Қайднома

Қидирув

Фэн СЯОТИН: «Жанубий Корея термасини ажаблантиришга қодирмиз»

Фэн СЯОТИН: «Жанубий Корея термасини ажаблантиришга қодирмиз»

  23.03.2017 15:15
  0
  870
Фэн СЯОТИН: «Жанубий Корея термасини ажаблантиришга қодирмиз»

Бугун ҳамюртларимизнинг диққат-эътибори Сурия-Ўзбекистон баҳсига қаратилиши шубҳасиз. Шунингдек, ушбу турда миллий жамоамиз билан бир гуруҳдан ўрин эгаллаган Хитой ва Жанубий Корея термалари ҳам ўзаро беллашишади. Мазкур баҳс арафасида FIFA.com сайти хитойликлар сардори Фэн Сяотиндан интервью олиб, унинг бўлажак учрашув ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. Марчелло Липпи бошчилигида муваффақиятсизлик гирдобидан чиқишга уринаётган жамоа июнь ойида бизга рақиблик қилади. Шуни инобатга олсак, ушбу суҳбат чоғида билдирилган маълумотлар ўзбек мухлисини ҳам бефарқ қолдирмаслиги табиий.

Фэн Сяотин хитойликларнинг Жанубий Корея термасига қарши кечадиган ҳар бир ўйинида ўзгача иштиёқ билан тўп суради. 2010 йили Чин юрти вакиллари сўнгги 32 йилда илк маротаба ён қўшниларини мағлубиятга учратишганида, ушбу ҳимоячи майдонда энг фаоллардан бири бўлганди. Ўшанда 3:0 ҳисоби қайд этилгани эса янада ажабланарли ҳол. Бу жамоалар сўнгги марта ЖЧ-2018 саралашининг ҳал қилувчи босқичида ўзаро тўқнаш келишган, ўшанда ҳам Фэн Хитой термасининг иккинчи голи урилишида асосий роллардан бирини ўйнаганди. Айнан у самарали ҳужумни бошлаб, кейинчалик мухлисларни хурсанд қилганди. Бугун Хитой ва Жанубий Корея термалари энди Чин юртида ўзаро куч синашишади. Миллий жамоада ўйнаш бўйича 13 йиллик тажрибага эга Сяотин яна рақибни ажаблантиришга уриниб кўради.

- Жанубий кореяликларга қарши кечган аввалги баҳсда мағлубиятга учраган бўлсакда, ёмон ўйнамадик, - дейди 31 ёшли ҳимоячи. - Рақиб атиги битта тўп фарқи билан ғалаба қозонди, аммо бизда ҳам гол уриш учун кўплаб имкониятлар юзага келди. Фақат йўл қўйган хатоларимиз туфайли ижобий натижага эришишни уддалай олмадик, қайсидир вазиятларда омадимиз келмади. Аммо шуни унутмаслик жоизки, Жанубий Корея - Осиёнинг энг яхши термаларидан бири, биздан кучлироқ. Таркибида юқори индивидуал маҳорат соҳиблари тўпланишган, жамоавий ўйин ҳам йўлга қў-йилган. Агар биз худди шундай савияда ўйин кўрсатиб, ўзимизга ишонсак, кореяликларга сюрприз тайёрлашимиз мумкин.

К-лигада орттирилган тажриба

Фэн Жанубий Корея футболи билан яхши таниш. У ва хитойлик кўплаб футболчилар К-лигада тўп суриш тажрибасига эгалар. Сяотин икки йил мобайнида «Тэгу» ва «Чонбук Хендэ Моторс» клублари шарафини ҳимоя қилди. Кейинчалик ўз юрти жамоаси - «Гуанжоу»га ўтиб, икки марта ОФК Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Эътиборлиси, Хитой чемпиони ҳар сафар К-лига клубларини турнирдан чиқариб юборишга эришди.

- Жанубий Корея термасидаги футболчиларни яхши биламан, уларнинг қандай ўйнашларидан ҳам хабардорман, - дейди Фэн миллий жамоасининг принципиал рақибни мағлубиятга учратиш имкониятларини чамаларкан. - Ўтган ўйинда кореяликлар 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганида, биз таслим бўлмадик ва уларнинг дарвозасига иккита гол урдик. Аммо афсуски, дурангга эришиш насиб қилмади. Бу сафар ўз майдонимизда тўп сурамиз ва аввалгидан яхшироқ ўйнашга интиламиз.

Хитойликлар учун ушбу ўйиндаги ғалаба жуда муҳим. «Аждарлар» ортда қолган 5та турдан сўнг атиги икки очко тўплаб, ҳозирда турнир жадвалининг сўнгги поғонасида боришмоқда. Бошқача айтганда, уларнинг тақдири қил устида турибди. Ушбу саралаш босқичи якунигача оз муддат қолганини инобатга олсак, Фэн жамоасининг ҳар бир ўйинда максимал очко тўплаши шартлигини яхши тушуниб турибди. Шундагина яна мундиал йўлланмаси учун курашиш имконияти пайдо бўлади.

- Ҳозирча натижаларимиз қувонарли эмас, имкониятларимизга ҳам юқори баҳо беролмайман, - дейди Сяотин. - Яна бешта учрашув бор ва бор эътиборимизни ушбу ўйинларга қаратишимиз даркор. Майдонга оптимал формада тушиб, ўз кучимизга ишонсак, юқори савияли футбол намойиш этишимиз мумкин.

Липпи қўл остида

Хитойликлар Жанубий Корея термасига қарши баҳсда янги бош мураббий бошчилигида майдонга тушишади: «Скуадра адзурра» билан 2006 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан Марчелло Липпи ўтган йилнинг октябрида Чин юрти миллий жамоасида иш бошлади. «Гуанжоу» ушбу мутахассис қўл остида уч марта Хитой чемпионлигини, бир маротаба мамлакат кубогини қўлга киритди. Фэн италиялик мураббийнинг ғалабали одимлари давом этишидан умидвор.

- Липпи хитойлик футболчилар ва Осиё жамоаларини яхши билади. Унинг бошқарувида ўйинимизда анча ўсиш кузатилди. Қатар термасига қарши кечган баҳс фикримга далил вазифасини ўтайди, гарчи ўша учрашувда ғалаба қозонмаган бўлсакда. Италиялик мутахассис психологик томондан жамоамизга катта ёрдам берди. У барчамиздан кучли бўлишни талаб қилди. Термада худди клубимиздагидек ўйнашга чақирди. Марчелло келгач, бизда ўсиш кузатилди, аммо бир кечанинг ўзидаёқ ўзгариш имконсиз. Бунинг учун маълум вақт керак.

Фэн Хитой термаси сардорлигини ўтган йилнинг март ойида қабул қилиб олганди. Ўшанда жамоа саралашнинг аввалги босқичини тарк этиш хавфи остида қолганди. Хитойликлар собиқ бош мураббий Гао Хунбо ҳамда Фэн бошчилигида учта ўйинда ғалабага эришиб (Қатар ҳам мағлубиятга учратилганди - 2:0), ҳал қилувчи раундда қатнашиш масаласини ижобий ҳал этишганди.

- 15 йиллик танаффусдан сўнг, ниҳоят, саралашнинг ҳал қилувчи босқичига йўл олдик. Эҳтимол, ушбу раундда узоқ муддат қатнашмаганимиз туфайли ҳам бу галги старт биз учун шундай ёмон бошлангандир, - деди Сяотин.

Эндиликда хитойликларнинг йўқотадиган нарсалари йўқ, Фэн ва унинг жамоадошлари мундиалдан четда қолмаслик учун бор кучларини беришлари аниқ.

- Жаҳон чемпионати саралаши бошқа турнирлардан тубдан фарқланади. Бу - Осиёнинг энг асосий мусобақаси, шу боис биз курашсиз енгилмаймиз. Ўйлашимча, бу менинг саралаш баҳсларидаги сўнгги иштироким бўлади, чунки ЖЧ-2022 бошланганда 37га тўламан. Энди ёш эмасман, аммо ҳозир энг кучга тўлган пайтим - ҳам жисмонан, ҳам руҳан. Мен курашга тайёрман, бу галги имкониятимизни қўлдан чиқармаймиз, деган умиддаман, - деди Фэн суҳбат сўнгида.

P.S.: Кўриб турганингиздек, хитойликлар кейинги ўйинларга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Уларнинг йўқотадиган нарсаси қолмаган ва ҳар бир баҳсга худди ҳаёт-мамот жангидек қарашлари шубҳасиз. Афтидан, Ўзбекистон миллий жамоаси Чин юрти вакилларини сафарда ҳам мағлубиятга учратиш учун икки карра кўпроқ куч сарфлашига тўғри келадиган кўринади. Демак, тайёргарлик шунга яраша бўлмоғи даркор. Боз устига, Хитой термасидаги кучли иштиёқ Эрон ва Жанубий Корея термаларининг очко йўқотишларига олиб келиши мумкин. Бу эса, биз учун айни муддао.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz