Қайднома

Қидирув

Хитой девори оша

Хитой девори оша

  19.03.2017 06:13
  0
  2365
Хитой девори оша

ЖЧ-2018 саралашининг баҳордаги ўйинлари олдидан илк нохуш хабар Хитой томонлардан келди. Йўқ, ҳеч ким жароҳат олмади ва шунинг ўзиёқ хабардаги нохушликни олиб ташлаши лозимдек кўринади. Зеро «Осмоности ўлкаси»да терма жамоамизнинг Егор Кримец, Анзур Исмоилов ва Одил Аҳмедов каби футболчилари тўп суришади ва муҳим баҳслар олдидан ҳар қандай жароҳат таъбни хира қилиши турган гап. Олдиндан айтамиз, ҳеч қандай жароҳат йўқ ва ортиқча ташвишга ҳам ҳожат қолмаган. Бироқ ҳозир эшитадиганингиз кишига ёқар даражада эмаслигини ҳам таъкидлаб қўйиш лозим.

Ўтган ҳафта худди бизда бўлгани сингари Хитой чемпионатида ҳам янги мавсум бошланди ва «Шанхай СИПГ» ўз майдонида «Чанчунь Ятай»ни қабул қилди. Яхши биласиз, ҳар икки жамоа сафида ҳам ўзбекистонлик футболчилар бор. «Шанхай»да Одил Аҳмедов тўп суради, «Чанчун»да эса Анзур Исмоилов. Бу учрашувда бизга ёқмаган икки ҳолат рўй берди. Биринчиси - «Чанчунь» ўз дарвозасидан 5та гол ўтказиб юборди. Жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири Анзур Исмоилов эканини инобатга олсак, бу яхши янгилик эмас. Аммо энг муҳими - «Шанхай СИПГ» таркибида Одил Аҳмедов ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Буниси ҳақида энди алоҳида фикр алмашиш лозим. Зеро  айтиладиган гаплар етарли.

Аҳмедовнинг фаолияти шундай бошландики, у ҳар доим ном жиҳатидан ўзидан юқорироқ турадиган футболчилар билан рақобат олиб боришга мажбур бўлди. «Пахтакор»да асосий жамоага ўтганда таркибда Темур Кападзедек футболчи бор эди ва Одил у билан ёнма-ён тўп суришга лойиқлигини исботлаши талаб қилинди. Кейинчалик «Анжи»да Кападзега ўхшаш футболчилар ҳам «ҳолва» бўлиб қолди. Бу ерда энди дунё даражасидаги юлдузлар билан рақобатлашишга тўғри келди - Роберто Карлос, Самуэл Это~О, Диего Тарделли, Жусилей Да Силва, Муборак Бусуффа, Лассана Диарра... Бу номлар орасида Одил учун энг даҳшатлилари - Жусилей Да Силва ва Лассана Диарра бўлиши керак эди. Чунки бири Бразилия чемпионатида «энг яхши таянч ярим ҳимоячиси» деган номга муносиб кўрилган бўлса, иккинчисини таништириш ҳам шарт эмас. Зеро Лассанани ҳамма шундоқ ҳам яхши билади. Айниқса, Мадриднинг «Реал» клуби мухлислари.  Одил мана шундай футболчилар билан рақобатда бўлди ва икки «акула»дан асосий таркибдаги жойни тортиб олишнинг уддасидан ҳам чиқди. Жусилей ва Диарра захирада қолиб, Аҳмедов асосийда ўйнаган вақтларни ҳамма яхши эслайди.

Шунингдек, «Краснодар»да ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячисини қучоқ очиб кутиб олишмаган. У ерда Ари, Жоазиньо, Гранквист, Вандерсон каби футболчилар тўп суришарди. Бироқ Одил Аҳмедов «Краснодар»да ҳам нонини ерда қолдирмади. Россия чемпионатининг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири сифатида танилди. Уни россиялик журналистлар ҳатто Европа даражасидаги футболчи, деб билишарди. Бироқ афсуски, Одил Европани эмас, Хитойни танлади. Бироқ бу ерда ҳам асосий таркиб учун кураш осон кечаётгани йўқ. Аҳмедов бунинг учун олдин қандай курашган бўлса, ҳозир ҳатто икки баробар куч билан ишлашига тўғри келмоқда. Чунки Хитой Европадан қандай юлдузларни сотиб олганини ҳаммамиз яхши биламиз.

«Шанхай СИПГ»да португалиялик Рикарду Карвалью билан биргаликда бразилиялик Оскар, Халк ва Элкесонлар тўп суради. Осиёдан эса жанубий кореялик Ким Ю Ён ва Одил Аҳмедов таркибни тўлдирган. Эътиборли томони, Хитой чемпионатида бу футболчилардан фақат 3 нафари асосий таркибда майдонга тушиши мумкин. Шулардан бири осиёлик бўлиши шарт. Бошқалар ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмайди. Хитойликлар бу тадбирни маҳаллий футболчиларга шароит яратиш учун қабул қилишди. Янги мавсумдан эътиборан таркибда 23 ёшга тўлмаган бир нафар хитойлик футболчи бўлиши лозим. «Шанхай»да эса умумий жиҳатдан 6 нафар легионер бор. Шундай экан, асосий таркиб учун кураш қандай кечишини тасаввур қиляпсизми?

Афтидан, жамоа бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш «Чанчун»га қарши кечган учрашувда Одил Аҳмедовдан кўра Ким Ю Ённинг хизматидан фойдаланишни кўпроқ маъқул кўрган. Аммо ишонинг, ҳозир бу борада ортиқча ташвиш тортиш шарт эмас. Одил табиатан анча камтар ва босиқ йигит. Аммо майдонга тушгач, уни таниб бўлмай қолади, ҳақиқий жангчига айланади. У фаолияти давомида кўп мураббийлар билан ишлади. Шундай экан, Виллаш-Боашга ҳам кимлигини исботлаб беришига ишонамиз. У Осиё Чемпионлар Лигасида Австралиянинг «Вестерн» клубига қарши майдонга тушди ва жамоасининг йирик ҳисобдаги ғалабасига ҳисса қўшди. Шундай экан, ҳали Хитой чемпионатида ҳам ўз сўзини айтади.

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz