Қайднома

Қидирув

Сара учлик ёхуд «Интерфутбол»нинг март ойи лауреатлари билан танишинг

Сара учлик ёхуд «Интерфутбол»нинг март ойи лауреатлари билан танишинг

  06.04.2017 16:51
  0
  862
Сара учлик ёхуд «Интерфутбол»нинг март ойи лауреатлари билан танишинг

Баҳорнинг дастлабки ойида одатдагидек, олий лиганинг навбатдаги мавсуми старт олди. Миллий термамиз эса ЖЧ-2018 саралашининг ҳал қилувчи босқичи доирасида иккита учрашув ўтказди. Таъкидлаш жоизки, ўта муҳим баҳслардаги нурсиз ўйин туфайли бош жамоада мақтовга лойиқ футболчи кўпчиликни ташкил этмади. Аниқроғи, фақат сардоргина эътирофга муносиб кўрилди. Аксинча, ички чемпионатда ўзини кўрсатганлар шу қадар кўп бўлдики, улар орасидан энг яхшиларини танлаб олишда қийинчиликка дуч келдик. Шунга қарамай, фаол футболчи ва мураббийлар рўйхатимизда дастлабки очколарни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди. Демак, март ойи лауреатлари билан танишинг!

Юқорида таъкидланганидек, Сурия ва Қатар термаларига қарши баҳсда миллий жамоамизнинг ўйини қовушмади, айниқса, Малайзияда кечган учрашув биз учун ёқимсиз натижа билан якунланди. Аммо шунга қарамай, шерикларидан алоҳида ажралиб турган футболчи бор - Одил Аҳмедов. Айнан сардорнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, Тошкентда ўтказилган ўйинда ҳамюртларимиз муҳим ғалабани қўлга киритишди. У жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Хуллас, март ойи лауреатлари рўйхатининг биринчи поғонасига Аҳмедовни муносиб, деб топдик. Тўғри, «Шанхай СИПГ» устози ички биринчиликда асосан бразилияликларга ишонч билдириб, легионеримизни захирада қолдирмоқда. Аммо шуниси аниқки, Одил қачон майдонга тушишидан қатъий назар, етакчиларга хос тарзда ўйнаб, жамоаси муваффақиятига муносиб улуш қўшади.

Янги мавсум старт олганидан буён тўртта ўйин ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган «Насаф» бу йил ҳам ниятлари жиддий эканини кўрсатмоқда. Жамоанинг тўпурар ҳужумчиси Драган Черан эса деярли барча учрашувларда рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда. Ўз навбатида, ассистентликни ҳам қойиллатаётган сербиялик легионер рейтингнинг иккинчи поғонасини эгаллади. Аслида, март ойи якунлари бўйича ҳам тўпурарлар, ҳам гол}пас рўйхатида пешқадамлик қилаётган Черан олий ўринга лойиқ кўрсаткичга эга эди. Бироқ миллий жамоамиз манфаати йўлида тер тўкаётган Аҳмедовнинг натижаси уникидан салмоқлироқ кўринди ва бунга қарши чиқадиганларни топиш амримаҳол.

Ўтган йили элитада қатнашиш бўйича етарли кўникмага эга бўлган «Обод» клуби жорий мавсум ўзининг чиройли ўйинлари билан кўпчиликнинг диққатини ўзига тортмоқда. Жамоа етакчиларидан бири Шоҳруз Норхонов эса ўтказилган баҳсларда фаоллик кўрсатиб, бошқа шерикларидан ажралиб турди. Тўғри, у ҳозирча битта гол урди, холос, аммо аксарият учрашувларнинг энг яхши футболчиси сифатида айнан Норхонов эътироф этилди. Унинг миллий жамоага муносиб экани ҳақида кўп гапирилди. Шоҳруз эса 2017 йилги чемпионатда бу мақтовлар бежиз айтилмаганини исботлашга астойдил киришган кўринади. Албатта, тўпурар ҳужумчига бу йўлда омадлар тилаймиз. Ҳозирча у лауретлар рейтингининг учинчи поғонасида.

Умуман, март ойида кучли учликка киришга даъвогар бўлганлар кўпчиликни ташкил этди. Айниқса, Филипп Райевац, Ивор Вейцер, Ғиёс Комилов, Жалолиддин Машарипов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Сардор Раҳмонов, Зафар Тўраев, Наврўз Ҳаипов, Баҳром Абдураҳимов, Достон Ҳамдамов каби маҳоратли футболчилар ҳам ёрқин ўйинлари билан мухлисларни хушнуд этишди.

Мураббийлар орасида биринчи ўринни «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев эгаллади. «Аждарлар»нинг олий лига жорий мавсумини кўтаринки кайфиятда бошлашгани ҳақида юқорида ҳам таъкидлагандик. Бу муваффақиятларда, албатта, тўғри таркиб ва тактика танлаётган мутахассиснинг ҳиссаси беқиёс. Қаршиликлар шу темпни сақлаб, навбатдаги турларда ҳам ғалабаларни қўлга киритишда давом этишса, ишончимиз комилки, кейинги ойларда лауреатлар рўйхатида Бердиевнинг номига яна кўп бора мурожаат этамиз.

Мазкур мақоланинг тўлиқ қисмини "Интерфутбол" газетасининг 28-сонида ўқишингиз мумкин.

Ўткир УМАРОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz