Ҳар баҳорда, Наврўз арафасида шу шеър ва унинг асосида куйланган қўшиқ кўнгилларни ўзгача завқла қитиқлайди.
Мана, сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол.
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.
Умрида ҳеч гул кўрмай йиғлаб,
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда.
Ҳар баҳорни йиғлаб-қаршилаб,
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда...
Радиода яна ўша таниш тарона, қадрдон сўзлар янграйди. Кекса футбол мухлисининг кўзлари ёшланади:
- Тинглаганинг сари тинглагинг келаверади шу қўшиқни! Ҳозир термамиз рақибларига «Мана, сенга олам-олам гол», деб ҳайқиргим келяпти. Албатта, улар олгани унашмайди, «Олмаймиз! Керак эмас!» дея қаршилик кўрсатишади. Наврўз таомилига кўра, уларнинг хархашасига қулоқ солинмайди. «Олсангиз ҳам оласиз, олмасангиз ҳам, тамом!» дея рақиб дарвозаси тўлдириб ташланади голга. Оҳ, оҳ, йигитлар, Наврўз таомилини бузманглар! Рақиб дарвозасини голсиз - қуруқ қолдирманглар, гол уришда ҳимматли бўлинглар, ҳиммат камарини белингизга маҳкам боғланглар...
Отахоннинг йигитлар каби ғайратланишидан завқланамиз. Унинг ажиб кайфиятини бузиб қўймаслик учун эҳтиёткорлик билан сўраймиз:
- Футболчиларимиз Наврўзнинг бу таомилини билишадими? Улар сизни эшитишяптимикан?
- Билишганда қандоқ! Жуда яхши билишади. Бошқаларни билмадим, аммо «Водий дербиси»ни томоша қилиш учун стадионни тўлдирган ҳам бир мухлиснинг кўнглидан шу ўй-хаёл ўтганига ишончим комил. Маҳалласида сумалак сайлини уюштириб, футболчиларимизга қозон атрофида йирик ғалаба тилашни режалаштираётган, аллақачон хайр-эҳсонни бошлаган мухлисларни биламан.
Очиғи, бу мулоқотнинг тўлиқ тафсилотини қоғозга тушириш мушкул. Яна қайси юртда бор футболга бу қадар фидоийларча мухлислик қилиш?! Шу сўзларни тинглагач, Игорь Сергеевга қарата «Гол урсанг ҳам урасан, урмасанг ҳам!» деб юборасан киши беихтиёр кўзларинг оловланиб, мижжаларинг намланиб. Ҳа, отахон ҳақ: футболчиларимиз мухлисларнинг ғалаба иштиёқидаги тилак-дуоларини эшитишаётгани аниқ. Йўқ, эшитмаслик мумкин эмас жаҳон чемпионати йўлланмаси учун қилинаётган илтижоларни. Эшитмаслик учун қалб сўқир, қулоқлар кар бўлиши керак. Ўйлаймизки, бундайлар йўқ терма жамоамиз лагерида. Сурияликларга қарши майдонда зўрларимиз тўп суришади. Сурганда ҳам хўп суришади. Кўп гол уришади. Зеро, забардаст юртнинг зўрлари рақиб дарвозасига забт билан зарба бермасалар бўлмайди. Буни кекса мухлис сал маҳсун оҳангда таъкидлади. Биз у кишини тушундик. Нечун кекса мухлиснинг боши бир дам қуйи эгилди, қароқларида ёш ёлқилланди.
Ҳаёт - футбол каби фусункор, айни чоғда шавқатсиз ўйин. Аёнки, кекса мухлиснинг неча ўнлаб биродарлари бу баҳор гулларини, термамиз уражак голларни кўрмай боқийлик оламига юз буришди. Улар кўрмай кетган голларнинг ҳаққи, масъулияти ҳам бор футболчиларимиз зиммасида. Ўтганларнинг армонларини рўёбга чиқариш тирикларнинг муқаддас бурчидир. Кўтариш қийин бўлган тоғдек залворли юк ортилмаяпти термамиз елкасига. Ҳозирча футболчилардан Осиёнинг ўртамиёна терма жамоалари устидан ғалаба қозониш сўраляпти, холос. Аслида оламшумул воқеа саналмайди бу сўровни бажариш. Улар, аввало, мухлисларнинг махсус буюртмасини бажаришсин. Буюртманинг қандай бажарилишига қараб, янги талаблар юкланади футболчиларимиз елкасига. «Йўлланма - оғир харсанг, кўтармагин ҳорисанг!» деб терма жамоамиздан фаоллик талаб қилишмоқда мухлислар. Фаоллик талаби бежиз эмас, албатта. Мухлислар «Монако» - «Манчестер Сити» учрашувини томоша қилиб, яна бир бор фаоллик шаънига таҳсин айтишди. Ҳаттоки, Гвардиоладек футбол қўмондони гвардияси ҳам фаоллик қаршисида таслим! Қойил, «Монако»! Кучлилар билан курашиб, ғалаба қозониш қандай бўлишини бутун футбол дунёсига кўрсатиб қўйдинг ва фаромуш ўйин томошасидан уйқусираб юмилаётган кўзларни «ярқ» очиб юбординг. Балли, баракалла сенга!
«Монако» шаънига шу сўзларни айтиш кифоя. Бундан ортиғи ортиқ. Тўғриси, «Барселона» - «ПСЖ» учрашувидан сўнг Чорсуда очиқчасига севинч кўз ёшларини тўкиб, қўшиқ куйлаётган мухлисни кўриб ажаблангандик. Воҳ, воҳ, воҳ, яна шундай футболпарастлар «барселонапарастлар», «реалпарастлар» бор орамизда. Уларга у ёки бу маънода баҳо беришдан йироқмиз. Таскин - тасалли шуки, улар футбол боис, кўз ёши тўкишмоқда. Фақат бу ўринда эсламоқ жоизки, терма жамоамиз ғалабалари учун бировлардан яширинча севинч кўз ёшларини тўкишга тайёр мухлислар минг-минглаб топилади юртимизда. Улар олий лигани кейинги турида стадионларни тўлдириб байрам қилишга тайёр туришибди. Термамизни икки ғалабаси қалблардаги иккиланишларга барҳам беради. Шу икки ғалаба сабаб, барчага ишонч, стадионларга гуррос-гуррос мухлис қайтади. Шундай қутлуғ лаҳзалар барчамизга насиб этсин! Наврўзингиз муборак, азизлар!
Муҳаммад Вали
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20