Қайднома

Қидирув

Буюк дарвазабоннинг буюк рекордлари ҳақида

Буюк дарвазабоннинг буюк рекордлари ҳақида

  07.04.2017 10:28
  0
  1097
Буюк дарвазабоннинг буюк рекордлари ҳақида

Бетакрор Жанлужи Буффон сермаҳсул фаолияти давомидаги юбилей - 1000-ўйинини Италия терма жамоаси либосида нишонлади ва бунда ўзига хос рамзий маъно бордек.

Зеро, у аввало, садоқат намунаси ва итальян халқининг фидоий фарзанди сифатида ном қозонган. Interfutbol.uz сайти ижодкорлари буюк Жижининг буюк кўрсаткичи баҳонасида дарвоза қўриқчилари томонидан қайд этилган рекордлар дафтарини очишди...

1816 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича жаҳон рекорди. Бу натижа ўтган асрнинг 70-йиллари «Васко да Гама» мухлисларини беҳад қувонтирган Жеральдо «Мазаропи» Перейрага тегишли. Фақат еврофутболни олсак, бу борада «Брюгге»нинг собиқ кипери Дани Верлинден энг яхши натижага эга. У 1390 дақиқа давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.

1377та ўйин - юқори даражадаги ўйинларда кўп қатнашиш бўйича жаҳон рекорди. Бундай натижани Англия терма жамоаси ва «Лестер» ҳамда «Ноттингем Форрест» клублари шарафини ҳимоя қилган Питер Шилтон қайд этган. Хизмат дафтарчасига 1000дан ортиқ ўйин ёзилган камсонли дарвозабонлар орасида яна Дэвид Симэн, Рэй Клеменс ва Андони Субисаррета каби машҳурлар бор.

1311 дақиқа - дарвозани «қу-руқ» сақлаш серияси бўйича Европанинг топ-5та  чемпионати рекорди. Энг зўр миллий чемпионатлар рекордини голландиялик Эдвин ван дер Сар ўрнатган - 2009 йилнинг бошида «МЮ» сафида. Германиялик Мануэль Нойер бундан 6 йил муқаддам ушбу рекордни қулатишга зўр берди, аммо Хольгер Бадштубернинг автоголи барчасини чиппакка чиқарди. Яъни Нойернинг «қуруқ» серияси 1147-дақиқада узилди.

1127 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича собиқ иттифоқ футболи рекорди. Муаллиф - Виктор Банников (Киев «Динамо»си, 1968 йил).

974  дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича «А» серияси рекорди. Бу кимга тегишли? Албатта, Жанлуижи Буффонга-да. Жижи ўтган йили «қуруқ» сериясини деярли 1000 дақиқага етказди.

952 дақиқа -  дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Испания рекорди (барча турнирлар ҳисобидан). Икер Касильяснинг ажойиб серияси ЧЛ доирасида «Шальке»га қарши кечган баҳсда узилди. Аммо у Абель Ресино («Атлетико») томонидан ўрнатилган рекордни янгилашга улгурганди ва бу «Реал» фанатларига алоҳида фахр туйғусини бағишлади.

941 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Россия рекорди. Руслан Нигматуллин 1999 йилнинг октябридан 2000 йилнинг майигача «Локомотив» (Москва) дарвозасига гол урилишига йўл қўймаганди. Бундай узун серия ҳаттоки, Испания ва Германия чемпионатларида ҳам кузатилмаган.

912 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Германия бундеслигаси рекорди. «Бохум» дарвозасини қўриқлаган Рейн ван Дейнховен кетма-кет ўйинларда жамоаси жонига оро бериб, шу билан бундеслига голкиперлари учун чўққи ҳосил қилганди. Ушбу рекорднинг 30 йилдан буён янгиланмаётганини таъкидлаш жоиз.

776 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Ла-лига рекорди.  Клаудио Браво ушбу серияни «Реал Сосьедад» (21 дақиқа)да бошлаб, «Барселона»да давом эттирган. Эътиборлиси, чилилик кипернинг «қу-руқ» юришига 2014 йилги «Эль-класико»да Криштиану Роналду нуқта қўйганди.

762 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Украина футболи рекорди. Киев «Динамо»си ва мамлакат терма жамоаси дарвозасини узоқ вақт шараф билан ҳимоя қилган Александр Шовков-скийнинг серияси шунча дақиқага чўзилганди.

594 дақиқа - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича Европа чемпионати финал босқичлари рекорди. Эдвин ван дер Сар 3та турнир (1996, 2000 ва 2004 йиллар) давомида шундай натижага эришиб, Дино Зофф­га тегишли бўлган 494 дақиқалик рекордни янгилаганди.

168та ўйин - Италия терма жамоаси дарвозасини кўп қўриқлаш бўйича рекорд. Жанлуижи Буффон бу борада яна бир буюк амплуадоши Икер Касильясдан ўзиб кетди, аммо унинг жаҳон рекордига етиши амри-маҳол. Ахир Италия футболида унинг миллий жамоадаги ўрнига даъвогар ажойиб ёш киперлар бор.

162та ўйин - дарвозани «қуруқ» сақлаш серияси бўйича собиқ иттифоқ|Россия футболи рекорди. Игорь Акинфеев шунча ўйинда гол қўйиб юбормай, афсонавий Лев Яшин (собиқ иттифоқ биринчилигида 160та «қуруқ» ўйин) рекордини янгилади. Собиқ иттифоқ олий лигаси Россия премьер-лигасидан анча кучли бўлгани тайин, аммо факт шуки, энг яхши натижа ЦСКА дарвозабонига тегишли.

131та гол - тўпурар дарвозабон рекорди. Айрим манбаларда футбол тарихидаги энг сермаҳсул голкипер - Рожерио Сени («Сан-Пау-лу»)нинг ҳисобида 135та гол борлиги қайд қилинган. Бразилиялик дарвозабон бу голларининг барчасини жарима зарбаси ва пенальти орқали урган. Умуман, Сени 23 йилга чўзилган фаолияти давомида 1257та ўйин ўтказган.

102та ўйин - дарвозани «қуруқ» сақлаш бўйича аёллар футболи рекорди. АҚШ аёллар терма жамоасининг афсонавий голкипери Хоуп Солонинг бу борада эркаклар билан тенглашиши қийин. Умуман, у тарихда 100 «қуруқ» ўйин маррасига етган биринчи дарвозабон саналади. Айтганча, Соло ўтган йили швециялик аёлларни «Қўрқоқлар тўдаси», дея таърифлагани учун 6 ойга дисквалификация қилинди.

101та ўйин - дарвозани «қуруқ» сақлаш бўйича Испания терма жамоаси рекорди. Миллий жамоалар миқёсидаги жаҳон рекорди ҳам айнан Икер Касильясга тегишли. У голландиялик Эдвин ван дер Сар (72та ўйин) натижасини анча яхшилаб қўйди.

75 миллион евро - дарвозабонлар трансфери рекорди. Бунда инфляция ҳисобга олинган. Аслида Жанлуижи Буффон «Ювентус» сафига 2001 йили 54 миллион евро эвазига қўшилганди. Хуллас, инфляция даражаси инобатга олинса, бу сумма айни кунда 75 «лимон»га тенг. Демакки, Жижи 16 йилдан буён футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон бўлиб турибди.

42,6 фоиз - «қуруқ» ўйинлар нисбати бўйича рекорд. Жанлуижи Буффон Албания термасига қарши учрашувда 1000-ўйини нишонлашдан ташқари, 426-марта ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Бошқача айтганда, у ўйинларнинг деярли ярмида гол жабрини чекмаган. Жижи катта футболда 1995 йили буюк «Милан»га қарши учрашувда дебют қилиб, Жорж Веа, Роберто Баджо, Франко Барези, Деметрио Альбертини ва Паоло Мальдини каби юлдузларнинг «Парма» дарвозасини ишғол этишларига йўл қўймаганди.

41та гол - алоҳида натижа. Колумбия футболи афсонаси Рене Игита ғаройиб тақдир эгаси. У майдонда антиқа хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Дейлик, Англия термасига қарши учрашувда «чаён зарбаси» номини олган бетакрор «сэйв»ни амалга оширганки, мухлислар бу «ҳунари»ни ҳеч қачон унутмасалар керак.

28 нафар голкипер -  «Лев Яшин клуби» аъзолари. Ушбу фахрий рўйхатга собиқ иттифоқ ва Россия футболида 100та ёки кўпроқ ўйинда гол қўйиб юбормаган посбонлар киришади. Айни пайт рейтингни Игорь Акинфеев бошқариб боряпти, Ринат Дасаев ва Евгений Рудаков унинг ортида жойлашишган. Сергей Рижиков эса 5-поғонадаги Вячеслав Малафеев ўрнини эгаллаш имкониятига эга. Тўғри, унинг 4-поғонадаги Яшинга етиши анча мушкул. Зеро, афсонавий кипер ҳисобида 200тадан ортиқ «қуруқ» ўйин бор.

26та гол - Европа топ-лигалари рекорди. «Байер» ва «Бавария» клублари собиқ кипери Ханс-Йорг-Бутт шунча голга муаллифлик қилган. У шунингдек, ЧЛ баҳсларида 3та гол урган ва бу ҳам рекорд натижадир.

16та «сэйв» - жаҳон чемпионати рекорди. Ушбу натижа охирги ЖЧда қайд этилди. Яъни АҚШ термаси посбони Тим Ховард Бразилия мундиали доирасида бельгияликларга қарши кечган баҳсда нақ 16 марта «сэйв» кўрсатди.

13та гол - ўзига хос натижа. Петер Шмейхель ўз фаолияти давомида шунча гол урган. Эътиборлиси, даниялик кипер ҳаттоки, ўйин ҳолатидан ҳам ўз амплуадошини ранжитиш уддасидан чиққан. Гарчи катта Шмейхелнинг АПЛда «қуруқ» ўйинлар сони бобида ўрнатган рекордини янгилаган бўлсаларда, у хафа эмас. Яъни Каспернинг отаси фаолиятидан мутлақо мамнун. Айтишларича, ҳозир букмекерлик идораларида унинг невараси ҳам Англия чемпионатида ғолиб чиқиши юзасидан пул тикишаётган экан (боз устига, бобоси ва отасидан кам вақт сарфлаган ҳолда).

10та ўйин - жаҳон чемпионатидаги «қуруқ» ўйинлар. Фабьен Бартез ва Питер Шилтон мундиаллар финал раундида айнан шунчадан ўйинда ўз дарвозаларидан гол қўйиб юборишмаган.

7та турнир - совриндор бўлиш бўйича рекорд. «Ювентус» шарафини ҳимоя қилган Стефано Таккони (афсонавий Дино Зофф ўринбосари) 7та турнир ғолибига айланган - Италия чемпионати, Италия кубоги, Европа Чемпионлар кубоги, Европа суперкубоги, Қитъалараро кубок, УЕФА кубоги ва Кубок эгалари кубоги.

5та ЖЧ - мундиалларда иштирок этиш рекорди. Бу борадаги энг яхши натижа 2 нафар  голкипер (Жанлуижи Буффон - Италия ва Антонио Карбахаль - Мексика) ҳамда германиялик хавбек Лотар Маттеусга тегишли. Агар Жижи Россия-2018да ҳам ўйнаса, бу масалада мутлақ рекордчига айланади.

4та пенальти - ўйиндан кейинги серия рекорди. «Стяуа» дарвозабони Хельмут Дукадам «Барселона»га қарши кечган Чемпионлар кубоги финалининг ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида 4та зарбани бартараф этган. Бу элит турнир учун рекорд натижа, албатта.

4 марта - йилнинг энг яхши дарвозабони бўлиш бўйича рекорд. Оливер Кан УЕФА томонидан 4 марта «Олтин қўлқоп»га муносиб кўрилган. Жанлуижи Буффон эса бу мақомга атиги бир марта сазовор бўлган.

**** Александр Шовковский Германия-2006 мундиали доирасида Швейцария термасига қарши кечган ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида 3та зарбадан бирорта гол қўйиб юбормай, 100 фоизли натижага эришган.

*** Хосе Луис Чилаверт битта ўйинда 3та пенальтини аниқ амалга ошириб, ноёб «хет-трик» муалллифига айланган. Парагвай футболи фахри фаолияти давомида жами 67та гол урган.

*** 2 нафар голкипер Европа чемпионатида икки марта (2008 ва 2012 йиллар)-дан ғолиблик нашидасини сурган. Гап Икер Касильяс ва унинг ўринбосари Пепе Рейна ҳақида бормоқда.

*** Жанлуижи Буффон жаҳон чемпионатида шоҳсупага чиқишга қадар бўлган 7та ўйинда атиги 2та гол қўйиб юборган - яна бир рекорд кўрсаткич. Фабьен Бартез ва Икер Касильяс ҳам худди шундай натижа қайд этишган.

*** Икер Касильяс Евро-2012да атиги 1та гол қўйиб юборган. Эътиборлиси, у биринчи ўйинда Антонио ди Натале зарбаси олдида ожиз қолгани бўйича ҳал қилувчи ўйиннинг финал ҳуштаги чалингунига қадар ҳеч кимга имкон бермаган.

*** Футбол тарихида жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси мақоми атиги бир марта дарвозабонга насиб этган. Яъни 2002 йили Бразилия термасига қарши кечган финал баҳсида Роналдодан 2та гол қабул қилган Оливер Кан Осиёдан шу соврин билан қайтганди.

*** «Олтин тўп» ҳам атиги бир марта дарвозабонга берилган. Хуллас, бу борада Лев Иванович Яшин ҳамон ягоналигича қолмоқда.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Gianluigi Buffon - Road to Berlin - Best saves - 2015 HD

 


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz