Сир эмас, ғалаба гол эвазига қўлга киритилади. Гол уриш учун эса кўпинча аниқ тўп узатмасига эҳтиёж сезилади. Шу боис, зафарга элтувчи заргарона тўп оширишдан олинадиган лаззат гол завқ-шавқидан қолишмайди.
Бу борада юксак маҳорати билан донг таратган «Барселона» клуби ҳамда Испания терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Хавининг фикрларини ўзига хос қўлланма сифатида қабул қилиш мумкин. Хўш, Хавича аниқ узатмалар сири нима? У айни шу масалада ёш касбдошларига тегишли маслаҳатлар берди.
Бошингни тик тут
- «Барселона»да олган илк сабоғим - бошни тик тутган ҳолда ўйнашга одатланиш. Агарда тўпни қабул қилиб олганингдан кейин умумий вазиятни ўрганмоқчи бўлсанг, унда кечикасан.
Лекин бошингни кўтариб тўп суришга одатлансанг, рақиблар ва жамоадошларинг қайси ҳудудларда туришганини осонгина билиб оласан. Шундай тақдирда тезлик билан аниқ тўп узатиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Фаолиятим давомида бу борада катта тажриба тўпладим. Аммо ўша илк сабоқни ҳозир ҳам энг муҳими сифатида кўрсатаман.
Ҳаракатларингни олдиндан режалаштир
- Тўпни қабул қилиш жараёнида ўйлаган режамни амалга ошириш имкониятини чамалайман. Бунда муҳими, вазиятни олдиндан сезиш ва барчасини теран тушуниш. Яна рақибнинг қандай позицияда турганини ҳисобга олиш лозим. Дейлик, таъқибчилар қуршовида қолган бўлсам, тезкор узатма эвазига вазиятдан чиқиб кетишга уринаман ёки тўпни рақиб олиб қўёлмайдиган тарзда «ушлаб» тураман. Асосий мақсад - лоақал 2-3 метрли бўшлиқ яратиш ва ҳужумга кескинлик бағишлайдиган узатмани амалга ошириш.
Узатмани кашф эт
- Тўп узатишлар орқали ҳужумга ўтишнинг асосий талаби тайин - футболчи ўз ҳаракатларини ортиқча қийинчиликсиз давом эттириши керак. Биринчи навбатда, бўш ҳудудга чиқиб боришга шайланган жамоадошимни қидираман. Кейин тўпни унинг йўналиши бўйича узатаман. Қўшимчасига, тўп ўша футболчининг «ишчи» оёғига тўғри тушишини таъминлашга ҳаракат қиламан. Ана шундай қилсам, жамоадошим тезлигини йўқотмайди.
Суръат - ҳал қилувчи омил
- Сифатли узатмада тўпнинг суръати муҳим аҳамиятга эга. Сен узатмадан олдин оралиқ масофани аниқ белгилашинг, тўп етиб боргунича жамоадошинг қанча масофани босиб ўтишини ҳисобга олишинг керак. Умуман, ҳаттоки, қисқа узатмаларда ҳам кўплаб омилларга аҳамият беришинг шарт.
Узат ва бўш ҳудудга чиқ
- Бу қоида ўта жўн туюлсада, бажариш осон эмас. У доимий ҳушёрлик ва изланишни талаб этади. Мисол учун, жисмонан кучли ва гавдали бўлмаганим боис, мен учун бўш ҳудудлар жуда муҳим. Кескин узатмани амалга ошириш учун яна вақт қадрига етишни ўрганиш керак. Бир лаҳзага кечиксанг, рақиб тўп йўлини кесишга улгуради. Хуллас, хавфли вазиятларни юзага келтирадиган узатмани амалга ошириш йўлида тинмай югуришимга тўғри келади. Айни шу югур-югурлар эвазига жамоадошларимни қулай вазиятларга олиб чиқаман.
Самарали узатмага меҳр қўй
- Ўзига хос тарзда, тўсатдан амалга оширилган самарали узатманинг лаззати бошқачада, барибир. Жамоадошинг аниқ ҳаракатингдан сўнг тўпни дарвозага жойлаб қўйса, беихтиёр қувончдан қичқириб юборганингни сезмай қоласан. Самарали «пас» - фантастика! Қанотлардан амалга оширилган узатмалар эвазига уриладиган гол завқи ҳам ажойиб. Аммо шахсан мен рақиб ҳимоячиларини ишсиз қолдирадиган «пас»ларни кўпроқ ёқтираман. Бунақаси асосан майдон марказидан узатилади. Дейлик, узун узатмадан сўнг ҳужумчи кўпинча дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқади. Фаолиятимда шундай унутилмас узатмалардан бирини ЧЛ-2011 финалида амалга оширгандим ва Педро уни ажойиб тарзда голга айлантирганди.
Эътиборга молик иборалар
- Рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятни юзага келтириш - ғаройиб ҳиссиёт.
- Иньеста - «Яшил майдон рақси»даги энг яқин ҳамкорим.
Факт
Хави заргарона узатмаларни Adidas бутсалари ёрдамида амалга оширади.
Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20