Қайднома

Қидирув

«Футболда ортга йўл йўқ»

«Футболда ортга йўл йўқ»

  18.03.2017 03:31
  0
  2077
«Футболда ортга йўл йўқ»

Билсангиз керак, Конфедерациялар кубоги-2017 турнирида ОФК шарафини Осиёнинг амалдаги чемпиони - Австралия терма жамоаси ҳимоя қилади. Россия майдонларида ташкиллаштириладиган турнирга тайёргарлик кўраётган «кенгурулар» жамоаси иштаҳаси чакки эмас. Хусусан, «соккеруз» бош мураббийи Анге Постекоглу FIFA.com сайтига берган интервьюсида бўлажак турнирдан фақат ва фақат ижобий натижалар кўзлаётганини яширмади. Унинг ишонч билан таъкидлашича, жамоасининг Россияда муносиб ўйнаши «яшил қитъа»да футбол нуфузи ошишига хизмат қилади.

- Аввало, айтингчи, Австралия терма жамоасининг Осиё кубоги-2015да ғолиб чиқишида нима муҳим роль ўйнаганди?

- ОК-2015даги муваффақиятимизни оддийгина изоҳлайман: ҳамма ишларни қатъий режа асосида олиб  бордик. Мақтанишга йўйманг-у, аммо мен Австралия термаси бошқарувини қўлга олган илк кундаёқ (2013 йилнинг ноябри)  келажак ҳақида аниқ тасаввурга эга эдим. Дейлик, Бразилия мундиалига пухта тайёрланиб, турнирда чакки таассурот қолдирмадик. Энг муҳими, ЖЧ-2014дан сўнг жамоамиз ихтиёридаги ёшларга эътибор оширилди ва улар етарлича амалиётга эга бўлиб, тажриба тўплашди. Улар ёрдамида бемалол Осиё чемпионатида ғолиб чиқишга умид боғласак бўларди. Хуллас, ўйлаганларимиз тўлиқ амалга ошди ва қитъа кубогини қўлга киритдик. Қайтараман, мазкур муваффақият - қатъий режа асосида олиб борилган меҳнат самараси.

- Хўш, мезбон сифатида йирик турнир ғолиби бўлиш «маза»си қандай экан?

- Албатта, ҳар қандай ғалаба, у қаерда қўлга киритилишидан қатъий назар, жуда  ёқимли. Аммо тан олиш керак, ўз уйингда катта турнир бош совринини ютиш гашти бошқачада, барибир. Менимча, бундай имконият инсон ҳаётида бир мартагина юзага келиши мумкин. Турнир доирасидаги ҳар бир ўйин арафасида шогирдларимга худди шуни қайта-қайта такрорлагандим. Тўғри, фидоий мухлисларинг гувоҳлигида ўйнашнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам бор. Аммо сенда ўз иқтидорингга нисбатан ишонч ҳисси баланд бўлса, ҳар қандай босимни енгиб ўта оласан. Қолаверса, биз турнирда чиройли футбол кўрсатиб, кўп гол урдик. Хусусан, финалда Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири - Жанубий Корея термасига имконият қолдирмадик ва ҳақли равишда чемпионлик мақомига эришдик.

- Хўш, Конфедерациялар кубоги-2017да Австралия терма жамоасидан қандай натижа кутсак бўлади?

- Табиийки, келажак воқеаларини олдиндан айтиш қийин, аммо жамоамизнинг охирги 3 йил давомида анча шакллангани ва ўзимиз истаган футбол намойиш қилишга киришганини назарда тутиб, фақат ижобий натижа кўзлаяпмиз. Мисол учун, сўнгги мундиалда Чили, Голландия ва Испания терма жамоалари билан битта гуруҳда ўйнадик. Гарчи ЖЧдаги иштирокни дастлабки босқичдаёқ тугатган бўлсак-да, бундай кучли рақибларга қарши кечган ўйинлар футболчиларда ўзгача иштиёқ ҳиссини уйғотди. Шу тариқа жамоамиз ўйини янада кучайди. Тушунарлики, Россияга Конфедерациялар кубогида шунчаки, иштирок этиш учун бормаймиз. Биламизки, футболда ортга йўл йўқ ва ҳар бир ўйинда ғалаба учун охиригача курашишимиз та-  йин. Энг муҳими, шогирдларим руҳий томондан катта вазифаларни бажаришга тўлақонли тайёрлар. Бош ғоямизга мувофиқ термамиз сўнгги 3 йилда сезиларли даражада ўсди ва ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг курашадиган даражага етди. Тўғри, энди буни амалда исботлашимиз керак.

- Футбол фалсафангиз нимага асосланганини тушунтира оласизми?

- Бу ҳам оддий: шунчаки, ўзимиз истаган футболни намойиш қилсак, бас. Зеро, қўл остимдаги футболчилар маҳорат бобида ҳеч кимдан қолишмайдилар. Улар майдонда фаолликни озгина оширишса, ҳар қандай мақсадга етишимиз мумкин. Шахсий фалфасамга кўра, футболда ортга эмас, фақат олдинга йўл бор, холос. Қаерда ишлашимдан қатъий назар, футболчиларга аввало, шу фикрни уқтиришга уринаман. Қувонарлиси, бу ҳозирча самара бермоқда.

- Австралия термаси қайси сифатлари эвазига мухлислар меҳридан умидвор бўлиши мумкин?

- «Соккеруз»га ишқибозлик қилиш учун сабаблар етарли. Дейлик, таркибимизда ёш футболчилар кўплигининг ўзи мухлислар эътиборини тортиши мумкин. Мисол учун, Томми Рогични олайлик: уни ўсмирлик чоғиёқ термага таклиф этдик ва улғайгунига қадар қимматли тажриба, малакани ўзлаштирди. Умид қиламанки, таркибимиздан жой олган Томмига ўхшаш барча ёшлар яқин келажакда тўпланган малака ва кўникмалардан самарали фойдаланишади.

- Жамоангиз 2018 йили Россияда ўтадиган ЖЧ йўлланмаси учун астойдил курашмоқда. «Соккеруз»нинг навбатдаги мундиалга чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Бу борада фикрим аниқ: бўлажак ЖЧда ҳам қатнашамиз, албатта. Тўғри, Таиланд термасига қарши кечган сафар ўйинидан сўнг кимлардадир шубҳа уйғонди. Аммо ўша учрашув натижаси - соф тасодиф. Аниқроғи, Таиландда чиндан ҳам, ўз савиямизга мос ўйин кўрсатолмадик. Умуман, сўнгги саралаш босқичининг дастлабки қисми термамиз учун оғир кечишини билардим. Негаки, кетма-кет сафарга чиқиб, БАА ва Саудия Арабистони терма жамоаларидек жиддий рақибларга қарши ўйнадик. Кейин Таиландга йўл олдик. Табиийки, бундай учрашувларнинг барчасида ғалаба қозониш учун футболчиларнинг спорт формалари фантастик даражада бўлиши лозим. Муҳими, бу йилги ўйинларимиз ўз майдонимизда ўтади, биргина Ироқ термасига қарши бетараф ҳудудда ташкиллаштириладиган баҳсни ҳисобга олмаганда. Демак, ҳаммаси ўз қўлимизда.

- Маълумки, Австралияда маҳаллий аҳоли миллионлар ўйинига у қадар қизиқмайди...

- Тўғри, буни тан оламан. Лекин айни пайт худди шу қарашни ўзгартириш йўлида астойдил меҳнат қиляпмиз. Чунончи, Австралия термаси йирик турнирларда қанчалик кўп ғалаба қозонса, мамлакатимизда футболга муҳаббат шунчалик кучаяди. Ким улкан натижаларга эришишни мақсад қилса, ўз устида ишлашни шунчалик кучайтириши лозим. Умуман, футбол Австралияда ҳам тез орада биринчи рақамли спорт турига айланишидан умидворман. Фақат бунинг учун аввало, миллий жамоа ўйинини ҳавас қилишга арзийдиган даражага кўтариш керак.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz