Қайднома

Қидирув

Терма жамоамиз ғалабасига ишониш учун уч сабаб

Терма жамоамиз ғалабасига ишониш учун уч сабаб

  23.03.2017 16:51
  0
  3737
Терма жамоамиз ғалабасига ишониш учун уч сабаб

Ўзбекистон терма жамоасини бугун жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Қалбимизда бироз хавотир борлигини ҳеч кимдан яшира олмаймиз. Олти ой муқаддам айнан шу рақибга қарши кечадиган ўйин олдидан кўнглимиз бироз тинч эди, чунки бизнинг йигитлар Суриядан бир бош баланд туришига ишонар эдик.

Ҳозир ҳам бунга ишонамиз. Аммо шу билан бирга сурияликлар Эрон ва Жанубий Корея билан ўз майдонида, аниқроғи, Малайзиянинг Парои шаҳридаги стадионда дуранг ўйнаб, Хитойни эса сафарда енгиб, қалбимизга бироз ғулғула солиб қўйишгани ҳам бор гап. Ҳали бирор жамоа у ердан уч очко билан қайтмагани эса ҳар қандай одамни ўйлантириб қўйиши муқаррар.

Аммо шуларнинг барчасига қарамай, бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафардан уч очко билан қайтишига ишонамиз ва бу ишончимизни асослаб беришимиз ҳам мумкин. Қуйида бунинг учта сабабини келтириб ўтамиз.

1.РАҚИБНИ МЕНСИМАСЛИК

Эрон ва Жанубий Корея терма жамоаларининг Сурияга қарши ўтказган ўйинларини кўрганлар бўлса, ҳар икки жамоа ҳам рақибни бироз менсимай ўйнаганини сезган бўлсалар керак. Бу эса, нафақат Эрон ва Жанубий Корея, балки жуда кўп жамоаларга панд берган. Футбол олифталарни ёқтирмайди. У фақат майдонга тер тўкиб кирадиганларни суяди. Савия жиҳатидан устун бўлганлар баъзан манмансираб кетиб, бир оёқда ўйнаб ҳам рақибни ютиб қўйишларига ишонадилар. Бу эса оғир оқибатларга олиб келишини кўрганмиз.

Рақибни менсимай майдонга тушган жамоа ҳисобни тезда очиб олмаса, дақиқа ўтгани сари ўйин тизгинини қўлдан бой бераверади. Бу эса, асабийлик, пала-партишлик ва шошма-шошарликка олиб келади. Оқибатда аутсайдер жамоа ўз мақсадига етади. Сурияга дуранг олиб келган омиллардан бири айнан мана шу эди. Хўш, Ўзбекистон терма жамоаси билан ҳам шундай бўлмасмикан?

Аслини олсак, айнан шу жиҳат, яъни рақибни менсимаслик ўзимизга ҳам биринчи ўйинда сал қолса панд бериши мумкин эди. Ёдингизда бўлса, ўша учрашувда футболчиларимиз иккинчи бўлимнинг ўрталарига қадар ҳисобни оча олишмаган ва анча асабийлашиб қолишганди. Бахтимизга Александр Гейнрих захирадан майдонга тушиб, барчасини ҳал қилди. Умид қиламизки, футболчиларимиз бу сафар ишни шу қадар чўзиб юбормайдилар. Улар ўша учрашувдан анча сабоқ олишган ва бугун ортиқча муаммосиз ғалабага эришадилар.

2. ПАРОИДАГИ МАЙДОН

Малайзия иқлими шундайки, у ерда йилнинг 200 кунида ёмғир ёғади. Сурия ва Эрон ўртасида кечган баҳсда айнан шундай ёмғирли об-ҳаво меҳмонларни анча қийнаб қўйган эди. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинда нималар бўлишини билмаймиз. Балки ёмғир ёғар, балки ёғмас. Аммо футболчиларимизга қўл келадиган жиҳат шундаки, энди улар Пароига об-ҳавонинг инжиқликларини олдиндан билган ҳолда борадилар.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби Сурия ва Эрон ўртасида кечган ўша учрашувни яхшилаб ўргангани ва футболчиларни шунга мос ҳолда тайёрлаганига ишонамиз. Ҳам-юртларимиз кучли ёмғир остида ҳам, қуруқ майдонда ҳам ўйнашга тайёр ҳолда бўлишлари лозим. Ёмғир балки ёғар, балки ёғмас, аммо у энди кутилмаган совға бўлмайди. Ҳар ҳолда, биз бунга ишонамиз. Шундай экан, Сурия енг ичидаги қарталаридан биридан ажралиши муқаррар. Қолгани эса майдонда ҳал бўлади.

3. САВИЯ

Ҳар қандай ҳолатда ҳам мана шу учинчи сабаб бизнинг энг катта устунлигимиз бўлиб қолиши турган гап. Сурия терма жамоаси ҳар қанча тайёрланмасин, ҳар қанча олдинга интилмасин, бироқ барибир, савия жиҳатидан бизнинг йигитлар бир бош юқори туришларини инкор эта олмайдилар.

Ўзбекистон терма жамоаси сафида анча-мунча курашларда тобланган йигитлар бор ва улар ғалаба йўлида асосий вазифани бажаришлари шарт. Ҳаттоки, Виталий Денисовнинг жароҳат олгани ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмаслиги лозим. Ўзбекистон терма жамоаси барибир, кучли! Фақат энди бу кучни майдонда исботлаш қолган.

Хуллас, шундай гаплар. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Сурияга қарши сафарда жуда муҳим учрашувда майдонга тушади. Ва бу ўйиндан уч очко билан қайтишига биз мухлислар қатъиян ишонамиз. Зеро жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилган жамоа бундай баҳсда ғалаба қозониши шарт. Акс ҳолда, мундиал ҳақида ўйлашга ҳам ҳаққи қолмайди. Ишқилиб, бугун бизнинг кунимиз бўлсин.

Кун охирида эса бир-биримизни ғалаба билан табриклаш насиб этсин...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz