Қайднома

Қидирув

Кучсиз чемпионат – кучсиз терма жамоа

Кучсиз чемпионат – кучсиз терма жамоа

  17.03.2017 02:30
  0
  2198
Кучсиз чемпионат – кучсиз терма жамоа

Ички биринчилик кучайса, терма жамоа ҳам кучайиши ҳақида кўп гапирилади. Шахсан ўзим мухлис сифатида ўзбек футболида рўй бераётган ҳодисаларни фақат «ИнтерФутбол» саҳифаларида чоп этилаётган янгиликлардан билиб бораман. Шундай экан, балки маълумотларим у қадар чуқур эмасдир.

Аммо мана шу чуқур бўлмаган маълумотлар ҳам ўзига хос тасаввурга эга бўлиш учун етарли, деб ўйлайман. Афсуски, бу тасаввур футболимиз ҳақида яхши хулоса чиқариш имконини бермайди. Агарда Ўзбекистон терма жамоасининг кучайиши мамлакат чемпионати кучайиши билан боғлиқ бўлса, ҳеч қачон мақсадга ета олмаймиз, деб қўрқаман. Буни иккита мисол билан асосласам. Биринчиси, одатдагидек, ПФЛ ва олий лига тақвимидаги ўзгаришлар ҳақида бўлади.

Ёдингизда бўлса, икки ой муқаддам «ИнтерФутбол»да ПФЛ директори Фарҳод Магометовнинг интервьюси чоп этилган эди. Ўшанда олий лига тақвимидаги ўзгаришлар ҳақида берилган саволга Фарҳод ака шундай жавоб берганди:

- Тақвим кўпинча Ўзбекистон миллий жамоаси манфаатларидан келиб чиқиб, ўзгартирилади. Унутмаслик керакки, регламентга мувофиқ, уч нафар футболчиси терма жамоага чақирилган клуб ўз ўйинини бош-қа муддатга сурдиришга ҳақли. Терма жамоанинг талаблари йил давомида ошиб боришини ҳам инобатга олиш лозим. Тақвимни қанчалик қулай тузишга уринмайлик, мураббийлар штаби янада яхшироқ шароит талаб қилади. Оқибатда ўйинлар вақтини ўзгартиришга тўғри келади.

Кўриб турганингиздек, аслида мустақил иш юритиши лозим бўлган Профессионал футбол лигасининг бутун фаолияти Ўзбекистон миллий терма жамоасига чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ҳозирча олий лиганинг энди икки тур баҳслари ортда қолди. Учинчи турдан эса фақат битта ўйин ўтказилди. Аммо чемпионат бошланганига икки ҳафта бўлмасдан тақвимда ўзгаришлар рўй беришга улгурди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ саралашида иштирок этиши муносабати билан «Металлург» - «Локомотив» ва «Бунёдкор» - «Насаф» ўйинлари номаълум муддатга қолдирилди. Энди айтинг-чи, йил охирига қадар бундай ўзгаришлардан яна қанча бўлади? Бунақада олий лига қандай ривожлансин?

Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбек футболида нафақат Профессионал футбол лигаси, балки клублар ҳам терма жамоа манфаатлари йўлида иш тутиши жуда таажжубланарли ҳол. Масалан, «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушан асосий вазифа сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун футболчи етиштириб беришни билади. Бу гапни пайдар-пай такрорлаб туради ҳам. Аслида, клуб чемпионлик учун курашиши керак эмасми? «Бунёдкор» олий лига 2-турида «Олмалиқ»қа қарши сафарда майдонга тушди ва 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Бу учрашувда «қалдирғочлар» етакчиси Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга туширилмади. Бунинг сабабини эса Лушан қуйидагича изоҳлаган: «Ўзбекистон термаси муҳим ўйинлар остонасида турибди. Шу боис миллий жамоа устозлари билан суҳбатдан сўнг кичик жароҳати бор бўлган Шомуродовга бироз дам беришга қарор қилдик», дейди мураббий. Энди бир ўйлаб кўринг, Шомуродов нима учун «Машъал»дан сотиб олинган эди? Терма жамоага Муборакдан туриб ҳам ёрдам бераверса бўлмасмиди?

Аслида, бунга ўхшаш гап-сўзлар илгари бошқа клуб томонидан ҳам кўп айтилган. «Пахтакор» ўз вақтида олий лигада ғалаба қозона олмаганда терма жамоага футболчи етказиб беришини иддао қилишни ёқтирарди. Афтидан, Лушан ҳам шу йўлдан кетмоқда, шекилли. У уч йилдан буён «Бунёдкор»ни бошқаради, аммо чемпион бўлиш у ёқда турсин яқинига ҳам кела олмади. Демак, бундай вақтда энг яхши дастак - терма жамоага ёрдам беришни рўкач қилиш. Шундай эмасми?

Аслини олсак, ҳамма ўз иши билан шуғулланса, ўзбек футболига ҳам, Ўзбекистон терма жамоасига ҳам энг яхши ёрдам шу бўлар эди.

Яхши биласиз, Эрон терма жамоаси ҳар доим қитъада етакчилардан бўлиб келган. Мамлакат термаси эса мундиалларда иштирок этади. Бу жамоани 6  йилдан буён Карлуш Кейруш бошқариб келмоқда.

Португалиялик мураббий яқинда мавқеидан фойдаланган ҳолда Эрон чемпионати ишларига аралашиб, тақвимни ўзи истагандек ўзгартирмоқчи бўлган эди, федерация раҳбарияти бунга йўл қўймади. Чунки Эрон чемпионати алоҳида мусобақа ва унинг ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳатто Кейруш истеъфо билан таҳдид қилганда ҳам бунга йўл қўйишмади. Тўғри қилишди.

Бизда эса аксинча ҳолат. Олий лига тақвими бир йилда бир неча ўн марта ўзгартирилади, аммо якунда жаҳон чемпионатига Ўзбекистон терма жамоаси эмас, бошқалар йўл олади. Балки биз ҳам Эроннинг йўлидан кетганимиз маъқулдир. Тақвим терма жамоа манфаати йўлида ўзгараверса, клублар эса асосий вазифа сифатида терма жамоага футболчи етказишни танласа, бунақада олий лига қачон ривожланади?

Ўзбекистон чемпионати кучайса, терма жамоа ҳам кучаяр экан, демак, шунга яраша чора кўриш ҳам мақсадга мувофиқдир, балки.

Дилшодбек ТЎЙЧИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz