Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаши доирасида қатарга қарши кечган учрашувда яна аввалги анъанани давом эттирди - ҳамюртларимиз яқин орада бу термадан мағлубиятга учрашмаган эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Эътиборли томони, мана шу саралаш босқичида қатарга қарши кечган учрашувнинг ҳар иккисида ҳам бир хил - 1:0 ҳисобида ғалабага эришилди. Бу муваффақият билан бирга Суриядан учралган мағлубиятдан сўнг бошланган совуқ кунлар ортда қолиб, ўзбек футболига яна баҳор қайтди.
ЖЧ-2018 саралаш босқичи. учинчи раунд. «А» гуруҳи. 7-тур
Матбуот анжумани (ўйиндан олдин)
ЖЧ-2018 саралаши учинчи раунди «А» гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон - қатар учрашувидан олдин ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида миллий жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаян ва ярим ҳимоячи Марат Бикмаев иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтаришди.
Самвел Бабаян (Ўзбекистон м.т.ж. бош мураббийи):
- Малайзияда қайд этилган натижа учун мухлислардан узр сўрайман. Сурия термаси билан ўйинда қаердадир хато қилгандирман. Йигитлар охиригача курашишди, аммо сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол учрашув масаласини ҳал қилди.
Афсуски, ҳеч қайси баҳсда оптимал таркибда ўйнай олмаяпмиз. Аввалги ўйинларда йўқотишлар бўлди. қатарга қарши кечадиган учрашувда Денисов майдонга тушолмайди ва бундан афсусдамиз. Тўхтахўжаев эса сариқ карточкалари тўпланиб қолгани туфайли баҳсни ўтказиб юборади.
Гуруҳимизда кураш сўнгги тургача давом этади, чунки рақиблар ҳам очко йўқотишмоқда. Асосий мақсадимиз — ғалаба қозониб, ЖЧ-2018 турнирига йўл олиш. Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзлардан қочмайман. Ҳақиқатан ҳам шундай. Балки эртага истеъфога чиқарман. Асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018га йўл олиши керак.
Стадионга қанча мухлис келишидан қатъий назар, улардан далда сўраб қоламиз ва бизни қўллаб-қувватлашларига умид қиламиз.
Марат Бикмаев (Ўзбекистон м.т.ж. ҳужумчиси):
- Сурия термасига қарши кечган ўйиндан кейин ўзимизга келиб олдик ва эртага ғалаба учун бор кучимизни беришга тайёрмиз. Мухлислардан стадионга келиб, қўллаб-қувватлашларини сўраймиз.
Хорхе Фоссати (қатар м.т.ж бош мураббийи):
- Гуруҳдаги ҳар бир ўйин қийин кечади. Ўзбекистон термасини ҳурмат қиламиз, лекин бу ерга ғалаба қозониш учун келганмиз. Тошкентдаги аввалги натижалар шунчаки, рақамлар ва статистика. Тўғри, қатар сафарда Ўзбекистонни ютмаган, аммо эртага янги ўйин бўлади ва янги саҳифа очиш қўлимиздан келади.
Рақиб таркибида кучли футболчилар бор. Ҳа, Рашидов ва Абдухолиқов қатар лигасида ўйнашади, аммо биз ҳам уларни кузатиб борамиз. қолаверса, қатар таркибида ҳам кучли футболчилар етарли.
Ўзбекистон термаси тартибли ўйин кўрсатади. Жамоа доим режа ва стратегия асосида ҳаракат қилади. Уларнинг сурияликларга мағлуб бўлишганини кутилмаган ҳолат, дея олмайман. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар бир баҳс қийин, осон беллашувнинг ўзи йўқ. Агар Сурия термаси Ўзбекистон жамоасини йирик ҳисобда ютганида, шу натижа мен учун ҳайратланарли бўларди.
ЎЙИН ОЛДИДАН
Учрашув арафасида вазият анча қалтис эди. Сурияга қарши сафарда кечган ўйинда учралган мағлубиятдан сўнг терма жамоа жуда оғир аҳволда қолди. Ҳар томондан ёғилган танқид тошлари ҳеч кимнинг ҳаётини осон қилгани йўқ. Айниқса, бош мураббий Самвел Бабаяннинг бошида кўп «калтак синди» ва бу танқидларнинг барчасида асос бор эди. Сурияга қарши кечган баҳсда дарҳақиқат, терма жамоа жуда ёмон ўйин намойиш этганди.
Бироқ айтиш мумкинки, айнан мана шу танқидлар Ўзбекистон терма жамоасига янги куч берди. Футболчилар ким аслида кимлигини исботлаш учун ҳам майдонга тушдилар ва бор куч билан ўйнадилар. ғалаба тактика ва ўйин услубидан кўра айнан мана шу иштиёқ эвазига қўлга киритилди, дейиш мумкин. Аммо муваффақиятга осонлик билан эришилмади.
ТАРКИБ
Самвел Бабаян Суриядаги мағлубиятдан сўнг таркибда сезиларли ўзгаришлар қилди. Ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов, Игорь Сергеев ва Сардор Рашидовлар майдонга тушишди. Чап қанот ҳимоясидаги муаммо эса Александр Мерзляков ҳисобига бартараф этилди. Гарчи Саша жуда катта ҳажмдаги ишни бажармаган бўлса-да, ҳар ҳолда ўз позициясида ҳаракат қилгани туфайли ҳам ўйинни бузиб қўймади.
Бошқа ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Ҳатто ўтган ўйинда қўпол хатога йўл қўйиб, пенальтига сабабчи бўлган Егор Кримец ҳам жойида қолди. Бироз олдинга ўтиб айтиш лозим, айнан мана шу қарор панд бериши мумкин эди. Бахтимизга Кримец бу сафар сал «адашди». Унинг беихтиёр ўз дарвозамиз томон йўллаган зарбаси тўсинга тегиб қайтди. Бироқ бу ҳақида кейинроқ.
БИРИНЧИ БЎЛИМ
Кутилмаганда учрашув қатар терма жамоасининг устунлиги билан бошланди. Рақиб меҳмонда тўп сурганига қарамасдан ҳужумда фаол ҳаракат қилди ва ҳимоячиларимизни анча шошириб қўйди. Фақат биринчи бўлим ўрталарига келиб Ўзбекистон терма жамоаси вазиятни ўнглашга эришди.
Қатар термасининг муаммоси шундаки, таркибда техник жиҳатдан кучли футболчилар кўп, бироқ улар якдил бир жамоа бўлиб бирлашишда муаммога дуч келадилар. Шу боисми, қатарнинг дастлабки дақиқаларда ташкил қилган ҳужумлари зарба билан якунига етмади.
Ўзбекистон терма жамоаси эса дастлабки хавфли ҳужумни 14-дақиқада ташкил этди. Одил Аҳмедов ўнг қанотдан тўпни ажойиб тарзда марказга олиб ўтди ва Жепаров томон йўллади. Бироқ Сервернинг Рашидов томон узатган тўпи бироз ёнга оғиб кетди ва Сардорнинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси йўлига ҳимоячи тўғаноқ бўлди.
Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи бўлимда ташкил этган кейинги ҳужумлари ҳам худди шу тахлит якунланди. Таъкидлаш жоиз, бу ҳужумларда ягона ҳужумчи Игорь Сергеев деярли кўзга ташлангани йўқ. Сурия термаси билан бўлган ўйинни ўтказиб юборган Сардор Рашидов эса аксинча, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек фаол бўлишга интилди. Шунингдек, Элдор Шомуродовга ҳам ортиқча эътироз йўқ. Ёш футболчи имкон даражасида ҳаракат қилди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Ўйиннинг боришини кескин ўзгартириб юборган ҳолат 66-дақиқада рўй берди. Игорь Сергеев учрашувдаги ягона фойдали ҳаракатни амалга оширди - керак вақтда йиқилди ва жарима зарбаси ишлади. Агар бу зарбани одатдагидек Жепаров тепганда балки хавфли вазият юзага келмаган бўлармиди... Бироқ тўп ёнида Одил Аҳмедов ҳам бор эди, стандартни айнан жамоа сардори амалга оширди. Афтидан, худди шу ҳолат қатар ҳимоячилари ва дарвозабонини ҳам алдаб қўйди шекилли, тўпнинг тўрдан ўрин олишига ҳеч ким тўсқинлик қилолмади.
қатар термаси азалдан шундай жамоа ҳисобланади - гол ўтказиб юборгач, ўзига келиши қийин. Бу сафар ҳам худди шундай ҳолат рўй берди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимояга қайтди ва бор эътиборини ўз дарвозасини қўриқлашга қаратди. қатар футболчилари эса босимни кучайтириш ўрнига пала-партиш ҳаракатлари билан вазиятни янада чигаллаштирдилар.
Агар шу ҳолатдан Самвел Бабаян шогирдлари фойдалана олишганида ҳисоб анча йирик кўриниш олиши ҳеч гап эмас эди. Масалан, голдан сўнг 7 дақиқа ўтиб Одил Аҳмедовда яна бир қулай вазият юзага келди. Бироқ ярим ҳимоячининг жарима майдончасига кирар-кирмас йўллаган зарбасини дарвозабон майдон ташқарисига чиқариб юборди.
ВАҚТ ЧЎЗИШ
Рақибга ўзига келиб олиш учун қанча фурсат берсанг, вазият шунча қалтислашиб бораверади. Ўзбекистон терма жамоаси қулай имкониятлардан фойдалана олмагач, қатар ҳам хавфли ҳужумлар ташкил эта бошлади. Шундан сўнг Самвел Бабаян шогирдлари бошқача услубга ўтишди, турли йўллар билан вақт чўзиш бошланди. Айниқса, Александр Лобанов бу борада фаоллик кўрсатди.
Гарчи сариқ карточка олган бўлса-да, дарвозабон ҳар ҳолда қимматли сонияларни ютишга эришди. Бундай сониялар нафақат вақтдан ютиш, балки иштиёққа тўлиб турган рақибни ҳовуридан тушириш учун ҳам керак. Лобанов бу ишни анча яхши уддалади.
Бироқ шунга қарамай, сўнгги дақиқалар биз учун даҳшатли келиши ҳам мумкин эди. Аввал айтиб ўтганимиздек, 87-дақиқада Егор Кримец ўз дарвозаси томон зарба йўллади. Таъкидлаш жоиз, зарба анча чиройли чиққан ва Лобанов уни бартараф этиши амримаҳол эди. Бахтимизга тўп тўсинга тегиб қайтди.
қўшиб берилган беш дақиқа тугаб бораётган вақтда қатар сўнгги хавфли ҳужумни ташкил этди. Сал қолса, ҳисоб тенглашиши мумкин эди, бироқ бу сафар ҳам омад биз томонда бўлди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси ўз ҳисобига олтиндек қимматли очколарни ёзиб қўйди. Тўрт очко билан қолган Қатар эса ЖЧ йўлланмаси учун курашдан деярли чиқди.
ЎЗБЕКИСТОН-ҚАТАР-1:0 (0:0)
28 март. Тошкент. Bunyodkor стадиони.
19000 томошабин.
Ҳакамлар: Муҳаннад қосим Саррай, Муҳаммад Муаяд, Обаид ал Свайди (барчаси Ироқ).
Гол: Одил Аҳмедов (65).
Ўзбекистон: Александр Лобанов, Даврон Ҳошимов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Александр Мерзляков, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Сардор Рашидов (Марат Бикмаев, 59), Сервер Жепаров (Вадим Афонин, 82), Элдор Шомуродов, Игорь Сергеев (Темурхўжа Абдухолиқов, 85).
Қатар: Саад ал Шиб, Муҳаммад Мусо, Муҳаммад Касола, Родриго Тобата (Али Асадулло, 68), Ёсир Иса, Ҳасан ал Ҳайдос (Али ал Моаз, 76), Иброҳим Мажид, Педро Корреа, Акрам Афиф (Мешал Абдуллоҳ, 65), Луис Жуниор, Себастьян Сория.
Огоҳлантиришлар: Азиз Ҳайдаров (20), Одил Аҳмедов (39), Александр Лобанов (83), Марат Бикмаев (88) - Себастьян Сория (67).
Энг яхши ўйинчи: Игорь Сергеев (Ўзбекистон).
ЖЧ-2018 саралашининг Осиё қитъасидаги ўйинлари қизғин тус олмоқда. Мана, «А» гуруҳида 7-тур учрашувлари ҳам ортда қолди. Хабарингиз бор, жорий йил 12 июнь санасида Ўзбекистон термаси сафарда Эрон жамоасига қарши майдонга тушади. 8-турдан ўрин олган мазкур баҳсда мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, муддатидан аввал мундиал йўлланмасини қўлга киритишади. Чунки форслар шу тариқа 2-ўринни нақд қилишади. Бу эса, вакилларимизни Эронда осон ўйин кутмаётганидан далолат.
қатар термаси дарвозасини жарима зарбасидан ишғол қилиб, миллий жамоамизга муҳим ғалабани туҳфа этган Одил Аҳмедов Ўзбекистон термаси таркибида урган голлари сонини 16тага етказиб олди. 2007 йилдан буён бош жамоамиз сафида 84та ўйинда майдонга тушган ярим ҳимоячи сўнгги бор 2015 йил 12 ноябрь куни КХДР термаси посбонини ранжитганди (3:1).
Зафар ҚОСИМОВ
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20