Қайднома

Қидирув

«Реал» томонидан «ўғирланган» футболчилар рамзий терма жамоаси

«Реал» томонидан «ўғирланган» футболчилар рамзий терма жамоаси

  02.04.2017 00:18
  0
  5427
«Реал» томонидан «ўғирланган» футболчилар рамзий терма жамоаси

Гранд клубларнинг ўзига хос қоидаларидан бири - бу чемпионатдаги бошқа клубларни мунтазам равишда кучсизлантириб бориш. Айниқса, рақобатчи жамоалар таркибини «талон-тарож» қилиш одат тусига кирган.

Германияда «Бавария», Италияда эса «Ювентус» бу ишни қойиллатса, Испанияда «Реал» алоҳида ўрин тутади. Чунончи, бошқа жамоалар сафида порлаган аксарият йигитлар «Қироллик клуби» аъзосига айланишни исташади.

Мадридликлар шу мойиллик эвазига примерода кўзга ташланган истиқболли футболчиларни «ўғирлаш»да катта муаммо сезишмайди.

Мана, қуйида «Реал» томонидан охирги 20-21 йил ичида «ўғирланган» ўйинчилар рамзий термаси жамланган. У билан танишиб, «Мадрид» сиёсатига қойил қолишингиз мумкин.

Дарвозабон. Кейлор НАВАС. 2014 йили «Леванта»дан 10 миллион еврога сотиб олинди. «Қурбақалар» Коста-рикалик кипер учун 2 йил олдин атиги 150 минг евро тўлашганди.

Ҳимоячи. Мичел САЛЬГАДО. 1999 йили «Сельта»дан 6 миллион еврога сотиб олинди. Мичел шу тариқа «Қироллик клуби»да 10 йил тўп суриб, «Сантьяго Бернабеу» афсоналари қаторига қўшилди.

Ҳимоячи. Рауль АЛЬБИОЛЬ. 2009 йили «Валенсия»дан 15 миллион еврога сотиб олинди. Дон Флорентино Переснинг битта ишорасиёқ Рауль Альбиолнинг «Реал» либосини кийишини таъминлаганди. Тўғри, у биринчи мавсумдагина асосий таркибнинг «темир» футболчиси бўлди, Жозе Моуриньо даврида эса четга сурилди.

Ҳимоячи. Серхио РАМОС. 2005 йили «Севилья»дан 27 миллион еврога сотиб олинди. Андалусиянинг Камас шаҳрида туғилган Рамос «Мадрид» таклифини қабул қилганида ҳали 20 ёшга ҳам тўлган эмасди. Унинг ортда қолган 12 йилда 27 «лимон»ни неча марталаб оқлаганига шубҳа йўқ.

Ҳимоячи. Иван ЭЛЬГЕРА. 1999 йили «Эспаньол»дан 2,5 миллион еврога сотиб олинди. «Реал»нинг янги тарихида амалга оширилган энг омадли харидлардан бири. Ахир атиги 2,5 «лимон»га тушган кантабриялик «овчи» кейинчалик суперклуб таркибида 300 мартадан кўп майдонга тушиб, унинг юрагига айланди.

Ярим ҳимоячи. Клод МАКЕЛЕЛЕ. 2000 йили «Сельта»дан 14 миллион еврога сотиб олинди. Ҳозиргача «Реал»нинг Клод билан хайрлашгани аҳмоқлик сифатида тилга олинади. Нима бўлишидан қатъий назар, «Сельта»дан ажойиб иқтидор «ўғирланган» эди. Ундан етарлича самара кўришмагани эса бошқа масала.

Ярим ҳимоячи. Луиш ФИГУ. 2000 йили «Барселона»дан 60 миллион еврога сотиб олинди. «Аср ўғирлиги»! Фигунинг «Реал» сафига қўшилиши оламшумул воқеага айлангани айни ҳақиқат. Ахир «Мадрид» азалий рақиби - «Барселона»нинг энг яхши футболчиси ва сардорини йўлдан урганди. Ички аренада «ўғирланган» қимматбаҳо дур...

Ярим ҳимоячи. ИСКО. 2013 йили «Малага»дан 30 миллион еврога сотиб олинди. Мануэль Пеллегрини «Манчестер Сити»да иш бошлагач, Искони ўз ёнига чорлади, аммо «Реал» ва Зайниддин Зидан томонидан тушган таклиф яхшироқ кўринди. Тўғри, ярим ҳимоячи ҳали кутилган даражада наф берганича йўқ.

Ярим ҳимоячи. Сантьяго СОЛАРИ. 2000 йили «Атлетико»дан 3,5 миллион еврога сотиб олинди. «Мадрид» ўша вақт примеродаги деярли барча қўшнилари «ҳовли»сига кўз олайтирганди. «Матрасчилар» йўл-йўл либосини «Реал»никига алмаштирган Сантьягонинг  «Сантьяго Бернабеу»да 5 йил самарали хизмат қилгани бу «ўғир»лик ҳам бесамар кетмаганидан далолат.

Ҳужумчи. Фернандо МОРЬЕНТЕС. 1997 йили «Сарагоса»дан сотиб олинди. Морьентес трансфери қанчага тушгани ноаниқлигича қолди. Муҳими шуки, бу харид тўлиқ оқланди. Ахир Фернандо бутун «Мадрид» жамоатчилиги ёқимтойига айланди.

Ҳужумчи. Давор ШУКЕР. 1996 йили «Севилья»дан 11 миллион еврога сотиб олинди. «Реал» 21 йил аввал ички бозорда 2та жиддий келишувни расмийлаштирганди: «Валенсия»дан Предраг Миятович ва «Севилья»дан Давор Шукер харид қилинди. Хорват ҳужумчиси «Мадрид»да 3 мавсум тўп суриб, 1998 йили ЧЛ кубогини қўлга киритилишига катта улуш қўшди.

Акмал ЭШОНХОНОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz