Қайднома

Қидирув

Александр Мостовой: Афсусланиш бефойда, аммо

Александр Мостовой: Афсусланиш бефойда, аммо

  19.03.2017 14:10
  0
  1422
Александр Мостовой: Афсусланиш бефойда, аммо

«Советский спорт» нашри ЕЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Сельта» - «Краснодар» ўйини (2:1)дан сўнг испан клуби собиқ ярим ҳимоячиси Александр Мостовойни махсус суҳбатга чорлади. Россия футболи тарихидаги энг яхши легионерлардан бири шу тариқа Пиреней ярим оролида кечган самарали фаолиятини хотирлади ва виголикларнинг имкониятларига баҳо берди.

«Вигога оёғим тортмайди»

- Саша, «Сельта» - «Краснодар» баҳсини қаерда томоша қилдингиз?

- Шу ер, Москвада. Испания сафарини режалаштирган эмасдим. Ҳар ҳолда, ҳозир бу мен учун узоқлик қилади. Ҳа, фарзандларим ҳамон ўша ерда, анча улғайиб қолишган. Мен эса асосан Россиядаман. Лекин жавоб учрашувини кўриш учун Краснодарга боришни кўзлаяпман.

- Ўзи Вигога охирги марта қачон бордингиз?

- Анча бўлди. Бундан 6 йил аввал. Нега? Чунки у ерда мен учун арзигули ҳеч нарса қолмаган. Шу боис, оёғим тортмайди. Дейлик, жамоа билан хайрлашувим кўнгилдагидек бўлмади. Неча йил клубга боримни бердим, унинг янги даражага кўтардим. Мутасаддилар эса ваъда қилинган маблағни беришмади. Жуда ёқимсиз ҳолат...

- Ҳа, яхши иш бўлмабди.

- Яқинда «Сельта»нинг аввалги шифокори - Эдуардо Домингес билан кўришиб, собиқ президент ва унинг ҳамтовоқлари қаерда юришганига қизиқдим. Эдуардонинг айтишича, улар 8 йилча олдин қаёққадир ғойиб бўлишган, шундан буён ҳеч кимга кўриниш бермаётган эканлар. Аслида мен учун жамоадаги сўнгги мавсумда ишнинг орқага кетаётгани сезилиб қолганди. Ваҳоланки, «Сельта» ўшанда ЧЛга чиққанди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тахминларим ўз исботини топди.

- «Сельта»нинг амалдаги бош мураббийи - Эдуардо Бериццо билан танишмисиз?

- Албатта. Ахир бир неча йил ёнма-ён тўп сурганмиз. Айтишларича, Эдуардо матбуот анжуманларида мен ва Карпинни тез-тез тилга олар экан. Ҳазил-мутойибани хуш кўрадиган йигит.

- Футболчилик хусусиятларичи?

- Ишончли ҳимоячи сифатида яхши таассурот қолдирарди. Лекин тезлиги нисбатан пастлиги сабаб, кўпинча тан-қидга учрарди. Муҳими, Эдуардо ўйинни чуқур тушунарди. Қолаверса, биринчи узатмани вақтида амалга оширар, бош билан ўйнаш ва позиция танлашда алоҳида маҳорат соҳиби эди.

- Демак, ўша вақтдаёқ мураббийлик сиёғи сезилиб турган...

- Ҳа, майдонда сира жим турмасди, йигитларга кўрсатма беришдан чарчамасди. Мен эса маслаҳатларини ҳазилга йўярдим. Хуллас, камида иккинчи ёки учинчи мураббий бўлишига шубҳа йўқ эди. Мана, амалда янада малакалироқ эканлиги ойдинлашди.

 

«Шалимов ҳурматга лойиқ»

- Бугунги «Сельта» ҳақида қандай фикрдасиз?

- Россияда негадир Испания чемпионати баҳслари намойиш этилмайди. Лекин кўплаб учрашувларни интернет орқали кузатиб боряпман. Масалан, Виго клубининг «Шахтёр» ва «Барселона»га қарши ўйинларини кўрдим. Қуръа натижаларини билгач, томонлар имкониятларини тенг баҳоладим. Савия бобида бир-бирига мос рақиблар, услублари ҳам ўхшаш - «Сельта» худди «Краснодар» каби очиқ футбол тарафдори. Тўғри, Смоловнинг жароҳатлангани ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Ҳарқалай, унинг жамоада қандай ўрин тутиши баҳорги босқич баҳсларида яққол кўзга ташланди. «Сельта»да эса Яго Аспас етакчи ролида.

- Сизнингча, «Краснодар» Шалимов даврида нечоғли ўзгарди?

- Шалимов «Спартак»да ҳам, Италиядаги фаолиятида ҳам ҳужумкор услубда тўп сурган. Демакки, шогирдларидан айнан шиддат билан олдинга ташланишни талаб қилиши эҳтимоли катта. Лекин футболчилар савияси шундай талабга мувофиқми-йўқ - буни вақт кўрсатади.

- Жамоанинг «Спартак»ка қарши ўйинидан кейин у билан фикр алмашдингизми?

- Йўқ. Нима зарурати бор? Ахир унинг жамоаси 3 кун аввал 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Бундай ҳолатда саволларга ўрин йўқ. Хайриятки, краснодарликлар «Спартак»дан енгилишмади.

- Шалимовдан мураббий чиқиши аввалдан сезилганмиди?

- Саволингизга жавобан бир неча йиллардан буён таъкидлаб келаётган фикримни такрорлайман - керакли пайт керакли жойда пайдо бўлиш муҳим. Айниқса, спортда. Мана, Унаи Эмерининг «Мен бахтлиман» сарлавҳали  интервьюси («Барселона»-«ПСЖ» учрашувидан аввал олинган)ни олайлик. Унинг мураббийлик борасида омади чопди - тасодифан лавозимни эгаллади ва имкониятдан унумли фойдаланди. 10 нафар мураббийдан 8 нафарининг тарихи шундай. Албатта, Шалимовнинг бугунги ҳолатидан мамнунман. Ахир футболчиликни якунлаганидан кейинги 10 йил ичида у ҳақда нималар дейишмади? Ваҳоланки, Игорь Италияда 10 йил тўп сурган, кўп нарсаларга эришганди. Бунга ҳурмат билан ёндашиш керак.

- Ўзингизчи, мураббийлик курсларида ўқиш ниятингиз йўқми? Шундай тақдирда бирор клубдан таклиф олармидингиз...

- Мактабда 10 йил ўқидим, кейин институтда. Яқин орада 50 ёшга тўламан, умр эса жуда қисқа. Уни беҳуда ўтказмаслик керак. Аслида мураббийликка бефарқ эмасман, лекин ҳеч кимдан таклиф олганимча йўқ.

«Картошка даласида шуғулланганмиз»

- Яқинда Вигодаги касбдошимиз такси ҳайдовчисидан сўрабди: «Мостовойни танийсанми?» Шунда «Бўлмасамчи, ахир у «шоҳ»ку!» қабилида  жавоб олибди. Бу тахаллусни илк марта қачон эшитганингиз ёдингиздами?

- Очиғи, эслолмайман. Унинг қай тариқа пайдо бўлганини ҳам билмайман. Қайсидир журналист ёки мухлис шу иборани тилга олган ва у кейинчалик тарқалиб кетган бўлса керак. Испанияда футбол нуфузи анча баландлиги сир эмас. Қолаверса, ўша пайтлар «Сельта» ёрқин ўйин кўрсатарди ва мухлислар меҳри ҳам кучли эди.

- Ваҳоланки, сиз борган вақтда жамоа турнир жадвали қуйи поғоналарида юрарди.

- Ҳа, «Сельта» аянчли ҳолатда эди. Шу боис, илк мавсумда роса қийналганман. Базамиз картошка майдонидан фарқланмасди, ҳисоб. Майдон четига ўрнатилган палаткалардаги иссиқ сув футболчиларнинг ярмига зўрға етарди. Ювиниш хонасига аввалроқ йўл олганлар чўмилишга улгуришар, қолганлар эса  бу юмушни уйларида бажаришарди. Испанияга Франциядан борганим учунми, бу мен учун чинакам ёввойиликдек кўринган ва ўзимча ўйлаб қолардим: «Ажабо, наҳотки, шу Испания?» Мутасаддилар аввалига жиддий ўзгаришлар зарурлигини тушунишмади. Лекин учинчи мавсумдан бошлаб, футболчилар талабига кўра, янги майдон, кийиниш хоналари барпо этилди.

- Вазият шунчалик аянчли бўлганига ишониш қийин.

- Қандай ўйин кўрсатишимиз ҳеч кимни қизиқтирмасди. Мағлубиятга учрасакда, ҳамманинг кайфияти чоғ, пивони симириб, мусиқа тинглашарди. Бу ҳол мен каби хорижликлар учун ёввойиликдан ўзга нарса эмасди. Ахир бизда агар мусиқа товушини эшитиб қолишса, дарров машғулотдан четлатишарди. Дейлик,  мағлубиятдан кейин 2 кун ҳеч кимнинг кўзига кўринолмасдим, ўзимни олиб қочардим, испанларнинг эса парво ҳам қилмасликларини кўриб, ёқа ушлаганман. Охир-оқибат, ана шу лоқайдлик туфайли можаро келиб чиқди.

- Жамоадошларингиздан ранжиб, майдонни ўзбошимча тарк этганингиз натижасида юз берган можароми?

- Ҳа. Бу қилмишим учун ҳаттоки, дисквалификация билан жазолашди. Аммо бир йилдан кейин ҳаммалари менга раҳмат айтишди: «Алекс, сен туфайли футболда ғалаба қозониш, нимагадир эришиш кераклигини тушуниб етдик. Акс ҳолда, аввалгидек 16-18-ўринларда судралиб юраверардик».

«Реал» – менинг мижозим»

- «Сельта»даги қайси ўйинни энг чиройлиси сифатида эслайсиз?

- Қайсидир учрашувни алоҳида кўрсатишим ножоиз, худди энг чиройли голни аниқлаш каби. Ҳисобимда 180тадан кўпроқ гол бор. Агарда ЧЛ ёки УЕФА кубоги финалларида гол урганимда, танлов анча осонлашарди. Афсуски, бундай салмоқли голим йўқ. Шундай экан, энг муҳим голни аниқлолмайман. Яқинда «Бавария» - «МЮ» финалининг такрорий намойиши устидан чиқиб қолдим. Сульшернинг сўнгги дақиқада урган ҳал қилувчи голини эсланг. Ўша голга тарихий сифатини бериш мумкин. Лекин аслида Сульшер қандай қаҳрамонлик кўрсатди? Дарвозадан 3 метр нарироқда шунчаки, оёғини тўп йўлига қўйди, холос. Аммо шу ҳаракати ЧЛ кубоги тақдирини ҳал қилди. Менда эса бундай голлар йўқ, гарчи ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган зарбаларни амалга оширган бўлсам ҳам...

- Лекин 4 нафар рақибни алдаб ўтиб, «Реал» дарвозасининг яқин «тўққиз»лигини нишонга олганингизни эслатишимиз мумкин.

- О, «Реал» дарвозасини кўп бора ишғол қилганман. Бу клуб менинг мижозим эди. Айтишларича, «Реал» дарвозасига 6та ва «Барса»никига 7та гол урганман.

 

«Ўша 15 йилни қайтаринг...»

- Сизга нисбатан юксак эътибор Вигодаги фаолиятингизга халал бермаганми?

- Ўша вақтлар шарт-шароитлар ўзгача бўлиб, ҳозиргидек юзлаб газеталар, каналлар, интернет йўқ эди. Биласизми, айни пайт ҳаммаси шоу-бизнесдек: куйлашнинг ҳожати йўқ, сизни бусиз ҳам юлдуз даражасига кўтариб қўйишади. Футболда ҳам шундай - битта гол урсанг, бас, қолганини сенсиз ҳам қойиллатишади.

-  «Сельта» билан бутун Европада донг таратдингиз. Лекин совринлар йўқ. Афсусланмайсизми?

- Албатта, ўкинч йўқ эмас. Аммо шуни унутмаслик керакки, ҳисобимда собиқ иттифоқ чемпионатининг 2та олтин медали бор. Ўша биринчиликни дейлик, Россиянинг дастлабки 15 чемпионати билан умуман таққослаб бўлмайди. Чунки бу вақтга келиб, «Спартак» шундай кучайган эдики, 10 йил ичида 9 марта шоҳсупага кўратилган.

- Нима учун «Сельта»дан қайсидир гранд сафига ўтмагансиз? Ахир бунга имконият бор эди-ку.

- Ҳа, таклифлар йўқ эмасди. Хусусан, мени «Барса»га ҳам, «Реал»га ҳам чақиришган, Англиядан чорловлар олгандим. Лекин битта жамоада ишинг юришиб турганида, у билан хайрлашишинг келмайди. Қолаверса, битта мужмал фикр олдимга тўсиқ қўйганди: «Хўш, қаерга кетаман? Ахир шундоқ ҳам Испаниянинг энг яхши жамоаларидан бирида ўйнаяпман-ку».

- Тасаввур қилинг, вақтни ортга қайтариш имкони бор. Шунда ниманидир ўзгартирармидингиз?

- Агар 15 йил ортга қайтсак, яна 30 ёш бўлардим ва ўйлайманки, ҳеч иккиланмай, қайсидир гранд клуб сафига қўшилардим. Бироқ тақдирим шундай экан, нима ҳам дердим? Умуман, афсусланишдан маъно йўқ...

- Канчельскис «Ростов» - «МЮ» қарама-қаршилигида «қизил иблислар»га мухлислик қилишини яширмади. Сизчи, қайси жамоа тарафдорисиз - «Сельта»га ён босасизми ёки «Краснодар»га?

- Очиғи, икки томонга баравар омад тилайман. «Сельта» кейинги босқичга чиқса, испанларга, «Краснодар» ғолиб чиқса, ўзимизникиларга тасанно айтаман.

Содиқжон Раҳмонов тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz