Қайднома

Қидирув

Карлес Пуйоль: «Футбол менинг ҳаётим»

Карлес Пуйоль: «Футбол менинг ҳаётим»

  08.03.2017 03:31
  0
  1431
Карлес Пуйоль: «Футбол менинг ҳаётим»

«Барселона»нинг собиқ сардори Карлес Пуйоль ўтган ҳафтада Россияга келди. У Санкт-Петербургдаги ЖЧ-2018 учун қурилаётган стадионни кўздан кечириш учун ФИФА вакиллари билан ташриф буюрганди.

Шундан сўнг Питердаги «ВКонтакте» сайтининг офисига ташриф буюрди. Эътиборли томони, 20 февраль куни испаниялик футболчи мазкур ижтимоий сайт аъзосига айланганди. Хуллас, Россияга ташрифи чоғида Пуйоль сайт аъзоларининг саволларига жавоб берди.

Футбол ҳақида

- Мен учун футбол ҳамиша биринчи ўринда бўлиб қолаверади, - деб гап бошлади Пуйоль. - Тиззамдан олган жароҳатим туфайли икки ярим йилдан буён футбол ўйнамаяпман. Ҳозир ҳаммаси жойида. Майдонга қайтиш истагим эса тинчлик бермаяпти. Бир сўз билан айтганда, футбол менинг ҳаётим.

«Реал» ҳақида

- «Реал» мухлисига дастхат беришим мумкин. Умуман олганда, бу ишни кўп қилганман. Агар «Реал» мухлисига ёқсам, бунга эътирозим йўқ. «Қироллик клуби»да дўстларим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Биз улар билан терма жамоада бирга яшаганмиз. «Барселона» ва «Реал»нинг қарама-қаршилиги эса бошқа масала. Икер Касильяс ва Рауль билан дўстман. Умуман, «Реал»да дўстларим кўп.

Мураббийлик фаолияти ҳақида

- Ҳозирча мураббийлик қилиш ниятим йўқ. Нима учун? Чунки бу жуда қийин иш. Шундоқ ҳам ҳафтасига етти кун, суткасига 24 соатлик ишим бўлган. Ҳозир ҳаётим бошқа босқичда. Икки қизим бор. Биринчиси уч, иккинчиси эса бир ёшда. Шу боис ҳам бундай вазиятда рафиқам билан бирга бўлмоқчиман. Агар мураббийлик қилсам, булардан маҳрум бўламан.

Спорт директорлиги ҳақида

-  Хави ўзи ва Бускетс мураббий, Пике президент, Пуйоль эса спорт директори лавозимида ишлаётган «Барселона»ни кўришни истаётганини айтганди. Бу режа ёмон эмас, аммо нима бўлишини вақт кўрсатади. Ҳозирча, Пикенинг роли реал. Чунки у клуб президенти бўлишни истаётганини бир неча бор айтган. Мен эса уни кўпроқ футболчи ва яқин дўстим сифатида қабул қиламан. У фантастик футболчи.

Умуман олганда, мураббийликдан кўра спорт менежери бўлиш менга кўпроқ ёқади. Ўтиш даврида бундай лавозимда ишлашга ҳам улгурдим. Ҳаммаси қандай ташкил этилгани билан танишдим. Албатта, бу осон иш эмас. Лекин у ерда ишлаш қизиқ.

Месси ҳақида

- Месси «Барселона»га келганидан сўнг анча ўзгарди. Аввалига камтарин, босиқ ва камгап йигит эди. Йиллар ўтгач, Лионель майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳақиқий етакчига айланди. Уни футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири деб ҳисоблайман. Месси жамоа учун муҳим инсон. У билан бирга ишлаганим - менинг муваффақиятим.

Мессини биринчи бор кўрганимда у ҳали асосий жамоада ўйнамасди. Аммо ўшандаёқ унинг келажаги порлоқлиги ҳақида гапиришарди. Ўшанда юзимдан жароҳат олиб, ниқоб кийиб олгандим. Менга яна бир ёш футболчи - Лео Месси ҳам шундай жароҳат олганини айтишди. У ҳам ниқобда экан. Лео билан ўшанда биринчи бор гаплашгандим. Месси замонамизнинг энг яхши футболчиси. У бошқалардан анча илгарилаб кетган.

Рақиблар ҳақида

- Фаолиятим давомида кучли рақибларга қарши кўп ўйнаганман. Мессини машғулотлар пайтидаги рақиблигини инобатга олмасам, тўхтатиш қийин бўлган ўйинчилардан бири Дидье Дрогбадир. Унга қарши ўйнасангиз, жуда қийналасиз. Бир сўз билан айтганда, фаолиятимдаги энг кучли рақиб Дрогба.

Мураббийлари ҳақида

- Фаолиятимдаги энг муҳим мураббийни танлашга қийналаман. Ҳаммадан кўп нарсани ўрганганман. Менимча, мен учун энг муҳим мураббий Луи ван Гал бўлса керак. У менга ишонч билдирган ва асосий таркибга қўйган. Франк Райкард билан ажойиб дамларни ўтказдик. Гвардиола ҳақида-ку гапирмасам ҳам бўлади. Ўша даврда ажойиб ўйин кўрсатганмиз ва бундан роҳатланганмиз. Тўғри, ван Галнинг характери оғир. Лекин ҳаммасини юзингизга айтади. Бу ортингиздан гапиргандан кўра яхши. Агар меҳнат қилсангиз, Луи меҳнатингизни қадрлайди.

Фаолиятини тиклаш ҳақида

- Фаолиятимни тиклашим мумкинми, масалан, АҚШда? Яширмайман, тиззамда муаммолар пайдо бўлганида бундай фикр миямдан ўтганди. Бироқ етарлича ўйнадим, кераклича совринга эга бўлдим. Шундай экан, профессионал футбол эшикларини ёпсам ҳам бўлаверади, деб ўйладим. Ҳозирги давримдан мамнунман. Ёшим 39га чиқдим. Ҳозиргача кўп нарсани кўрдим. Умид қиламанки, келажакда бундан кўпини кўраман.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz