Қайднома

Қидирув

ОЧЛ. кеча ва бугун

ОЧЛ. кеча ва бугун

  21.03.2017 00:13
  0
  1229
ОЧЛ. кеча ва бугун

Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқич баҳсларининг тенг ярми ортда қолди. Натижа бизни хурсанд қиладиган даражада эмас. Ўз вақтида бу мусобақада юртимиздан тўртта клуб иштирок этарди. Ҳозир жамоалар сафи тенг баробарга қисқарган - «Локомотив» ва «Бунёдкор». Қани эди, сон жиҳатидан бўлган қисқариш сифатга ижобий таъсир ўтказа олганида. Йўқ, бу томонлама ҳам ишлар у қадар яхши эмас. Ҳозирча ўзбек клублари ОЧЛда 18 очколик имкониятдан бор-йўғи 3 очко жамғаришди. Афсуски, яъни «қалдирғочлар» мухлислари учун афсуски, бу очколарнинг барчаси «Локомотив»га тегишли. «Бунёдкор» эса...

ҒАЛАТИ СТАТИСТИКА

Яқинда ғалати статистикага кўзим тушди, унда ОЧЛда энг кўп мағлубиятга учраган икки клуб номи маълум қилинибди. Ачинарли томони, мана шу икки жамоа биздан экан - «Пахтакор» ва «Бунёдкор». «Шерлар» Чемпионлар Лигасида умумий ҳисобда 87та учрашув ўтказиб, 32 марта имкониятни бой беришган. Халқаро мусобақалардаги фаолиятини 2008 йилда бошлаб, катта шов-шув кўтарган «Бунёдкор» эса 78 ўйиндан 30тасида имкониятни бой бериб улгурган.  Бу мағлубиятларнинг катта қисми сўнгги уч йилга тўғри келишини айтмасак ҳам биласиз.

Статистика бўйича билимимизни оширишда давом этамиз - Сергей Лушан «қалдирғочлар»ни бошқарган уч йиллик фаолияти давомида Осиё Чемпионлар Лигасида 15та учрашув ўтказиб, шулардан бирортасида ҳам ғалаба қозона олмади. Мана шуниси кишини анча ажаблантириши турган гап. Чунки «Бунёдкор» афтидан, бу статистикадан мутлақо хавотирга тушмаяпти. Аксинча, Лушанга ишонишда давом этмоқда. Айни пайтда клуб ўз олдига қандай вазифа қўйгани хусусида аниқ бир фикр билдириш мушкул.

КЕЧА

Аслида, Чемпионлар Лигасидаги муаммолар анча олдин бошланган эди. «Бунёдкор» маҳоратли ва тажрибали футболчиларга кўп пул сарф-лашдан кўра, ўзи ўйинчи етиштириб, сотиш йўлига ўтиб олган вақтлардан буён биз учун қитъа даражасидаги мусобақалардан файз кетди. «Қалдирғочлар» ўртамиёна клубга айлангандан сўнг унга рақобатчи бўлиб турган «Пахтакор» ва «Насаф» ҳам кучли ўйинчилар етиштиришдан маъно топмай қўйдилар. Бир вақтлари бу клубларда ҳам Маркович ва Переплёткинс сингари футболчилар ўйнарди...

«Пахтакор» асосан маҳаллий футболчилар ва ўртамиёна легионерларга ишонч билдириши натижасида Чемпионлар Лигасида мутлақо иштирок этмаяпти, «Насаф» эса саралашдаги ўйинлар билан чекланмоқда. Ҳозир фақат «шерлар»нинг ОЧЛда кетма-кет икки бора ярим финалга чиқишгани-ю «аждарлар»нинг ОФК кубогида зафар қучишгани билан мақтана оламиз, холос.

БУГУН

Аммо майли, ўтмишдан гапиришни бас қилиб, бугунги кун ҳақида гаплашсак. «Бунёдкор» бу йил ҳам Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқа олмайдиган кўринади. Аксинча, мусобақада энг кўп мағлубиятга учраш бўйича статистикани янада «яхшилаб», «Пахтакор»дан ҳам ўзиб кетиш эҳтимоли кўпроқ бўлса керак. Бунинг учун жамоада барча «имконият» мавжуд - «Бунёдкор» Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида яна учта ўйин ўтказиши лозим. Мана шу учрашувларда ютқазса, ўзиб кетади ҳам.

Айтишларича, Сергей Лушан ўйиндан сўнг берилган саволларга жавоб қайтараркан: «Уч йилдан буён ОЧЛ гуруҳ баҳсларида ҳеч бўлмаса ўз майдонингизда кечган ўйинларда ғалаба қозона олмаяпсиз. Мураббий сифатида бу натижадан уялмайсизми?» - дея берилган саволга қисқагина: «Йўқ», - деб жавоб қайтарибди. Шундай экан, мураббий «Пахтакор»нинг антирекордини янгилашдан асло чўчимаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Хуллас, энди бор умидни «Локомотив»га қаратаверамиз, чоғи.

«ЛОКОМОТИВ»

Ҳозирча «Локомотив»нинг иши ҳам у қадар яхши эмас. Клуб гуруҳ босқичи 3-турида мағлубиятга учради. Аммо «Истиқлол»га қарши кечган учрашувни томоша қилганлар мағлубият билан мағлубиятнинг фар-қи борлигини кўрган бўлсалар, ажабмас. Андрей Микляев шогирдлари бу учрашувни жуда фаол ўтказишди ва пайдар-пай ҳужумлар ташкил этишди. Агар яратилган имкониятларнинг ҳеч бўлмаса ярмидан фойдаланилганда, ҳозир мутлақо бошқа нарса ҳақида гаплашаётган бўлармидик... Афсуски, «Локомотив» форвардларига бироз совуққонлик ва омад етишмади. Рақиб эса аксинча, ҳужумда унумли ўйнаб, ғолиб чиқди. Бироқ мана шу уч очко учун «Истиқлол» футболчилари анча терлашга мажбур бўлишгани ҳам бор гап.

«Локомотив» одатда, мавсум бошида ҳар доим муаммоларга дуч келади ва бироз вақт ўтгач, ўзини тиклаб олади. Кейинчалик жамоанинг катта кучга айланганини кўрганмиз ва яна кўришдан умидвормиз. Шу боис ҳам клуб учун бу муаммолар вақтинчалик, деб айтгинг ва бу гапга ўзинг ҳам ишонгинг келади. Нима бўлган тақдирда ҳам «Локомотив» - бугун ва айни вақтнинг ўзида мухлислар учун ўйнаётган жамоа.

Биз Чемпионлар Лигасида иштирок этаётган ҳар икки клубимизга омад тилаймиз. Кўрамиз, бу йилги баҳслар бизга яна нималарни тақдим этар экан...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz