Қайднома

Қидирув

«Реал»: 46 нафар мураббий ва 18 нафар президент

«Реал»: 46 нафар мураббий ва 18 нафар президент

  15.03.2017 16:14
  0
  1767
«Реал»: 46 нафар мураббий ва 18 нафар президент

Мадриднинг «Реал» клуби фаолияти бошланганига 115 йил тўлди.

«Қироллик клуби» 6 март куни 115 йиллигини нишонлади. Шу муносабат билан www.interfutbol.uz сайти «лос бланкос»га доир 10та қизиқарли фактга эътибор қаратди. Аслида Мадрид жамоасига 1902 йилнинг 2 март куни ака-ука Паласиослар асос солишган.

Аниқроғи, улар «Футбол Скай» базасида алоҳида клуб тузиб, унга Madrid Football Club номини беришган. 1920 йилга келиб, қирол Альфонс XII бу жамоага «қироллик» мақомини раво кўради.

«Реал» бир асрдан кўп вақт  оралиғида турли даврларни бошдан кечирди: хурсандчиликлар, диктатор Франконинг меҳри, ЧЛ лаънати, совринсизлик... Умуман олганда, «қаймоқранглар» 115 йил ичида Испанияда 32 марта чемпион бўлишдан таш-қари, ЧК|ЧЛда нақ 11 марта бош соврин соҳибига айланишди. Жамоанинг жами совринлари сони эса 110тага етди!

1. «Реал» 115 йил давомида 3914та ўйин ўтказиб, шундан 2305тасида ғалаба қозонди, 757 марта дурангга рози бўлиб, 852 марта мағлубиятга учради. Жамоа бутун тарихида 8442та гол урганча 4461та қўйиб юборди. Эътиборлиси, мадридликлар жами ўйинларнинг ярмидан кўпида ғалабани тантана қилишган -  59 фоиз.

2. «Реал»нинг энг узун мағлубиятсиз серияси жамоа бошқаруви Зайниддин Зидан қўлига ўтганидан ке-йин кузатилди. «Бланкос» франциялик собиқ ўйинчиси раҳбарлигида кетма-кет 40та ўйинда мағлубият кўчасига кирмади.

3. Энг узун ғалабалар сериясини эса Карло Анчелотти таъминлади. Яъни «Реал» итальян мутахассиси бошқарувида мавсум-2014|2015да қаторасига 22та ўйинда майдонни ғолиб сифатида тарк этди.

4. Ҳисоб-китобларга кўра, 392 нафар футболчига расмий ўйинда «Реал» учун камида 1та гол уриш насиб этган. Жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар - Криштиану Роналду (392та гол).

5. 115 йил давомида «Реал» шарафини расмий ўйинларда жами 729 нафар футболчи (камида 1 дақиқа) ҳимоя қилган. Ўйинлар сони бўйича рекордчи - Рауль Гонсалес. У «Қироллик клуби» либосида 741 марта майдонга тушган. Хорижликлар орасида эса бош гвардиячи мақоми бразилиялик Роберто Карлосга тегишли - 527та ўйин.

6. «Реал» тарихидаги энг йирик ҳисобли ғалаба 11-1 бўлиб, жамоа буни узоқ 1942|1943 йиллар мавсумида қайд этган. Эътиборлиси, мадридликлар «Копа дель Рей» турнири «плей-офф» баҳсида «Барселона»ни шу таҳлит енгишганди.

7. Айни пайт «Реал» янги тарих битяпти - жорий йил 6 март ҳолати бўйича айтсак, кетма-кет 46та ўйинда гол урди. Бу мутлақ рекорд.

8. Мадридликлар шунча вақтда 237та жамоа билан тўқнаш келишган. Энг кўп ўйин азалий рақиб - «Барселона»га қарши кечган (233та). Баскониянинг «Атлетик» клуби эса «Реал» билан 112 марта куч синашган.

9. 115 йил давомида «Реал» жами 46 нафар бош мураббийни кўрган. Жамоа бошқарувида энг узоқ ушланиб турган мутахассис Мигель Муньос бўлиб, у футболчиларни 602 марта расмий ўйинга бошлаб тушган.

10. Шунча вақтда 18 нафар функционер «Реал» президенти лавозимида ишлаган. Уларнинг ҳар бири ўртача ҳисобда 6 йил раҳбарлик қилган. Энг омадли президент амалдаги раҳбар Флорентино Пересдир. Жамоа унинг бошқаруви пайти жами 32та соврин ютди.

P.S.: статистик кўрсаткичларнинг барчаси жорий йил 6 март ҳолати бўйича келтирилган.

Жаҳонгир АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади 


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz