Қайднома

Қидирув

«Ботқоқ»дан юқорига

«Ботқоқ»дан юқорига

  01.04.2017 00:22
  0
  1135
«Ботқоқ»дан юқорига

Айни авж нуқтасига кўтарилган мавсум-2016|2017 айниқса, бундеслига ихлосмандларини мамнун этаётган бўлса, ажабмас. Агарда «РБ Лейпциг» ажабтовур ўсиш натижасида анчагача дуч келган рақибларни хасдек супуриб ташламаганида, мавсум кашфиёти мақоми яна бир оддий клуб - «Айнтрахт»га насиб этармиди? Таажжубки, франкфуртликлар бир йил аввал элитада зўр-базўр «жон» сақлаб қолишганди. Энди эса камтарликни йиғиштириб қўйиб, еврокубоклар йўлланмасига чанг солишмоқда. Ҳарқалай, клубнинг иштаҳаси чакки эмас. Марҳамат, «Айнтрахт»нинг ажабтовур табиатига далолат берувчи айрим ўйинлари тафсилоти билан танишишингиз мумкин.

«Нюрнберг» - «Айнтрахт» - 0:1 (26.05.2016). Албатта, бугунги «Айнт-рахт» 90-йилларда мунтазам еврокубокларда қатнашган ўша «қопағон» жамоага сира ўхшамайди. У анчадан буён ўртамиёналар қаторида. Дейлик, франкфуртликлар мавсум-2012|2013да 6-поғонага кўтарилган бўлсаларда, кейинги чемпионатда 13-ўринга тушиб қолишганди. Шундан сўнг «бургутлар» аҳволи анча оғирлашди. Жамоага 5 йил устозлик қилган Армин Фе футболчилар билан узвийликни йўқотиб қўйди. Боз устига, жамоа сардори Марко Русс саратон хасталиги туфайли сафдан чиқди, унинг ўрнини эгаллаган Александр Майер эса аввалгидек самарадорлик кўрсатолмади. Шу тариқа «Айнтрахт» аутсайдерга айлангач, мутасаддилар ака-ука Мико ва Роберт Ковачларни таклиф этишди. Яқин ўтмишда бундеслигада ишончли тўп сурган ёш мутахассислар бир амаллаб, «Айнтрахт»ни «ўтиш» ўйинида қатнашиш ҳуқуқини берувчи 16-ўринга олиб чиқишди. Рақиб - «Нюрнберг». Франкфуртда кечган дастлабки беллашувда Марко Русс автогол муаллифига айланди, кейин мезбонлар ҳисобни тенглаштиришди. Жавоб учрашувида эса Русс дисквалификация туфайли майдонга тушмади. Шундай бўлсада, футболчилар сардор фамилияси туширилган футболкаларда ҳаракатланиб, ортга ғалаба билан қайтишди ва  «Айнтрахт» элитада қолди.

«Айнтрахт» - «Бавария» - 2:2 (15.10.2016). Катта қийинчиликлар билан кучлилар сафида қолган жамоадан ҳеч ким шиддатли парвоз кутган эмасди. Октябрь ойи охиригача ҳам қандайдир учқун сезилмади - «бургутлар» чемпионатда энг қўпол ва зерикарли футбол намойиш этишди. «Бавария»га қарши учрашувни эса фақат ашаддий мухлисларгина кузатишди. «Нюрнберг» 15 октябрь оқшоми  ўз уйида Мюнхен суперклубини қабул қилиб, дастлабки 10 дақиқадаёқ деярли «синди». Ҳужум кетидан ҳужум уюштирган меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олиб, танаффусга қадар шунчаки, машғулот ўтказишди, гўё. Уларнинг шу хотиржамликлари натижасида Саболч Хусти бўлим охирида гол урди. 62-дақиқага келиб, Евро-2016 кашфиётларидан бири - Жошуа Киммих меҳмонларни ҳисобда яна олдинга олиб чиқди. Бунга асаблари дош беролмаган Хусти гол муаллифига қўполлик ишлатди ва майдондан четлатилди. Қарангки, «Айнтрахт» 10 киши бўлиб қолганига қарамай, ҳужумкор ўйин кўрсата бошлади. Яъни қудратли рақибни ўз жарима майдончаси ичига «қамаб» қўйди. Охир-оқибат, мезбонлар иккинчи голни нишонлаб, пешқадамни муҳим 2 очкодан маҳрум этишди. Ўшанда жанговар дуранг тасодифий натижага йўйилган ва фақат «Бавария»нинг аянчли ҳолати таъкидланганди. Зеро, мюнхенликлар бундан аввал «Кёльн»ни енголмай, карвонбошиликни «Лейпциг»га бериб қўйгандилар. Хуллас, «Айнтрахт» тезда унутилди...

«Айнтрахт» - «Боруссия» Д. - 2:1 (26.11.2016). Жорий мавсум «Боруссия» бундеслигада иккинчи жамоа ролини бажаролмаяпти. Юрген Клопп ўрнини эгаллаган Томас Тухель бор билимини ишга солаётган бўлсада, жамоага нимадир етишмаяпти. Унинг «Айнтрахт»га қарши ўйинига келсак, бош ролни яна «Зенит»дан кетгач, «Ганновер» ва Хитойнинг «Чанчун Ятай» клубларида тўп суришга улгурган Саболч Хусти бажарди. Ярим ҳимоячи аввалига чиройли зарба билан ҳисобни очди. Охирги дақиқаларда эса Харис Сеферович урган голга ҳаммуаллифлик қилди. Ваҳоланки, дортмундликлар Франкфурт сафаридан бир ҳафта аввал «Бавария»ни «тиз чўктиришган» ва буёғига барча рақибларни осонгина маҳв этишлари тахмин қилинганди. Аммо «Айнтрахт» кучли рақибни шунчаки, енгиш билан кифояланиб қолмай, Тухелнинг тактик ишланмаларини парчалаб ташлади.

«Лейпциг» - «Айнтрахт» - 3:0 (21.01.2017). Ҳар қандай эртак ҳам қачондир поёнига етади. Жумладан, «Айнтрахт» эртаги ҳам. Эътиборли жиҳати шундаки, ёқимли парвозга немис футболида инқилобни амалга ошираётган «Лейпциг» нуқта қўйди. Немислар бу жамоани унча хушламайдилар. Лекин тан олиш керак, у «Айнтрахт»га қараганда, сермаҳсул ва чиройли ўйин кўрсатмоқда. Ҳа, франкфуртликлар ўйин қоидасини бузиш ва сариқ карточка олиш бобида ҳамон ҳаммадан олдиндалар. Чунончи, футболчилар асосан ҳимояланиш ва ҳужумга ташланган рақибнинг заиф томонларини излаш билан овора бўлишади. Умуман, жамоа тезкор қарши ҳужумлардан самара чиқариш эвазига муҳим очколарни қўлга киритмоқда. Мураббийлар эса захира ўриндиғи «қисқа»лиги сабаб, турли тактик схемалар эмас, кўпроқ футболчиларнинг жисмоний салоҳиятларига таянишмоқда. Чунончи, таркиб нуқтаи назаридан олганда, мазмунли ва чиройли футбол кўрсатиш имконияти кам. Аммо фақат натижага қаратилган прагматик футбол ҳар доим ҳам самара бермаяпти... Нима бўлишидан қатъий назар, «Айнтрахт» бу йил евротурнирга илиниш илинжида - асосийси ҳам шу.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz