Қайднома

Қидирув

Гранд жамоаларнинг энг омадли ва омадсиз харидлари

Гранд жамоаларнинг энг омадли ва омадсиз харидлари

  15.03.2017 00:14
  0
  2521
Гранд жамоаларнинг энг омадли ва омадсиз харидлари

Иш бор жойда хато ҳам кузатилади, албатта. Англия элит лигасининг атоқли иштирокчилари томонидан амалга оширилган трансферлар билан танишиб чиқиш асносида ҳам бу гап айни ҳақиқат эканлигига амин бўлиш мумкин. Зеро, ҳар бир клуб ҳаётида катта самара келтирган харидлар баробарида «пулнинг ҳавога совурилиши» сифатида тавсифланадиган келишувлар ҳам бор.

«ЧЕЛСИ»

Энг омадли харид: Фрэнк Лэмпард. 2001 йили «Вест Хэм» либосини «кўклар»ники билан алмаштирган ярим ҳимоячи якунда жамоа афсонасига айланди. Лэмпард - «Челси» тарихидаги энг яхши тўпурар! У Лондон клуби сафида нақ 649 марта майдонга тушиб, жами 211та гол урди. Энг муҳими, «аристократлар»нинг 11та соврин (!) ютишларига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб, мухлислар ёқимтойига айланди. Айтайлик, «Бавария»га қарши кечган ЕЧЛ финалида «кўклар»ни сардор сифатида майдонга айнан Лэмпард бошлаб тушди ва «шалпангқулоқ» кубокни биринчи бўлиб, боши узра баланд кўтарди.

Энг омадсиз харид: Уинстон Богард. «Барселона»дан сотиб олинган голландиялик ҳимоячи билан қиймати 10 миллион фунтга тенг 4 йиллик шартнома расмийлаштирилганди. Энди диққат қилинг, футболчи шу 4 йил давомида бор-йўғи 12 марта майдонга тушди. Энг эътиборли жиҳати шуки, Богард бемалол бошқа жамоа сафига қўшилиб, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши ҳам мумкин эди. Бироқ у ҳар сафар бундай таклифдан бош тортиб, келишув муддати тугагунча «Челси»да қолди. Ҳимоячининг шунча вақт оралиғида бирор умумий машғулотни ўтказиб юбормаганию, ҳаттоки, ёшлар   жамоаси вакиллари даврасида шуғулланишга ҳам кўнганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Аммо факт шуки, ушбу трансфер самараси - «0».

«АРСЕНАЛ»

Энг омадли харид: Тьерри Анри. Бу ҳужумчи ортиқча таърифга муҳтож эмас. Анри - «тўпчилар» тарихидаги энг яхши тўпурар (228та гол). Унинг мавсум-2002|2003да чемпионат доирасидаги ўйинларда самарали узатмалар сони бўйича қайд этган рекорди (23та голга ассистентлик) ҳамон энг юксак натижа бўлиб турибди.

Энг омадсиз харид: Жервиньо. Мухлису мутахассислар томонидан «профессор» мақоми билан эъзозланадиган Арсен Венгер ҳам хатолардан холи эмас, албатта. Мисол учун, франциялик мураббий ўша вақт «Лилл»да ўйнаган Эден Азарни таклиф этиш имкониятига эга бўла туриб, Кот-д~ивуарлик ҳужумчига ишонч билдирди. Бу унинг узоқ фаолиятидаги энг йирик хатоси саналса, ажабмас. Чунончи, Азардан устун қўйилган Жервиньо дебют учрашувидаёқ қизил карточка олди. Нақ 2 йил давомида кутилган даражада ўйин намойиш этолмаганидан кейин эса, лондонликлар уни «Рома»га сотишди ва қутулишди.

«МЮ»

Энг омадли харид: Эрик Кантона. Агар сэр Алекс Фергюсон 1992 йилнинг ноябрида «Лидс»дан Эрик Кантонани сотиб олишни талаб қилмаганида, «қизил иблислар»нинг янги тарихи қандай ёзиларди - буни ҳаттоки, тасаввур этиш ҳам қийин. Эътибор қаратинг, ҳозирда ҳам манчестерлик мухлислар тилидан тушмайдиган «қирол» учун ўша вақт атиги 1,2 миллион фунт сарфланганди.

Энг омадсиз харид: Бебе. Бу футболчини эслай оласизми? Ажабланадиган томони йўқ, биз ҳам зўрға эсладик. Чунки бразилиялик ҳужумчи «қизил иблислар» таркибида атиги 2 марта майдонга тушган. Ваҳоланки, манчестерликлар уни Португалиянинг «Витория» жамоасидан 7,2 миллион фунтга сотиб олишганди. Бебенинг ўзини кўрсатолмагани камлик қилгандек, орадан 2 йил ўтгач, мазкур трансфер ҳуқуқ-тартибот органларида шубҳа уйғотди ва «МЮ» вакилларининг тегишли идоралардан ёқимсиз саволларга жавоб беришларига тўғри келди.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Энг омадли харид: Яя Туре. Улкан ғалабалар умидида таркибни кучайтиришга сезиларли даражада кўп сармоя ажратган «шаҳарликлар» занжиридаги ҳал қилувчи ҳалқа вазифасини айнан шу футболчи адо этди. Дейлик, Англия кубоги-2011 финалида Туре томонидан урилган гол «Сити»га сўнгги 30 йил мобайнидаги дастлабки жиддий совринни тақдим этди. Яя жамоанинг 2014 йили чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишида ҳам катта роль ўйнади. Аниқроғи, у Венсан Компани билан қойилмақом тандем ҳосил қилди. Олтин медаль ютилган мавсумда Туренинг 20та гол ургани диққатга сазовор - марказий ярим ҳимоячи учун юксак натижа!

Энг омадсиз харид: Жо. «Бразилияда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остидаги «маҳсулот» ҳар доим ҳам сифатли чиқавермайди. «Сити» Жони ўз таркибида кўриш учун нақ 19 миллион фунтдан воз кечди. Футболчи бунга жавобан 15та учрашувда бор-йўғи 3та гол урди. Шундан кейин Жо учун ижара келишувлари асосида саргузаштлар бошланди. Хуллас, ҳавога совурилган сармоя...

«ЛИВЕРПУЛЬ»

Энг омадли харид: Кенни Далглиш. Ажабтовур танлов. Албатта, Далглиш - «Ливерпуль» афсонаси, жамоа билан ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида чемпионликка эришган. «Қизиллар» узоқ 1977 йили унинг учун «Селтик»ка 440 минг фунт санаб бериб, трансфер оламида Британия рекордини ўрнатишганди. Сармоя ўзини минг чандон оқлаганига асло шубҳа йўқ. Энг қизиғи, АПЛ даврига назар солсак, «Ливерпуль» таркибида бу борада Далглишга рақобат тақдим этадиган номзод йўқ.

Энг омадсиз харид: ал Ҳожи Диуф. «Қизиллар» 2002 йили Николя Анелькани ўз сафларига қўшиб олишлари мумкин эди. Бироқ якунда Ж.Корея ва Японияда ташкиллаштирилган ЖЧда ёрқин ўйин кўрсатган сенегаллик ҳужумчини афзал кўришди. Диуф клуб мутасаддиларини шунчалик мафтун этгандики, улар трансфер учун 10 миллион фунт ажратишни пайсалга солишмади. Сенегаллик футболчи «Ливерпуль» таркибига қўшилганидан ке-йин нафақат рақиблари, балки мухлислар ва жамоадошлари билан ҳам ёқалашишдан нарига ўтмади. Хуллас, 2 йил ичида бор-йўғи 3та гол урди - тамом.

«ТОТТЕНХЭМ»

Энг омадли харид: Гарет Бэйл. «Тақачилар» 2007 йили нозиккина сўл қанот ҳимоячиси учун 10 миллион фунт сарфлашди. Орадан 6 йил ўтгач, ана шу йигит футбол оламининг энг яхши ҳужумкор ярим ҳимоячиси даражасига кўтарилди. Унинг чап оёғи эса АПЛ дарвозабонлари учун чинакам даҳшатга айланди. 2013 йил ёзда Гарет энг қимматбаҳо футболчи сифатида Мадридга йўл олди - «Реал» унинг учун 85 миллион фунт (100 миллион евро) тўлади.

Энг омадсиз харид: Сергей Ребров. Украиналик ҳужумчи 2000 йили «тақачилар»нинг энг қимматбаҳо футболчисига айланди. Лондонликлар ўшанда Киев «Динамо»сига 11 миллион фунт тўлагандилар. Бироқ Ребров билдирилган юксак ишончни оқлагани йўқ - АПЛда 2 йил ўйнаб, 10та гол урди ва охир-оқибат, «Фенербахче»га «сургун» қилинди.

«ЭВЕРТОН»

Энг омадли харид: Микель Артета. Унчалик танилмаган испаниялик ярим ҳимоячи клуб сафига атиги 2 миллион фунт эвазига қўшилган бўлсада, қисқа вақт ичида нафақат «Эвертон», балки бутун чемпионатнинг энг яхши плеймейкерлари сафидан жой олди. Натижада Арсен Венгер назарига тушиб, «Арсенал»дан қўним топди.

Энг омадсиз харид: Умар Ньяссе. АПЛда «ирислар» шарафини атиги 142 дақиқа ҳимоя қилган ҳужумчи лоақал битта гол ургани йўқ. Ваҳоланки, жамоанинг сенегаллик ҳужумчини ўз таркибига қўшиб олиш йўлида 13,5 миллион фунтдан воз кечишига тўғри келганди. «Эвертон» январда Умарни ижара келишуви асосида «Халл Сити»га юборди ва футболчи ниҳоят, бироз тетиклашиб, Англия премьер-лигасидаги голлари ҳисобини ҳам очди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz