Қайднома

Қидирув

Максим Шацких: «Бунёдкор» ҳамда «Нефтчи» ўйинларига қизиқишим баланд»

Максим Шацких: «Бунёдкор» ҳамда «Нефтчи» ўйинларига қизиқишим баланд»

  29.03.2017 03:32
  0
  2018
Максим Шацких: «Бунёдкор» ҳамда «Нефтчи» ўйинларига қизиқишим баланд»

Газетамизнинг аввалги сонларида Протасов номидаги тўпурарлар клубига асос солингани ҳақида маълумот бергандик. Мазкур фахрий клубга собиқ иттифоқда туғилган ва бошқа мамлакатлар чемпио­натларида 100та ёки кўпроқ гол урган футболчилар аъзо бўлишади. Хуллас, украиналик ҳамкасбларимиз яқинда Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Максим Шацких билан учрашиб, унинг айнан «Протасов клуби» ҳақидаги фикрларига қизиқишди. Умуман, суҳбат асосан ўзбек футболи хусусида кечди.

- Максим, сизнингча, «Протасов клуби» футбол учун керакми?

- Ҳа, албатта! Бу ҳар қандай футболчига қўшимча куч бағишлайди. Шунингдек, ушбу лойиҳа собиқ иттифоқ ҳудудидаги ўйинчиларни бирлаштириб туради. Ҳеч кимга сир эмас, собиқ иттифоқ чемпионати Европанинг энг кучли лигаларидан бири саналган.

- Сиз учун ҳужумчи сифатида бирданига 3та тўпурарлар клубига кириш қандай аҳамият касб этади?

- Жуда катта. Демак, футбол майдонида вақтни бекор ўтказмаганман. Мен учун голларим ва жамоам ютуғининг мухлисларга қувонч бағишлаши муҳим саналган. Афсуски, Ўзбекистонда Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий номидаги фахрий клубларни шакллантиришда футболчиларнинг хориж чемпионатларида урган голлари ҳисобга олинмайди.

- «Протасов клуби»га кирган қайси футболчилар билан шахсан танишсиз?

- Деярли барчаларини биламан, танийман. Баъзилари билан битта жамоада ўйнаганман, бош­қаларига қарши тўп сурганман.

- Клуб тузилишига асос берган Олег Протасовни эслайсизми?

- Албатта. Айниқса, собиқ иттифоқ терма жамоасидаги ўйинлари орқали. У 1985 йилги чемпионатда 35та гол уриб, рекорд ўрнатганди. Ҳозиргача ҳеч ким ўша натижани такрорлай олмади. Эътиборли томони, ўша вақт Протасов энди  21 ёшни қаршилаган экан. Яна бир жиҳати, у собиқ иттифоқ футболчилари орасида биринчи ва ягона марта «Кумуш бутса»ни қўлга киритган. Ўша мавсум «Олтин бутса» Протасовдан 2тагина кўп гол урган Марко ван Бастенга насиб этганди.

- Ўзбекистон чемпионатидаги ишларга ҳам қизиқиб турасизми?

- Ҳа. Имкониятга қараб, натижалар билан танишиб чиқаман. Шунингдек, Ўзбекистон клубларининг Осиё турнирларидаги иштирокига ҳам бефарқ эмасман. Табиийки, терма жамоамиз ва клубларнинг халқаро ареналардаги ютуқларидан ўзгача шодланаман. Айтишим жоиз, ўзбек футболи йилдан-йилга ривожланмоқда. Албатта, бу одамни қувонтиради.

- Хўш, Ўзбекистоннинг қайси жамоасига алоҳида мухлислик қиласиз?

- «Бунёдкор»га. Бу жамоада энг яқин дўстим Виктор Карпенко тўп сурган. У айни пайт Тошкент клуби мураббийлар штабидан ишламоқда. Шунингдек, Фарғонанинг «Нефтчи»си ўйинларига қизиқишим баланд. Зеро, бу жамоани яна бир яқин дўс­тим Андрей Фёдоров бош­қармоқда. Улар билан Ўзбекистон терма жамоа­си сафида бирга тўп сурганмиз.

- Сизнингча, жорий мавсум совринли ўринлар учун қайси жамоалар кураш олиб боради?

- Бу масалада жиддий ўзгариш кузатилмаса керак. Олдингидек «Локомотив», «Бун­ёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф»­нинг имкониятлари баландроқ, чамамда.

- Ўзингиз айни пайт нималар билан машғулсиз?

- Киев «Динамо»сининг ёшлар (U-19) жамоаси мураббийлар штабида ишлаяпман.

- Оилада эса ишончли таянч­га эгасиз...

- Ҳа, ажойиб оилам бор - рафиқам Олеся ва икки қизим. Катта қизим Рената яқинда институтдаги таҳсилни тамомлайди. Кенжам - Кристина эса 9-синфда ўқимоқда. Умуман, мен учун энг муқаддаси - айнан оила.

Биографик маълумот

Максим Александрович Шацких 1978 йилнинг 30 август куни Тошкентда туғилган. «Пахтакор» футбол мактаби тарбияланувчиси. Ҳужумчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи. Фаолияти давомида «Сокол» (Саратов), «Торпедо» (Волжский), «Лада» (Тольятти), «Газовик-Газпром» (Ижевск), «Балтика» (Калининград), «Динамо» (Киев), «Арсенал» (Киев), «Черноморец» (Одесса), «Говерла» (Ужгород) ва «Локомотив» (Астана) клубларида ўйнаган. Умумий ҳисобда Россия, Украина, Қозоғистон ва УЕФАнинг клублар доирасидаги расмий турнирларида 566та ўйин ўтказиб, 206та гол урган. Ўзбекистон миллий жамоасидаги статистикаси: 61та ўйин, 34та гол. Максим Шацких ҳисобида Украина чемпионатининг 6та олтин медали бор. У бундан ташқари, Украина кубоги, суперкубоги ва чемпионат кумуш медалининг кўп карра соҳибидир. 2009 йили эса Қозоғистон чемпионатида ҳам кумуш медаль ютган. Ўзбекистонда 4 марта (2003, 2005-2007) йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган. Украина чемпионатининг 2 карра энг яхши тўпурари (2000 ва 2003). Украина чемпио­нати тарихидаги энг яхши тўпурар мақоми ҳам айнан Шацкихга тегишли (124та гол). 2011 йили легионер-тўпурарлар клубига унинг номи берилган. Макс яна Олег Блохин ва Сергей Ребров номидаги тўпурарлар клуби аъзоси саналади. Жорий йил март ойида Олег Протасов номидаги тўпурарлар клубига киритилди (183та гол).


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz