Қайднома

Қидирув

Иштиёқ зарбаси нима ўзи?

Иштиёқ зарбаси нима ўзи?

  15.03.2017 06:31
  0
  1269
Иштиёқ зарбаси нима ўзи?

Тошиб ўйна, довонлардан ошиб ўйна! Осиё кубоги-2011дан аввал шундай сарлавҳа остида мулоҳаза ёзгандик. Куни кеча пойтахтлик фидоий футбол мухлиси Азизбек ўша мақолани эслатди.

«Тошиб ўйнашса, довонлардан ошиб ўйнашса, йигитларимиз Сурия ва Қатар терма жамоаларини енгишга куч топишади. Мабодо довон ошишга кўзлари етмаса, тоғни тешиб ўтиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишсин!»-деди у ҳаяжон билан. Мухлиснинг назарида, Эрон ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши кечадиган баҳслар футболчиларимиз учун гўё тоғ кабидир.

У миллий жамоа­миз, вазият тақозо этса, шу тоғни тешиб ўтишини истаяпти. Тоғни тешиш асносида манзилга етиш, мақсадга эришиш - ғоят мураккаб иш. Фикримизча, бу мураккаблик кўламини таърифлаш ортиқча. Чунки Ангрен - Поп темир йўл тунелининг қурилиши ҳамманинг кўз ўнгида бутун дунёни ҳайратлантирди.

Қисқаси, хал­қимизнинг тоғни теша олиш қудрати синовдан ўтди ва ғалаба билан тугади. Шундай қудратли халқ вакили бўлмиш футбол мухлиси Самвел Бабаян шогирдларини тоғни тешишга, ағдаришга чорлаши, ҳаттоки, уларга шундай талаб қўйиши мантиққа мос.

Замонамиз Фарҳодлари шаънига таҳсин ўқиган мухлис футболчиларимиздан ҳам улуғ ғалаба кутишга ҳақли. Мухлиснинг қалбида бугун ғалаба, мундиал олови гулдираб ёнмоқда. У ЖЧ-2018 йўлланмасига эга чиқиш иштиёқидан сармаст.

Хуллас, мухлис ҳозир сурурбахш орзулар оғушида яшаяпти. Тўғри, вазиятни реал баҳолашга уринадиганлар, неча бор «оғиз куйдирганлар» наинки қатиқ, балки музлаткичдаги сувни ҳам ҳар эҳтимолга қарши пуфлаб ичувчилар уни сурур осмонидан ерга туширмоқни ўйлайдилар.

Аммо мухлис бунга кўнмаяпти. Унинг қалбидаги иштиёқ олови сўнмас. У ишончда собит ва пурвиқор. Таъбир жоиз бўлса, мухлис қалбидаги ишонч пурвиқорлигидан Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари каби тоғлар титрайди. Ҳамма гап энди миллий жамоамиздаги иштиёқда. Сервер Жепаров Сурия термаси устидан иштиёқ эвазига ғалаба қозониш мумкинлигини таъкидлади.

Моҳир футболчимиз назарда тутаётган иштиёқ нима ўзи? Бизнингча, иштиёқ - футболчи вужудида мудраб, яшириниб ётадиган, ҳар доим ҳам юзага чиқавермайдиган, изоҳлаш қийин бўлган куч. Бу куч уйғонса, футболчи Алпомишнинг Бойчибори каби ҳар қандай тўсиқ-ғовни янчиб ташлайди, тушовларни узиб, рақиб дарвозаси томон отади. Майдонда оғирлашган оёқлар бу куч таъсирида тўпни бошқача шиддат, ўзгача аниқлик билан тепади.

Футболчи ўзида шундай куч-иштиёқ уй­ғонишини қўмсаяпти. Афсуски, қўмсаш ёки исташнинг ўзи билан иш битмайди. Футболчи ҳарчанд ҳаракат қилмасин, истамасин, аксар ҳолларда унда кучли иштиёқ уйғонмайди. Шундай вазиятда асосий юк мураббий зиммасига тушади. Бошқача айтганда, ўйин савияси мураббийнинг футболчилардаги иштиёқни қай даражада уйғотиш маҳорати билан белгиланади. Иштиёқ олови осмону фалакка кўтарилса ва ўйин билан боғлиқ бошқа омиллар ўзаро мувофиқлашса, демак, ўша жамоада ғалаба нақд.

Хўш, «Барселона» ғалабасининг мўъжизавий сири нимада? Шундай қудратли клуб нима сабабдан дастлабки баҳсда «ПСЖ»га 0:4 ҳисобида ютқазди? Луис Энрике Парижда бир қанча тактик хатоларга йўл қў­йишдан ташқари, Анхель  ди Мария ва Эдинсон Каванининг туғилган кунига жиддий эътибор қаратмади. Ҳолбуки, ўша баҳснинг ҳал қилувчи палласида ди Мария жарима зарбасини зўр иштиёқ билан ажойиб тарз­да амалга оширди.

Иштиёқ алангаси ичра ҳаммаси ўз-ўзидан ўхшайди, табиий равишда силлиқ кечади. Жавоб учрашувида эса ди Мария ва Каванининг ҳаракатлари қовушмади, ўхшамади. Нега? Негаки, туғилган кундаги кўтаринки руҳий ҳолатни қайта такрорлаш қийин. Унаи Эмерининг вазифаси футболчиларда туғилган кун кайфиятига тенг иштиёқни уйғотиш эди. У буни эплолмади. Луис Энрике эса шогирдлари жавоб учрашувида 5-6та гол уришларини муттасил такрорлайверди.

Неймар бўлса, 2та гол уришга ваъда беришдан тийилмади. Шундай экан, «Барселона»ни тақдир, қолаверса, Неймарнинг ваъдаси қутқарди, десак хато бўлмайди. Ҳа, каталонияликларни ўйин арафасида 4та гол тўсиғини енгиш босими қийнади. Ўйин аввалида жамоа шу босим устидан ғолиб чиқди, бироқ тақдир иккинчи бўлим учун янги синов тайёрлаб қўйганди. Буниси моҳиятан 4та гол тўсиғини енгиш босимига нисбатан ҳам оғирроқ ҳисобланарди. «ПСЖ» ҳисобни қисқартиргач, «Барса» тушкунликка берилди. Мухлисларни эса битта савол қизиқтирарди: «Неймар ваъдаси устидан чиқадими-йўқ?» У эса энг қалтис паллада бутун футбол дунёси нигоҳи ўзига қадалганини ҳис қилди, чоғи. Натижада «ПСЖ» дарвозасига жарима эмас, балки иштиёқ зарбасини йўллади.

Ваъданинг устидан чиқиш масъулия­ти, шу масъулият ёққан иштиёқ олови Неймар амалга оширган жарима зарбасини голга айлантирди. Анхель ди Мария дастлабки учрашувда шундай иштиёқ зарбасини тепганди. Неймарнинг йўли Луис Суаресни илҳомлантирди. Пенальти ва Месси яна Неймарга йўл берди. Зеро, у ваъдаси устидан чиқиш йўлида ёнарди.

Шундай иштиёқ ўша баҳсда яна қайси футболчида сезилди? Аниқ жавоб бериш мушкул бу саволга. Барча футболчиларнинг кейинги босқич орзусида тўп суришгани аниқ. Лекин бу орзу оловини Неймардаги порлоқ иштиёқ гулханига қиёслаш ноўрин эди ўша лаҳзада. Улкан мўъжиза содир этиш учун атиги биттагина гол етмаётган дамда «Барселона»дек буюк клуб борлиқни унутади ва ўша голни уради. «Барса» - шундай қудратга қодир жамоа. Бошқа вазиятларда балки шундай буюк жамоа ҳам «Депортиво»дек ўртамиёна рақиб қаршисида бош эгар, аммо улуғ тарихий ҳодиса палласи буткул ўзгаради.

Ана, «шерлар» «Динамо» иштиёқи қаршисида ожиз қолишди. «Пахтакор»­нинг  Самвел Бабаян ишонган футболчилари дебютант устидан ғалабани таъминлолмадилар. Сардорлик боғичи Игорь Сергеев оёқларини гол сари оловлантиролмади. Демак, бу имтиёз Игорда иштиёқ уйғотиш учун кам. Хўш, Самвел Бабаян унда гол уриш иштиёқини қай йўсинда уйғотиши мумкин?

Балки Игорь Сергеевдан ҳам миллий жамоамиз иштирокидаги муҳим баҳс­ларда камида 2та гол уриш ваъдасини олиш керакдир. Эҳтимол, шу каби ваъдаларни матбуотда эълон қилиш яхши самара берар. Билмадик, ҳар ҳолда, бу ҳам бир илинж...

Хуллас, ҳафта «Интер»нинг илҳом ва иштиёқи, «Динамо» ва «Депортиво»нинг довруқли ғалабалари билан якунланди. Браво, «Динамо» ва «Депортиво»! Айтганча, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари ҳам 8 март байрами шукуҳи ва иштиёқи таъсирида амирлик рақибалари дарвозасини 8 бора нишонга олган  бўлсалар, ажабмас...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz