Қайднома

Қидирув

Олий лига: Мухлислар кўчада қолиб кетишганда

Олий лига: Мухлислар кўчада қолиб кетишганда

  04.04.2017 13:16
  0
  383
Олий лига: Мухлислар кўчада қолиб кетишганда

ТУР ЎЙИНИ

«Динамо» жорий мавсумни кўтаринки руҳда бошлади ва дастлабки 3та ўйинда ғалабага эришиб, пешқадамликни ўз қўлига олди. Маълумки, Самарқандда футболни азалдан яхши кўришади. Бу йил эса ёрқин старт натижасида жамоа ўйинига қизиқиш икки ва ҳаттоки, уч баравар ошиб кетди. Диққат қилинг, «Динамо»нинг «Навбаҳор»га қарши ўйинини кўриш учун стадионга деярли  20 минг мухлис ташриф буюрди.

Аммо ёмон томони, аренанинг сиғими 14 минг, холос. Шу боис, чамаси 5 минг мухлис учрашувни кўча-кўйда, у ер-бу ердан мўралаб бўлса-да, томоша қилиш билан чекланди. Бироқ «Динамо» бу сафар ўз мухлисларига ғалаба тортиқ этолмади. Шунга қарамай, жамоанинг ўйи­ни ҳурматга сазовор. Самарқандликлар бутун учрашув давомида фаол ҳаракатланиб, мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этишди.

Ўйин бошиданоқ меҳмонларнинг Самар­қандга алоҳида тайёргарлик билан келишгани яққол сезилди. Дейлик, «лочинлар» стадионни тўлдирган мухлисларнинг кучли босимларига қарамай, биринчи бўлимда анча фаол тўп суришди. Бу ўз самарасини берди ҳам: 15-дақиқада Ойбек Қиличев ҳисобни очди.

Табиийки, «Динамо» футболчилари шундан сўнг вазиятни ўнглаш мақсадида ҳужумларга зўр беришди, аммо «Нав­баҳор» ҳимоячилари аксарият ҳолларда бехато ҳаракатланишди. Иккинчи 45 дақиқаликда майдондаги муросасизлик даражаси янада ортган бўлсада, ҳисоб ўзгармади. Эътиборли факт: наманганликлар бутун ўтган мавсум давомида сафарда бирор марта 3 очко олмагандилар ва ниҳоят, меҳмонда ҳам ғалаба нашидасини суришди.

PS: Захирага чиқиш чоғи номақбул ишора кўрсатган ва бунинг учун қизил карточка олган Ойбек Қиличев 2та ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин.

«ДИНАМО» - «НАВБАҲОР» - 0:1 (0:1)

31 март. Самарқанд. 13105 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-8,8; А.Калинин (Қарши)-8,4; Б.Қодиров (Бухоро)-8,3; Ф.Норсафаров (Қарши)-9,0.

Гол: О.Қиличев (15).

«Динамо»:1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 3. Б.Исроилов, 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов (20. А.Сафаров, 63), 10. Ж.Қаҳрамонов, 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов (11. А.Абдуллаев, 50), 18. Д.Низанов (6. А.Бозоров, 83), 19. О.Мамажонов, 22. А.Исроилов.

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов (20. А.Мирзаев, 67), 4. А.Отахонов, 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев (44. Д.Станоевич, 75), 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев

(22. Р.Аҳмедов, 52), 32. Ж.Меҳмонов, 77. А.Турғунбоев, 84. Н.Йованович.

Огоҳлантиришлар: Ж.Азимов (29), Ш.Холматов (40), Ж.Қаҳрамонов (90Қ2) - Ғ.Комилов (24), А.Саматов (29), М.Ғофуров (40), А.Турғунбоев (62), Н.Йованович (81).

Четлатиш: О.Қиличев (76, Н.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Сулаймонов - А.Омонов.

Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).

Комиссар: Б.Ҳайдаров. 

Ўйиндан кейинги фикрлар

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Бир ҳафта мобайнида «Динамо»нинг 3та учрашувини кўриб, барчасини ўрганиб чиққандик. Шу аснода самарқандликларнинг кучли прессинг ва тезкор ҳужумга зўр беришларига эътибор қаратдик.

Бугун жамоа етакчилари - Жавоҳир Қаҳрамонов ва Сардор Сулаймоновга ўйин бермаслигимиз лозим эди. Йигитлар буни уддалашди, ҳимояда ҳам мустаҳкам тўп суришди ва шукрки, ғалаба билан қайтяпмиз.

- Илҳом ака, Ойбек Қиличев қизил карточка олган вазиятда нега футболчи эмас, ҳакамга эътироз билдирдингиз?

- Ўша вақт Ойбек захирага чиққанди ва бор эътиборим майдонда эди. Захира ҳакамидан нима бўлганини сўраганимда, у индамади. Бош ҳакам эса футболчи мухлисларга ноўрин ишора қилганини айтди. Йўқ, бу ҳолатда Қиличевни оқлай олмайман, у нотўғри иш тутди ва четлатишга муносиб эди. Биз ҳам Ойбекни бу иши учун жазолаймиз.

- Жамоангиз футболчиларининг вақт­дан ютишга ҳаддан ортиқ уринишгани мухлисларга ёқмади...

- Биласизми, охирги 2та турда яхши ўйнаб, атиги 1 очко олдик. Шу боис, бугун фақат ғалабани кўзладик. Тўғри, футболчилар мақсад йўлида мухлисларга ёқмайдиган ҳаракат қилишгандир, аммо айни пайт энг асосийси - таблодаги ҳисоб. Ўз ўрнида, «Динамо»га омад тилайман. Самарқандда ажойиб жамоа шаклланмоқда. Шундай футбол атмосферасида тўп суриш ҳар бир жамоага завқ бағишлайди.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи):

- Афсуски, шиддатли ва курашларга бой ўйинда мағлубиятга учрадик. Шунга қарамай, ҳаракатлар ёмон таассурот қолдирмади, йигитлар бор кучлари билан тўп суришди. Уларга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Биласизми, жамоамиз футболчиларининг ўртача ёши 22га тенг. Бундай ҳолатда барқарорликка эришиш мушкул.

Иккинчи томондан, мағлубият ҳам жамоани янада жипслашишига олиб келади қайсидир маънода. Энг муҳими, омадсизликка қарамай, вилоят ва шаҳар раҳбарияти жамоамизни қўллаб-қувватлади, мухлисларни айтмайсизми?

Эътибор беринг, яна қаерда Самарқанддаги каби бир соат олдин стадион мухлислар билан тўлиб-тошиб, минглаб одамлар ташқарида қолиб кетишмоқда? Демак, бизга ишонишмоқда, бу футболчиларга янада шижоат бағишлайди. Жамоамиз очколар эмас, аввало, Самарқанд аҳли учун ўйнайди.

ИСРОИЛ РАҲИМОВ

"Динамо" - "Навбаҳор" 0:1  


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz