Қайднома

Қидирув

Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 21-сонида…

Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 21-сонида…

  13.03.2017 10:56
  0
  978
Анонс: «ИнтерФУТБОЛ»нинг 21-сонида…

Қадрли футбол ишқибозлари «ИнтерФУТБОЛ» газетасининг пайшанба сонида бир-биридан қизиқарли мақолаларни мутоала қилишингиз мумкин. Эсклюзив материаллар, таҳлил ва суҳбатлар  ҳам сизни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.

Демак, газетамизнинг эртанги сонида нималарни ўқиш мумкин?

- Иштиёқ зарбаси

Тошиб ўйна, довонлардан ошиб ўйна! Осиё кубоги-2011дан аввал шундай сарлавҳа остида мулоҳаза ёзгандик. Куни кеча пойтахтлик фидоий футбол мухлиси Азизбек ўша мақолани эслатди. «Тошиб ўйнашса, довонлардан ошиб ўйнашса, йигитларимиз Сурия ва Қатар терма жамоаларини енгишга куч топишади. Мабодо довон ошишга кўзлари етмаса, тоғни тешиб ўтиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишсин!»-деди у ҳаяжон билан.

- «Динамо»нинг «Лестер»ча шижоати

Ўзбекистон чемпионати олий лигаси 2-тури якунлангач, таниқли журналистлардан бири ҳазил қилди: «Афтидан, «Динамо» яқинда «Лестер»дан кетган Клаудио Раньерини бош мураббийликка тайинлаган кўринади». Бундай мутойибанинг бағрида заррача ҳақиқат йўқлиги тайин. Зеро, Самарқанд шаҳри жамоасида Раньеридек мураббий у ёқда турсин, олий лигамиз даражасида кўзга кўринган футболчи ҳам йўқ. «Динамо» таркиби асосан ҳали номлари чиқмаган йигитлардан иборат. Қарангки, жамоа шу ёшлар билан ҳам мавсум стартида мухлисларга «сюрприз»лар улашиш уддасидан чиқди.

- Пул тўлаб, мураббий бўлиш тушунчасидан воз кечиш керак

ФИФА ва ОФК йўриқчиси Ислом Аҳмедов сўнгги йилларда қитъамизнинг бир қатор давлатларида ташкил этилаётган мураббийлик курсларига раҳбарлик қилиб келяпти. 2017 йил ҳам Ислом ака учун шундай курслар билан бошланди. Ҳамюртимиз ФИФА ташаббуси билан Таиланд ва Қирғизистонда ташкил этилган ўқув-курсларини олиб борди. Етакчи мутахассисимиз сафардан қайтгач, у билан мавзу ва таассуротлари юзасидан суҳбатлашдик.

- Виталий Денисов муносабати

Ўзбекистон терма жамоаси ва Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов «Футбол Экспресс» газетаси мухбирлари билан суҳбатда ЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Барселона» - «ПСЖ» қарама-қаршилигидан олган таассуротларини баён этди. Ҳамюртимиз хусусан, бундай сценарийли ўйин кўп йиллар давомида бир марта кузатилишини алоҳида таъкидлади.

- Саҳоб  ЖЎРАЕВ: «Эртами-кеч барибир футболга қайтаман»

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Саҳоб Жўраев айни пайт фаолиятини футзалда давом эттиряпти. Эътиборлиси, Саҳоб футзалда ҳам яхши натижалардан умидвор. Дейлик, «Бунёдкор» футзал бўйича мамлакат чемпионати чорак финалида «Когон» (Бухоро)ни икки бора енгиб (5:4, 5:0), совринлар учун курашни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Илк турдан автогол

Ўтган мавсум жами 644та гол қайд этилган ва улардан 12таси (1,86 фоиз) «авто» қўшимчасига эга бўлганди. Яъни 12 нафар футболчи ўз жамоаси дарвозасига тўп киритиб қўйганди. Мана, жорий мавсумнинг илк туридаёқ автоголлар ҳисобини «Металлург» вакили Даврон Каримқулов очиб берди. Эътиборлиси, аввалги мавсум Бекобод клубидан бу борада тажрибали Ҳикмат Ҳошимов «ажралиб» турганди. Умуман олганда, «Металлург» вакиллари сўнгги 5 мавсумда ўз дарвозаларига атиги 2 марта гол уриб қўйишган, холос...

- Мўъжиза

«Барселона» клуби ташкил этилганидан буён шу қадар буюк натижалар қайд этганки, яна бир тарихий ғалабага эришиши ким учундир имконсиздек туюлса, бошқалар бунга ишонишганди. Асосийси, каталонияликлар ўтган ҳафта шу ишнинг уддасидан чиқдилар - Европа Чемпионлар Лигасида доирасидаги «ПСЖ»га қарши кечган баҳсда 6:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Бу жамоалар ўртасида кечган дастлабки учрашувда парижликлар 4:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, ЕЧЛ чорак финали масаласини деярли ҳал қилгандек эдилар. Аммо «Барселона» бунга кўнмади ва ҳақиқий мўъжиза кўрсатди. Ҳа, футболни айнан шундай воқеалар учун севамиз.

- Михаил НАУМОВ: «Бизни «Лестер»га қиёслай бошлашди, лекин…»

Самарқанднинг «Динамо» клуби бир йиллик танаффусдан сўнг олий лигага қайтди. Нафақат қайтди, балки дастлабки турлардаёқ каттагина шов-шув кўтарди. Бекободда «Металлург» 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. 2-турда эса «Шўртан» устидан ғалаба қозонилди - 3:0. Ваҳоланки, ғузорликлар дастлабки ўйинда «Нефтчи»ни енгишни уддалашганди. Мазкур баҳсдан сўнг «Динамо» посбони Михаил Наумовдан интервью олдик.

- Осиё футболи панорамаси

Осиё миллий чемпионатларига назар ташласак, кейинги бир йил ичида легионерлар сони кўпайгани, жамоалар сафига савияли футболчилар қўшилишгани кўзга ташланади. Бундан ташқари, клубларда тўп сураётган футболчиларнинг трансфер нархи ҳам ошиб боряпти.

- Бердиевнинг тутинган ўғли

ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичида Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой эгаллаган Эрон жамоаси ҳақида кўп гаплашганмиз. Форсларнинг қандай кучга эга эканликлари-ю, таркибдаги футболчилари тўғрисида тегишлича тасаввурга эгамиз. Шунга қарамай, жорий йил июнида ўз майдонида ҳам-юртларимизга қарши тўп сурадиган ушбу термага тааллуқли ҳар қандай маълумот бизни қизиқтираверади. Шуни инобатга олган ҳолда эронликларнинг бугунги кундаги энг ёрқин юлдузларидан бири, ўзининг ажойиб ўйинлари ва чиройли голлари туфайли жаҳон оммаси эътиборини ўзига тортаётган Сардор Азмун билан яқинроқ танишиш мақсадида Россиянинг «Ростов» клуби ҳужумчисининг яшил майдон ва унинг ташқарисидаги ҳаёт тарзига назар ташлаймиз.

- Спорт иқтисоди

«Барселона» «Реал»дан ўзиб кетди, хитойликлар барчадан ўзишга шайланишяпти.Спортга ихтисослашмаган нашрларнинг ҳам бу соҳага эътибор билан ёндашиши одатий ҳол бўлиб қолди. Тўғри, бунда кўпинча спорт дунёсига бошқа томондан разм солинади. Хуллас, бугун қайсидир жиҳати билан спорт иқтисодига бориб тақаладиган турли мақолалар (турли газеталарники) ҳақида гаплашамиз.

- 46 нафар мураббий ва 18 нафар президент

МАДРИДНИНГ «РЕАЛ» КЛУБИ ФАОЛИЯТИ БОШЛАНГАНИГА 115 ЙИЛ ТЎЛДИ...

- Жижо ва унинг «тўда»си

Аллақачон машҳурликка эришган италиялик ёш, иқтидорли голкипер Жанлуижи Доннарумма яқиндагина балоғат ёшига етди. Яъни «Милан» дарвозасини ишонч билан ҳимоя қилаётган йигит 18 баҳорни қарши олди. Soccer.ru портали шу баҳона унинг жаҳон футболидаги энг истеъдодли тенгдошларига зимдан назар ташлаб, ўзига хос рамзий терма жамоа шакллантирди.

- Фабио КАННАВАРО: «Хитой футболи имкониятлари катта»

Италиялик собиқ ҳимоячи Фабио Каннаваро айни пайт Хитойда «Тянжин Куанжин» («Тяньцзинь Цюаньцзянь») клубини бошқармоқда. AS (Испания) газетаси мухбирлари ЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Наполи» - «Реал» (жавоб учрашуви) арафасида айнан уни безовта қилиб, махсус интервью олишди.

- Сен шунақа қўрқоқсан

«Арсенал» клуби ва Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Месут Озил  «Ўйин сеҳри» номли автобиографик асарида ўз фаолиятига доир қизиқарли воқеаларни рўй-рост қаламга олган. Bild нашри ана шу асарнинг «Реал»га, аниқроғи, Озил ва Жозе Моуриньо ўртасидаги муносабатларга тегишли бобини кенг омма ҳукмига ҳавола этди.

- Ретроформа – АПЛ (фотогалерея)

АНГЛИЯ КЛУБЛАРИНИНГ ЯҚИН ЎТМИШДАГИ ЛИБОСЛАРИ.

- «Лион» етакчиси мақомига даъвогар тузар

«Лион» шарафини ҳимоя қилаётган ярим ҳимоячи Люка Тузарнинг эндигина 19 ёшни қарши олганига бирдан ишониш қийин. Зеро, у майдонда ўзини тутиши, ақлли ҳаракатлари ва фойдали иш коэффициенти билан кўпни кўрган тажрибали футболчидек таассурот уйғотади. Аммо ҳақиқат шуки, асосий таркибдан жой олиш йўлида Максим Гоналондек рақобатчидан устун келган Тузар чиндан ҳам, ҳали 20 ёшга тўлмаган. Шуниси эътиборлики, йигитча ҳозирги муваффақиятлари билан чекланиб қолмоқчи эмас - у яқин йиллар ичида «Лион» етакчисига айланишни кўзламоқда.

- Александр МОСТОВОЙ: «Афсусланиш бефойда, аммо…»

«Советский спорт» нашри ЕЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Сельта» - «Краснодар» ўйини (2:1)дан сўнг испан клуби собиқ ярим ҳимоячиси Александр Мостовойни махсус суҳбатга чорлади. Россия футболи тарихидаги энг яхши легионерлардан бири шу тариқа Пиреней ярим оролида кечган самарали фаолиятини хотирлади ва виголикларнинг имкониятларига баҳо берди.

Мактубингизни олдик: Игорь  СЕРГЕЕВга  ишонайлик...

Баҳор келди, у ҳаммамизга хайрли бўлсин, дилларни қувончларга тўлдирсин. Хусусан, футбол мухлисларининг ҳам бу галги баҳордан умидлари катта. Зеро, миллий жамоамизни олдинда ўта аҳамиятли 2та расмий ўйин кутиб турибди. Умумий ҳолатга қараб айтсак, Сурия ва Қатар терма жамоаларига қарши кечадиган ўйинларда ҳам бош ҳужумчи роли Игорь Сергеевга топширилса керак. Бас, шундай экан, уни танқид қилавермай, озгина қўллаб-қувватлашимиз жоиз бўлса керак.

Ҳамиша бирга бўлайлик, азизлар!!!


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz