Қайднома

Қидирув

«Динамо»нинг «Лестер»ча шижоати

«Динамо»нинг «Лестер»ча шижоати

  13.03.2017 13:47
  0
  771
«Динамо»нинг «Лестер»ча шижоати

Ўзбекистон чемпионати олий лигаси 2-тури якунлангач, таниқли журналистлардан бири ҳазил қилди: «Афтидан, «Динамо» яқинда «Лестер»дан кетган Клаудио Раньерини бош мураббийликка тайинлаган кўринади». Бундай мутойибанинг бағрида заррача ҳақиқат йўқлиги тайин. Зеро, Самарқанд шаҳри жамоасида Раньеридек мураббий у ёқда турсин, олий лигамиз даражасида кўзга кўринган футболчи ҳам йўқ. «Динамо» таркиби асосан ҳали номлари чиқмаган йигитлардан иборат. Қарангки, жамоа шу ёшлар билан ҳам мавсум стартида мухлисларга «сюрприз»лар улашиш уддасидан чиқди.

ТУР ВОҚЕАСИ

«Динамо» 1-турда «Металлург» майдонидан 3 очко олиб қайтгач, самарқандлик мухлисларнинг «Шўртан»га қарши кечадиган ўйиндан фақат ғалаба кутишгани ўз-ўзидан тушунарли. Олег Тюлькин шогирдлари шунга яраша, стадионда йиғилган 10 мингдан кўп мухлисни сира уялтиришмади. 3:0 ва дебютант клуб 2-турдан сўнг турнир жадвали пеш­қадами. Умуман, бу учрашувга алоҳида ёндашишнинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, «Динамо» ўтган мавсум қуйи лигада ўйнади ва  элитага қайтгани ҳамоно ёрқин таассурот уйғотишни пайсалга солмади. Иккинчидан, шу ёрқин ўйин ортида асосан ёшлар туришибди. Клуб томонидан берилган расмий маълумотга кўра, «Шўртан»га қарши кечган баҳсда «Динамо» таркибида майдонга тушган футболчиларнинг ўртача ёши атиги 23,7ни ташкил этган. Албатта, бунинг ижобий томонлари кўп ва ёшларнинг фаол ўйнашларини кузатиш ёқимли. Шунинг баробарида таркибнинг кескин ёшартирилишида салбий жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, ёш футболчиларда иштиёқ меъёридан ошиб кетса, улар хотиржам ва барқарор ўйин намойиш этишда қийналадилар. Лекин факт шуки, «Шўртан» билан учрашувда бундай муаммо учқуни ҳам сезилгани йўқ. 3-турда ҳам... (бу ҳақда шарҳимиз охирида ўқинг).

ДУРАНГ КЕРАКМИ, МАРҲАМАТ

Янги мавсумнинг 1-тури битта жиҳати билан ёдда қолганди - унда бирорта дуранг натижа қайд этилмади. Бу ҳолат ҳаттоки, бироз таажжубланарли туюлганди. Мана, 2-турга келиб, бир эмас, нақ 3та ўйинда жамоалар кучи тенг келди. Боз устига, уларнинг 2тасида етакчи клублар илк йўқотишларга дучор бўлдилар. «Пахтакор» ҳафта ўртасида Фарғонада «Нефтчи»га қарши майдонга тушди ва бу ўйинда ҳисоб очилмади. Аслида бутун вақт давомида бунинг учун имконият у қадар кўп юзага келгани йўқ. Яъни мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам асосан ҳимояга эътибор қаратишди ва бирламчи вазифа - гол қўйиб юбормаслик уддасидан чиқишди. Якун шуки, икки жамоа ҳам 1тадан очко олиб, 2тадан йўқотди. Хуллас, бир очко ҳавога учди.

«Олмалиқ» эса ҳар доим «Бун­ёдкор» учун ноқулай рақиб сифатида гавдаланган. Ҳаттоки, юртимизда «қалдирғочлар»га тенг келадиган жамоа топилмаган вақтларда ҳам пойтахт вилояти вакиллари уларга етарли даражада «бош оғриғи» бўлиш уддасидан чиқардилар. Қарангки, Виктор Кумиков бошчилигида янгиланган жамоа ҳам янги мавсум ҳисобидан илк очкосини айнан «Бунёдкор»дан тортиб олди.

Яна бир учрашувда «Обод» ўз уйида «Қўқон-1912» билан муроса кўчасини танлади - 1:1. Шу тариқа «ободчилар» ҳам, водийликлар ҳам 2-турда мавсумдаги илк очкони ишлаб олишди. Эътиборли томони, тошкентликлар аввалги мавсум ҳам айнан 2-турда дуранг қайд этиб («Обод» - «Бухоро» - 0:0), олий лигада ўз очколари ҳисобини очгандилар.

КУТИЛГАН ЯКУН

Ҳар қандай учрашувда ўзига яраша, фаворити ва аутсайдери бўлади. Дейлик, «Локомотив» ва «Сўғдиёна» ўртасида кечган баҳсда қайси томоннинг 3 очкога асосий даъвогар эканлигини тахмин қилиш қийин эмасди. Якунда ўйин кутилган якунни тақдим этди. «Сўғдиёна» Даврон Файзиев бошқаруви остида 5 йилдан буён мавсумни яхши бошлай олмаяпти. Мана, жамоа жорий мавсум стартида ҳам кетма-кет 2 марта мағлубиятни тан олди. Тўғри, бу омадсизликларда «Сўғдиёна»ни кескин айблашга тил айланмайди - рақиблари кучли эди. Масалан, жиззахликлар 1-турда «Бунёдкор» майдонида ўйнашди ва мағлубиятга учрашди -0:1. Бу сафар жамоа чекига «Локомотив» билан куч синашиш тушди. Натижа - 0:3. Шу жойда адолат юзасидан айтиш лозим, «Локо» ғалабага осонгина эришгани йўқ. Хусусан, 69-дақиқада меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилангунга қадар майдонда тенг кураш борди, ҳисоб. Бироқ ҳакамнинг 11 метрли нуқтага ишора қилгани барчасини ўзгартириб юборди. Оддий айтганда, «Сўғдиёна» руҳий томондан босимни кўтаролмади.

«Насаф» эса ўз майдонида анча жиддий рақиб - «Бухоро»ни енгди. Ваҳоланки, қаршиликлар бу учрашувда атиги 1та гол уришди, аммо 2:1 кўринишида ғалаба қозонишди. Хуллас, «Бухоро» сафига яқиндагина қўшилган қозоғистонлик Кирилл Пасичникнинг автогол муаллифига айлангани «Насаф»га қўл келди.

«ЎРТАМИЁНА» КУРАШ

Қолган учрашувларда ўртамиёна клублар ўзаро куч синашишди ва уларда  доимгидек, мезбонлар  ғалаба қозонишди. Хусусан, «Машъал» ўз майдонида «Металлург» дарвозасини бир марта ишғол этиш асносида 3 очко олди. Бу мағлубият Бекобод жамоаси учун кетма-кет иккинчисидир. Хуллас, «Металлург» ҳозирча бирорта очко олгани йўқ ва турнир жадвалининг қуйи қисмида турибди. Таққослаш учун айтсак, жамоа ўтган мавсумни кетма-кет ғалабалар билан бошлаганди.

Стартда «Пахтакор»га бас келолмаган «Қизилқум» эса ўз майдонидаги очилиш маросимидан сўнг «Навбаҳор»ни қийинчилик билан енгди - 2:1. Ҳал қилувчи гол ўйиннинг сўнгги чорагида урилгани барчасига далолат.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «ДИНАМО» МУХЛИСЛАРИ

Ўзбекистон чемпионатида энг муаммоли ҳолатлардан бири мухлислар ташрифи ҳисобланади. Кишини қувонтиргани, олий лигага қайтган «Динамо» шу жиҳат бўйича ҳам ҳурматга лойиқ бўлиб турибди. Шарҳ аввалида «Шўртан»га қарши кечган ўйинни 10 мингдан кўп мухлис бевосита стадионда кузатганини айтдик. Муҳими, самарқандликлар фақат уй ўйинлари эмас, сафар баҳсларини ҳам ёддан чиқаришмаяпти. Дейлик, 3-тур доирасида «Пахтакор»га қарши кечган ўйин учун Самарқанддан махсус автобуслар ташкил этилди ва мухлислар пойтахтда ҳам «Динамо»ни ёлғизлатиб қўйишмади.

----------------------------------------------------------------------------

3-ТУР «сенсация» билан бошланди

Якшанба кунинавбатдаги тур баҳсларига старт берилди. Илк ўйинда «Динамо» стартдаги шижоатини давом эттириб, чиндан ҳам, ўтган мавсумдаги «Лестер» қиёфасини олди, гўё. Хуллас, 88-дақиқада Раду Рогак тўпга боши билан зарба бериб, «шерлар»ни карахт аҳволга солиб қўйди - 0:1. Шу куни омад ҳам Самарқанд жамоасини қўллаб юборди. Дейлик, 90Қ2-дақиқада Игорь Сергеевнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Хуллас, 3та ўйин, 100 фоизли натижа ва «Динамо» якка пешқадам.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Қайси ўйинчини жамоага чақирсам, биринчи саволи пул ҳақида янграйди. Кўпчилик ўсиш эмас, фақат пулни ўйлайди... Даврон ФАЙЗИЕВ («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Анчадан буён стадионимизга бунчалик кўп мухлис келмаганди. Уларга ташриф учун раҳмат. Андрей ФЁДОРОВ («Нефтчи» бош мураббийи).

- Шогирдларимга рақиб жарима майдонида айёрона ҳаракатланиш хислати етишмади... Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Йеличдан ташқари, қолган ярим ҳимоячилар ўз даражаларида ўйнай олишмаяпти. Виктор КУМИКОВ («Олмалиқ» бош мураббийи).

- Пенальти белгиланган вазият бўйи­ча фикрим? Ҳакам 100 фоиз ҳақ, рақиб ўша вазиятда тўпга ўйнамади. Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).

АБДУЛЛОҲ

«ЛОКОМОТИВ» - «СЎҒДИЁНА» - 3:0 (0:0)

8 март. Тошкент. 1595 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент)-8,8; Р.Фозилов (Наманган)-8,8; М.Мажидов (Наманган)-8,8; К.Расулов (Қарши)-9,0.

Голлар: М.Бикмаев (69-пен.), Т.Кападзе (82), Ж.Машарипов (84).

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 4. Б.Йўлдошев, 5. К.Махарадзе, 10. М.Бикмаев, 11. С.Абдуллаев (7. Г.Кризо, 67), 15. С.Мирзаев, 17. С.Мустафоев (33. О.Зотеев, 62), 18. Т.Кападзе, 20. И.Тўхтахўжаев, 28. Ш.Муҳаммадиев, 99. Ж.Машарипов (22. М.Бобожонов, 86).

«Сўғдиёна»: 1. С.Каримов, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев, 7. С.Рашидов, 10. А.Маҳмудов (11. Ш.Достонов, 73), 13. Р.Аъзамов (18. Қ.Баҳодиров, 76), 15. И.Абдуллаев, 17. И.Тошпўлатов, 77. С.Эминов (5. Ғ.Ўрунов, 85).

Огоҳлантиришлар: Т.Кападзе (25), С.Абдуллаев (44) - Э.Орипов (68), С.Мамадалиев (73).

Энг яхши ўйинчилар:  М.Бикмаев - С.Каримов.

Назоратчи: М.Исмоилов Тошкент).

Комиссар: В.Лёткин.

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Аввало, барча хотин-қизларни байрам билан табриклайман. Ўйинга келсак, «Локомотив»нинг осонгина ғалаба қозонишни ўйлагани тайин. Шунга яраша, жиддий тайёргарлик кўрдик. Бугун жамоам йирик ҳисобли мағлубиятга лойиқ эмасди. Ҳа, биринчи голдан кейин йигитларда руҳан синиш ҳолати кузатилди. Мавсумни сафарда вице-чемпион ва чемпионга қарши ўйинлар билан бошлаш оғир, албатта. Энди ўз майдонимиздаги очилиш учрашувига пухта шайланамиз. Пенальти? Ҳакам ҳуштак чалдими, демак, пенальти бор экан... У ҳеч қачон қарорини ўзгартирмайди. Бу йилги вазифамиз - ўтган мавсумдаги натижани яхшилаш. Яъни камида 10-ўринни эгаллаш. Аввалги таркибдан 3 киши қолди, деярли янги жамоа туздик. Алмаштириб бўлмайдиган футболчи йўқ, улар ўрнини тўлдира оламиз. Фақат вақт керак. Хурсанд қиладиган жиҳат шуки, бугун йигитларда ўйиндан олдин таслим бўлиш ҳолати кузатилмади.

Жамоамиз футболчилар билан нега 2-3 йиллик шартнома тузмайди? Агар 2 йиллик келишув таклиф қилсак, улар кўнишмайди. Баъзилари ҳаттоки, 6 ойга шартнома тузишни хоҳлашади. Қайсидир футболчини чақирсак, биринчи саволи қанча пул олиш ҳақида бўлади. Ўсишни эмас, фақат пулни ўйлайди...  

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Биринчи галда, барча аёлларни байрам билан қутлайман. Ўйинда режадаги 3 очкони олганимиздан хурсанд­ман. «Сўғдиёна» - анча шаклланган жамоа. Жиззахликлар буни «Бунёдкор»га қарши баҳсда кўрсатишди. Бу ўйинни ҳам ёмон бошлашмади. Агар тезкор гол урганимизда, осонроқ бўларди. Бироқ биринчи бўлимда ўзимиз истагандек етарлича хавфли вазиятлар яратолмадик. Иккинчисига келибгина ўз ўйинимизни намойиш қила бошладик. Саламат Қутибоев Муборакдаги баҳсда кичик жароҳат орттирганди. Шу боис, уни майдонга туширмадик. Олдинда ОЧЛ доирасидаги муҳим баҳс турибди. Коне нега ўйнамади? Бугун шунчаки, ҳимояда Йўлдошев ва Тўхтахўжаевни синаб кўрдик. Ҳисоб очилмаган пайт қанотларни кучайтиришга уриндик. Дейлик, Зотеевни майдонга туширганимиз якунда фойда келтирди. Садриддин Абдуллаев -таркибдаги ўткир «пас» бера оладиган ягона футболчи. Мисол учун, у биринчи бўлимда Бикмаевни яхши вазиятга олиб чиқди. Муҳими, Садриддин ўйиндан ўйинга асл ҳолатига қайтмоқда. Қолаверса, Алибоев ва Туропов каби ярим ҳимоячиларимизда жароҳат борлигини унутманг. Пенальтига келсак, ҳакам 100 фоиз ҳақ - рақиб ўша вазиятда  тўп учун курашмади....

«ДИНАМО» - «ШЎРТАН» - 3:0 (1:0)

8 март. Самарқанд. 10138 томошабин.

Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент)-8,5; Т.Галеев (Тошкент)-8,6; А.Пўлатов (Тошкент)-8,6; А.Рубаков (Тошкент)-9,0.

Голлар: С.Сулаймонов (15), А.Бозоров (48), А.Абдуллаев (67).

«Динамо»: М.Наумов, М.Локаев, Б.Исроилов, А.Бозоров (Р.Рогак, 75), Ж.Азимов, Ш.Холматов, А.Исроилов, Д.Низанов, О.Мамажонов (К.Шарофутдинов, 69),  Ж.Қаҳрамонов, С.Сулаймонов (А.Абдуллаев, 65).

«Шўртан»: Э.Тожибоев, С.Акбаров, Ж.Жиямуродов, Р.Вагапов, И.Таран (З.Полвонов, 55), У.Эшмуродов, О.Жўрабоев, С.Ҳамроев, С.Собирхўжаев (А.Ғуломхўжаев, 46), А.Холматов (О.Нарзуллаев, 69), О.Пишур.

Огоҳлантириш: У.Эшмуродов (74, Ш.).

Энг яхши ўйинчилар:С.Сулайманов - И.Таран.

Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Александр Волков («Шўртан» бош мураббийи): - Самарқандликларни янги мавсум старти, «Динамо»ни эса футбол байрамидаги ҳақли ғалаба билан қутлайман. Бизни оғир ўйин кутаётганлигини билардик ва шунга яраша, пухта тайёргарлик кўрдик. Бироқ афсуски, майдонда ҳеч нарса қилолмадик. Рақиб бизни ҳар томонлама енгди. Йирик ҳисобли мағлубиятда ҳеч кимни айбламайман, жавобгарликни ўз бўйнимга оламан. Қаердадир хато қилган, балки футболчиларни талаб даражасида шайлантиролмагандирман. Энди ўйинни тўлиқ таҳлил этиб, хатолар устида ишлаймиз.

- «Динамо»нинг Бекободдаги ғалабасини тасодифга йўйгандингиз. Бугун ҳам шундай фикрдамисиз?

- Йўқ, аслида ўшанда «Динамо»нинг натижаси кўпчилик учун «сенсация» бўлиши мумкин, аммо мен учун эмас» қабилида гапиргандим. Чунки мавсум олдидан жамоанинг Тошкентдаги йиғинини кузатгандим. «Динамо» футболчи йиғиш ва бир қатор масалаларда муаммоларга дуч келган, назорат ўйинларида асосан мағлубиятга учраган бўлсада, таркиби тўлиқ ёшлардан иборат эканлиги ва йигитларнинг кўзи қай даража ёнаётганлигидан ҳам ҳайратланган, ҳам хавфсирагандим. Ўшандаёқ бу жамоанинг чемпионатда кўпчиликни «қийнаши»ни тахмин қилганман. «Металлург»га келсак, бекободликлар «Динамо»нинг кучига тўғри баҳо бермаган кўринадилар, бугун биз ҳам шундай ҳолатга тушдик...

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Самар­қанддаги ажойиб футбол муҳитида мухлисларга ажойиб байрам тортиқ этганимиздан хурсандман. Бекободдаги ўйинни унутиб, йигитларни «Шўртан»га қарши баҳсга пухта тайёрлашга уриндик. Таркибдаги ҳар бир футболчи ўз ишини аъло даражада бажарди. Мухлисларнинг тинмай қўллаб-қувватлашлари остида тўп суриб, йирик ҳисобда ғалаба қозониш ёқимли. Бугунги байрамда мухлислар кайфиятини кўтаришимиз шарт эди. Масъулиятни тушунган ҳолда, мақсадга эришдик. Бугун самар­қандликларнинг олий лига ўйинларини соғиниб қолишганини кўрдик. Футбол шундай мухлислар билан гўзалдир.

- Таркиб асосини 20-23 ёшли йигитлар ташкил этишмоқда. Уларни ўйинларга тайёрлаш қийин бўлса керак...

- Ҳа, «Динамо» бу йил ёшларга ишонч билдирмоқда. Бизда иқтидорли йигитлар кўп. Уларга шу йўсинда имкон бериб, қўллаб-қувватласак, Самарқанд футболи янги марраларни забт этиши мумкин.

- Кейинги ўйин Тошкентда «Пахтакор»га қарши кечади...

- Биз учун ҳар бир ўйин - синов ва катта тажриба. Жамоа таркибининг тўлиқ йиғилганига ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ. Аммо танланган ҳар бир йигит ўзини кўрсатиш, меҳнат қилишни истайдиганлар тоифасидан. Демоқчиманки, футболчиларимизда иштиёқ жуда баланд. Улар «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳам мухлисларни қувонтириш учун майдонда борларини беришади,  курашишади.

-------------------------------------------------------------------------

«НЕФТЧИ» - «ПАХТАКОР» - 0:0

8 март. Фарғона. 8117 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий)-8,5; А.Калинин (Қарши)-8,4; А.Цапенко (Тошкент вил.)-8,4; Д.Жалимов (Нукус)-8,0.

«Нефтчи»: Ў.Юсупов, С.Концевой, Ҳ.Каримов, У.Қодиров, Ш.Ҳакимов, Т.Луцевич, Ҳ.Ғофуров (Ж.Расулов, 78), М.Музаффаров, Д.Эрматов (Ф.Ҳасанбоев, 87), Н.Павленко (М.Мамазулунов, 75), Д.Комаровский.

«Пахтакор»: А.Лобанов, В.Козак (Ю.Бульят, 68), А.Ораховац, К.Тожиев, Д.Ҳошимов, А.Аҳмедов, А.Исматуллаев, С.Андреев, Ш.Каримов (С.Нуруллаев, 79), Ж.Искандеров, Ж.Ҳакимов (И.Сергеев, 54).

Огоҳлантиришлар: С.Концевой (83) - Д.Ҳошимов (49), К.Тожиев (83).

Энг яхши ўйинчилар: Ў.Юсупов - А.Аҳмедов.

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: А.Иноятов.

Григорий Колосовский («Пахтакор» бош мураббийи): - Қизиқарли ва кескин курашларга бой ўйин. «Пахтакор» назоратни ўз қўлига олди, аммо яққол хавфли вазиятлар жуда кам бўлди. Сергеевнинг бош билан йўллаган зарбасини ҳисобга олмасак, айтарли вазият кузатилмади. Аслида жамоамдан кучлироқ  ўйин кутгандим. Ҳакамлар очиқ футбол кўрсатишга имкон беришди ва рақиблар охиригача курашишди. Яккакурашлар ҳам кескин тус олди. Биз хориж йиғинлари чоғи бир қатор клублар билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Лекин хориж жамоалари ва олий лига клублари ўртасида катта фарқ бор, барибир...

Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Ғузордаги омадсиз стартдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бугунги баҳсга жиддий ҳозирландик. Йигитлар ҳам ўйин аҳамиятини жуда яхши тушуниб туришганди. Кутилганидек, майдонда оғир ва кескин кураш борди. Натижани жанговар дуранг сифатида баҳолайман. Ўйиндан кўнглим тўлди. Ҳа, хавфли вазиятлар кўп бўлмади. Чунки жамоалар ҳимояси тартибли ўйнади. Охирида ғалабани илиб кетишимиз ҳеч гап эмасди, афсуски, қулай вазиятдан фойдалолмадик. «Нефтчи» иккинчи бўлимда ўйинни бўшаштирди? Йўқ, бундай фикрга қўшилмайман. «Пахтакор» тўпни назорат қилиш бобида кучли ҳисобланади. Иккинчи бўлимда «прессинг» уюштириш жараёнида катта куч йўқотдик. Шунинг учун тезкор ҳужумлар сони камайди.

Анчадан буён стадионимизга бунчалик кўп мухлис келмаганди. Ишқибозларга раҳмат. Жиддий рақиб билан ўйинда уларнинг далдаларига муҳтож эдик.

«ОЛМАЛИҚ» - «БУНЁДКОР» - 0:0

9 март. Олмалиқ. 4950 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент)-8,8; О.Абдувосилов (Тошкент)-9,0; С.Шоюсупов (Тошкент)-9,0; О.Тўйчибоев (Фарғона)-9,0.

«Олмалиқ»: 45. А.Тўраев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 7. А.Раҳматуллаев (15. Ф.Мусабеков, 76), 9. З.Ўринбоев (11. В.Клишин, 88), 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 55. Р.Бердимуродов, 77. М.Исаев (17. К.Мурзоев, 80), 88. И.Йелич, 90. В.Касминин.

«Бунёдкор»:25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 7. Д.Мичич, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (10. Э.Шомуродов, 76), 11. В.Чемиртан (97. Ж.Эсонқулов, 71), 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов, 29. О.Шукуров, 90. Х.Ғиёсов.

Огоҳлантиришлар: И.Иномов (61), Д.Жўраев (67) - Д.Мичич (14).

Энг яхши ўйинчилар: З.Ўринбоев - Д.Ҳамдамов.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - «Бун­ёдкор» иккинчи бўлимда яхши ўйнади, биринчисида эса рақиб қанотларни ёпиб қўйди. Шогирдларимга жарима майдони ичида бироз айёрроқ ҳаракатланиш хислати етишмади. Ўйиннинг ўзи ёқди, аммо тўғрилаш зарур бўлган хатолар бор. Бизни олдинда ОЧЛ баҳси кутмоқда. Айни пайт Ўзбекистон термаси ҳам муҳим ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда. Шу боис, миллий жамоа устозлари билан суҳбатлашгач, кичик жароҳати бор Шомуродовга бироз дам беришни лозим топдик. Лекин таркибда унинг ўрнини тўлдиришга қодир футболчилар бор.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Таркибимиз янги, буни ҳамма билади. Бугун Ўзбекистон вице-чемпионига қарши ўйнадик. «Бунёдкор» ОЧЛда ҳам қатнашмоқда. Бизга маҳорат ва савия етишмади. Жамоамизда плеймейкер бор - Григалашвили. Бироқ у мавсум арафасида жароҳатланди ва ҳозир хизматларидан фойдаланолмаяпмиз. Қолган ярим ҳимоячилар эса, ўз даражаларида ўйнай олишмаяпти, биргина Йеличдан ташқари...

------------------------------------------------------------------------

«НАСАФ» - «БУХОРО» - 2:1 (2:0)

9 март. Ғузор. 6204 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон)-8,0; З.Абдураҳмонов (Андижон)-8,0; А.Маражабов (Андижон)-8,3; А.Нажафалиев (Тошкент)-9,0.

Голлар: Д.Черан (17), К.Пасичник (21-авт.) - И.Вейцер (81).

«Насаф»: 25. С.Қувватов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 15. Ш.Эркинов (9. Д.Хушбаков 77), 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов, 27. И.Рашидхонов (38. Д.Нарзуллаев 76), 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.

«Бухоро»: 1. Э.Жабборов, 3. Б.Омонов, 5. К.Пасичник, 7. С.Неъматов (17. А.Шоғуломов, 46), 9. Н.Умуров (8. И.Вейцер, 46), 11. С.Шихов, 23. З.Пиримов (22. Ш.Гадоев, 21), 27. Р.Ҳасанов, 28. Э.Исмоилов, 29. В.Боенко, 77. И.Нагаев.

Огоҳлантиришлар:Ф.Сайфиев (88) - Р.Ҳасанов (62).

Энг яхши ўйинчилар:Д.Черан - И.Вейцер.

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Аввало, «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман. Мезбонлар ҳақли равишда 3 очко олишди. Биринчи бўлимда ўйинимиз қовушмади. Демак, ҳали камчиликлар бор, бунинг устида ишлаймиз. Танаффусдан кейин эса фаоллашдик ва гол ҳам урдик. Афсуски,  вазиятлардан етарли даражада фойдаланолмадик. Наилож...? Гол урган легионеримиз таркибимизга мавсум арафасида қўшилди. Ундан ҳали тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз, албатта. Жамоани шакллантириш йўлида қилинадиган ишлар кўп, бунга вақт керак. Ишлашда давом этамиз.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бизни чиройли тарзда қўллаб турган мухлисларга раҳмат. Уларнинг далдалари анча мадад берди. Энди ўйин хусусида тўхталсам, биринчи бўлим ва иккинчисининг ярмигача устунлик қилдик. Аммо қолган дақиқаларда «Бухоро» бизга нисбатан фаолроқ кўринди. Энг муҳими, ғалабага эришдик, шундан хурсандман.

----------------------------------------------------------------------

«МАШЪАЛ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:0 (0:0)

10 март. Муборак. 1885 томошабин.

Ҳакамлар:  З.Қодиров (Навоий)-8,5; О.Жумаев (Навоий)-8,4; Р.Самандаров (Навоий)-8,6; А.Шукуруллаев (Тошкент)-9,0.

Гол:  З.Қўзибоев (51).

Амалга оширилмаган пенальти: Д.Каримов (85, Мет.)

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 3. С.Раҳмонов, 9. Ж.Убайдуллаев (10. Ҳ.Муртазоев, 74), 13. Ш.Шайманов, 18. А.Шодмонов, 19. З.Қўзибоев, 22. Б.Қосимов, 44. А.Бегимқулов, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (М.Камолов, 76), 90. З.Тўраев (К.Тўраев, 88).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов, 7. Д.Одилов (Т.Усмонов, 75), 8. А.Нўъмонов, 14. Д.Каримқулов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 20. Д.Турсунoв, 22. И.Исоқжонов, 70. Ж.Абдумўминов (И.Қобилов,90).

Огоҳлантиришлар: Ш.Шайманов (10) - Ж.Абдумўминов (56), З.Абдуллаев (77).

Энг яхши ўйинчилар:З.Тўраев - Ҳ.Ҳошимов.

Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).

Комиссар:  Г.Ртвеладзе.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи):  - Жуда асабий ўйин бўлди. Биринчи бўлимда ташаббусга эришдик, 1-2та вазият яратдик. Бироқ гол урганимиздан кейин пала-партишликка йўл қўйиб, ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Натижада «Металлург» пенальти ишлаб олди, яхшиямки, дарвозабонимиз голдан қутқарди. Хуллас, фақат натижадан қониқдим.

«ОБОД» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:1 (0:1)

10 март. Тошкент. 1225 томошабин.

Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент)-8,4; М.Саидқосимов (Тошкент)-9,0; Б.Қодиров (Бухоро)-9,0; И.Ибрагимов (Нукус)-9,0.

Голлар: Н.Ҳаипов (62) - Ф.Райевац (16).

«Обод»: 1. Ш.Абдуллаев, 2. А.Ҳусинов, 3. А.Ғофуров, 4. Ф.Мираҳматов, 5. Ғ.Умиров (С.Тўрақулов, 88), 7. С.Рихсибоев  (21. Т.Васильев, 65), 8. Д.Ҳасанов, 9. П.Соломин (Н.Ҳаипов, 46), 10. С.Эрматов, 11. Ш.Норхонов, 19. С.Қаҳҳоров.

«Қўқон-1912»: 13. Н.Рибкин, 4. Б.Акрамов (Р.Мелзитдинов, 90), 7. Ж.Ҳасанов, 9. Н.Отақўзиев, 18. Б.Пардаев, 23. А.Мерзляков, 26. А.Холмуродов, 55. Д.Гожкович, 77. М.Холмуҳаммедов, 96. М.Ҳасанов (97. О.Рустамов, 45), 99. Ф.Райевац.

Огоҳлантиришлар: Д.Гожкович (56), Б.Акрамов (75), Ф.Райевац (82, Қ.).

Энг яхши ўйинчилар:А.Ғофуров - Ф.Рейевац.

Назоратчи: Г.Имомов (Тошкент).

Комиссар: Ф.Магометов.

Нўъмон Ҳасанов (Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Биринчи бўлимда ҳисобни очдик. Аммо бизга марказда диспетчер етишмади. Жавоҳир Сиддиқовнинг жароҳати бор, унинг йўқлиги билиняпти. Танаффусдан кейин эса «Обод» фаоллашди. Чемпионат энди бошланди,  таркибимиздаги янги футболчилар жамоага ҳали қўшилиб кетишмади. Яхши ўйинларимиз олдинда. Носир Отақўзиев чакки ўйнамади. Аксинча, бошқа футболчилар сустроқ тўп суришди. Хусусан, марказдаги 3 нафар йигитимиз жуда ёмон ҳаракатланди. Сафимизга «Бухоро»дан келган футболчилар қишда тўлиқ шуғулланолмадилар. Улар мавсум стартига бир ой қолганида келишди. Шуни назарда тутсак, ҳали ўзларини кўрсатишади.

Фарҳод Сафаров («Обод» клуби бошлиғи): - Ўз майдонимизда ўйнадик, шу боис, фақат ғалабани кўзлаган эдик. Албатта, баҳс оғир кечишини билгандик. Якунда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Рауф Инилеев ҳамон бош мураббий, бироқ у ҳозирча жамоа билан эмас. Умуман, бизда мураббийлар кўп, қолаверса, ўйновчи-мураббий Анвар Ғофуров ҳам бор. Умид қиламанки, яқин вақтлар  ичида машғулотларни Инилеевнинг ўзи олиб боради. Агар сафарда дуранг ўйнаганимизда, бундан қониқишимиз мумкин эди. Аммо ўз уйимизда очко йўқотганимиздан хафамиз.

Соломин жамоамизда фахрий футболчи, у тажрибали. Павел бугун биринчи бўлимда вазиятларга эга бўлди. Танаффусдан кейин эса ўйинни кучайтириш мақсадида унинг ўрнига бошқа ҳужумчини майдонга туширдик.

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАВБАҲОР» - 2:1 (1:1)

10 март. Навоий. 7565 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент)-8,5; А.Сидоров (Тошкент)-8,4; Д.Сайлалов (Тошкент)-8,4; А.Рисқуллаев (Тошкент)-9.

Голлар: А.Алланиёзов (6), И.Юнусов (76) - М.Саидов (26).

«Қизилқум»: У.Хонимқулов, Ш.Пўлатов, Э.Бойдуллаев, В.Шодиев, Ф.Қамбаров, А.Алланиёзов (Б.Ғанижонов, 90), А.Геворкян, Ж.Ҳасанов (О.Зокиров, 90Қ1), Ш.Жўраев, А.Усмонов, И.Юнусов.

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов (А.Турғунбоев, 81), 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев (Т.Шамсиддинов, 87), 9. Д.Жабборов, 10. М.Саидов (Р.Аҳмедов, 75), 19. М.Ғо­фуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич, 84. Н.Йованович.

Огоҳлантиришлар: Ф.Қамбаров (20) - А.Алиев (31), Ж.Меҳмонов (43), А.Саматов (80), Р.Аҳмедов (90).

Энг яхши ўйинчилар:И.Юнусов - Н.Йованович.

Назоратчи: Ғ.Каримов (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Мағлубиятга лойиқ эмасдик. Мезбонларда 2та вазият бўлди ва улардан самарали фойдаланиб, голлар уришди. Айниқса, иккинчи бўлимдаги гол оғир ботди. Умуман, йигитлар яхши ўйнашди, кўрсатмаларни бажаришди, аммо омад кулиб боқмади. Зеро, биринчи бўлимда, ҳисоб тенглигида бизда голга тортадиган хавфли вазият юзага келганди. Мансур Саидов бу ҳолатда тўпни Неманья Йовановичга оширишни афзал билди. Шунда гол уришимиз шарт эди. Бу футбол... Аввал ҳам айтганман, жамоага таклиф этилган футболчилардан фахрланаман. Ишонаманки, улар ўйиндан-ўйинга чиройли футбол намойиш этиб, мухлисларимизга ғалабалар тортиқ этишади. Бу йигитлар билан ҳали кўп ютуқларга эришамиз. Қайтараман, бугун бизга омад етишмади. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида, тўп назорат ўзимизда эканлигини ҳисобга олиб, рақибга босим ўтказиш мақсадида Мансур Саидов ўрнига Рўзимбой Аҳмедовни майдонга туширдим. Яъни икки ҳужумчи билан ўйнаш услубига ўтдик. Энди камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги беллашувга тайёргарлик кўрамиз. Дарвоқе, «Қизилқум» стадиони майдони идеал ҳолатда экан. Мамлакатимиздаги ҳар бир арена чими шундай бўлса эди...

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош менежери): - Ўз майдонимизда мавсумнинг илк учрашувини ўтказганимиз учунми, бироз ҳаяжон сезилди. Йигитларга ва ҳаво совуқлигига қарамай, бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Учрашув бошида тезкор гол урилгач, меҳмонлар мувозанатни тиклаш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Ҳисоб тенглашгач, барчасини бошидан бошлашимизга тўғри келди. Ҳар икки жамоа ғалабани кўзлаб, тўп сурди. Шу боис, майдонда шиддатли кураш кечди. Бу мухлисларга ҳам ёқди, менимча. Энг муҳими, қийин баҳсда муҳим 3 очкони қўлга киритдик.

3-тур

«ПАХТАКОР» - «ДИНАМО» - 0:1 (0:0)

12 март. Тошкент. 2117 томошабин.

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент)-8,5; Ж.Сарсенов (Нукус)-8,2; Б.Канназаров (Нукус)-8,4; С.Абдураҳмонов (Тошкент)-8,0.

Гол: Р.Рогак (88).

«Пахтакор»: 1. Б.Эргашев, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев (21. К.Тожиев, 76), 7. А.Аҳмедов, 10. Ж.Искандеров, 11. И.Сергеев, 17. С.Нуруллаев (20. Д.Ҳакимов, 69), 24. Д.Ҳошимов, 28. С.Андреев (8. Ш.Каримов, 53), 29. В.Козак, 30. Ю.Бульят.

«Динамо»:1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 3. Б.Исроилов, 6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов (23. К.Шарофутдинов, 90+1), 10. Ж.Қаҳрамонов, 15. Ш.Холматов, 18. Д.Низанов (14. Р.Рогак, 64), 19. О.Мамажонов (11. А.Абдуллаев, 69), 22. А.Исроилов.

Огоҳлантиришлар: А.Аҳмедов (84), Д.Ҳошимов (85) - Ш.Холматов (76).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Искандеров - М.Наумов.

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Гувоҳи бўлганингиздек, кетма-кет 3-ўйинда зафар қучдик. Аммо бундан ортиқча ҳаволанмаслик керак. Негаки, ижобий натижалар жамоага ўзига яраша босим юклайди. Ишончим комил, кутилмаган мағлубият туфайли «Пахтакор»да ҳам шундай ҳолат кузатилади. Бугун футболчиларимиз қарши ҳужумга таяниб тўп суришди. Зеро, бу ўйинга танлаган тактикамиз эди.

Григорий Колосовский («Пахтакор» бош мураббийи): - Табиийки, мағлубият билан мухлисларимизни анча ранжитдик. Бу албатта, жуда аламли. Лекин мазкур ёқимсиз вазиятдан имкон қадар тезроқ чиқиб кетишимиз керак. Бунинг учун ақл билан иш тутишимиз талаб этилади. Рақибга келсак, меҳмонлар тўғри йўлни танлашди. «Динамо» футболчилари ҳимояда тартибли ўйнаб, бизга имкон қолдиришмади. Шунингдек, баъзи ҳолларда омад жамоамиздан очиқчасига юз ўгирди...

Тур Статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 15 (ўртача: 1,87...)

Томошабин:41679 (ўртача: 5209...)

Мезбонлар ғалабаси: 5

Меҳмонлар ғалабаси: -

Дуранг: 3

Йирик ҳисобли ғалаба:2 («Локомотив» - 3:0; «Дина-

мо» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  4та учрашувда 3тадан гол

Огоҳлантириш: 24 (ўртача: 3)

Четлатиш:-

Энг «қўпол» ўйин:«Қизилқум-«Навбаҳор» (5та  «сариқ»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Динамо» - «Шўртан» (10138)

Пенальти: 2 (1таси самарасиз)

«Дубль»: -

Автогол:1 (К.Пасичник, «Бухоро»)

 

Тўпурарлар:

Акмал Бозоров («Динамо») - 2та

Драган Черан («Насаф») - 2та

Жамшид Искандеров («Пахтакор») - 2та

Азамат Алланиёзов («Қизилқум») - 2та

Наврўз Ҳаипов («Обод») - 2та

Марат Бикмаев («Локомотив») - 2та  (1та - пен.)

 

Келгуси ўйинлар:

16 март (пайшанба)

Навбаҳор - Нефтчи

18 март (шанба)

Шўртан - Машъал

Қўқон-1912 - Қизилқум

Бухоро - Обод

СўҒдиёна - Олмалиқ

Мазкур тур доирасидаги Металлург - Локомотив ва Бунёдкор - Насаф ўйинлари ОЧЛ сабаб, қолдирилди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 28 69
2 Тоттенхэм 28 59
3 Манчестер Сити 28 57
4 Ливерпуль 29 56
5 Манчестер Юнайтед 27 52
6 Арсенал 27 50
7 Эвертон 29 50
8 Вест Бромвич 29 43
9 Сток Сити 29 36
10 Саутгемптон 27 33
11 Борнмут 29 33
12 Вест Хэм 29 33
13 Бёрнли 29 32
14 Уотфорд 28 31
15 Лестер 28 30
16 Кристал Пэлас 28 28
17 Суонси 29 27
18 Халл Сити 29 24
19 Мидлсбро 28 22
20 Сандерленд 28 20
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Ўзбекистон термаси сафарда Сурияга имкониятни бой берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru