Қайднома

Қидирув

«Россияга албатта, борамиз»

«Россияга албатта, борамиз»

  17.03.2017 03:37
  0
  1826
«Россияга албатта, борамиз»

Осиё футболига доим эътибор қаратиб келувчи ФИФА расмий сайти ходимлари Хитой футболидаги шов-шувли трансферлардан кейин Чин юртига сафар уюштиришди. Биз учун эътиборлиси, уларнинг «нишони»да «Краснодар»дан «Шанхай СИПГ»га кўчиб ўтган ўзбек футболчиси - Одил Аҳмедов ҳам бор эди. Суҳбат давомида мухбирлар ватандошимизга турли мавзуларда, хусусан, терма жамоамиз ва унинг навбатдаги мундиалга чиқиш имкониятлари ҳақида ҳам саволлар беришди.

- Биз 2018 йили Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига чиқишимиз мумкин, - дея сўз бошлади «Шанхай СИПГ»нинг 29 ёшли ҳимоячиси FIFA.com сайтига берган эксклюзив интервьюсида.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиалда иштирок этиши бошқача айтганда, орзуларимизни рўёбга чиқариш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Сўнгги босқичдаги барча рақибларга қарши биринчи давра давомида ўйнаб кўрдик. Энди улар билан ҳал қилувчи ўйинларда йўлланмалар учун курашамиз. Умид қиламанки, терма жамоамиз билан ўзимиз истаган натижаларга эриша оламиз».

Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 23 март куни сўнгги саралаш босқичининг иккинчи давраси ўйинларига киришади. Шу куни Самвел Бабаян шогирдлари бетараф майдон - Малайзияда Сурия термаси билан тўқнаш келишса, беш кундан сўнг Қатар термаси Тошкентда меҳмон бўлади. Июнда Одил ва унинг шерикларини сафарда Эронга қарши ўтадиган ўта муҳим учрашув кутиб турибди. Сўнгги икки турни эса ўзбекистонликлар Хитой ва Жанубий Корея термаларига қарши ўтказишади.

Таъкидлаш лозим, шахсан Одил Аҳмедовга Эрон ва Жанубий Корея жамоалари билан учрашиш ёқади. Зеро бу икки рақиб шу пайтгача Ўзбекистон терма жамоаси учун мудом муаммолар яратиб келишган.

Мисол учун, ўзбеклар 2014 йили Бразилияда ўтган мундиалга боришлари ҳам мумкин эди. Аммо айнан шу рақиблар Аҳмедов ва унинг жамоаси орзуларини чиппакка чиқаришган. Мана энди, ана шу аламли мағлубиятлар учун ўч олишга қулай имконият пайдо бўлмоқда. Эътиборлиси, эронликлар доим биргина гол туфайли ғалабани илиб кетишаверган.

Тақдирни қарангки, Ўзбекистон термасини бу гал ҳам худди шу «қора анъана» таъқиб қилмоқда. Чунончи, Бабаян шогирдлари сўнгги босқични икки ажойиб ғалаба билан бошлашди-ю, аммо омадли серия Эрон термасининг Тошкентдаги 1:0 ҳисобидаги муваффақияти туфайли узилиб қолди. Тўғри, кейинроқ Хитой мағлуб этилди. Лекин Кореядаги мағлубият ўзбекистонликларнинг гуруҳдаги пешқадамликни бой беришларига замин яратди.

«Эрон ва Жанубий Корея термалари шубҳасиз, Осиёдаги энг кучли жамоалар саналишади, - дейди Аҳмедов. - Лекин бизда уларни енгиш учун реал имконият бор эди. Афсуски, биринчи даврада буни уддалай олмадик. Мана энди ўтмишдаги хатолардан тўғри хулосалар чиқариб, бу рақибларга қарши ишонч билан тўп суришимиз ва ғалабага эришишимиз лозим. Жавоб ўйинларининг аҳамияти ғоят улкан. Шундай экан, биз ғалабага умид қилишдан тўхтамаймиз ва албатта, Россияга борамиз!».

Одил Аҳмедов ўзбек футболига кўплаб афсоналарни етказиб берган «Пахтакор» мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. У илк бор клуб асосий таркибида майдонга чиққанида 18 ёшда эди.

«Пахтакор»даги фаолияти давомида Аҳмедов икки бор мамлакат чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлди. Умуман олганда, Одил «Пахтакор» шарафини беш йил ҳимоя қилиб, жамоа учун 16та гол урди. Шунингдек, миллий терма жамоага 2007 йилда илк бор таклиф этилган футболчи масъулиятли ўринда ўзини йўқотиб қўймади.

2001 йил бошида ўтган Осиё чемпионати Одил Аҳмедовни дунёга танитди ва Россия премьер-лигаси иштирокчиси - Махачқалъанинг «Анжи» клуби футболчини ўз сафига қўшиб олди. Айнан шундан сўнг ярим ҳимоячининг юлдузли онлари бошланди. Муҳими, Одил Самуэль Это~О, Роберто Карлос каби машҳур футболчилар даврасида йўқолиб қолмади, аксинча, бир йилдаёқ мухлислар томонидан «Жамоанинг энг яхши футболчиси», деб топилди. Аҳмедов ўша кунларни эслар экан, юқорида номлари келтирилган афсоналардан кўп нарсаларни ўзлаштирганини таъкидлади.

- У пайтлари Это~О ва Карлос билан бирга шуғулланардим, - дея эслайди Одил. - Бу футболчилар шубҳасиз, юксак иқтидор эгаси бўлиб, улар менинг футболчи сифатида янада ўсишимга ёрдам беришди. Дейлик, уларни кузатиб, янада профессионал бўлдим, ўз устимда ишлашни ўргандим. Бу гап майдонга ҳам, унинг ташқарисидаги ҳолатларга ҳам тааллуқли.

РФПЛда ўтган даврда мен футболда улкан тажриба тўпладим. Руслар ўз лигалари шуҳрати ва савиясини ошириш учун бутун дунёдан юлдузларни таклиф қилишди. Бу эса табиийки, мамлакатда футболнинг ривож топишига олиб келди. Муҳими, Россияда ўтган йиллар мобайнида жисмоний кўрсаткичларимни оширишга муваффақ бўлдим, кучни тўғри тақсимлашни ўргандим».

Одил Аҳмедов суҳбат якунида РФПЛни ижобий хотиралар билан ёдга олиб, бўлажак мундиал орқали яна бу лигага қайтишдан умидвор эканини билдирди. - 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этишни жуда хоҳлайман. Негаки, бу орқали Россияга қайтишим мумкин», - дейди у. - Лекин бу сафар мен она юртим - Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиламан. Бу ажойиб бўларди...»

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz