Қайднома

Қидирув

Фикр билдириш маҳорати

Фикр билдириш маҳорати

  11.03.2017 06:22
  0
  1186
Фикр билдириш маҳорати

Ўзбекистон чемпионатининг 1-тур баҳслари одатий ўтди, кутилмаган натижалар деярли рўй бергани йўқ. «Динамо» сафарда «Металлург»ни мағлуб этганини (0:2) ҳисобламаса, бошқа айтарли ҳеч гап бўлмади. Етакчилар ғалаба қозонган, аутсайдерлар эса бир четдан мағлубиятга учраган турда бизнинг эътиборимизни натижадан ҳам кўра бошқа нарса кўпроқ тортди. «Нефтчи» бош мураббийи Андрей Фёдоров «Шўртан»га қарши кечган ва 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан якунига етган ўйиндан сўнг бир фикр билдирди. «Мавсумда қолган 29та ўйинда ғалаба қозонсак ҳам чемпион бўламиз», деди мураббий. «Нефтчи»нинг таркиб ва молиявий салоҳият жиҳатидан чемпионликка даъвогарлар сафида эмаслигини инобатга олсак, мураббийнинг гапида жиддийликдан кўра ҳазил кўплигини кўриш мумкин. Аммо ҳар томондан қолипдан чиққандек бир хил ва оддий фикрлар янграётган вақтда шу ҳам кишининг кўнглини кўтариб юборар экан.

Йиллар давомида футбол атрофидаги янгиликларни ёритиб юрган инсон учун ўйиндан сўнг ўтказиладиган матбуот анжуманлари кўп ҳам қизиқишни сақлаб қола олмайди. Бир хил гап-сўздан киши анча зерикади. Қайси мураббий қай бир ўйиндан сўнг нима дейишигача олдиндан билиб оласиз. Айтайлик, ғалабадан сўнг ҳам, мағлубиятдан кейин ҳам айтиладиган гаплар деярли бир хил. Худди қолипдан чиққандек.

Футбол эса мухлислар учун ўйналади. У ўзига хос шоу. Демак, матбуот анжуманлари ҳам шунга яраша қизиқарли ўтиши лозим.  Андрей Фёдоров бирозгина қолипдан четга чиққан эди ҳамки, унинг бу гапи ҳақида алоҳида мақола ёзилмоқда. Ўйлаб қарасак, футболимизга айнан шундай мутахассислар етишмас экан.

Мураббийлар ортиқча гапириб қўйишдан чўчишади. Эътибор берсангиз, Европадаги кучли чемпионатларда жамоа устозлари учун қайсидир мавзуда кескин фикр билдириш оддий ҳол ҳисобланади. Тақвимдан норози бўлаётган Жозе Моуриньони, ҳамкасбини танқид қилаётган Арсен Венгерни ва уларнинг иккисига ҳам жавоб қайтараётган Хосеп Гвардиолани деярли ҳар ҳафта кўриш мумкин.

Ёки бўлмаса «Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне «Реал» ёхуд «Барселона»нинг ҳакамлар ёрдамида ғалаба қозонишини айтишдан асло тортинмайди. Бунга жавобан қарши томон ҳам нималардир деб юборишдан ўзини тиймайди. Бу эса, ўз навбатида, чемпионатга бўлган қизиқишни ҳам оширади, ўзаро рақобат қизғин кўриниш олишини таъминлайди. Ахир миллионлар ўйини учун шу керак эмасми?

Бизда ҳам бор эди шундай мураббийлар. Айтайлик, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов иштирокидаги матбуот анжуманларига ўзгача қизиқиш билан кирар эдик. Афсуски, мураббийнинг «темирйўлчилар» бошқарувидаги фаолияти омадли кечмади ва истеъфога чиқарилди. Бироқ Вадим Карленович кўнглидаги гапни қўрқмай айта олиши билан ҳам ўзбек футболи ривожига катта ҳисса қўшганини эътироф этиш лозим. Мураббий ўрни келганда ПФЛни ҳам танқид қила олди, тақвим ва ҳакамлар ҳақида айтган гаплари ҳамон ёдимизда. Унинг эътирозлари қай даражада ўринли ёки ўринсиз экани иккинчи даражали масала, муҳими мураббий бу гаплари билан олий лигадаги интригани кучайтира оларди. Бу эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган жуда катта ишдир. Ҳозир олий лига клубларида ишлаётган бирор мураббийнинг мана шундай дадиллик кўрсата олишига ишонасизми?

Тан олиш лозим, Ўзбекистон чемпионатига бўлган қизиқиш сўнгги йилларда биз кутган даражада эмас. Шундай экан, олий лига савиясини кўтариш кимнинг қўлида? Албатта, мураббий ва футболчиларнинг. Футболчилар яхши ўйнаб турса, мураббийлар бир хилликдан қутулиб, матбуот анжуманларида кескинликни оширадиган гаплардан айтиб туришса, наҳотки мухлислар ташрифини кўтариш имконияти йўқ?

Яхши биласиз, олдинлари олий лига ўйинлари ҳисобини деярли ҳар бир мухлис олдиндан айтиб бера оларди. Бу ҳол ҳатто латифаларга ҳам кўчган, марҳум Ҳожибой Тожибоевнинг ҳангомасини яхши эсласангиз керак: «Ўйинга бориб нима қиласан, барибир 3:1 бўлади. Эшитдик-да», дея бошланарди. Дарҳақиқат, ҳатто ўтган йили ҳам сценарийсини олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган учрашувлар анча-мунча топилди. Аммо анча камайгани ҳам ҳақиқат. Янги мавсумда ишлар янада олдинга силжишига умид бор. Бироқ мухлисларни қайтариш учун фақат шунинг ўзи етарли бўлмаслиги аниқ. Ишонинг, бундай вақтда матбуотнинг ўрни жуда катта бўлади. Матбуотга ёзиш учун ғояни эса мураббий ва футболчилар бериши лозим. Бу ёғига энди «стадионга келган мухлисларга раҳмат», деганга ўхшаш гаплардан фойда йўқ. Миллий чемпионатимиз савиясини кўтариш истаги бор экан, демак гап-сўзимиз ва ишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим.

«InterFutbol»нинг олий лига ўйин-ларига бағишланган саҳифасида шундай бўлим бор - «Тур иқтибослари», деб аталади. Бироқ бу бўлимга ҳар доим ҳам теша тегмаган фикрларни топа олмаймиз. Гап билиш мураббий ишининг бир қисми ҳисобланади. Андрей Фёдоров бу борада қандай ишлаш кераклигини кўрсатиб берди. Истардикки, бошқа мураббийлар ҳам мана шундай дадил ва кескин гапиришни ўрганиб олсалар. Шунда олий лигага ҳам ла-лига ва премьер-лиганинг файзи кириб келармиди...

Бу ёғига энди «Стадионга келган мухлисларга раҳмат», деганга ўхшаш гаплардан фойда йўқ. Миллий чемпионатимиз савиясини кўтариш истаги бор экан, демак гап-сўзимиз ва ишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим.

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz