ЖЧ-2018 саралаш баҳслари якунланишига 3та тур қолган бир пайтда Ўзбекистон миллий жамоаси Жанубий Корея термасидан бир, пешқадам эронликлардан эса 5 очкога ортда қолмоқда. Афсуски, сўнгги 3та ўйиннинг иккитасини айнан шу рақибларга қарши ўтказамиз. Боз устига, кетма-кет Эрон ва Хитойга сафар уюштирамиз. Лекин «Чиқмаган жондан умид», дейишади. Биз Қатар билан бўлиб ўтган қийин баҳсдан сўнг терма жамоамиз етакчиларида фикр олдик.
Сервер Жепаров (Ўзбекистон м.т.ж. ярим ҳимоячиси):
- Ўйиннинг ҳар икки жамоа учун ҳам қийин кечиши олдиндан маълум эди. Боиси, учрашувгача қатарликларда ҳам мундиалга чиқиш имконияти сақланиб турганди. Шу сабабли улар мазкур баҳсда бор кучлари билан ўйнашди. Ўз навбатида, биз Сурия термасидан қабул қилинган мағлубиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда фақат ғалаба илинжида тўп сурдик. Меҳмонларда ҳам Тошкентдан очко билан қайтиш учун имкониятлар юзага келганди. Тўп икки бор дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Менимча, Қатар жамоасига омад етишмади. Сўнгги учрашувларда стандарт вазиятлардан тўпни жамоадошларимга аниқ етказиб бера олмаяпманми? Бундай деб ўйламайман. Узатма ҳар доим ҳам муваффақиятли чиқавермайди. Аввалги ўйинларни кўрган бўлсангиз, тўпни шерикларимга аниқ етказиб бергандим. Ўринли танқидга ҳамиша ижобий муносабатда бўлганман, лекин ҳозирги эътироз нотўғри. Шунингдек, ҳужумда хавфли вазиятлар камлигини айтишяпти. Биласизми, ҳозир аксарият жамоалар ҳимоявий услубни танлашмоқда. Айниқса, нисбатан кучсизроқ жамоалар. Қатар термасига қарши кечган учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун етарлича имкониятларга эга бўлдик. Афсуски, уларнинг фақат биттасидан унумли фойдалана олдик, холос. Бир томондан, бунга рақиб ҳимоячилари ҳам йўл қўйишмади. Улар кучли прессингни юзага келтиришди. Сурияликлардан қабул қилинган мағлубият ҳақида гапирсам, ўша ўйинда майдоннинг ҳолати жуда аянчли, боз устига, ҳаво жуда иссиқ эди. Буни баҳона тарзида қабул қилмасликларини сўрардим. Ҳа, улар ҳам худди шундай шароитда ҳаракат қилишди. Шунчаки, Сурия термасига омад кулиб боқди, бизга эса йўқ. Кейинги турда гуруҳ пешқадамига қарши меҳмонда ўйнаймиз. Ўзингиз гувоҳи бўляпсиз, барча учрашувлар қийин кечяпти. Нафақат биз, балки рақиб жамоаларга ҳам. Корея термаси хитойликларга ютқазди. Ўз майдонида Сурия жамоаси билан учрашувда қи-йинчиликка дуч келди. Меҳмонлар тепган тўп икки бор дарвоза тўсинига тегди. Гуруҳимиздаги барча баҳсларда кичик ҳисоб қайд этилмоқда, кўп гол урилмаяпти. Хитой термасини 2:0 ҳисобида мағлуб этдик. Ҳозирдан «Озоди» стадионида кечадиган учрашув тафтини сезиб турибман. Улар уч очкони қўлга киритсалар, муддатидан аввад мундиал йўлланмасини нақд қилишади. Лекин биз бунга йўл қўймаслик учун астойдил интиламиз. Биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олиш ниятидамиз. ЖЧ-2014 саралаш босқичида ҳам бу терма билан тўқнаш келгандик. Ўшанда ўз майдонимизда мағлуб бўлиб, Теҳронда зафар қучгандик. Насиб қилса, Эрондан ғалаба билан қайтамиз.
Азиз Ҳайдаров (Ўзбекистон м.т.ж. ярим ҳимоячиси):
- Қатар термаси билан баҳсда бизни ғалабадан ўзга натижа қониқтирмасди. Буни барчамиз яхши тушуниб тургандик. Мазкур ўйинга худди финал учрашувига чиққандек тайёргарлик кўрдик. Очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ эди. Якунда ниятимизга етдик. Мураббийларимиз қандай тактика танлашган бўлса, худди шундай ўйнадик. Тан олиш керак, рақибларимиз ҳам кучли ўйин намойиш этишди. Лекин якунда ўзимиз учун керакли бўлган натижани қўлга кирита олдик. Афсуски, сафарда Сурия термасига ютқаздик. Ҳаётда фақат олдинга интилиб яшаш керак. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш нафақат мухлислар, балки мураббий ва футболчиларнинг ҳам орзуси ҳисобланади. Ишқибозларга биргина эътирозим бор, футболчи яхшими ёки ёмон, майдондан чиқиб кетаётганда, олқишлар билан кузатиб қўйиш керак. Бу - этика. Икки ёки уч йилдан сўнг биз ҳам мухлислар қаторидан жой оламиз. Ўрнимизни эса ёш футболчилар эгаллашади. Юртимизда истеъдодли ёшлар бисёр. Ға-лаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Муҳим ўйин олдидан ишқибозлар футболчиларнинг руҳини синдириб қўймаслиги керак. Мухлислар бўладими, мураббий ёки футболчими, барчамиз ягона мақсад йўлида бирлашсак, Россияга албатта, борамиз.
Сардор Рашидов (Ўзбекистон м.т.ж. ярим ҳимоячиси):
- Фурсатдан фойдаланиб, учрашувни бевосита стадионда томоша қилган, қолаверса, телевизор орқали кузатган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдираман. Бу сафар уларнинг қўллаб-қувватлашига ҳар галгидан кўпроқ эҳтиёж сездик. Сурия термасидан қабул қилинган мағлубиятдан кейин қисқа фурсатда руҳий томондан тикланиб олиш қийин эди. Стадионни тўлдириб ўтирган мухлисларнинг олқиши натижасида муҳим ғалабага эришдик. Ўзим Қатарда ўйнаётганим учун бу терма ҳақида билганларимни мураббийлар билан ўртоқлашдим. Энди 12 июнь куни сафарда Эрон жамоасига қарши баҳс олиб борамиз. Гуруҳдаги энг мураккаб ва қийин ўйинимиз айнан мана шу бўлиши кутилмоқда. Насиб қилса, гуруҳимиз пешқадамини мағлубиятга учратиб, Тошкентга 3 очко билан қайтамиз. Менимча, жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи сўнгги турда Тошкентда ҳал бўлади.
Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20