Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон-Қатар: ким қандай фикрда?

Ўзбекистон-Қатар: ким қандай фикрда?

  28.03.2017 16:55
  1
  1046
Ўзбекистон-Қатар: ким қандай фикрда?

Мана, Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ўйин бошланишига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Сурияга қарши ўтган ва муҳим очколар бой берилган аввалги учрашувдан кейин ҳар бир футбол мухлисида бошқаларникига ўхшамайдиган алоҳида фикр юзага келгани аниқ. Газета таҳририяти ҳам албатта, миллионлар ўйинига бефарқ бўлмаган инсонлардан ташкил топган. Қани кўрайликчи, InterFutbol нашри ходимлари бугунги беллашувдан қандай ҳисобларни кутишяпти экан?!

Жаъфар Бобохонов: «Менимча, бугун йигитларимиз аввалги ўйинда бой берилган очко ва обрўни тиклаш учун астойдил ҳаракат қилишади ва 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришишади. Бироқ асосий ҳужумчи сифатида Сергеев эмас, Абдуҳолиқов туширилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Темурхўжа айнан Қатар чемпионатида кетма-кет голлар урмоқда. Айтмоқчиманки, у рақиб ҳимоячиларининг имкониятлари ва камчиликларини Игордан кўра яхшироқ биларди».

Ўткир Умаров: «Очиғи, бугунги учрашувдан кўп голлар кутмаяпман. Яъни терма жамоамиз «аъанавий» усулда, биргина гол эвазига ғалаба қозонади. Қолаверса, ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, футболчиларимизда кучли босим юзага келган ва бу омил йигитларимизни ўз имкониятлари даражасида тўп суришига халал беради. Ҳужумчи масаласига келсак, Сергеевга ишонч билдирилиши – мен учун бироз кутилмаган бўлди».

Исроил Рахимов: «Гарчи термамиз бугун чиройли ўйнаб, ишончли ҳисобда ғолиб чиқишини ич-ичимдан истаётган бўлсам-да, ўйин дуранг натижа билан якунланишини тахмин қиламан. Сабаби, бугун футболчиларимиз майдонда ишончни қайтариш учун ҳаддан ташқари жон куйдиришади ва бу табиийки, жамоага кучли ҳаяжон юклайди. Рақибни эса ортиқча босим безовта қилмаяпти. Шундоқ ҳам қатарликлар дурангни кўзлаб майдонга тушишса, ажабланмайман. Қисқаси, менинг фикрим – 1:1».

Абдулло Исроилхонов: «Ўйлашимча, бугун терма жамоамиз яна мағлубиятга учрайди. Тўғри, бу фикр кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Аммо вазиятга реал қарасак, ҳозирги Қатар термаси нисбатан кучлироқ, тартиблироқ жамоа бўлиб кўринмоқда. Қолаверса, рақиб олдинги турда Эронга қарши жуда чиройли ўйин намойиш қилди ва улар учрашувга руҳан тайёрлар. Афсуски, бу фикрни терма жамоамизга нисбатан ишлата олмайман».

Жаҳонгир Абдувалихўжаев: «Бугун албатта, ғалаба қозонамиз. Бўлганида ҳам, Қатарни 3:0 ҳисобида енгамиз. Шахсан мен бунга ишонаман. Негаки, ўтган ўйиндан кейин юзага келган можаролар йигитларимизда «спортча жаҳл» деб аталадиган ҳиссиётни уйғотиб юборган. Шу боис улар майдонга кўзлари ёниб тушишади ва рақибни тор-мор қилишади».

Абдураҳмонхўжа Аҳмедов: «Менинг тахминимча, ўйинда 3:1 ҳисоби кузатилади. Аммо шу билан бирга, терма жамоамизнинг мураббийлар штабига нисбатан эътирозим ҳам бор: таваккал қилиб бўлса-да, майдонга икки нафар соф ҳужумчи тушириш керак эди. Шомуродовнинг ўрнини Машарипов бемалол босиши мумкин, ахир. Шундан фойдаланиб, Элдорни Сергеевнинг ёнида синаб кўрилса, ёмон бўлмасди. Албатта, бу ҳолатда таркибда кимдир ортиқчалик қилади. Шуни инобатга олсак, Жепаровни захирида ушлаб туриш орқали мураббийлар ҳеч нима йўқотишмасди».


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


мени фикрим 1-2 булса керак агар палакат босиб ютишиб куйишмаса таркибизда лабанов хошимов сергеевлар бор экан булардан хар нарса кутишимиз мумкин
28.03.2017 18:30

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz