Қайднома

Қидирув

Дарвозабон учун машқ: кўзойнак, тўсиқ ва батут

Дарвозабон учун машқ: кўзойнак, тўсиқ ва батут

  06.04.2017 00:11
  0
  1040
Дарвозабон учун машқ: кўзойнак, тўсиқ ва батут

Маълумки, замонавий дарвозабонларнинг ўқув-машғулотлари бундан 10-20 йиллар олдингиларига сира ўхшамайди.  Бизнингча, бу борадаги инқилобни (ўзи билмаган ҳолда) Мануэль Нойернинг «Шальке»даги устози -  Лотар Матушак қилган. Чунончи, у тез-тез Нойернинг амплуасини ўзгартириб, ундан сўнгги ҳимоячи ўрнида фойдаланарди. Бугунга келиб Нойер рақиб ҳужумини жарима майдони ташқарисида тўхтатадиган, янги ҳужумлар бошлайдиган, тўпни тезлик билан ўйинга киритадиган киперга айланди. Шубҳасиз, дарвозабондан майдондаги 11-футболчи сифатида фойдаланиш - Матушакка тегишли универсал ғоя. Бироқ Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» жамоасида болалар мураббийи бўлиб ишлаётган Роберт Матошевич ҳамкасби Лотардан ҳам ўзиб кетди. Яъни у дарвозабонларни тез-тез марказий ҳимоячи ўрнида тўп суришга ундаб, улардан ҳужумни бошлай оладиган, кучли прессинг вақтида тўғри қарор қабул қиладиган футболчиларни етиштирмоқда.

Дарвозабонлар эпчиллигини ошириш учун усуллар жуда кўп. Лекин биз кўпинча оддий ҳолатларни - жарима тўпларини қайтараётган, кетма-кет зарбаларда «сейв» кўрсатаётган голкиперларнинг машғулотига гувоҳ бўламиз, холос. Аслида эса ўйин вақти дарвоза қўриқчилари бундан анча мураккаб ҳолатларга ҳам тушиб қолишади. Замонавий мураббийлар илм-фан ва техника ривожидан фойдаланиб, шогирдлари абжирлигини ошириш мақсадида янгидан-янги усулларни кашф қилишмоқда. қуйидаги қизиқарли мақолада айнан шу ҳақида ҳикоя қилинади.

Кўзойнаклар

Швейцария терма жамоасининг устози Владимир Петковичнинг сўнгги пайтларда боши қотиб қолди. Чунки унинг ихтиёрида уч нафар кучли дарвозабон бор: Зоммер, Бюрк ва Хитц. Петкович ҳар бир ўйин арафасида уларнинг қайси бирини танлашга ҳайрон бўлади. Мана шундай мураккаб вазиятда Петкович муаммонинг «ечими»ни топди: у мамлакат футбол федерациясига мурожаат қилиб, Япониянинг VisionUp компаниясидан учта махсус кўзойнак олдирди. Бу жиҳозларнинг ҳар бири ўртача 357 фунт туради. Ноодатий хусусиятга эга стробоскопик кўзойнакларнинг афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида лавҳаларни секинлаштириб ёки аксинча, тезлаштириб кўрсатиш мумкин. қисқаси, кўзойнак кўмагида тўпни турли тезликда ҳаракатлантирилади. Бу эса табиийки, дарвозабонларнинг ҳуш­ёрлигини оширади. Боз устига, япон мутахассисларининг таъкидлашича, антиқа жиҳоз кўзга оид муаммоларни ҳам анча бартараф этаркан.

Албатта, машғулотларда стробоскопик кўзойнаклардан фойдаланиш ажойиб ғоя. Лекин жаҳон футболида дарвозабонлар эпчиллигини оширадиган бошқа ғайриоддий усуллар ҳам бор.

Металл тўсиқлар

«Монако» устози Леонарду Жардимни яқин келажакнинг энг истеъдодли мураббийлари қаторига қўшиш учун жамоа кўрсатаётган ўйин ва натижаларнинг ўзи етарли. Аммо Жардим машғулотлар вақтида ҳам шундай «ижодкор»ки, тан бермай иложингиз йўқ. Хусусан, бундан уч йиллар аввал «Монако» дарвозабонлари рикошетлар пайтида самарали ҳаракат қилиш учун антиқа усулдан фойдаланишарди. Яъни мураббий дарвозадан тахминан беш метрлар олдинроққа махсус темир тўсиқлар ўрнатиб, шундан кейингина футболчиларга зарба йўллаш учун рухсат берарди. Табиийки, бу ҳолатда коптокнинг йўналиши кескин ўзгариб, у юқорига ҳаракатланади. Даниэл Субашич ва Мартен Стекеленбурглардан эса ана шу кутилмаган вазиятда тўғри ҳаракат қила олиш талаб этиларди.

«Монако»нинг дарвозабонлар мураббийи бўлган Андре Амитранонинг айтишича, бу усулдан нафақат голкиперлар, балки майдон ўйин­чилари ҳам фойдаланишган. Мисол учун, ҳужумчи Валер Жермен ҳам машқларда қатнашиб, тўсиққа учраб, йўналиши ўзгарган тўпларни сифатли қабул қилиш санъатини ўзлаштирган экан.

Сув идиши

Дарвозабонни чалғитиб, тўпнинг ҳаракатини бутунлай бошқа томонга йўналтиришнинг яна бир усули. Фар-қи шундаки, ғоя муаллифи қайсидир мураббий эмас, футболчи. Аниқроғи, дарвозабон - Петр Чех. У машғулотлар чоғида олдига бирталай сув идишларни тўплаб олиб, жарима майдончасига сочиб ташлайди. Йўл-йўлакай плас­тик идишларга урилган тўп эса табиийки, йўналишини ўзгартириб, дарвозабонни чалғитади. Мазкур машғулот Чехнинг эпчиллигини ошириб, Евро-2016 баҳсларида ёрдам берди. Хусусан, Чех турнирдаги Испанияга қарши баҳс­да дарвозаси дахлсизлигини 87 дақиқагача сақлаб турди.

Батут

Айтишларича, «Норвич» мураббийи Алекс Нил ихтиро қилган ва Spikeball деб ном олган ўйин тури илк бор Америка томонларда пайдо бўлган экан. Аммо шуниси борки, уни профессионал спортга Алексгача ҳали ҳеч ким қўллаб кўрмаганди. Ваҳоланки, бу ўйин дарвозабонларнинг эпчиллигини кескин яхшилайди. Ўйин қоидасига кўра, тўрт нафар голкипер иккитадан бўлиб, икки батутга жойлашишади ва копток билан волейбол ўйнашади. Шартга кўра, ўйинчилар тўпга уч бор тегинишда уни нариги батутга узатишлари керак. Коптокни ерга тушириб юбориш мумкин эмас. Батутда эса маълумки, тўп ноодатий йўналишда сакрайди. Хуллас, «Норвич» голкиперлари машғулотининг дронда тасвирга олинган лавҳалардан маълум бўлишича, Spikeball биринчи навбатда, кутилмаган рикошетлар чоғида дарвозабонларга қўл келади.

қолаверса, бу ўйин нафақат киперлар, балки исталган кишига ёқиши мумкин.

Бурчакли тўплар

«Голкиперларда ҳаммаси рефлекс­га боғлиқ. Чунки зарбалар аксарият ҳолларда 5-10 метрдан берилади. Бундай вақтда фақат инстинктгина жамоани голдан қутқариши мумкин», - деганди Станислав Черчесов жамоа­сидаги дарвозабонлар мураббийи Гинтарас Стауче. Эътиборлиси, Черчесов «Динамо» (Москва)ни бошқариб юрганида журналистлар ғалати бир «томоша»ни учратиб қолишади. Аниқроқ айтсак, голкиперлар учун жавобгар Стауче тўртбурчак, бешбурчак шаклидаги ноодатий тўплар билан машғулот ўтказаётганини кўришади. Кейинроқ маълум бўлишича, Гинтарас шогирдларини шу усулда синовдан ўтказиб, ўйинларга тайёрлар экан. Чунончи, юмалоқ бўлмаган бундай коптоклар ноодатий ҳаракатланиб, дарвозабонлар учун катта ноқулайлик туғдиради. Стаученинг мазкур машқлари 2015 йил бошида, қишда кузатилади. Баҳорга келиб эса жамоа аъзолари ўта бўш ўйнашади ва кетма-кет танқидлар остида қолишади. Топинг-чи, таркибдаги қайси футболчи эътирозга сабаб бўлмайдиган даражада ҳаракат қилади?! Бу - дарвозабон Владимир Габулов эди...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz