Қайднома

Қидирув

Йоан Молло: «Деярли барча позицияда ўйнаганман»

Йоан Молло: «Деярли барча позицияда ўйнаганман»

  11.03.2017 03:33
  0
  155
Йоан Молло: «Деярли барча позицияда ўйнаганман»

Россиянинг кучли клубларидан ҳисобланган «Зенит» чемпионатнинг иккинчи қисми бошланишидан аввал таркибига Йоан Моллони қўшиб олди. ЦСКАга қарши кечган учрашувда анча фаол ҳаракат қилиб, питерликлар ишон-чини оқлади. Москваликлар билан бўлган ўйиндан олдин россиялик журналистлар ушбу футболчини суҳбатга тортишди.

- Европа Лигаси «заявка»сига киритилмаганингиздан ажабландингизми?

- Йўқ, десам алдаган бўламан. Лекин ажабландим ҳам дея олмайман. «Зенит»га қуруқ гап учун келмаганман, аксинча, ўз савиямни намойиш қилишни истайман. Агар Европа Лигаси «заявка»сига киритилмаганим учун тақдирга тан бериб, енгилдим, дейишимни кутсангиз, адашасиз. Бу ҳам бир синов. «Зенит»нинг ҳар бир ўйинчисидан сўрашингиз мумкин. ЕЛ ўйинидан олдин қандай шуғулланган бўлсам, ҳозир ҳам худди шу иштиёқда машқ қиляпман.

- «Зенит»нинг йиғинларидан қандай таассурот олдингиз?

- Бу - топ-жамоа. Шунингдек, таркибда ҳам ажойиб футболчилар жамланган. Албатта, «Зенит»га мослашиб олишим учун вақт керак эди. Тўғри, жисмоний жиҳатдан бу осон бўлмади. Аммо ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мураббий нима истаётганини билиб олдим ва жамоадошларимни ҳам яхши тушуняпман.

- Кўпчилик жамоа ўтказган ўртоқлик учрашувларини муҳокама қилмоқда.

- Мураббий «Беш кунда бешта ўйин ўтказасизлар», деса, аввалига «Наҳотки, шунинг иложи бўлса?» деб ўйланиб қоласиз. Кейин эса бунинг қийин жойи йўқлигига ишонч ҳосил қиласиз. Футбол фақат жисмоний юкламалардан иборат эмас, балки катта ақлий меҳнат ҳамдир. Ўтказилган ўйинларда мураббий оёқларимизни эмас, ақлимизни ишлатишимизни кўпроқ истади. У бизга «Агар руҳан тайёр бўлсанг, демак жисмонан ҳам тайёрсан», деди.

- Олдинда ЦСКАга қарши ўйин бор. Таркибга киришингиз учун имконият мавжудми?

- Майдонда кўп нарсага қодирман. Энг муҳими, таркибга кирсам бўлгани.

- Бир пайтлари «Крилья Советов» сафида «Зенит»га қарши учрашувнинг асосий қаҳрамонига айлангандингиз...

- Ўша ўйин эсимда, яхши ишлагандим. Умуман олганда, менга кучли рақибларга қарши ўйнаш ёқади. Айнан шундай баҳсларда қанчалик яхши футболчи эканингизни намойиш этиш имкониятига эга бўласиз. Бундай вазиятга тушиб қолсам, адреналинни ҳис қиламан.

- Келинг, футболдаги биринчи қадамларингизни эслаймиз?

- Саккиз ёшимгача марказий ҳимоя­да ўйнаганман. Кейин отамга позициямни алмаштириб, қанот ярим ҳимоясига ўтмоқчилигимни айтдим. У эса бунга қарши чиқди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳужумда тўп суриш истаги туғилди. Умуман олганда, ўзимни ҳамма чизиқда синаб кўрдим.

- Айни пайтдаги энг ёқтирган позициянгиз қайси?

- Чап қанот ярим ҳимояси. Шу чизиқда энг кўп ўйнаганман. Лекин мураббий ўнгда ёки марказда тўп суришимни айтса, тортишмайман. Аслида, ўз чизиғимда яхшироқ ҳаракат қиламан.

- Франциянинг кўплаб клубларида ўйнагансиз. Уларнинг қайси бирида ўзингизни бахтлироқ ҳис қилгансиз?

- «Монако»даги икки йил муваффақиятли кечганди. Лекин Франция­даги фаолиятимнинг энг яхшиси «Сент-Этьен»да ўтган, деб ҳисоблайман. Ўшанда ажойиб жамоадошларим бор эди. 2013 йили Франция лига кубогини ютганмиз. Бу соврин мен учун жуда муҳим. Жамоамиз 19 мингдан ортиқ мухлислари кўз ўнгида мукофотни қўлга киритган. Умумий ҳисобда, ўйинни томоша қилиш учун «Стад де Франс»га 79 минг томошабин ташриф буюрганди. Менимча, айнан шундай лаҳзалар учун футболчи бўлганингизга ачинмайсиз.

- Кейинчалик клуб билан муаммолар юзага келганми?

- Ғалати вазиятга тушиб қолганман. Мухлислар мен томонда эди. Мураббийнинг фикри эса бошқача бўлган.

- Самара шаҳридан қандай таассуротлар қолди?

- Айрим муаммолари бор жамоага ташриф буюргандим. Лекин ўзимни яхши ҳис қилганман. Катта иштиёқ билан ўйнаганман, бу клуб қалбимда қолди. Ўз навбатида, улар «Зенит» билан шартнома тузишимга йўл қўйиб беришди.

- Волга дарёсида чўмилдингизми?

- Йўқ. Йигитлар билан дарё бў­йига чиқдик. Россиялик футболчилар шундай дам олишларни хуш кўришади. Тўғриси, менга пиёда сайр­лар унчалик ёқмайди.

- «Крилья»да тил муаммоси қийнамаганми?

- Асло. Футбол тили - универсал. Масалан, ҳозирги устозим Мирча Луческу французчани билади. Аммо мен билан бошқа тилда гаплашади. Муҳими, бу бир-биримизни тушунишимизда халал бермайди.

- Дортмунднинг «Боруссия»сида ўйнаётган дўстингиз Обамеянг «Зенит»га ўтганингиз билан табрикладими? У билан мулоқот қиляпсизми?

- Пьер - ўта иқтидорли. Лекин у мен учун биринчи ўринда - дўст.

- Сиз «Зенит»даги иккинчи францияликсиз. Биринчисини танийсизми?

- Пюигренье. У билан «Нанси»да бирга ўйнаганмиз. Себастьян «Зенит» билан Европа суперкубогида ғолиб чиққан.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 28 69
2 Тоттенхэм 28 59
3 Манчестер Сити 28 57
4 Ливерпуль 29 56
5 Манчестер Юнайтед 27 52
6 Арсенал 27 50
7 Эвертон 29 50
8 Вест Бромвич 29 43
9 Сток Сити 29 36
10 Саутгемптон 27 33
11 Борнмут 29 33
12 Вест Хэм 29 33
13 Бёрнли 29 32
14 Уотфорд 28 31
15 Лестер 28 30
16 Кристал Пэлас 28 28
17 Суонси 29 27
18 Халл Сити 29 24
19 Мидлсбро 28 22
20 Сандерленд 28 20
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Ўзбекистон термаси сафарда Сурияга имкониятни бой берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru