Қайднома

Қидирув

Ғалаба умиди катта лекин хавотир ҳам бор

Ғалаба умиди катта лекин хавотир ҳам бор

  22.03.2017 06:26
  0
  2116
Ғалаба умиди катта лекин хавотир ҳам бор

Ўзбекистон миллий жамоаси 23 март куни ЖЧ-2018 учинчи саралаш босқичи иккинчи давра учрашувларини бошлайди. Самвел Бабаян бошчилигидаги футболчиларимиздан Малайзияда Сурия термасининг метин ҳимоясини ёриб ўтиш талаб этилиши тушунарли. Маълумки, сурияликлар мамлакатдаги нотинч ҳолат сабаб, уй ўйинларини нейтрал ҳудудда ўтказишяпти. Шунга қарамай, Айман ал Ҳаким шогирдлари имкон қадар ижобий натижалар қайд этишяпти. Ҳарқалай, бўлажак рақибимиз номинал мезбон сифатида майдонга тушган ўйинларда на Эрон ва на Жанубий Корея термасига имкониятни бой берди. Гуруҳ фаворитлари ҳаттоки, Сурия терма жамоаси дарвозасини ишғол қила олганлари ҳам йўқ. Ҳа, 23 март кунги рақибимиз ҳимоядан мус­таҳкам ўйин ташкил қилиш ҳадисини обдон ўзлаштирган.

Ўзбекистон миллий жамоаси «А» гуруҳи 6-туридан ўрин олган Сурия термасига қарши ўйинга жўнаш олдидан Тошкентда қисқа муддатли йиғин ташкил этди. Жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян ўтган ҳафта Сурия ва Қатар термаларига қарши кечадиган бўлажак 2та учрашув учун чақирилган таркибни эълон қилганди. Ундан 23 нафар футболчи ўрин олган. Хуллас, терма жамоа аъзолари 15 март куни «Пахтакор» стадионида шуғулланишди. «Ал-Жаиш» вакили - Сардор Рашидов терма жамоа ихтиёрига кейинроқ қўшилди. Одил Аҳмедов эса «Шанхай СИПГ»нинг ОЧЛ-2017даги ўйини сабаб, Малайзияга Хитойдан тўғри борди. Москванинг «Локомотив» клубида тўп сураётган Виталий Денисов ҳам терма жамоа вакиллари билан айнан Малайзияда кўришади. «Пахтакор» дарвозабони Александр Лобанов эса енгил жароҳати борлиги туфайли индивидуал тарзда шуғулланиш билан чекланди. Қолган футболчилар умумий гуруҳда шуғулланишди.

Терма жамоамиз Малайзияга БАА орқали борди. Яъни жамоамиз делегацияси Тошкентдан Дубайга учди ва у ердан Куала-Лумпур томон йўл олди.

Эътибор қаратинг, суриялик футболчилар ҳозиргача учинчи саралаш босқичи доирасидаги 5та ўйинда ўз дарвозаларидан бор-йўғи 2та гол қўйиб юборишди. Шу голлардан бири Тошкентда кечган 1-тур учрашувида урилган ва у терма жамоамизга кичик ҳисобли, лекин ўта муҳим ғалабани тақдим этганди. Сурия термаси дарвозасига иккинчи гол қатарлик футболчи томонидан Дохадаги ўйинда урилди. Ўйлаймизки, пайшанба куни ҳам футболчиларимиз сурияликлар дарвозасини ишғол қилиш эвини топишади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, терма жамоамизни ғалабадан ўзга натижа сира қониқтирмайди. 3 очко олинмаган тақдирда гуруҳдаги вазият биз учун анча чигаллашади ахир. Хуллас, ғалабага умид бор, лекин хавотир ҳам ундан кам эмас. Катта эҳтимолки, Сурия термаси яна ҳимоядан ўйнайди. Футболчиларимизнинг эса биринчи рақам остида ҳаракатланишлари аниқ. Ғалаба қозониш учун табиийки, гол уриш керак. Демакки, дарвозани ишғол қилиш йўлида чиройли ҳужумлар уюштириш шарт. Ўзга йўл йўқ. Бунинг учун қанотлар тинмай ишлаши, ҳужумда ўйнайдиган футболчиларимиз совуққон ҳаракатланишлари лозим. Игорь Сергеевнинг бугунги ҳолати нафақат мураббийлар, балки барчамизни хавотирга солаётгани бор гап. Ҳужумчини Хитой чемпионатидаги омадсизлик ҳамон тарк этгани йўқ. Тўғри, Самвел Бабаян бўлажак ўйинларга Темурхўжа Абдухолиқовни ҳам чақирди, ниҳоят. Лекин «Ал-Сайлия» футболчисининг майдонга туширилиши гумон. Иккинчи бўлимда вазият тақозосига қарабгина Темурхўжага мурожаат қилинса керак. Ваҳоланки, у Қатар Юлдузлар лигасида 4та гол уришга улгурди. Ўтган мавсум эса олий лигада тўпурар бўлганди. Яна тажрибали ҳужумчимиз Александр Гейнрихни унутмаслик лозим. Тошкентда ўтган биринчи давра ўйинида Сурия терма жамоаси дарвозасига ягона тўпни айнан Саша киритгани эсингизда, албатта. Кўпчилик Ўзбекистон терма жамоасининг асосий кучи сифатида легионерларни кўрсатади. Ҳақиқатан ҳам, шундай. Лекин 23 март кунги ўйин олдидан хориж клубларида ўйнаётган футболчиларимизнинг бугунги ҳолати талаб даражасидамикан? Билмадик. Дейлик, Хитой чемпионатида тўп сураётган Одил Аҳмедов ва Егор Кримец легионерларга қўйилган чеклов сабаб, ўз клубларида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаяптилар. Хайриятки, деярли «хитойлик»ка айланган Анзур Исмоилов бундан мустасно. Терма жамоада сардорнинг ўрнини босадиган футболчининг йўқлиги хавотирни бироз оширади. Боз устига, «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов «Москва дербиси» доирасида «Спартак»ка қарши ўйинда жароҳат орттириб олди. Ҳимоячи энди чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши лозим ва шундан кейингина унинг ҳолати ойдинлашади. Агар Денисовнинг жароҳати жиддий бўлиб чиқса, бу биз учун жуда катта йўқотиш ҳисобланади. Умид қиламизки, Виталий Сурия термасига қарши ўйинда жамоамизга ёрдам бера олади. Легионерларимиздан Сардор Рашидовга ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Қатар чемпионатида ўйнаётган ярим ҳимоячимиз сўнгги учрашувларда ўз голлари билан «Ал-Жаиш»нинг муваффақиятига муносиб улуш қўшиб келяпти. Сервер Жепаров эса Эрон чемпионатида ўз голлари ҳисобини очди. Лекин терма жамоамиз вице-сардори майдонга тушган ўйинларда тўлиқ вақт ҳаракатламаяпти. Бир неча йилдан буён БАА чемпионатида тўп сураётган Азизбек Ҳайдаровда аксинча, ўйин амалиёти етарли. Лекин унинг жамоаси - «Ал-Шабаб» про-лигада омадсиз иштирок этяпти. Тўғри, биз учун энг муҳими - Азизбекнинг майдонга тушаётгани.

Энди икки жамоанинг ўзаро ўйинлари статистикасига тўхталсак. Ўзбекистон ва Сурия термалари шу кунга қадар атиги 2 марта тўқнаш келишган. Биринчи ўйин  21 йил аввал, Осиё кубоги-96 гуруҳ босқичида кузатилганди. Ўшанда Шом юрти вакиллари ғалаба қозонишган - 2:1. Ўтган йилнинг 1 сентябрь куни бўлиб ўтган  учрашув натижаси барчанинг ёдида. Хуллас, ҳозирча тенглик юзага келган.

Сурия терма жамоасини ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин? 23 март кунги ўйин олдидан футболчилар ва мураббийларимизга айни шу савол билан  юзландик.

Сардор Рашидов (терма жамоа ярим ҳимоячиси): - Кайфия­тимиз аъло даражада. Куала-Лумпур шаҳрига Дубай орқали етиб келдик. Тошкентда бошланган тайёргарлик Дубайда давом эттирилди. Энди шу ерда 3 кун давомида шуғулланиб, тайёргарликни маромига етказамиз. Малайзияга фақат ғалаба илинжида келдик. Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини яхшилаш учун Сурия термасини енгишимиз шарт. Хўш, ниманинг эвазига? Менимча, тезкор гол урсак, ишимиз анча енгиллашади. Чунки сурияликлар ҳимояда мустаҳкам туришади. Биз билан ҳам иккинчи рақам остида ўйнашса керак. Умуман, ўз даражамизда тўп сурсак, Тошкентга ғалаба билан қайтамиз, албатта.

Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Шахсий фикрим, фақат аниқ узатмалар ва рақибни тўпсиз қолдириш эвазига ғалаба қозониш мумкин. Бордию, тўпни мақсадсиз олдинга тепавериш кузатилса, кўзланган мақсадга эришиш қийинлашади. Легионерлар асосий кучимизми? Йўқ, бундай эмас. Сурия термасининг кучли томони? Футболчилари жисмонан бақувват. Уларда яна ватанпарварлик туйғуси кучли. Сурияликлар терма жамоа манфаатини ўз клублариникидан устун қўйишади. Бизда ҳам шундайми?

Рустам Ашурматов (терма жамоага номзод ҳимоячи): - Ўйлашимча, Сурия термасини бирдамлик ва жамоавий ўйин эвазига мағлуб этиш мумкин. Футболчилар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб ҳаракат қилсаларгина мақсадга эришишади. Шахсан мен жамоамизнинг ғалаба қозонишига ишонаман. Дадил гапиришимга сабаб, ўзим миллий терма машғулотларида иштирок этдим. Ички муҳит жуда яхши. Тайёргарлик қандай кетаётганини биламан. Асосий кучимиз - легионерлар? Бу фикрга қўшиламан. Аммо унутмаслик керак, майдонга 11 нафар футболчи тушади.

Акбар Тўраев («Олмалиқ» дарвозабони): - Жамовий ўйин кўрсатилса, бемалол 3 очко оламиз. Жамоа футболчилари аҳил бўлсалар, мақсадга эришиш осон кечади. Сурия термаси ҳимояда мустаҳкам ўйнайди ва бу қўрғонни ёриб ўтиш осон эмас. Лекин футболчиларимиз астойдил ҳаракат қилишса, рақиб дарвозасини бир эмас, бир неча марта ишғол қилишади. Фурсатдан фойдаланиб, вакилларимизга Тошкентга ғалаба билан қайтишни тилайман.

Ўзбекистон термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичи «А» гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан 3-ўринда бормоқда. Сурияликлар 5 очкога эгалар ва 4-поғонани банд этиб турибдилар. Айтганча, жамоамиз 23 март куни Сурия термасига қарши баҳс тугаши ҳамоно Малайзиядан қайтади. Зеро, кейинги ўйин 28 март санасига белгиланган. Шу куни Тошкентда Қатар термаси меҳмон бўлади.

Ўзбекистон терма жамоаси таркиби

Дарвозабонлар: Александр Лобанов («Пахтакор»), Игнатий Нестеров («Локомотив»), Муроджон Зуҳуров («Бунёдкор»)

Ҳимоячилар: Егор Кримец («Пекин Гуоан», Хитой), Ислом Тўхтахўжаев («Локомотив»),  Виталий Денисов («Локомотив», Россия), Анзур Исмоилов («Чанчун Ятай», Хитой),  Даврон Ҳошимов («Пахтакор»), Олег Зотеев («Локомотив»)

Ярим ҳимоячилар: Отабек Шукуров («Бунёдкор»), Марат Бикмаев («Локомотив»), Жалолиддин Машарипов («Локомотив»), Элдор Шомуродов («Бунёдкор»), Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой), Азиз Ҳайдаров («Ал-Шабаб», БАА), Вадим Афонин («Оренбург», Россия), Саламат Қутибоев («Локомотив»), Сервер Жепаров («Сепаҳон», Эрон), Жамшид Искандеров («Пахтакор»), Сардор Рашидов («Ал-Жаиш», Қатар)

Ҳужумчилар: Александр Гейнрих («Ордабаси», Қозоғистон), Игорь Сергеев («Пахтакор»), Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)

------------------------------------------------

Сурия терма жамоаси таркиби

Дарвозабонлар: Иброҳим Алмаҳ («Ал-Иттиҳод», Сурия), Аҳмад Маданиа («Ал-Жаиш», Сурия), Маҳмуд ал Юсуф («Виктори», Мальдив ороллари)

Ҳимоячилар: Аҳмад ал Солиҳ («Хенан Жианье», Хитой), Ала ал Шблий («Нафт Ал-Васат», Ироқ), Моайд Ажан («Нафт Ал-Васат», Ироқ), Ҳусайин Жайед («Ал-Завра», Ироқ), Умар Миданий («Ал-Ваҳда», Сурия), Ходи ал Масрий («Ал- Ваҳда», Сурия)

Ярим ҳимоячилар: Маҳмуд ал Мавас («Умм Салал», Қатар), Осама Омари («Ал- Ваҳда», Сурия), Холид ал Мобайд («Ал-Ваҳда», Сурия), Одай ал Жафал («Ал-Нажаф», Ироқ), Тамер Муҳаммад («Дофар», Уммон), Амро Женият («Ал-Шабаб», Уммон), Фаҳд Юсуф («Ал-Жазира», Иордания), Иззеддин ал Авад («Ал-Жаиш», Сурия), Ваел ал Рифаий («Ал-Жазира», Иордания)

Ҳужумчилар: Омар Ҳарбин («Ал-Ҳилол», Саудия Арабистони), Насуҳ ал Накдалий («Ал-Иттиҳод», Сурия), Фирас ал Хатиб («Ал-Қувайт», Қувайт), Аҳмад ал Доуни («Ал-Нажаф», Ироқ), Мардик Мардикиан («Ал-Жазира», Иордания)

Камолиддин АЛИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz