Қайднома

Қидирув

Ўта «ақлли» ёхуд худбин футболчилар

Ўта «ақлли» ёхуд худбин футболчилар

  06.04.2017 06:22
  0
  1673
Ўта «ақлли» ёхуд худбин футболчилар

Баъзан шундай ҳолатлар учрайдики, ўйинчилар ўзларини мураббийдан ақллироқ санаб, ўша мутахассисни беҳурмат қилишади. Жамоа устози ва клуб манфаатлари улар учун иккинчи даражага тушади.

Бу каби худбинликлар эса аксарият ҳолларда халал берувчи омилга айланади.  Interfutbol.uz айнан шу тоифадаги футболчилар ҳақида сўз юритади.

Малкольм Макдональд («Ньюкасл»)

Гордон Ли «Ньюкасл»ни эндигина қабул қилиб олган кезлари ҳужумчи Малкольм Макдональд билан чиқишолмади. Ўзидан юлдуз ясаб олган футболчи журналистларга интервью бериш чоғида: «Ким ўзи бу Гордон Ли?» деб сўраган. Орадан бир неча йил ўтгач, форвард бу гапларни айтишга стартнинг ёмон олингани сабаб бўлганини таъкидлаган.

Мураббий «Сен профессионал эмассан, Макдональд. Футбол - фақат гол уришдан иборат эмас», дегач, шогирдининг танқидларига учраган. Можаро «Арсенал» Супермакни 333 минг фунтга сотиб олганидан кейин ҳам давом этган. «У бунча пулга арзимайди», деганди Ли. Макдональд эса ушбу фикрга қўшилмай, ўнлаб голлар муаллифига айланган. Гордон орадан 18 ой ўтиб «Эвертон»га бош мураббий этиб тайинланди. Сўнгра «Престон» ва «Рейкьявик»да ишлади.

Иан Райт («Арсенал»)

Бу футболчига камтарлик ёт бўлган, атрофдан ёғилаётган мақтовларни бажонидил қабул қилган. Райт 1996 йили «Арсенал»ни тарк этаётганида Брюс Риох у ҳақида номақбул сўз айтганини ёдга олганди. «Канонирлар»нинг янги устози тезкор пасларга асосланган ўйинни маъқул кўргани боис бу услуб тўпсиз ҳаракатланишга кўникмаган Райтга ёқмаган.

Оқибатда Англия кубоги доирасидаги «Шеффилд Юнайтед»га қарши баҳсдан сўнг кийиниш хонасида келишмовчилик юзага келди. Ушбу вазиятда кимнинг ҳақлиги аҳамиятсиз эди, зеро Иан юлдуз ҳисобланарди. Натижада «Арсенал» раҳбарияти Риохдан воз кечган. Райт эса лондонликлар сафидаги голлари бўйича рекорд ўрнатишда давом этган.

Пьер ван Хойдонк («Ноттингем Форест»)

«Тан оламан, вазиятни бошқача тарз­да ҳал қилиш ҳам мумкин эди», деди ван Хойдонк ўша машҳур иш ташлашидан ўн йил ўтгач. Воқеа шундай рўй берганди: «Форест» 1997|1998 йиллар мавсумида голландиялик ҳужумчининг 34та голи эвазига АПЛга йўл олганди. Аммо Пьер мутасаддиларни жамоани кучайтириш эмас, балки футболчиларни сотиш эвазига чўнтакни қаппайтиришда айблагач, каттагина можаро келиб чиқди.

Кевин Кэмпбелл 2,5 млн. фунт эвазига «Трабзонспор»га йўл олди, мухлислар ёқимтойи Колин Купер эса қуйи лигадан чиққан бошқа жамоа - «Мидлс­бро» сафига ўтди. Уларга қўшилиб кетишни хоҳлаган Хойдонк эса рад жавоби олди. Шунда ҳаммага қарши чиқди, қадрдон юрти Голландияга бориб, жонажон «Бреда» клубида шуғуллана бошлади. Орадан уч ой ўтиб, яна туманли ўлкага қайтди, лекин мураббий Бассетт уни қабул қилмай, бошқа мамлакатда тўп суришини айтди. Пьер худди шундай қилди: фаолиятининг қолган қисмини «Бенфика», «Фейенорд», «Фенербахче» ва «Бреда»да ўтказди.

Диего Марадона («Наполи»)

Аргентиналик афсонанинг ўша пайтлардаги рекорд сумма - 6,9 миллион фунт эвазига «Наполи»га ўтиши катта шов-шувга сабаб бўлди. «Бизда мэр, уй-жой, мактаб, автобус, иш йўқ. Лекин Диего Марадона бор жойда буни ким ҳам ўйларди?», - маҳаллий газеталарда шу мазмундаги чиқишлар кўпайди. Марадона ҳақиқатан ҳам ажойиб ўйин кўрсатган, натижада «Наполи» 1987 ва 1990 йилларда «А» серия чемпионлигини қўлга киритганди. Майдон ташқарисида эса муаммолар етарли эди. Мунтазам равишда машғулотлар ва учрашувларни ўтказиб юборган Диего 70 минг доллар миқдорида жарима тўлаган. 1991 йили жамоа Клаудио Раньери бошқарувига ўтгач, Марадона гиёҳванд модда истеъмол қилгани учун 15 кунлик тақиққа дучор бўлган. «У билан ишлашни хоҳлагандим, аммо клуб манфаати ҳаммадан, ҳаттоки, Диегодан ҳам устун туради», деганди яқинда «Лестер»дан истеъфога чиққан мутахассис. Кейинчалик Марадона «Севилья»га йўл олди, аммо энди аввалгидек барқарор ўйин кўрсатолмади.

Родни Марш («Манчестер Сити»)

Марш 1972 йили 200 минг фунт эвазига «Манчестер Сити»га ўтганида, бош мураббий Малкольм Эллисон ушбу трансфер ёрдамида жамоа­даги камчиликларни бартараф этиб, «шаҳарликлар»нинг ниҳоят, чемпионликка эришишларини тахмин қилганди. Аммо ҳаммаси аксинча тус олди: Родни бутун жамоани издан чиқарди, клубдошлари эса уни ҳужум суръатини бузишда айблаб, жонглёр ишлатишини танқид қилишди. Хуллас, Марш кўпчиликка ёқмаганига қарамай, кейинги тўрт йилни Манчестернинг мовий тусдаги қисмида ўтказди, лекин унинг фаолиятини муваффақиятли кечди, дейиш қийин.

Бош мураббий Тони Букани танқид қилгани учун иккинчи жамоа сафига қўшилди. Ортга қайтиш имконияти туғилганида эса худбинлиги панд берди. Жамоа устози уни ёнига чақириб, шундай деди: «Агар мени ёмонотлиқ қилаверсанг, келишолмаймиз. Аввал айтган гапларинг­ни қайтариб оласанми?». Футболчи эса фикрида қатъий турди: «Бу ҳақда ўйлашни хоҳламайман, сен шунга ҳам арзимайсан». Ниҳоят, сўнгги қарор қабул қилинди: Марш лаш-лушларини йиғиштириб, «Корк»ка йўл олди, кейинчалик Американинг «Тампа-Бэй Раудис» клуби сафига қўшилди.

Дэвид Бекхэм («Манчестер Юнайтед»)

Албатта, жаҳон футболи юлдузларидан бирисиз ушбу рўйхатни тасаввур қилиш қийин. Бекхэм гарчи Фергюсон билан ота-боладек эканликларини кўп бора таъкидлаган бўлсада, бунга ишониш қийин. Айниқса, 2002|2003 йиллар мавсумига назар ташласак. Ўшанда Дэвид аввалги формасини тиклашда қийналаётганди, Англия кубоги доирасидаги «Арсенал»га қарши баҳсдан сўнг эса шотландиялик мутахассис шогирдига қарата бутса улоқтириб, унинг қошини ёрганди. Хўш, бунга нима сабаб бўлганди?

Сэр Алекснинг айтишича, ҳимояга қайтмасликда айбланган Бекхэм устозининг гапларига қарши чиққан. Боз устига, Дэвиднинг юлдузларга хос ҳаёт тарзи, ҳар ҳафта соч турмагини ўзгартириши, барча рекламаларнинг бош қаҳрамонига айланишни мақсад қилгани Фергюсонга ёқмаган. «МЮ»нинг еттинчи рақамли футболчисига «Барселона» жиддий қизиқиш билдирганига қарамай, ярим ҳимоячи «Реал»ни танлади.

Тони Йебоа («Лидс»)

«Жорж Грэм мени сийлаяпти, деб ўйламайман. Гўёки, у мендан фақат ёмонлик кутган», дейди «Лидс»нинг собиқ тўпурари Тони Йебоа. У қайсидир маънода ҳақ: шотландиялик мутахассис «Элланд Роуд»даги бошқарувни ўз қўлига олгач, ганалик ҳужумчининг камчиликларни бартараф этиши мумкинлигига ишонмаган. қизиқ, ахир ўша кезлари Йебоани ҳамма яхши кўрарди, бир мавсум аввал «Ливерпуль» ва «Уимблдон» жамоалари дарвозасига урган голлари кўп нарсани англатарди.

Йоркшир пудинглари туфайли вазни бироз ошганини тан олган Тони асосий вақтини захира ўриндиғида ўтказишга одатланди. Ҳаммаси 1997 йилнинг мартига келиб хотима топди. «Тоттенхэм»га қарши баҳсда «Лидс» 0:1 ҳисобида ютқазаётганди. Грэм ҳужумчини ҳимоячига алмаштиришни маъқул кўргач, бу қарор Йебоага ёқмади ва у либосини устозига ир­ғитди. Шундан сўнг у «Лидс»да бош­қа ўйнамади. «Йебоа жамоадан жой олиш учун етарлича меҳнат этикасига эга эмас»,-деганди Грэм хотиржамлик билан.

Жоржо Киналья («Нью-Йорк Космос»)

1976 йили Италия термаси собиқ ўйинчиси ва «Лацио» қаҳрамони Кинальянинг океан ортига бориши америкаликларни ҳайрон қолдирганди. Ҳамма қувонган, аммо кўп ўтмай, европалик юлдузлар билан тил топишиш қийинлигини тушуниб етишганди. Жоржо ҳеч қачон омма ёқимтойи бўлмаган, Италияни эса бошқа жамоалар мухлисларининг тинимсиз таҳдидлари туфайли тарк этганди. Нью-Йоркда ҳам унинг ишлари қовушмади.

Ўша пайтдаги бош мураббий Тойе футболчини қулоқсизликда айблаганди. «Ҳа, мен шунақаман, чунки бу аҳмоқ мураббийлардан кўпроқ нарсани биламан», деганди Киналья. Шунга қарамай, италиялик ўйинчи жамоасига ёрдам берди: етти йил мобайнида АҚШда Пеле, Карлос Альберто ҳамда Франц Беккенбауэрлар билан ёнма-ён тўп суриб, ўз ҳисобига 397та гол ёзиб қўйди. 1983 йили Жоржо бутсаларини михга илгач, «Лацио» президентига айланди, кейинчалик «Космос»нинг 60 фоиз акциясига эга чиқди. Аммо клуб 1986 йили банкрот бўлди. 2014 йили афсонавий жамоа­ни қайтаришга қарор қилишди, 9-рақам эса умрбод италиялик футболчига аталди.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz