Қайднома

Қидирув

«Кўҳна қитъа»да саралаш сайли

«Кўҳна қитъа»да саралаш сайли

  04.04.2017 00:14
  0
  791
«Кўҳна қитъа»да саралаш сайли

ЖЧ-2018 Европа қитъасидаги саралаш учрашувлари муросасиз ва курашларга бой тарзда кечган бўлсада, кескинлик барча баҳсларда юқори даражада бўлди, дейишдан йироқмиз. Айрим фаворитлар учун нисбатан кучсиз рақибдан уч очкони тортиб олиш шунчаки, чигалёзди машқлардек кечди.

Голландияда ҳимоячилар танқислиги

Аввалги мундиалда ярим финалга қадар етиб борган Голландия терма жамоаси Евро-2016 саралашидаги каби бу мусобақада ҳам сусткашликка йўл қўйишмоқда. Софиядаги мағлубият «лоларанглилар»ни 4-поғонага тушириб юборди. Болгария термасига қарши баҳсни голландлар икки етакчи футболчилар - Жеффри Брум ва Виржил ван Дийкларсиз ўтказишди. Бош мураббий Данни Блинд жароҳат туфайли юзага келган бу йўқотишни бошқа ўйинчилар, жумладан, 17 ёшли Матейс Де Лигт билан тўлдиришга мажбур бўлди. Ваҳоланки, сўнгги 86 йил ичидаги энг ёш дебютантнинг «Аякс»даги ўйинлари сони 15тадан ошмаган. Хуллас, Блинднинг таваккалчилиги мағлубиятнинг асосий сабабчисига айланди - ёш ҳимоячи хатоларидан унумли фойдаланган Спас Делев 20 дақиқа ичида 2та гол урди. Танаффусдан сўнг Де Лигт ўрнини бошқа футболчи эгаллаган бўлсада, Болгария 2:0 ҳисобини сақлаб қолди.

Яна Роналдунинг «дубл»и, лекин бу гал - ғалаба!

Португалия ва Венгрия термалари Евро-2016да ҳам ўзаро куч синашишган, Роналду ва Жужак «дубл»га эришишган, якуний 3:3 ҳисоби мухлисларни хушнуд этганди. Бу сафар ҳужумлар фақат Венгрия дарвозаси томон йўналтирилди. Аниқроғи, Андре Сильванинг голи ва Криштианунинг «дубл»ига меҳмонлар жавоб қайтара олишмади. Шу тариқа Португалиянинг Венгрияга қарши мағлубиятсиз серияси яна битта ўйинга кўпайди.

Юнонларда немисча «уйғониш»

Ўз майдонида Греция терма жамоасини қабул қилган Бельгиянинг нав­батдаги ғалабани байрам қилишига кўпчилик шубҳа қилмаган бўлса керак. Боиси, бунгача Роберто Мартинес жамоаси тўртта учрашувда 100 фоизлик натижага эришган, рақиблар дарвозаларига нақ 21та гол уриб, атиги биттагина ўтказиб юборганди. Ҳатто Эден Азар ва Кевин Де Брюйненинг жароҳат туфайли майдонга тушолмасликлари ҳам ҳеч кимни хавотирга солмади. Бироқ Евро-2016 саралашидаги шармандали иштирокдан тегишли хулоса чиқарган юнонлар бош мураббий лавозимига афсонавий Отто Рехагелнинг ватандоши - Микаэль Скиббени таклиф этишгач, жамоа мураккаб вазифани уддалаш учун жиддий бел боғлагани ойдинлашиб қолди.

Мезбонларнинг тинимсиз ҳужумларига дош берган меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳисобни очишди: сунъий «офсайд» ҳолатидан усталик билан чиқиб кетган Костас Митроглу учун Куртуани доғда қолдириш қийинчилик туғдирмади. Табиийки, Бельгия мувозанатни тиклаш учун ҳужумга зўр берди. Лекин меҳмонлар ишончли ҳимояланишди, 65-дақиқада озчилик бўлиб ҳаракатланганликларига қарамай, дарвозалари дахлсизлигини таъминлашди. Фақат Ромелу Лукакунинг маҳорати кутилмаган сенсация қайд этилишига имкон бермади: асосий вақт тугаши арафасида ҳимоячилар қуршовида турган ҳужумчи тўпни кўкраги ёрдамида тўхтатиб, аниқ зарба йўллашни ҳам ўрнига қўя олди. Шу тариқа Бельгия турнирдаги мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолди. Эътиборлиси, германиялик мураббий жамоаси ҳам ҳали мағлубият аламини тотиб кўрганича йўқ.

Криушенконинг омадсиз дебюти

Игорь Криушенконинг Беларусь терма жамоаси бош мураббийи лавозимидаги дебюти йирик мағлубият билан якунланди. Швециядан қабул қилинган 4та жавобсиз гол беларусларнинг мундиал орзусини батамом сўндирди. Мезбонлар эса Ибрагимовичнинг кўмагисиз ҳам рисоладагидек тўп сура олишларини исботлашди.

Буффон минглик маррада!

Италия-Албания-2:0. Учрашувда «мовий гвардия» ҳамда «Ювентус»нинг 39 ёшли дарвозабони ўзининг юбилей - 1000-ўйинини ўтказди. Ўртамиёна рақибдан уч очкони тортиб олиш мезбонларга ортиқча муаммо туғдирмади. Албаниялик мухлисларнинг пиротехника воситалари кўмагидаги тартибсизликлари ўйиннинг 10 дақиқача тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Айтганча, дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган Жанлуижи терма жамоа сафида 168 марта майдонга тушиб, испаниялик Икер Касильяс ва латвиялик Виталий Астафьев (167) рекордини янгилади. Дарвоқе, ўзининг «мовий гвардия»­даги дебютини Буффон 1997 йили Россия термасига қарши баҳсда захирадан майдонга тушиш билан нишонлаганди. Эҳтимол, ўзининг хайрлашув учрашувини ҳам Россияда, яъни ЖЧ-2018да ўтказар?! Агарда у сўнгги нуқтани финал ўйинида қўйса, ажойиб бўларди.

Шевченконинг дастлабки мағлубияти

Загребдаги «Максимир» стадионида ўтган Хорватия-Украина-1:0 учрашуви мезбонларнинг минимал устунлиги билан якунланди. Гарчи Андрей Шевченко шогирд­лари хорватиялик Лука Модрич ва Иван Ракитични зарарсизлантириш хусусида жиддий бош қотирган бўлсаларда, охир-оқибат шу икки футболчи саъй-ҳаракатлари эвазига майдон эгалари 3 очкони қўлга киритишди. Модрич ва Ракитич бошлаган ҳужумни Никола Калинич аниқ зарба билан якунлади.

Исланд эртаги давот этмоқда

Евро-2016да жиддий шов-шувлар сабабчиси бўлган Исландия бу турдаги ғалабадан сўнг 2-ўринга кўтарилиб олди. Жамоа сафарда аутсайдер - Косовони маҳв этди. Нима бўлганда ҳам, Туркия ва Украинадек жиддий рақиблардан икки очкога ўзиб кетди. Гуруҳдаги вазиятга 11 июндаги 6-тур беллашувлари аниқлик киритса, ажабмас. Шу куни Исландия пешқадам Хорватияни қабул қилса, Украина Финляндияда, Туркия эса Косовода майдонга тушади.

Лагербак ҳам ожиз

Исландия терма жамоасининг Евро-2016даги парвозидан (чорак финалгача етиб борганди) илҳомланган Норвегия швециялик Ларс Лагербакни бош мураббийликка таклиф этганди. Бироқ 68 ёшли швециялик мутахассиснинг янги жамоадаги дебюти аламли мағлубият билан хотима топди. Белфастда Шимолий Ирландия терма жамоасига қарши майдонга тушган Норвегия ярим соат ичида йўл қўйилган қўпол хатолар туфайли ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиқишга мажбур бўлди: аввалига ҳимоячиларнинг эътиборсизлигидан унумли фойдаланган Жейми Уорд 2-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Меҳмонлар сунъий равишда ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда хатоликка йўл қўйиб, Конор Вашинг­тонни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқариб қўйишди-2:0. Ваҳоланки, Норвегия термаси яқин ўтмишда бинойидек савияга эга жамоа эди. Ҳозир эса мунтазам равишда йирик мусобақалардан четда қолмоқда. Афтидан, энди Лагербак ЖЧ-2018 йўлланмасидан умидини узиб, жамоани Евро-2020га тайёрлаш хусусида бош қотирса керак.

Чемпионга хос сабоқ

Роберт Просинечки раҳбарлиги остида саралаш босқичини рисоладагидек (4та учрашувда 7 очко) бошлаган Озарбайжон терма жамоаси ўз майдонида немислардан аччиқ сабоқ олишга мажбур бўлди. Ҳатто амалдаги чемпион Мануэль Нойерсиз майдонга тушгани ҳам мезбонларга наф келтирмади. Ваҳоланки, улар сафидаги айрим футболчилар Германияда «Кайзерслаутерн» ва «Бавария» академияларида таҳсил олишганди. Тўғри, майдон эгалари биринчи бўлимда бир қатор ҳужумларни амалга оширдилар, ҳатто айнан «Кайзерслаутерн» тарбияланувчиси Дмитрий Назаровнинг аниқ зарбаси эвазига мувозанатни тиклашди. Лекин Андре Шюрлле, Томас Мюллер ва Марио Гомеснинг голларидан кейин ўйин тақдири ҳал бўлди.

Фахрийнинг қайтиши хайрли бўлди

34 ёшли Жермейн Дефо тўрт йиллик танаффусдан сўнг Англия терма жамоаси таркибида майдонга тушди. Жорий мавсумда «Сандерленд»га 28та учрашувда 14та гол ҳадя этган фахрий ҳужумчи «Уэмбли»даги баҳснинг 22-дақиқасида Литва дарвозасини забт этди. Гарет Саутгейт 60-дақиқада Дефога дам бериб, унинг ўрнига Жейми Вардини майдонга туширди. Буни қарангки, Варди 6 дақиқадан кейин ўз номини таблога ёздириб қўйди. Шу тариқа инглизлар ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олишди.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Bulgaria vs Netherlands 2 0 2017   Highlights & Goals HD


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz