Қайднома

Қидирув

Термамиз аросатли ўйинини унутиб, фаросат тактикасига қайта оладими?

Термамиз аросатли ўйинини унутиб, фаросат тактикасига қайта оладими?

  04.04.2017 13:20
  0
  1951
Термамиз аросатли ўйинини унутиб, фаросат тактикасига қайта оладими?

Ғалаба ва мағлубият орасидаги ўйинлар (бу ўринда «учрашув» ёки «баҳс» иборасини ишлатишдан тийилдик, зеро, «ўйин» сўзи ҳар доим ҳам бу терминларга синоним бўлмайди)дан чарчаган мухлислар бугун миллий терма жамоамиз мураббийлар штабидан фусункор фаросат тактикасини кутишмоқда. Чунки кейинги 3та баҳсда аросат услубидаги ўйин билан ғолиб чиқиш қийинлигини барча яхши тушуниб турибди. Кучли рақибларни довдиратадиган кутилмаган услубий лойиҳаларнинг назарий жиҳатларини ишлаб чиқиш учун олдинда вақт етарли.

Бош жамоамиз Самвел Бабаян раҳбарлигида шу вақтгача тушунарсиз ва аросат услубда тўп сурди ва фақат мислсиз, яна такрорлаймиз, мислсиз ор-номус кучи боис, қийин ғалабаларга эришди. Қатар термасига қарши кечган азобли учрашувнинг иккинчи бўлимида Одил Аҳмедов беқиёс жонфидолик кўрсатмаганида, очиғи, натижа ижобий кўриниш олиши амри-маҳол эди.

Шундай вазиятлар бўлдики, Одил ўзида эмас, ўзидан чиқиб кетгандек туюлди. Бутун жамоа, ҳаттоки, захирадан майдонга тушганлар ҳам бўшашиб, қотиб қолган паллада Одил ёлғиз ўзи олдинга ташланди. Ҳолбуки, у ҳам чарчаганди, оғриқлардан азият чекаётганди. Назаримизда, жамоа сардори гўё ҳушсиз ҳолатда, минг-минглаб нигоҳларни унутиб, ўзга сайёраликлар каби елиб- югурди, ютуниб-ютоқиб тўп тепди.

Нима учун? Унга қандай куч таъсир ўтказди? Сурия термаси билан сафарда ўтган аламли учрашувда Одилда ҳам бу каби ҳолат кузатилмаганди-ку?! Фикримизча, унинг кўзлари мухлислар даврасида ўтириб, майдонга умидвор боққан ва бошини қуйи эгган отасига тушди.

Ўша лаҳзадан сўнг Одилдаги янги имконлар кўз очди. Бош­қача айтганда, футболчи қайта уй­ғонди. Нозиктаъб операторларнинг ўткир нигоҳи излаб топган ўша лаҳза бўлмаганида, балки Одил ҳам оловланмасди. Негаки, унда ва жамоадошларида табиий олов­қалблик ниш урганида, термамиз суриялик футболчилардан мағлубиятга учрамасди. Демоқчимизки, 28 март оқшомида майдон «магия»си ўз миссиясини шараф билан бажарди.

Хўш, нима сабабдан бугун ҳам шу мавзудаги мулоҳазаларни давом эттир­япмиз? Жавоб оддий: ўтган иш ортда қолди, мағлубият ва ғалаба тарихга айланди, энди майдон «магия»сига умид боғлаш жоиз! Вакилларимиз навбатдаги рақибларни иштиёқсиз, айни чоғда иштиёқнинг ўзи билангина енгишолмайди. Кейинги учрашувларда ҳам футболчиларимизни орият олови қиздириши даркор, аммо ғалаба учун бу қайноқликнинг таъсири ҳам камлик қилади.

Кези келганда, арслон наъраси тинади ва шернинг қудрати-да рақиб қошида бош эгади.  «Машъал» қандай порлади ва «шерлар» қудратини қай йўсин жиловлади? Муборак машъаласини иштиёқ порлатди ва фаросатли ўйин ғалаба  сари етаклади. Яраланган шер даҳшат уйғотиши бекор гап. Тўғри, у тажовузкор бўлиб қолади, лекин ярадор ҳолидаги бундай қудрати омилкорлик олдида ожиз.

Омилкорлик! Бу тушунча мураббийларнинг футбол фалсафасини ифодалайди. «Шерлар» шижоати аста-секин сўниб бораётганининг сабаби - шу! «Пахтакор» бошқарувида анчадан буён омилкорлик йўқ ва «шерлар» рақибларга ўзларича қаршилик кўрсатишга ўрганиб қолишди, гўё. Рақиблар эса бу вақтда тобора кучайиб боришди.

«Пахтакорчилар» аксинча, бўшашишди. Уларда куч бор, имкон бор, омилкорона бошқарув йўқ. «Динамо»нинг пойтахтда чалган огоҳлик қўнғироғига биров эътибор қаратмади. Мана, натижа - «шерлар»га хос саналмаган ёқимсиз ва йирик ҳисобли мағлубият...  Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва стихияли тарзда ҳаракатланаётган жамоанинг ички қуввати эртами-кеч тугайди.

Сурия ва Қатар термаларига қарши кечган азобли ўйинлар - аслида миллий жамоамиз бошқаруви учун ҳам огоҳлик қўнғироғи! Футболчиларимиз охирги захира имконлари билан қатарликларни енгишди. Улар ижросидаги «ўйин» навбатдаги рақиблар намойиш этаётган футбол соясига ўхшайди. «Машъал» «шерлар» соясидан чўчимади. Шер сояси соя, шер эмас.

Терма жамоамиз ҳаракатида ҳам ҳозиргача соялар ўйинини кўрдик. Ҳақиқий кучли таркибни майдонда чинакамига ўйнатиш - мураббийнинг вазифаси эмас, балки бурчи ва масъулияти. Бурч ва масъулият мураббий томонидан фусункор фаросат тактикаси орқали ифодаланади. Самвел Бабаян эса мана шу зарур ва кутилган ифодани ҳануз майдонга битганича йўқ.

«Ютуқлар пайти танқидчилар овози чиқмайди», деган мураббий мутлақо ноҳақ. Демак, терма жамоамиз мураббийлар штаби ҳаттоки, профессионал тан­қид - мулоҳазалар билан батафсил танишиб боришни ўзига эп кўрмайди. Зеро, бош жамоамизнинг аросат ўйин услубига нисбатан ҳаққоний ва жўяли танқид ҳамиша мавжуд. Бундай муносабат янгиланишлар давригача давом этишига ишончимиз комил.

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий тармоқларда билдирилган турли мазмундаги муносабатлар ҳам қайсидир маънода бош мураббий ва жамоамизни ҳушёр торттирди. Хайриятки, халқимиз соялар ўйи­нига нисбатан муносабатини баралла тўкиб солди ва ФУТБОЛсиз ўйин­даги ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Бетакрор танқид тиғининг «ялт-юлт» этиши, аёвсизлиги бўлмаса, ким билади, соялар ўйини яна давом этармиди?!

Самвел Бабаян ғалабадан ғурурланиб, одатдагидек майдонни ўпди ва бу сафар хатога йўл қўйди. Уни ва терма жамоамизни майдон қўлламади, аксинча, Ватан шарафини халқ қутқарди. Одилнинг отаси шу халқнинг оташин вакили сифатида ўғли, демакки, бош жамоамизга ғалаба тилади. Мухлиснинг улуғвор тилагисиз ғалаба қайда? Бу - Муборакка боришни истаган, аммо боролмаган «Пахтакор» мухлисининг ҳам хитоби. Асосий таркибнинг бир-икки вакили ўйнамаса, жамоа услуби бузилмайди, аниқроғи, бузилмаслиги керак.

Ахир захирадагилар ҳам тактик машғулотларда иштирок этишади. Қолаверса, жамоанинг уларга боғлиқ қўшимча ўйин услуби бўлади. Шу боис, ўз иши моҳиятини англаган мураббий ҳеч қачон таркиб оптимал эмаслигидан нолимайди.

Эҳтимолий йўқотишларни аввалдан назарда тутадиган ва бунинг учун чора топадиган мураббийларгина ғалаба ва олқишга сазоворлар. Мураббийнинг мураббийлиги шундай қалтис ва чигал вазиятларда билинади. Шу маънода айтсак, «МЮ»нинг Златан Ибрагимович, Хуан Мата ва Поль Погбасиз ўйнаб, ўз майдонида очко йўқотишига жамоа эмас, балки Жозе Моуриньо айбдор. «Челси» Виктор Мозес таркибда йўқлиги учунгина мағлубиятга учрамади. Ҳа, юлдузларнинг таркибдаги роллари беқиёс.

Бу барчага тушунарли ҳақиқат, лекин мағлубиятни уларнинг сафда эмасликлари билан хас-пўшлаш ноўрин. «Кристал Пэлас» ўйинига шундай ғалати омил сингдирилган эканки, унинг таъсирида ўртамиёна жамоа юлдуз мисоли рақиб бошини эгди. Мураббий ютуғи айнан шу. Эҳтимолки, бу омил биттагина баҳсда асқотар.

Шу ўйинда ғалаба қозониш, эҳтимол, «Кристал Пэлас» учун ҳаёт-мамот мақомидадир. Майли, режа рўёби учун курашган жамоага балли! Ҳар не бўлганда ҳам, ўйин мухлисларни азобламади. Ҳар икки жамоа ҳақиқий футбол кўрсатди. Футбол азобланиш эмас, балки мағлубият пайти ҳам роҳатланиш учун томоша қилинишини яна бир бор эслатди. Эслатиш, эслаш эса соғинч дояси. Демак, бизнинг мухлислар ҳам янгича футболга соғинч ила илҳақлар...

Нафақат муҳим, яна чиройли ҳам...

Одил Аҳмедовнинг Қатар термаси дарвозасига жарима зарбасидан йўллаган голи ОФКни ҳам беэътибор қолдирмади. Чунончи, тўпнинг чиройли траектория бўйича дарвоза ичига кириши ҳосиласи Осиёдаги ЖЧ-2018 саралаши давомида урилган энг чиройли голлар қаторида зикр этилди. Аниқроғи, Одилнинг зарбаси бу борада топ-5та гол орасида 3-ўринга қўйилди.

Муҳаммад Вали ака

 

Сурия - Ўзбекистон 1:0 Биринчи бўлим ярми.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz