Қайднома

Қидирув

Аслида ким фаворит?

Аслида ким фаворит?

  28.03.2017 06:16
  0
  2739
Аслида ким фаворит?

ЖЧ-2018 саралаши учинчи раунди иккинчи даврасининг илк ўйинларига назар солиб, беихтиёх ўйга чўмасан: «Наҳотки, ҳаммаси бошидан бошланяпти?» Лекин яққол фаворитлар ҳам ажралиб қолди. Дейлик, Эрон ва Япония термалари навбатдаги турда ҳам ғалаба қозонса, йўлланма масаласини 80 фоизга ҳал қилган ҳисобланади. Боз устига, ҳар икки гуруҳ етакчиси 7-турда қуйироқда турган жамоаларни қабул қилади. Демак, уларда таъқибчилардан янада олислаб кетиш имкони бор. Хуллас, бугунги учрашувлар натижаси кўп нарсаларни ойдинлаштириб бериши мумкин, бизнингча!

«A» гуруҳи

Ж.Корея - Сурия

Сеул. «Ворлд Кап» стадиони

Ж.Корея термаси бош мураббийи Ульрих Штилике хитойликларга қарши баҳсда асосий таркибда Жи Донг Вон - Ли Жонг Хеоп ҳужум жуфтлигига таянди. Бироқ биринчи бўлимдаёқ 4-4-2 тактикаси ҳамда ҳужум дуэти нотўғри танлангани сезилиб қолди. Танаффусдан кейин майдонга ташланган Ким Шин Вук ҳам гол уриш учун яққол вазиятга чиққани йўқ. Сурия терма жамоаси эса сиёсий сабаблар туфайли таркибни тўлиқ йиғиш имконини тополмаяпти. Лекин Айман ал Ҳаким ҳужум ва дарвоза чизиғидан хавотир олмаса ҳам бўлаверади. Маҳмуд ал Мавас ва Холид ал Мобайд ҳисобига ярим ҳимоя ҳам анча ишончли кўринмоқда. Ҳа, кўз ўнгимизда Осиё футболида янги куч бош кўтаряпти. Унинг шакли 2007 йилги Ироқ термасини эсга соляпти...

IF тахмини: 45 (Ж.Корея термаси ғалаба қозонади) - 30 (дуранг бўлади) - 25 (Сурия термаси ғалаба қозонади).

Эрон - Хитой

Теҳрон. «Озоди» стадиони

Ўтган турда ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган хитойликлар посбони Зенг Ченг терма жамоада асосий посбон мақоми ўзига тегишли эканлигини Марчелло Липпи ва бутун Чин юртига исботлаб қўйди. Аслида Липпи танлаган 4-4-2 тактикаси тез-тез 6-4 шаклига ҳам айланиб турди. Майдон марказини қўриқлаш роли Рен Ханг­дан Жианг Зипенгга олиб берилгани Липпининг нақадар моҳир стратег эканлигига далолат. Шундай ҳолатларда жаҳон даражасидаги мураббийга эга бўлишни хоҳлайсан беихтиёр. Эрон термасига келсак, Қатардаги баҳсда жамоа сардори Эҳсон Ҳожисафининг чап қанотдан уюштирган 2та юриши ва уларнинг якунига етмай қолиш жараёни кўпчиликда ўзгача таассурот уйғотди. Жамоа сардорининг гол талаб қилиб, жон куйдириши Эрон футболига хос жиҳат. Ёдингиздами, 2007 йили Осиё кубоги гуруҳ босқичида терма жамоамиз билан ўйинда ҳам форсларда шундай эҳтирослар барқ урганди. 27 ёшли Ҳожисафининг сардорликка танланиши барча рақиб жамоалар бош мураббийлари учун ҳақиқий бош оғриғи қайсидир маънода...

IF тахмини: 50 - 20 - 30.

Ўзбекистон - Қатар

Тошкент. «Бунёдкор» стадиони

Мухлислар томонидан «Орқага «пас» бериш бўйича жаҳон чемпиони» унвонига лойиқ кўрилаётган терма жамоамиз масаласи қандайдир тушунарсиз. Қатарликларга қарши баҳсда ғалабадан ўзга натижа вакилларимизни сира қаноатлантирмайди. Марат Бикмаев - Темурхўжа Абдухолиқов боғлами «Локомотив»да эффект бергандир, аниқроғи, бу Санжар Шоаҳмедов орқали таъминланганди. Бугун жамоамиз таваккал қилиб, 3 нафар ҳужумчи тактикасини қўллаши керакмикан...? Ҳарқалай, рақиб биздан бунақасини асло кутмаслиги тайин. Жалолиддин Машарипов ва Сервер Жепаров ўрнига Сардор Рашидов ва Отабек Шукуров танланиши мақсадга мувофиқдек кўринмоқда.

IF тахмини: 50 - 25 - 25.

«B» гуруҳи

Австралия - БАА

Сидней. «Сидней» стадиони

Австралияликлар бу сафар 3 нафар ҳужумчини майдонга туширишга ботинолмасалар  керак. Жексон Ирвин - Робби Крузе тандемининг иш беришига ишонч кам. Лекин Анге Постекоглу танлайдиган тактикаларга кўпинча тушуниш қийин. Бундан ташқари, Авс­тралия клубларининг ОЧЛдаги ўйинлари ва терма жамоа ҳаракатлари ўртасида катта фарқ бор. БАА термаси хусусида эса бундай дейиш ноўрин. Маҳди Али дарвозага Мажид Носирни қайтарар, балки. Жамоа кутилмаганда, ҳужумчилар танқислигига учради. Умар Абдулраҳмоннинг сариқ карточкаси ҳам Маҳди Али тактикаларига халақит беради. Али Мабҳут эса ушбу ўйинда эркин позиция эгаси сифатида тўп суриши мумкин.

IF тахмини: 40 - 30 - 30.

Япония - Таиланд

Саитама. «Саитама Стэдиум 2002» стадиони

Японлар ҳужум чизиғида янги юлдузлар (Кубо-Осако-Харагучи) пайдо бўлишди. Ҳимоя эса ҳамон синалганлардан иборат. Япония  футболининг шу анъанасига қойил қолиш керак. Улар ўзгаришларни ҳужумдан бошлаб, дарвозабон билан якунлашади. Сардор Майя Йошида бошчилигидаги ҳимоячилар ўз майдонларида айтарли муаммога учрамасликлари та­йин. Таиланд термаси мураббийларининг эса ярим ҳимояда Адисак Краисорн - Танабон Кесарат дуэтидан кўпроқ фойдаланишлари эҳтимоли баланд.

IF тахмини: 65 - 20 - 15.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур интервьюнинг тўлиқ қисмини ИнтерФУТБОЛ газетасининг 25-сонида мутолаа қилишшингиз мумкин.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz