Қайднома

Қидирув

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «Легионернинг иши қийин…»

Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «Легионернинг иши қийин…»

  23.03.2017 03:31
  0
  2960
Темурхўжа АБДУХОЛИҚОВ: «Легионернинг иши қийин…»

Хабарингиз бор, айни пайт Қатар юлдузлар лигасида 4 нафар футболчимиз тўп суришмоқда. Улардан бири Темурхўжа Абдухолиқовдир. Бу квартетни Сардор Рашидов, Санжар Турсунов ва Санжар Шоаҳмедовлар тўлдиришган. 22та гол уриб, Ўзбекистон чемпионати-2016 тўпурарлигини қўлга киритган Абдухолиқов «Ал-Сайлия» билан 1,5 йиллик шартнома имзолаганди. Ўтган қисқа фурсат ичида ҳужумчимиз легионер номини оқлай бошлади. У чемпионат баҳсларида рақиблар дарвозасини бирин-кетин ишғол қилмоқда. Ўз навбатида, миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян Темурхўжани Сурия ва Қатарга қарши ўтказиладиган ўйинлар учун таклиф қилди. «Локомотив»нинг собиқ форварди терманинг январь ойидаги йиғинига ҳам чақирилган, лекин маълум сабабларга кўра, Абдухолиқов келмаганди. Ниҳоят, тўпурар футболчимиз ФИФА кунлари сабаб юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, Тошкентга қайтди ва миллий жамоа йиғинига қўшилди. Абдухолиқов ўтган йили газетамиз томонидан «Йилнинг энг фойдали футболчиси» номинациясида ғолиб, деб топилганди. Яқинда ана шу мукофотни ўз эгасига топшириш баҳонасида Темурхўжани суҳбатга тортдик.

- Темурхўжа, янги чемпионат, янги муҳитга мослашиш жараёни ортда қолдими?

- Шундай бўлди, деб умид қиламан. Лекин очиғини айтаман, Қатар чемпионатига мослашиш жараёни бироз қийин кечди. Чунки «Ал-Сайлия»га ўтишимдан олдин икки ойдан ошиқроқ вақт мобайнида расмий ўйинларда майдонга тушмагандим. Айнан шу жиҳат салбий таъсир кўрсатмасмикан, деган ҳадик ҳам йўқ эмасди. Шукрки, спорт формам, жисмоний ҳолатим панд бермади. Голлар ура бошладим.

- Бу жараёнда жамоадошларингиз ва мураббийнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим ҳисобланади. Ушбу масалада муаммо бўлмадими?

- Мураббийлар бизнинг жамоа сафига қандай ҳолатда қўшилганимиздан хабардор эдилар. Қатар чемпионатида мавсум экваторига етиб келганди. Шуни инобатга олиб ҳам улар бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Унча-бунча хатоларимизга кўз юмишди.

- Легионер сифатида бундан аввал Хорватия чемпионатида ҳам ўйнагансиз. Европа ва Осиё футболи ўртасидаги тафовут қанчалик сезиляпти?

- Энг асосийси, клублардаги профессионал ёндашув турлича. Бош-қа томондан унчалик катта фарқ сезилмайди.

- Тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Йўқ, асосан инглизчада суҳбатлашилади. Бу борада муаммо йўқ.

- Демак, хорижий тилни ўрганганингиз қўл келяпти, шундайми?

- Инглизчани юз фоиз биламан, деёлмайман. Лекин фикримни тушунтириб бераман. Ўз ўрнида, мураббийнинг кўрсатмаларини ҳам англаб оляпман. Албатта, футболнинг тили ҳамма ерда бир хил. Яъни терминлар деярли барча жойда бир хил янграйди.

- Қатар клубларида асосан хорижлик мураббийлар ишлашади. Бу ҳолат машғулотларда ҳам акс этяптими?

- Охирги клубим «Локомотив» билан таққослаганда катта ўзгариш йўқ. Ҳозир замонавий технологиялар кучайиб кетган. Осиё жамоаларида ҳам Европа футболи тажрибаси асосида машғулотлар ташкил этиляпти.

- Қатарда рақиблар дарвозасини 4 марта ишғол қилишга эришдингиз. Айтинг-чи, Ўзбекистон чемпио-натида гол уриш нисбатан осонроқ эканми ёки юлдузлар лигасида?

- Бугунги замонавий футболда ҳужумчиларнинг гол уриши муаммога айланиб боряпти. Ҳозир ўйинчилар универсаллашиб кетишган. Айрим ҳимоячилар ҳатто форвардлардан ҳам кўп тўп киритишяпти. Бу фикримга «Реал» ҳимоячиси Серхио Рамоснинг сермаҳсуллиги яққол мисол бўла олади. Жуда қийин вазиятларда ўз голлари билан жамоасини мағлубиятдан қутқариб қоляпти, «Қироллик клуби»га ғалаба келтирмоқда. Бошқа томондан олиб қарасак, ҳужумчидан ҳар доим тўп киритиш талаб этилади. Кўз тегмасин, рақиб дарвозасини ишғол қила бошладим. Баракасини берсин, чемпионатнинг қолган ўйинларида ҳам ўз голларим билан жамоам муваффақиятига ҳисса қўшиш ниятидаман.

- Рақобат кучлими?

- Албатта. Бу борада айниқса, легионерларга қийин бўлади. Маҳаллий футболчилардан ҳақиқатан кучли эканингизни исботлашингиз шарт. Рақобат бўлмаган тақдирда ҳам номингизга муносиблигингизни кўрсатишингиз керак. Айтишади-ку, легионер мақомидагиларнинг футболдаги тақдири ҳамиша қил устида туради.

- Бошқа легионерларимизга нисбатан олиб қараганда, сизга осонроқ. Чунки «Ал-Сайлия»да ёлғиз эмассиз. Санжар Шоаҳмедовнинг борлиги ишингизни анча енгиллаштиради...

- Тўғри. Бу энг катта ютуғимиз. Боз устига, Шоаҳмедов билан «Локомотив»да ҳам бирга ўйнадик. Қатар клуби раҳбарияти бир-биримизни майдонда яхши тушунишимиз ва мослашиб кетиш жараёни осон кечиши учун ҳам иккимизни ўз сафига қўшиб олган, деб ҳисоблайман. Қолаверса, Санжар Турсунов ва Сардор Рашидов бор. Улар билан битта шаҳардамиз. Ўйинлардан сўнг албатта, кўришиб, учрашувларни муҳокама қиламиз. Бу футболчилар ҳам бизнинг янги муҳитга мослашиб кетишимиз учун анча ёрдам беришди.

- «Ал-Сайлия» олдига қандай вазифа қўйилган?

- Максимал даражада ғалаба қозонишимиз лозим. Чемпионат якунланишига 3та тур қолди, кубок баҳсларида иштирок этяпмиз. Бу мусобақада ҳам юқори натижа кўзланмоқда. Мавсум якунланганидан сўнг клуб раҳбарияти жамоа олдига янги мақсадларни қўйиши аниқ.

- Шартномангиз бир ярим йилга тузилган эдими?

- Худди шундай. Лекин легионерларнинг келишуви бироз бошқача бўлади. Талабга жавоб бермаган футболчилар билан ўзаро келишган ҳолда исталган пайтда битимни бекор қилиш мумкин. Шунинг учун легионерларнинг иши қийин, ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш керак. Бугунги шартномангиз эртага ўз кучини йўқотиши ҳеч гап эмас.

- Мана, миллий терма жамоа йиғинига таклиф этилдингиз. Олдинда ЖЧ-2018 3-саралаш бос-қичи доирасидаги Сурия ва Қатарга қарши ўтказиладиган иккита муҳим учрашув кутиб турибди. Бўлажак ўйинлар ҳақида қандай фикрдасиз? Сурияликларни ниманинг эвазига мағлуб этишимиз мумкин?

- Энг асосийси, ҳамма футболчилар майдонга катта иштиёқ билан тушишлари шарт. Сурия термасини аввал ҳам енгганмиз. Шу ишни яна бир бор уддалашимизга ишонаман. Бу жамоадаги футболчиларнинг энг катта ютуғи - майдонда юқори шашт билан ҳаракат қилишади. Уларда юлдузлар йўқ. Лекин айнан иштиёқ ва ўз кучига бўлган ишонч эвазига кучли рақибларни қийин аҳволга солиб қўйишади. Сурияликлар буни Эрон ва Корея термаларидан муҳим очколарни тортиб олиш орқали ҳам исботлашди. Асосийси, Осиё грандларига қарши кечган баҳсларда дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Агар бизнинг футболчилардаги иштиёқ уларникидан юқори бўлсагина, кўзланган мақсадга эришамиз. Мақсад эса - Малайзияда ўтказиладиган ўйинда уч очко олиш. Сир эмас, аксарият мухлису мутахассислар хорижда тўп сураётган легионерларга катта умид боғлашмоқда. Бу футболчиларимизнинг учрашув куни қандай спорт формасида бўлишлари ҳам жуда муҳим. Ўйлайманки, воқеалар биз ўйлагандек ривож топиб, якунда муваффақиятга эришамиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz