Қайднома

Қидирув

Интервью: Жилберто Сильва: Конфедерациялар кубоги тайёр тажриба

Интервью: Жилберто Сильва: Конфедерациялар кубоги тайёр тажриба

  06.04.2017 00:48
  0
  680
Интервью: Жилберто Сильва: Конфедерациялар кубоги тайёр тажриба

Бразилиялик Жилберто Силва ФИФА томонидан ҳар 4 йилда бир марта ташкилланадиган Конфедерация кубогида ғалаба қозониш қандайлигини жуда яхши билади. Зеро, у «пентакампеонлар» билан бу мусобақада икки бора ғолиблар шоҳсупасига кўтарилган - 2005 йили Германияда ва яна 4 йилдан кейин ЖАРда.

Шундай экан, Конфедерациялар кубоги-2017 бош соврини тақдимоти «селесао»нинг собиқ вакилида энг ёрқин ва ёқимли хотираларни уйғотган бўлса, ажабмас.  Аниқроқ айтсак, у 16 март куни Сиднейда ўтказилган тақдимот маросимида иштирок этди. Зеро, ФИФА талабига кўра, «чемпионлар турнири» кубоги бўлажак мусобақанинг ҳар бир иштирокчи-мамлакатида намойиш қилинмоқда.

Жилберто Силвага кенгурулар юртида Австра-лия миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Гарри Кьюэлл ҳамроҳлик қилди. Бразилиялик фахрий шундан сўнг Янги Зеландияга йўл олди ва у ерда маҳаллий юлдуз Иван Вичелич билан ҳам шу миссияни бажарди - кубокни омма эътиборига ҳавола этди. Япония|Ж.Корея-2002 мундиали ғолиби шунинг баробарида FIFA.com сайтига интервью берди. Айтиш жоиз, 40 ёшли Жилберто ҳамон катта футбол ичида. Тўғрироғи, Бразилиянинг «Атлетико Минейро» жамоасида ўйнашда давом этяпти.

- Жилберто, Конфедерациялар кубогини икки марта бошингиз узра баланд кўтаргансиз. Сизнингча, муваффақият омили нималардан иборат?

- Барчаси оддий: тинимсиз меҳнат ва майдонда бор кучни ишга солиш. Хусусан, Конфедерациялар кубогига тўхталсам, бу алоҳида эътибор талаб қиладиган турнир. Биринчидан, унинг муддати анча қисқа, ўйинлар орасида тикланиш учун вақт кам бўлади. Иккинчидан, биттагина омадсиз учрашув вазиятни кескин оғирлаштириши ҳеч гап эмас.

Шундай экан, биринчи ўйинданоқ тўлиқ куч билан ишлаш керак. Агар турнирда ғалаба қозонишни хоҳласангиз, албатта. Демоқчиманки, бу мусобақанинг сиз ва жамоангиз, умуман, юртингиз учун муҳимлигини теран тушунишингиз муҳим. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришолмайсиз. Табиийки, рақиблар анойи эмас, ахир ҳар бир қитъанинг энг кучли жамоалари билан ўйнашингизга тўғри келади. Бундай ҳолатда озгина хотиржамлик ҳам қимматга тушиши мумкин. Шунингдек, охирги вақтларда футбол оламида «кичик» терма жамоаларнинг «сюрприз» улашишни ўрганиб олганини унутмаслик керак.

- Фахрли кубокни қўлга олгач, қандай ҳиссиётларни бошдан кечирганингиз эсингиздами?

- Ҳар бир мусобақадаги ғалаба - бу орзунинг ушалиши ва оғир меҳнатингиз самараси. Тушунарлики, якуний зафар лаҳзалари футболчининг қалбига муҳрланади. Ўз мисолимда айтсам, ҳаттоки, ҳозир ҳам ўша вақт қандай ҳолатга тушганимни сўз билан ифодалаб беролмайман.

Такрорланмас туйғулар... Ўзингизга маълум, ғалаба онларида айримлар беихтиёр севинч кўз ёшларини тўкишади, бошқа бировлар рақс тушишади ёки қандайдир телбаликка йўл қўйишади. Ҳаммаси эҳтиросдан. Хуллас, ҳар ким ғалабани турлича нишонлайди. Лекин ишончим комил, ҳамма максимал даражада роҳатланади.  Бу нималигини фақат шоҳсупага кўтарилганларгина билишади. Ўйлайманки, кучли эътибор, тинимсиз машғулотлар ва тайёргарлик жараёни чарчоғи айнан ғалаба эвазига тарқалиб кетади.

- Хўш, сиз иштирок этган ва Бразилия терма жамоасининг ғалабаси билан тугаган 2та Конфедерациялар кубоги турнирига боғлиқ энг ёқимли лаҳзани айта оласизми? Яъни ўзингиз учун энг унутилмас воқейлик нима?

- Бу борада ҳеч иккиланмай, 2009 йилги турнир финалида АҚШ термасига қарши кечган ўйинни тилга олишим мумкин. Учрашув бошланмасидан рақиб осонгина таслим бўлмаслигини тушунгандик. Зеро, америкаликлар айниқса, ҳимояда мустаҳкам қўр-ғондек таассурот қолдиришганди. Шунга яраша, ҳужумкорликка зўр берганмиз ва рақиб бунга дош беролмаганди. Аслида АҚШ термаси босимдан холи эди, яъни ҳеч ким ундан ғалаба кутмасди. Боз устига, биринчи бўлимда дарвозамиздан 2 марта тўп олиб чиққандик.

Муҳими, иккинчи 45 дақиқаликда тинимсиз ҳужумлар уюштириб, америкаликларни ўз жарима майдонлари ичига қамаб қўйдик. Хуллас, якунда ҳисобни 3:2га айлантиришга муваффақ бўлгандик. Бундай сценарий остида ғалаба қозониш икки ҳисса ёқимли. Умуман, ўйиннинг ўзи ҳаяжонга бой ўтганди. Бошидан воқеаларнинг кутилмаган даражада тус олишидан ҳаттоки, бироз мувозанатни йўқотиб ҳам қўйганмиз. Ахир ўйин дебютидаёқ ҳисобда иккита гол фарқи билан ортда бориш хаёлимизга ҳам келмаганди. Қисқаси, эсдан чиқмайдиган ғалаба.

- Бўлажак мусобақада Бразилия терма жамоаси иштирок этмайди. Фикрингизча, қайси жамоа бош соврин учун асосий даъвогар ҳисобланади?

- Германия ва Португалия термалари. Негаки, бу жамоалар энг кучли турнирларнинг амалдаги ғолиби саналади. Бири жаҳон чемпиони бўлса, иккинчиси Европада тенгсиз эканлигини исботлади. Шу фактнинг ўзиёқ немислар ва португалларга фаворитлар сифатида қарашни тақозо этади. Тўғри, шунинг баробарида бу жамоалар зиммасида қўшимча масъулият ҳам йўқ эмас.

Умуман, фаворит мақоми ўз йўлига, бу айнан немислар ёки португаллар ғалаба қозонишларини англатмайди. Конфедерациялар кубоги кутилмаган натижалар билан ҳам ажралиб туради. Юқорида айтганимдек, старт­даноқ ҳушёр ўйнамаган жамоанинг ноқулайликларга дуч келиши ҳеч гап эмас. Муҳими, бу мусобақа айниқса, терма жамоалар таркибига қўшилган янги футболчилар учун катта аҳамият касб этади. Демоқчиманки, улар ўйинлар орқали мамлакат бош жамоасида ўйнашга қодир эканликларини исботлашга уринишади. Бундай ёндашув жаҳон чемпионати стартидан бир йил аввал ўтадиган турнирга ўзгача шиддат бағишлайди.

- Россия-2017 мусобақасида иштирок этувчи футболчилардан кимлар ўйинини алоҳида томоша қилишни хоҳлардингиз?

- Ўзи Конфедерациялар кубогида ҳеч қачон ажойиб ижрочилар танқислиги кузатилмаган. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас - ҳар бир иштирокчи турнирда энг кучли таркибига таянишни хоҳлайди.

Шундай экан, мухлислар учун чиройли футбол кафолатланган. Мисол учун, навбатдаги Конфедерациялар кубогини олайлик. Россия турнирида Криштиану Роналду ва Алексис Санчес каби мега-юлдузларнинг қатнашишлари эҳтимоли анча баланд. Энди айтингчи, бундай савиядаги ижрочилар ҳаракатлари кимни бефарқ қолдиради?

- 2013 йилги турнир юртингиз - Бразилияда ташкил этилди. Айтиш жоиз, ватандошларингиз мезбонликни ўрнига қўйишди. Бу борада россиялик мухлисларга қандай маслаҳат бера оласиз?

- Аввало, уларга ўйинлардан чинакамига завқ олишни тилайман. Мухлислар шунчаки, турнирни улкан воқелик сифатида қабул қилсалар, бас. Шубҳа йўқ, бу каби мусобақалар ҳар қандай мамлакат учун қимматли тажрибадир.

Мисол учун, Бразилия-2013 турнирини олайлик: деярли барча ўйинлар қойилмақом даражада ўтиб, улардан олам-олам таассуротлар қолди. Россияликлар ҳам Конфедерациялар кубогидан максимал наф олишга ҳаракат қилишлари керак. Ишончим комил, улар мундиалга бир йил қолган вақтда бебаҳо тажриба ҳосил қилишади.

Абраҳмонҳўжа АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz