Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоаси статистикасига назар

Ўзбекистон терма жамоаси статистикасига назар

  05.04.2017 22:39
  0
  2538
Ўзбекистон терма жамоаси статистикасига назар

Март ойига белгиланган ФИФА кунлари ҳам ортда қолди. Осиёда ЖЧ-2018 саралаши учинчи босқичи 6-7-турларидан сўнг ҳар икки гуруҳда етакчилар мавқеси нисбатан яхшиланди.

Меҳди Тареми (Эрон) ва Мэттью Леки (Австралия) эса кетма-кет 2та ўйинда гол уришгани билан эътиборга тушишди. Диққатга сазовор томони, Ўзбекистон миллий жамоаси жой олган «А» гуруҳи доирасидаги 6та ўйин ҳам 1:0 (ёхуд 0:1) ҳисоби билан хотима топди.

*** Айни пайтга келиб, ОФК миқё-сидаги ЖЧ-2018 мундиали саралаш босқичларида жами 206та ўйин ўтказилди ва уларда 615тагол қайд этилди.

*** Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони)ва Аҳмад Халил (БАА) 15тадан гол билан саралаш цикли тўпурарлари бўлиб туришибди.

*** Қитъамизда мундиал йўлланмаси учун кураш олиб бораётган 12та жамоадан биргина Таиланд термасида назарий жиҳатдан ҳам имконият қолмади. Қатар ва Ироқ термалари эса фақат «плей-офф» раундига чиқиш учун курашни давом эттиришлари мумкин. Лекин уларнинг бу борадаги имкониятлари минимал даражада паст.

*** Ўйинларни жами 38 008 273 мухлис бевосита стадионларда кузатди. Демакки, ҳар бир ўйинга ўртача ҳисобда 18 487 мухлис тўғри келмоқда.

*** Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ЖЧ-2018 саралаш раунд-ларида жами 19та сариқ карточка олишди: Азиз Ҳайдаров (3та), Жавоҳир Соҳибов (2та), Егор Кримец (2та), Сардор Рашидов (2та), Ислом Тўхтахўжаев (2та), Анзур Исмоилов (2та), Одил Аҳмедов (2та), Сервер Жепаров (1та), Даврон Ҳошимов (1та), Александр Лобанов (1та) ва Марат Бикмаев (1та).

*** Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов мундиал саралаши ҳисобидан 9-голини нишонлади. Миллий жамоамизнинг 69та ўйини (мундиал саралаши - 42та, Осиё кубоги саралаши ва финал босқичи - 18та, ўртоқлик баҳслари - 9та)да қатнашган Одил атиги 2 марта захирадан майдонга тушган ва 3тагина сариқ карточка олган. Шунингдек, унинг ҳисобида 1та «қизил» ҳам бор.

*** Қатар термасига қарши учрашувда сариқ карточка олган Азиз Ҳайдаров терма жамоамизнинг мундиал саралаши доирасидаги жами 31та ўйини (21та ғалаба, 2та дуранг, 8та мағлубият)да майдонга тушиб, 1та гол урган ва 5 марта огоҳлантирилган. Ҳайдаров жаҳон чемпионатлари саралашидаги дебютини 2007 йилнинг 28 октябрь куни Хитой Тайпейи термасига қарши сафар баҳси (2:0)да нишонлаганди.

*** Миллий жамоамиз шу кунгача ЖЧ-2018 саралаши ўйинларида 30 нафар футболчига таянди. Ўйин қайдномасига киритилган яна 17 нафар футболчига эса майдонга тушиш насиб этмади.  Умуман, жорий саралаш циклида терма жамоамиз сафида энг кўп ўйинда қатнашган футболчи Игорь Сергеевдир. У 15та учрашувда жами 1264 дақиқа ҳаракатланиб, 4та гол урди.

*** Қатар термасига қарши баҳсда майдонга тушган футболчиларимиз орасида энг ёши каттаси - Сервер Жепаров. У ўша куни 34 ёш 5 ой 25 кунлик эди. Бу миллий терма жамоамиз тарихидаги 3-юқори кўрсаткич ҳисобланади.

*** Сурия термаси Осиёнинг ЖЧ саралаш босқичида энг кўп қатнашиб, мундиалга бирор марта чиқолмаган жамоаси ҳисобланади. Қадим Шом юрти вакиллари 1950 йилдан буён нақ 13та циклда ўз омадларини синаб кўришган. Лекин уларнинг бирортаси якунида олий мақсадга етолмаганлар. Бу борада жаҳон антирекорди Люксембург термасига тегишли. УЕФАнинг ушбу камтарин аъзоси ҳисобида  19та омадсиз уриниш бор.

*** Эрон терма жамоаси посбони Алиризо Сафар Бейранванд учинчи раунд давомида 6та ўйинда майдонга тушиб, уларда бирорта гол қўйиб юбормади. У бу масалада жаҳон миқёсида Жо Харт (Англия, 5та «қуруқ» ўйин) ва Жейми Пенедо (Панама, 5та)дан ўзиб кетди. Форслар посбонига ОФК миқёсида Ёсир ал Мусайлим (Саудия Арабистони, 4та), Иброҳим Алмеҳ (Сурия, 4та) ва Александр Лобанов (Ўзбекистон, 4та) рақобат тақдим этишлари мумкин.

*** Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари қатарликлар билан ўйинда 306та узатмани амалга оширдилар. Улардан 67,6 фоизи аниқ чиқди. Бироқ узун «пас»лар сони анча кам - 63та. Шунингдек, йигитларимиз ижросида 18та кросс кузатилди.

*** Жанубий Корея термасининг 27 ёшли марказий ҳимоячиси Хонг Жеонг Хо сурияликларга қарши баҳсда миллий жамоаси сафида 40-марта майдонга тушиб, 2-голини урди. У мамлакат бош жамоаси сафидаги голлари ҳисобини 2013 йили Швейцария термаси билан ташкиллаштирилган ўртоқлик ўйинида очганди.

*** Марказий ҳимоячи Жексон Ирвайн Австралия терма жамоасида 2013 йили дебют қилганди. Унинг «соккеруз» сафида илк голни уриши учун 9та ўйин керак бўлди.

*** Япония термаси мундиал саралашида 4-марта 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Самурайлар» Таиланд термаси дарвосасига жавобсиз 4та гол ургунларига қадар Жанубий Вьетнам (1973 йил), Ҳиндистон (2004 йил) ва Тожикистон (2011 йил) терма жамоаларини шу тариқа енггандилар.

*** Саудия Арабистони терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги 107-ўйинини ғалаба билан якунлади. Араблар шунча учрашувда қуйидаги статистикани қайд этишган: 61та ғалаба, 26та дуранг, 20та мағлубият, тўплар нисбати - 199-84. Саудия терма жамоасининг ЖЧ финал раундига боғлиқ статистикаси эса анча паст: 13та ўйин, 2та ғалаба, 2та дуранг ва 9та мағлубият.

*** Саудия Арабистони термаси футболчилари ироқликларга қарши ўйинда 491 марта «пас» амалга оширишди ва шундан 79,8 фоизи аниқ бўлди. Узун узатмалар сони - 78та, кросслар сони - 15та.

*** Япония термаси сардори Майя Йошида миллий жамоаси сафидаги 72-ўйинда 10-голини урди. Эътибор беринг, ҳимоячи 5та голини мундиал йўлидаги баҳсларда нишонлаган.

*** Таиланд термаси дарвозасини ишғол қилган Шинжи Оказакининг мундиал саралаши доирасида урган голлари сони 14тага етди. У Япония миллий жамоаси сафида 106 марта (ЖЧ - 7та, Конфедерациялар кубоги - 3та, мундиал саралаши - 33та, Осиё кубоги саралаши ва финал раунди - 15та, ўртоқлик баҳслари - 48та) майдонга тушган. Шинжи шулардан 85тасини асосий таркибда бошлаган ва атиги 2 марта сариқ карточка олган.

*** Япония терма жамоаси вакиллари - Хироши Кийотаке ва Хироки Сакаи учинчи раунд ўйинларида 3тадан голга ассистентлик қилишди. Сакаи шунинг баробарида жорий босқич­да 3 марта огоҳлантирилди. У бу борада «пешқадам».

*** Саудия Арабистони - Ироқ баҳсида узоқдан зарба йўллаб, чиройли гол муаллифига айланган Яҳё ал Шеҳрийнингараблар миллий жамоасидаги статистикаси: 40та ўйин, 5та гол.

*** Ҳамюртимиз, 41 ёшли ФИФА рефериси Валентин Коваленко ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги 3та ўйинни бошқарди. Бу сафар Саудияда ишлаган ҳакамимиз бунгача Ливан - Қувайт (2015 йил 11 июнь) ва Уммон - Эрон (2015 йил 8 октябрь) ўйинларига тайинланганди. Умуман, Коваленко жаҳон чемпионати йўлидаги жами 9та ўйинда ишлаган: ЖЧ-2014 - 6та, ЖЧ-2018 - 3та. У Саудия термаси иштирокидаги расмий ўйинни 3-марта бошқарди.

*** ЖЧ-2018 саралаш босқичида энг кўп ўйин бошқарган ҳакам - сингапурлик Муҳаммад Тақи Бин Жаҳари. Эрон - Хитой қарама-қаршилиги унинг учун 7-ўйин бўлди. Аҳмад ал Каф (Уммон), Ҳамис ал Маррий (Қатар), Адҳам Маҳадмеҳ (Иордания) ҳисобида эса 6тадан ўйин бор.

*** ОФК миқёсидаги жорий саралашда қатнашаётган терма жамоалар футболчиларининг умумий нархи 241,76 млн. фунт стерлингга тенг. Энг қимматбаҳо футболчи - Сон Хюн Мин (Жанубий Корея)нинг трансфери 21,25 млн. фунтга баҳоланмоқда.

Тур қаҳрамони. Мэтью Алан Леки. 1991 йилнинг 4 февраль куни Мельбурн шаҳрида туғилган. Бўйи - 181 см. Клуби: «Ингольштадт» (Германия). Бунгача Австралиянинг 20 ёш тоифасидаги терма жамоасида ҳам ўйнаган. «Соккеруз» сафида 2012 йилнинг 14 ноябрь куни Жанубий Корея термасига қарши ўйинда деб-ют қилган. Ортда қолган шунча вақтда миллий жамоаси сафида 39 марта майдонга тушиб, 5та гол урди - Канада, Бангладеш, Греция, Ироқ ва БАА термалари дарвозасига. Шундан 3таси ЖЧ-2018 саралашига тўғри келади. Леки - Осиё кубоги-2015 ғолиби. Вақтида Австралия футболининг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан бири сифатида эътироф этилган Мэтью 19 ёшиданоқ «соккеруз» мураббийлари эътиборига тушган ва мунтазам жамоа йиғинларига жалб этилган. Ҳозирги клуби - «Ингольштадт» сафига қўшилгунига қадар Германияда «Боруссия» (Менхенгладбах) ва «Франкфурт» шарафини ҳимоя қилганди.

Тўпурарлар: 15та - Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони), Аҳмад Халил (БАА); 9та - Тим Кэйхилл (Австралия); 8та - Янг Ксю (Хитой), Сардор Азмун (Эрон), Умар Харбин (Сурия).

Қайси жамоа таркибида тажриба кўп?

Миллий термалар сафидаги футболчиларнинг мундиал саралашида ўтказган ўйинлари ҳақида сўз борса, бизнинг жамоа ҳаммадан олдинда. Дейлик, учинчи раунд баҳсларида  таркибга киритилган футболчилар бўйича қарасак, 23 нафар ўйинчимиз ҳисобида жами 291та саралаш ўйини бор. Сурия термаси бу борада ҳаммадан ортда - 115та ўйин. Таққослаш учун айтсак, терма жамоамиз гвардиячиси Сервер Жепаровнинг бир ўзи мундиал йўлидаги 55та ўйинда қатнашган. Одил Аҳмедовда бу кўрсаткич 42тага тенг бўлса, Александр Гейнрих ҳисобида 40та ўйин бор.

Биласизми?

Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати саралаш босқичида майдонга тушган энг ёш футболчи - бу Ислом Тўхтахўжаев. У 2009 йилнинг 11 февраль куни Баҳрайн термасига қарши кечган учрашувда қатнашган пайт 19 ёш 3 ой 12 кунлик эди. Шу мезон бўйича олсак, Улуғбек Бақоев энг ёши катта футболчидир. У 2013 йилнинг 6 сентябрь куни Иордания термаси билан ўйинда майдонга тушганида 34 ёш 9 ой 9 кунлик бўлган.

ФИКРАТ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz