«Лион» шарафини ҳимоя қилаётган ярим ҳимоячи Люка Тузарнинг эндигина 19 ёшни қарши олганига бирдан ишониш қийин. Зеро, у майдонда ўзини тутиши, ақлли ҳаракатлари ва фойдали иш коэффициенти билан кўпни кўрган тажрибали футболчидек таассурот уйғотади. Аммо ҳақиқат шуки, асосий таркибдан жой олиш йўлида Максим Гоналондек рақобатчидан устун келган Тузар чиндан ҳам, ҳали 20 ёшга тўлмаган. Шуниси эътиборлики, йигитча ҳозирги муваффақиятлари билан чекланиб қолмоқчи эмас - у яқин йиллар ичида «Лион» етакчисига айланишни кўзламоқда.
- Люка, аввало, футболга қандай қадам ташлаганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз...
- Адашмасам, футбол машғулотларини 4 ёшлигимдан бошлаганман. Бу спорт турини шунчалик яхши кўрардимки, бошқа соҳани ҳаттоки, хаёлимга ҳам келтирмаганман. Хуллас, 6 ёшга тўлгунча Баньяк-сур-Селедаги мактабда шуғулландим. Кейин эса Авейронга кўчиб ўтдим ва у ерда «Риньякуа» академиясида таҳсил ола бошладим.
- Хўш, айнан қайси пайт профессионал футболчи бўлишга қарор қилдингиз?
- Очиғи, аслида футболга ҳаётдаги бош мақсад сифатида қараган эмасдим. Қолаверса, отам ҳам футболни биринчи ўринга қўйишимни маъқулламасди. Лекин табиий жисмоний кўрсаткичларим бу ўйинга ҳар томонлама мос тушарди. Кейинроқ, яъни академиядаги ўқиш жараёнида футболни касб ўлароқ танладим ва ҳаракат кўламини оширдим.
- Ўша пайт қайси футболчига кумир сифатида қарардингиз?
- Ёшлигимда нафақат мен, балки кўплаб болалар учун футболда алоҳида мукаммаллик тимсоли бор эди - Зайниддин Зидан. Дейлик, у майдонда мутлақо бошқа позицияда тўп сурса ҳамки, хатти-ҳаракатларини ўзгача мароқ билан кузатганимни яхши эслайман. Умуман, Зизунинг «Реал» ва «Ювентус» клубларидаги бирорта ўйинини қолдирмай томоша қилган бўлсам керак.
- Бугунги кунда ҳам ҳавасингизни келтирадиган футболчилар борми?
- Бундайлар кўп... Менга хусусан, Марко Верратти ва Тьяго Мотта ижросидаги ўйинлар кўпроқ ёқади.
- «Лион»да аввалига ўринбосарлар таркибида тўп сурдингиз, аммо орадан бир йил ўтар-ўтмай, асосий жамоадан жой олдингиз. Муваффақиятларингиз сири нима?
- Йўқ, аслида ҳаммаси мен учун кўпчилик ўйлаганидек осон кечмади. Чунончи, «Валансьен»да доимо бошланғич таркибда майдонга тушардим. «Лион» сафига қўшилгач, яна ўринбосарлар жамоасида ўйнашга мажбур бўлдим. Албатта, барчасини тўғри тушунардим, аммо бу ҳолатни қабул қилиш қийин эди, барибир.
- Ўзи «Лион» таклифини қабул қилиш чоғи нима ҳақда ўйлагансиз?
- Кўплаб саволлар сира тинчлик бермасди - «Лион»да ўйнаб кетармикинман, ўзи бу клубга муносибманми-йўқ, жамоадагилар мени қандай қабул қилишади? Шу орада 19 ёшли футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати бўлиб ўтгани қўл келди. Биз ушбу мусобақада бош совринни қўлга киритдик. Муҳими, ўйинларим мураббийларга маъқул тушди, шекилли, чемпионатдан қайтганимдан сўнг улар мени дарҳол асосий жамоа машғулотларига жалб этишди.
- Демакки, айнан қитъа биринчилиги фаолиятингизга ижобий таъсир кўрсатган?
- Худди шундай.
- Энди эса «Лион» мухлислари сизга «ўзимизники» қабилида қарай бошлашди...
- Ҳа, шундай ва бу ёқимли. Эсимда, клуб таркибига энди қўшилган пайтлар кўчада мухлислар учратиб қолиб, луқма ташлардилар - «Люка, ҳаттоки, қандай футболчи эканлигингни ҳам билмаймиз. Шунинг учун ҳозирча ёшлар таркибида ўйнаб тур - шунинг ўзи етарли». Мана, ортда қолган бир йил давомида вазият мутлақо ўзгарди. Эндиликда ҳар қадамда мақтов эшитяпман: «Люка, шу руҳда давом эт, клубимизга муносиб йигит экансан».
- Умуман, ҳозирги савиянгиздан ҳайратланмаяпсизми?
- Ўйлашимча, дунёдаги ҳар бир футболчи нималарга қодирлигини яхши билади. Мен ҳам қўлимдан кўп нарсалар келиши ва «Лион»да бир маромда ўйнаб кетишимга асло шубҳаланмаганман. Шахсий кўрсаткичларимдан унча ҳайрон эмасман. Ҳарқалай, клубга озми-кўп нафим тегяпти ва мухлислар бундан хурсандлар. Менга айни пайт энг кераклиси ҳам шу.
- Нима деб ўйлайсиз, сиз сабаб, захира ўриндиғига «михланган» Максим Гоналон ғазабга тушмаяптимикан?
- Билмадим. Аниғи шуки, соғ-лом рақобат ҳар қандай футболчи ва клубнинг ривожига хизмат қилади.
- Энг кучли ва кучсиз томонларингиз нима ҳамда уларга қандай баҳо берасиз?
- Камчиликдан бошлай қолай: тезроқ қарор қабул қилиш ва ўйинни «ўқиш»ни ўрганишим зарур. Шунингдек, узатмалар сифатини яхшиласам, зарар қилмасди. Устун томонларимга келсак, бу ҳақда мухлисларнинг гапирганлари маъқул.
- Ҳозирги «Лион»га етакчи футболчи етишмаётгандек. Балки бир-икки йилдан сўнг ушбу масъулиятли вазифани ўз зиммангизга оларсиз?
- Айни пайт Франция ёшлар термаси сардориман. Терма устози боғични менга раво кўрибдими, демак, у каминадаги етакчилик хусусиятларини пайқаган. Йўқ, мақтанчоқликка йўйманг, аммо келгусида «Лион»да шундай нуфузга эришсам, бундан фахрланардим.
- Келажакка мўлжалланган аниқ режангиз борми?
- «Лион» билан шартнома тузганимдан кейин фаолиятимда янги давр бошланаётганини теран ҳис қилгандим. Шукрки, ҳаммаси кўнгилдагидек бошланди. Эндиги мақсад - жамоа билан совринларни қўлга киритиш. Бошқа орзулар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Мен учун муҳими, «Лион»да жуда бахтиёрман.
А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20