳсларида 221 марта майдонни мағлуб сифатида тарк этган.

* Бундеслигада 1031та ўйин - Отто Рехагель футболчи ва мураббий сифатида чемпионатнинг шунча учрашувда иштирок этган. Бу энг юқори натижа бўлиб турибди. Фақат мураббийлар статистикаси инобатга олинса ҳам, «Қирол Отто» биринчи ўринда. Футболчилар орасида эса Карл-Хайнц Кёрбель бундеслиганинг бош гвардиячиси ҳисобланади. У «Айнтрахт» (Франкфурт)нинг чемпионат доирасидаги 602та ўйинида майдонга тушган.

* Ҳеч ким Герд Мюллернинг рекордига яқинлашолмаяпти. Афсонавий тўпурар бундеслига ўйинларида жами 365та гол урган. Такрорланмас Мюллер шунинг баробарида Германия чемпиоанида нақ 7 марта бош голеадор бўлган. 1та мавсумдаги самарадорлик рекорди ҳам айнан Гердга тегишли - 40та гол (мавсум-1971|1972).

* Хорижликлар орасида бундеслиганинг энг яхши тўпурари - Клаудио Писарро (Перу). У «Вердер» ва «Бавария» шарафини ҳимоя қилиб, 190та голдан хирмон ясаган.

* Жами 26та голга муаллифлик қилган Ханс-Йорг Бутт бундеслига тарихидаги энг сермаҳсул дарвозабондир.

* Гол урган энг ёш футболчи мақоми Нури Шахинга тегишли. Турк ўғлони 17 ёшу 82 кунлигида «Боруссия» Д. сафида гол муаллифига айланган - 2004|2005 йиллар мавсумида. Энг ёши катта гол муаллифи - Мирослав Вотава. Бу футболчи мавсум-1996|1997да «Вердер» учун 40 ёшу 121 кунлигида гол урган.

Мураббийлар

* Бундеслига тарихидаги энг сов-риндор мураббий - Удо Латтек. У ўз жамоаларини 8 марта чемпионлик шоҳсупасига етаклаган. Аниқроқ айтсак,«Бавария» бошқарувида 6 марта ғолибликка эришган афсонавий мураббий яна 2та чемпионликни Менхенгладбах «Боруссия»си билан нишонлаган.

* Юпп Хайнкес ҳисобида 7та чемпионлик унвони бор. У шундан 4тасини футболчилик пайти қўлга киритган ва кейинчалик мураббий ролида яна 3 марта шоҳсупадан жой олган. Хуллас, «аралаш» эстафета бўйича айнан Хайнкес етакчи бўлиб турибди.

* Атиги 6 нафар кишига бундеслигада ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ғалаба қозониш насиб этган. Булар - Гельмут Бентхауз, Юпп Хайнкес, Франц Беккенбауэр, Матиас Заммер, Томас Шааф ва Феликс Магат.

* Удо Латтек фаолияти давомида имкони бор совринлардан 53,3 фоизини ютгани билан фахрланишга ҳақли. Яъни у Германия чемпионатининг 15 мавсумида 8 марта «Кумуш товоқ» соҳиби бўлган. Тўғри, Хосеп Гвардиола бу борада 100 фоизли кўрсаткичга эга. Испан мутахассиси Англияга йўл олишига қадар «Бавария»да 3 мавсум ишлади ва ҳар сафар жамоаси билан ғолибликни тантана қилди.

* Энг ёш чемпион-мураббий - Матиас Заммер. У 34 ёшу 241 кунлигида Дортмунд «Боруссия»си (мавсум-2001|2002) устози сифатида «Кумуш товоқ»ни боши узра баланд кўтарган. 68 ёшу 9 кунлигида «Бавария»нинг навбатдаги олтин медалини таъминлаган Юпп Хайнкес эса энг кекса чемпиондир (мавсум-2012|2013).

* Феликс Магат 3та жамоа билан бундеслига тахтига кўтарилган ягона шахсдир. Футболчи сифатида «Гамбург» билан чемпионликка эришган «Темир Феликс» кейинчалик «Вольф-сбург» ва «Бавария»ни бошқариб, бу клубларни «Кумуш товоқ» сари етаклади.

Бундеслига тарихидаги барча чемпионлар

1. «Бавария» (Мюнхен) - 25 марта

2-3. «Боруссия» (Дортмунд) - 5 марта

2-3. «Боруссия» (Менхенгладбах) - 5 марта

4. «Вердер» (Бремен) - 4 марта

5-6. «Гамбург» (Гамбург) - 3 марта

5-6. «Штутгарт» (Штутгарт) - 3 марта

7-8. «Кёльн» (Кёльн) - 2 марта

7-8. «Кайзерслаутерн» (Кайзерслаутерн) - 2 марта

9-12. «Нюрнберг» (Нюрнберг) - 1 марта

9-12. «Вольфсбург» (Вольфсбург) -1 марта

9-12. «Айнтрахт» (Брауншвейг) - 1 марта

9-12. «Мюнхен 1860» (Мюнхен) - 1 марта

С. РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz