Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ўз вақтида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг матбуот котиби лавозимида фаолият кўрсатган таниқли сиёсатшунос-тарихчи Азамат Зиё ўзбек футболининг энг оғриқли муаммолари ва уларнинг ечимлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг фикрича, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун футболга оид қонунчиликни такомиллаштириш, имтиёзлар бериш ҳамда давлат ва жамоат назоратини ўрнатиш лозим.
Мақола матни "Миллий тикланиш" газетаси сайтида эълон қилинган.
Депутатнинг фикрича, ўзбек футболидаги муаммоларнинг бири — футбол клубларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва фаолияти замонавий эмаслигидадир. "Бозор муносабатларига ўтдикми, бошқа тармоқлар қатори футбол тизими ҳам мазкур қоидаларда росмана яшашга ўрганиши керак. Яъни, аввало ҳар бир клубнинг ўз қонуний эгаси бўлсин, ҳоҳ якка шахс, хоҳ акциядорлик тартибида. Клубларимиз шундоқ ҳам акциядорлик жамияти шаклида тузилган-ку, эътирозини қабул қилолмаймиз. Чунки, улар асосан ҳомийлик йўли билан тириклигини яхши биламиз. Ҳомийлик — еб кетарга бериладиган ҳар қандай маблағ, ҳатто тоғдек бўлсин, ўпқонга тушгандек йўқ бўлиб кетаверади. Ваҳоланки, мазкур каттадан-катта маблағлар, нисбатан оз туюлса-да, аслида умумий қозонимиз — миллий иқтисодиётимизнинг бир бўлаги. Ҳозирги ҳолатда натижа бўйича ҳеч ким жавобгар эмас: на клуб, на футболчи, на мураббий. Клубнинг ҳақиқий, пули куяётган эгаси (эгалари) бўлса, қандай талаб қилиб олишни ҳам, ишни ташкил қилишни ҳам ўзи билади", — деб ёзади муаллиф.
Азамат Зиё, шунингдек, ўз мақоласида футболчи ва мураббийларни тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталган.
— Ушбу ўта жиддий, балки энг асосий йўналишда мамлакатимизда ҳамон эски мактаб услублари устуворлигига шубҳамиз йўқ, — деб ёзади депутат. — Шу маънода мустамлака замонида Минскнинг “Динамо” жамоаси гуркираган қисқа муддатда унинг мураббийси Э.Малофеевнинг намунавий машғулотларига бағишланган кўрсатув эсга тушади. У футболчиларга шундай кўрсатма берганди: тўп билан олдинга бордингми, албатта теп, сўнг тезда орқага қайт! Ҳозир ҳам майдонда тинмай югуриш, қарсиллатиб тепиш, босим ўтказиш асосий омиллар саналишига оид шахсан гувоҳ бўлган ҳолатлар етарлидир. Тўғри, улар ҳам даркор (айниқса жисмоний чидам), мазкурларни энг пешқадам жамоаларда ҳам кузатиш мумкин (дуч келган ёққа тепишдан ташқари, албатта). Бироқ футболчилар етиштиришдаги энг катта камчилик борки, уни неча йиллар бурун “Ювентус” жамоасига таклиф қилиниб, катта шов-шувга сабабчи бўлган, ҳозирда ушбу жамоада ёшларга мураббийлик қилаётган Илёс Зейтуллаев очиқлаб берди. Маълум вақт муқаддам қурган суҳбатида, Ўзбекистон ва Италияда футболчиларни тарбиялашдаги энг асосий фарқ нимада, саволига унинг жавоби шундай жаранглади: бизда болаликдан алдашга (яъни рақибни алдаб ўтишга), бу ерда эса майдонда ўйинни қандай уюштириш бўйича фикрлашга ўргатилади!
Ўз мураббийларимизни ерга уришдан мутлақо йироқмиз. Улар шахсий савия ва имкони даражасида астойдил тер тўкаётганидан яхши хабардормиз. Шу билан бирга, чет эллик илғор мактаблардан, машҳурларини эмас, индамай ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиш қон-қонига сингиб кетган мутахассисларни таклиф қилиб, болаларни ўшаларга топшириш керак, деб ишонамиз. Йиллар ўтиб, натижа бўлишига шубҳа йўқ. Шу маънода 1998 йилги жаҳон биринчилигида чорак финалдан чиқолмаган, 2000 йилги Европа биринчилигида гуруҳда бир очко ололган немислар ушбу муваффақиятсизлик-фожиани холис ва ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келганлар: футболчиларни тайёрлаш ишини тубдан ўзгартириш! Шу тариқа мамлакат футбол федерациясининг ёш қобилиятларни топиш ва парваришлашга қаратилган кенг кўламли “Истеъдод истаб” (“Talentforderung”) дастури ишлаб чиқилган ва 2002 йилдан ҳаётга татбиқ этила бошланган. 2014 йили эса мевасини ҳам олдилар — ярим финалда мезбон Бразилияни 7:1, финалда Месси Аргентинасини 1:0 ҳисобида енгиб, жаҳон чемпиони бўлдилар.
Яна бир гап. Бир пайтлар “Спорт” телеканали “Бунёдкор”да тўп сурган машҳур Ривалдўдан, Ўзбекистон ва Бразилияда болалар учун бу борада яратилган шароитларга муносабати ҳақида сўраганида, “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмасдан” мана бу ҳақиқатни айтганди: мен ўта камбағал оилада туғилганман, мактабга боришга пулимиз йўқ эди, ўзимни футболга бағишладим, ўз устимда тинмай ишладим, шу тариқа машҳур футболчи бўлиш ва оиламни қашшоқликдан қутқариш орзусида тақир ерларда тер тўкдим ва бунга эришдим, сизларда эса ёшларга барчаси муҳайё, мактаблар текин, тўгараклар, майдонлар, стадионлар уларга мунтазир, менингча, шу нарса уларни бамайлихотирроқ қилиб қўйган бўлса керак!..
"Албатта, бу ишлар бирдан бўлмайди, лекин киришиш ҳам керак-ку. Ўтган чорак аср қандай ғизиллаб ўтиб кетган бўлса, буёғи ҳам шундай бўлиши муқаррар. Тайёргарлик кўриб, кенг муҳокамадан сўнг узил-кесил ҳал қилиб, футбол саноатимизни замонавий йўлга солиб юбориш лозим. Соҳа қонунчилигини яратиш, имтиёзлар бериш, давлат ва жамоатчилик назоратини қаттиқ ўрнатиш сингари ташкилий-ҳуқуқий қадамлар ҳам зарур бўлади. Бирдан натижа бўлмаслиги, хатолар, қоқилишлар юзага чиқиши турган гап. Бироқ яқин йилларда жараён қолипга тушиб кетиши, янгича тизим ишлай бошлашига ишончимиз комил", — дейди Азамат Зиё.
Манба: www.uff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20