Қайднома

Қидирув

Бизга ҳам Уэйн Руни «йўли»ни берсин

Бизга ҳам Уэйн Руни «йўли»ни берсин

  17.03.2017 09:23
  0
  679
Бизга ҳам Уэйн Руни «йўли»ни берсин

Коутиньо ва Англиянинг яна 5 нафар рекордчиси ёки вице-рекордчиси

1. Филиппе Коутиньо ва АПЛнинг бразилиялик форвардлари

Яқиндагина «мерсисайдликлик»ларнинг етакчиларидан бири клуб билан меҳнат шартномасини узайтирди. «Ливерпул»да бразилиялик ҳақиқатан ҳам яшнаб кетди. Унинг «Интер»дан ўтишини эса қарийб ҳамма эътиборсизлик билан кутиб олганди. Боиси, гавда тузилиши жиҳатидан беўхшов бўлган Жанубий америкалик Италияда ҳеч нимага эришолмагани боис ёдда қолмаган, аммо Ливерпулнинг «қизил» тарафидан бўлган таклифни бажонидил қабул қилганди. Орадан 4 йил ўтди ва аксарият кўпчилик голларини ақлга сиғдириб бўлмас зарбалари билан рақиб дарвозасига йўллаб, «даҳшатли замбарак» лақабини олган футболчи КОПнинг суюклиларидан бирига айланди. 

«Энфилд»далиги даврида Филиппе доимий равишда гол уриб келди, энг масъулиятли дамларда зиммасига етакчилик масъулиятини олган ҳолда жамоасини олға етаклади. Айнан мана шундай ўйинлари билан бразилиялик АПЛнинг рекордларидан бирини қайд этиш даражасигача етиб борди. Балки, бу натижа унчалик ҳам аҳамиятли эмасдир, бироқ ёш Жанубий америкалик кучига куч қўшиши аниқ. АПЛнинг бутун тарихи давомида бразилиялик форвардлар ва ҳужумкор ярим ҳимоячилар ўзларидаги бомбардирлик иқтидорини кўрсатиш борасида унчалик кўп натижага эришолмаганлар. Ё клублар танловда адашишар - худди «Манчестер Сити»даги Жо ва Робиньо каби, ёки бўлмаса, ўйинчилар ҳаддан ортиқ истеъдодли ва меҳнаткаш бўлсалар-да, уларда етакчилик қобилияти бўлмасди - худди «Арсенал»даги Жилберто Силва сингари.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АПЛнинг бутун тарихи давомида бразилиялик энг яхши бомбардир деб ҳозир Жуниньо Паулистани айтиш мумкин - у ўтган асрнинг 90- ва 2000-йилларда «Мидлсбро» шарафини ҳимоя қилганди. 2002 йилги ЖЧ ғолиби 3 мавсум давомида нақ 27 тўп киритган. Бу натижа ҳозирча АПЛда қачонлардир тўп сурган ва тўп сураётган бразилиялик ҳужумчилар учун энг юксак натижа бўлиб қолмоқда. Жорий мавсумда Филиппе Коутиньога бу рекордни такрорлаш учун биргина қадам етмай қолди. «Ливерпуль» футболчиси ҳисобида АПЛда 26 та аниқ зарба бор. 11-турга қадар Коутиньо Жу-ниньо натижасини такрорлаш ва балки йўққа чиқариш учун илдам олға интилди, 5та гол киритди ва яна шунча аниқ узатмаларни амалга оширди. Аммо кутилмаганда олинган жароҳат Филиппенинг «иштаҳаси»ни йўққа чиқарди. Коутиньо ҳозир 24 ёшда, энг кучга тўлган ва карьерасидаги янгиликлар пайти. Ҳозирча эса унинг олдида биргина вазифа турибди: ўз ишини аниқ бажарган ҳолда, АПЛ тарихида номини қолдириш.

2. Тео Уолкотт ва биринчи юзлик

«Доимий фойдали», «Флэш» ёки «Волков». Футбол мухлислари бу футболчини қандай номлар билан аташмайди, дейсиз. Биринчи номга келсак, улар ҳар доимгидан ҳам ҳақлар. Мана 12 йилдирки, Тео ҳамон Лондоннинг «Арсенал»ида. Арсен Венгер кечагина 16 ёшли иқтидорни оммага таништирган, Лондоннинг Шимолига «Саутгемптон»дан кўчиб ўтиш эса 2006 йилнинг қишки трансферига тўғри келганди. Ўша воқеага ҳам 11 йил бўлибди! Узоқ 2006-йилларда унинг нақадар иқтидорли экани тўғрисида гап-сўзларгина бўлганди. Свен Горан Эрикссон ҳам ёш иқтидор асирига айланган ва уни Германияда ўтган ЖЧга олганди.

11 йил давомида на «Арсенал» мухлислари ва на бошқа биров инглиз футболчиси бор иқтидорини намоён этган-этмаганини ҳамон тушуна олишолмаяпти. Карьерасидаги омадли дамларда Теони узлуксиз давом этадиган жароҳатлар таъқиб этмоқда. Бу борада «Канонир»лар мухлислари орасида бир ҳазил гап ҳам юради: «Уолкотт фақат янги шартнома имзоланаётганидагина бор кучи билан ўйнайди». Зеро, Тео Уолкоттнинг футболчи сифатидаги фигураси қарама-қаршиликларга бой. Аммо асло уни ёмон футболчи деб бўлмайди, аксини  таъкидлаш ҳам нотўғри бўларди.

Нима бўлган тақдирда ҳам, 27 ёшига келиб Тео бир орзусидаги рақамга етиб келди: «Саутгемптон»га қарши кечган кубок ўйинида хетт-трик қайд этиб, «Арсенал» учун барча турнирларда киритган голлари сонини 99тага етказди. Ҳа-ҳа, бор-йўғи 99та. Жорий мавсумни Уолкотт чиндан ҳам ўта яхши ўтказмоқда. Жорий мавсумда унинг «Арсенал» учун барча турнирларда урган голлари сони 14тани ташкил этмоқда. Бу борадаги энг яхши натижаси эса 2012Ғ2013 йиллар мавсумига тегишли - 21 гол. Балким, Тео 27 ёшига келиб ўзида янги иқтидор ва куч топган, футболчилик ҳаётини қайтадан бошлаётгандир? Чиндан ҳам шундай бўлса, ҳеч ким хафа бўлмаслиги аниқ. Ҳозирча эса 100ликни кутиш ва Лондон жамоасининг чиндан-да иқтидорли футболчиси учун қувониш керак.

3. Ромелу Лукаку  «Эвертон» тарихини яратяпти

Унинг ёши эндигина 23да ва бир қарашда бу йигитнинг ҳужжатлари масаласида паспорт столида қандайдир тушунмовчиликка йўл қўйишгандай туюлади. Бу ёшга келиб Лукаку клуб ва терма учун 146та тўп киритишга улгурди. «Челси»да очилиш учун имкон берилмаган йигит учун ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли натижа. Аммо ўшанда Лондон жамоасига ким раҳбарлик қилганини эсга оладиган бўлсак, ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Бельгиялик футболчи бундан унчалик ҳам хафа бўлмади ва АПЛдай обрўли лигада ўз ўрнига эга бўлишнинг уддасидан чиқа билди. Лукаку ўз жамоасини топди ва бомбардирлик салоҳиятини юксалтира борди. АПЛнинг сўнгги турларидан бирида Ромелу «Борнмут» дарвозасига покери билан ўзини  кўрсатди.

Бу натижаси билан у бир йўла «икки қуённи урди». Агар «Вишен» дарвозасига покер АПЛ тарихидаги 300-хет-трик сифатида тарихга кирган бўлса, иккинчи «қуён» сифатида АПЛда «Эвертон» учун киритилган 59-голни айтиш мумкин ва бу натижа жамоанинг Данкан Фергюсондан кейинги иккинчи кўрсаткичидир. Турли даражадаги рекордлар ўрнатиш билан бирга, бельгиялик АПЛдаги бомбардирлар рўйхатида 1-ўринга чиқиб олди ва балки бу голлар жамоасига ҳам топ-6га кириб олишда ёрдам берар.

4. Питер Крауч АПЛнинг 100лик клубига ёриб кирди

Аллақачон 36 ёшни уриб қўйган бу ўта қовушмаган ва қўпол инглиз футболчиси ва, ниҳоят, АПЛ тарихига ўз номини ёзиб қўйишнинг уддасидан чиқди. Карьераси давомида Крауч Англия премьер-лигасидаги 5тадан кўп клуб шарафини ҳимоя қилди, аммо фақат «Сток Сити»дагина форвард 100лик довонни забт эта олди ва бундай натижага эришган 26 нафар бахтли футболчилар сирасига кирди.

Балки, узоқ кутилган натижа учунгина Крауч мана икки йилдирки заҳира ўриндиғида ўтиргандир. Лекин нима бўлганда ҳам, инглиз катта пул ортидан Хитойга йўл олмади ва тақдир уни қўллади. «Стокдаги ёмғирли оқшомда» Крауч тўпни «Эвертон» дарвозаси тўрига йўллади ва бу гол форварднинг АПЛдаги юбилей тўпига айланди. Яқин йилларда биз Питерни клуб миқёсидаги бирор-бир ғалабада - қўлларида совринни ушлаган ҳолда кўришимиз қийиндир, аммо унинг 100лик маррани забт этгани тарих саҳифаларида қолиши аниқ.

5. Даррен Флетчер ва унинг спартачасига 300-баҳси

Шотландиялик бу ярим ҳимоячининг ҳаракатларини сэр Алекс Фергюсон юқори баҳоламоқда, шу билан бирга, уни ўз даврининг ўта меҳнаткаш иқтидорларидан бири эканлигини айтяпти. Даррен МЮнинг 2000-йиллардаги чемпионлик таркибининг ажралмас бўғини ҳисобланарди. Майдон марказида аъло даражада тўп сурар, баъзида жамоасининг бомбардирлик салоҳияти юқори бўлган даҳоларини ортда ҳам қолдирарди. Шу билан бирга, доимо фойдали ва футбол тили билан айтганда, ақлли бўлишнинг уддасидан чиқарди.

Шу боис, «Манкунианликлар»нинг ярим ҳимоячисида саломатлиги билан боғлиқ ўта оғир хасталикнинг топилиши сокин осмонда чўқмоқдай янгради. Даррен 19 кг.га озиб кетди ва узоқ вақт катта футболдан четда қолди. Анча пайтгача Флетчер буни жамоадошлари ва клуб ходимларидан яшириб келди. Хасталик тўғрисида саноқли кишилар, жумладан, сэр Алексгина бохабар эдилар, холос. Ўта оғир бўлишига қарамай, Даррен касаллик билан курашди ва МЮ таркибида юқори даражада ўйин кўрсатишга маваффақ бўлди. Куч уни батамом тарк этганида эса, Флетчер футболдан ҳам кетди, бироқ кўпчилик ўйлаганидай бир умрга эмас.

Миллионлар ўйинида Флетчер каби жангчилар борлигини билиш эса нақадар ёқимли - ахир у футболга қайта билди-да! Қайтибгина қолмасдан, юқори даражадаги ўйинларини яна кўрсата бошлади. Албатта, унга «Манкунианликлар» асосий таркибидаги ўрин учун курашга киришиш насиб қилмади ва шунда горизонтда «Вест Бромвич» варианти пайдо бўлди. Флетчер тезда жамоанинг етакчилари сафидан ўрин олди ва мана 3 йилдирки клуб шарафини муносиб равишда ҳимоя қилмоқда. Шундай бўлгач, «Вест Хэм»га қарши ўйин Даррен Флетчер учун АПЛдаги 300-баҳс бўлганини айтиш жуда ёқимли. Шотландияликка футбол ҳаёти яна узоқ йиллар давом этишини ҳамда юқори даражадаги ўйин тилаб қоламиз.

6. Жак ва унинг кумирлари

Иқтидорли бўлган 24 яшар швейцариялик ўтган йилнинг ёзида туманли альбионга кўчиб ўтди. Швейцария ва Германияда тўп сургани ҳолда қўпол ўйинчи сифатида ном қозонди. Сўнгги уч мавсумда 9та қизил карточка - бунинг ёрқин исботидир. Лондоннинг «Арсенал» клубида Жак ўзига содиқ қолди. Чемпионатнинг 24 турида у 2та қизил карточка олишга улгурди. Энг эътиборлиси, ҳар икки сафар ҳам уни Жонатан Мосс майдондан чиқариб юборди ва воқеалар айнан «Эмирейтс»да юз берди. Жак «Арсенал»га ўтганидан кейин берган кўплаб интервьюларида футболдаги кумири Патрик Виейра эканини таъкидлаганди.

Сизга маълумки, бу француз футболчиси АПЛда қизил карточкалар бўйича рекордчи саналади. Ҳозирча Патрикда «қизил»лар сони 8та. Жак кумирига тақлид қилишини айтганида нимани назарда тутгани номаълуму, аммо мақсадига етишига бўлган уриниши яққол сезилиб турибди. Чемпионат ҳозирча ниҳоясига етгани йўқ ва швейцариялик француз «рекорди»га етиб олишига имкон етарли.

И.ОБИДОВ тайёрлади.


Манба: intersport.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

«Реал»ни афсуслантирган келишувлар

Роналдунинг тақдири ҳалми?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
1 Челси 38 93
2 Тоттенхэм 37 83
3 Ливерпуль 38 76
4 Манчестер Сити 37 75
5 Арсенал 37 72
6 МЮ 37 68
7 Эвертон 38 61
8 Борнмут 38 46
9 Вест Бромвич 37 45
10 Саутгемптон 37 45
11 Вест Хэм 38 45
12 Лестер 37 44
13 Сток Сити 38 44
14 Кристал Пэлас 38 41
15 Суонси 38 41
16 Бёрнли 38 40
17 Уотфорд 38 40
18 Халл Сити 38 34
19 Мидлсбро 38 28
20 Сандерленд 37 24
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
uzbektop.ru ByTOP.info WAPLOG.TOP
aiwe.ru  - Рейтинг мобильных сайтов Rutop.info - Бесплатный рейтинг сайтов. Рейтинг лучших WAP сайтов imtop.su daxshat.top Uzbekona.TopWmSTAT.RuStatok.nettop.realuz.ru