Қайднома

Қидирув

Келажакни ўйлаб истеъфога чиқган мураббий ҳақида

Келажакни ўйлаб истеъфога чиқган мураббий ҳақида

  08.04.2017 09:04
  1
  2575
Келажакни ўйлаб истеъфога чиқган мураббий ҳақида

Биз Ўзбекистон миллий жамоаси ташвиши билан банд бўлиб, мағлубиятдан куюниб, ғалабадан қувониб турганимизда Осиё футболида анча-мунча воқеалар рўй берди. Худди бизнинг термамиз сингари БАА ҳам кўп муаммоларга дуч келди. Охир-оқибат вазият бош мураббий Маҳди Алининг истеъфога чиқарилиши билан якунланди.

Илк бор эшитганда, мазкур хабарга ишонгинг ҳам келмайди. Чунки бу мутахассис бошқарувидаги жамоадан анча-мунча азият чекканимиз боис, БАА термасини ушбу мураббийсиз тасаввур қилолмайдиган бўлиб қолгандик. Аммо бу дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Шу жумладан, Маҳди Алининг фаолияти ҳам. Ҳар қанча яхши ишламасин, сўнгги муваффақиятсизликдан сўнг у термада қолиши мумкин эмасди. Ва буни энг аввало, унинг ўзи тушунди.

МАҲДИ АЛИ

 

Бу мураббийни илк бора 2008 йили ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида таниганмиз. Ўша мусобақада Маҳди Али бошчилигидаги БАА ёшлари ажойиб ўйин намойиш этиб, ҳақли равишда ғолиб бўлишганди. Бизнинг ёдимиздан чиқмайдигани эса, финалда айнан Ўзбекистон терма жамоаси мағлуб этилганди. Турнирнинг энг яхши футболчиси биз кутгандек Шерзод Каримов эмас, балки Аҳмад Халил бўлганди. Кейинчалик БАА билан кўп тўқнаш келдик. Афсуски, бу тўқнашувлар бизнинг фойдамизга ҳал бўлмади.

Шундан сўнг кўп сувлар оқиб ўтди. Ҳар икки жамоанинг тақдири турлича кечди. БАА ёшлари йил ўтгани сари улғайиб, аксарияти миллий терма даражасига қадар етиб боришди. Маҳди Али эса ёшлардан сўнг ҳам БАА олимпия жамоаси, ҳам миллий термани бошқарди. Эришган ютуқлари орасида энг залворлиси 2012 йили Лондонда ташкил этилган Олимпиада йўлланмаси бўлди.

Таассуфки, бу ўринда биз учун яна бир аламли хотира бор - амирликлар футболчилари айнан бизнинг жамоани мағлубиятга учратиб, туманли ўлкадаги мусобақага йўл олишганди. «Жар» стадионида бўлиб ўтган ўша учрашувни жуда яхши эслаймиз. Ахир 2:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда учта гол ўтказиб, бой берилган ўйинни ким ҳам унутарди? Бундай аччиқ хотира мудом ёдимизда қолади. БААнинг ўша муваффақиятида Маҳди Алининг ҳиссаси беқиёс.

ҲАВАС ЁХУД ҲАСАД

Маҳди Али шу тариқа йил ўтгани сари биз учун таниқли бўлиб бораверди. Аввал ёшлар, сўнгра олимпиячилар ва кейинчалик миллий терма жамоа билан қаршимиздан чиқиб келаверди. Биз эса унинг муваффақиятларини баъзан ҳавас ва яшириб нима қилдик, баъзида ҳасад аралаш кузатдик. Чунки 2009 йили ёшлар ўртасида бўлиб ўтган ўша Осиё чемпионатида Аҳмад Убайдуллаев бош-қарувидаги жамоамиз ҳам порлаб чиққанди. Уларнинг Ватанимиз футболининг келажаги бўлишлари кутилганди. Аммо кейинчалик бу жамоадан деярли ҳеч нарса қолмади. Аслида, бизнинг ўйинчилар иқтидор жиҳатидан БАА футболчиларидан қолишмасдилар. Аммо ким билади, дейсиз, балки бунинг учун Маҳди Али каби мураббий етишмагандир? Ҳавасимиз ёхуд ҳасадимизнинг боиси айнан шунда эди.

Ҳозир ўша Ўзбекистон ёшлар термасидан фақат Ислом Тўхтахўжаев миллий жамоа даражасига қадар чиқа олди. У ҳам бўлса аллақачон захира футболчисига айланиб улгурган. Ўша йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга номзод сифатида зикр этилган Шерзод Каримов эса аллақачон ўртамиёна ўйинчига айланиб бўлган. Афтидан, унинг ўзи ҳам терма жамоани унутиб юборган кўринади. Чунки унга лойиқлигини исботлаш учун деярли ҳеч нарса қилгани йўқ. Ҳатто «Пахтакор»дан чақирмаган футболчиси деярли қолмаган Самвел Бабаян ҳам уни эслаб қўймаганига яна нима сабаб бўлиши мумкин?

Бир вақтлари Шерзод Каримов ва Аҳмад Халил Осиёнинг умидли ёшлари қаторида порлаб чиққан эдилар. Улардан бири ҳозир БАА миллий терма жамоасида қаторлаштириб голлар урмоқда, иккинчиси эса ўз клуби қобиғидан чиқиб кета олмаяпти. Нима деб ўйлайсиз, агар Аҳмад Халил ҳам гоҳ марказда, гоҳида эса қанотда ўйнаб, позициясини ўзгартираверганда иқтидорини бу қадар очиб берган бўлармиди? Маҳди Али ўз шогирдлари айнан қаерда фойда келтиришини яхши биладиган мураббий. Халилнинг бахтига деярли бутун фаолияти унинг бошқаруви остида кечди. Аввал ёшлар, кейин олимпиячилар ва ундан сўнг миллий терма жамоа таркибида. Нафақат Аҳмад Халил, балки ҳар бир футболчининг муваффақиятида Маҳди Алининг хизматлари жуда катта.

ИСТЕЪФО

Мана, энди шу мураббий истеъфога чиқди. Ва бу қарорга, энг аввало, унинг ўзи келди. Очиғи, ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида БАА термасига нима бўлганини тушуниш қийин. Жамоа 2015 йилги Осиё кубогида ярим финалга қадар бориб, бронза медалларини қўлга киритганди. Бу эса мақтовга арзигулик натижа. Масалан, биз 2011 йилги Осиё кубогида бундан ёмонроқ натижа қайд этган термамизни ҳалигача илиқ хотиралар билан эслаймиз. Ўша муваффақиятларнинг бош сабабчиси бўлган Вадим Абрамовнинг истеъфосини эса ҳалигача кечира олмаймиз.

Шу сабаб ҳам балки БАА футбол федерацияси Маҳди Алининг истеъфосини қабул қилиб янглишгандир?! Чунки жамоа ЖЧ саралашини ёмон бошламаган ва кимсан Японияни сафарда мағлубиятга учратганди. Аммо кейинчалик ишлар ортга кета бошлади ва БАА мағлубиятлар гирдобида ўралашиб қолди. Оқибатда Маҳди Али кетишга қарор қилди. Аммо бу истеъфодан қатъий назар, БАА футболи мухлислари уни узоқ вақт ёдда сақлашлари турган гап. Худди биз Вадим Абрамовни унута олмаганимиз сингари.

Бироқ майли, БАА терма жамоаси ва Маҳди Али ҳақида шунча гаплашганимиз етар. Энди эътиборни ўзбек футболига қаратсак. Зеро биздаги энг катта муаммолардан бири - ёшлар футболидан профессионал даражага ўтишнинг мураккаблиги эканини яхши биламиз. Бир ўйлаб кўринг, нима учун 2009 йилги БАА ёшлар терма жамоаси айни вақтда миллий терманинг асоси бўлгани ҳолда, биз ўз иқтидорларимизни йўқотиб қўйдик?

ЎЗБЕК ФУТБОЛИ

Ўз вақтида Аҳмад Убайдуллаев бошчилигидаги терма жамоага катта умидлар боғлаган эдик. Аммо бу ишонч оқланмади. Шерзод Каримов, Фозил Мусаев, Мурод Холмуҳаммедов, Санъат Шихов, Кенжа Тўраев, Даврон Мирзаев, Жасур Ҳасанов - уларнинг ҳеч бири миллий терма жамоа даражасига чиқа олмадилар. Бироқ шундай бўлишида айбдор ким?

Албатта, биринчи навбатда, уларнинг ўзи. Бу йигитлар Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Одил Аҳмедов, Азиз Ҳайдаров ва Александр Гейнрихлар билан рақобатда енгиб чиқа олмадилар. Шу боис ҳам сояда қолиб кетдилар. Футболда фақат ўзлигини исботлай олганларгина яшил майдонга қадам қўйишга ҳақли. Ким билади дейсиз, балки шундай бўлишида Аҳмад Убайдуллаевнинг ҳам айби бордир? Агар у ўз вақтида ҳимояга эмас, шогирдларининг иқтидорини очишга кўпроқ эътибор қаратмаганда, аҳвол бошқача бўлармиди. Бироқ афсуски, Аҳмад Убайдуллаев Маҳди Али бўла олмади.

ВАҚТ ЎТМОҚДА

Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир ЖЧ йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Термани бошқариб турган Самвел Бабаяннинг наздида эса айни вақтдаги таркиб ўзбек футболи тарихидаги энг кучлисидир. Бу гап қай даражада тўғри ёки нотўғри эканини айта олмаймиз, зеро ҳар бир инсоннинг ўз фикри бўлади. Бироқ мана шу «энг кучли авлод»нинг умри ҳам ўтиб бораётганини бемалол таъкидлай олишимиз мумкин. Ёш нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, уларда дарҳақиқат, энг кучли эканликларини исботлаш учун биргина имконият қолди. Афсуски, вақт бир жойда тўхтаб турмайди.

Сервер Жепаров 35, Александр Гейнрих 33, Виталий Денисов 30, Азиз Ҳайдаров ва Анзур Исмоилов 31 ҳамда энг ишонган футболчимиз - Одил Аҳмедов 29 ёшга тўлди. Уларнинг аксарияти катта эҳтимол билан ЖЧ-2022 саралашида қатнашишмайди. Ахир ҳамма ҳам Франческо Тотти бўла олмайди. Албатта, терма жамоа ҳар қандай ҳолатда ҳам, ёшидан қатъий назар, энг кучли футболчилардан ташкил топиши лозим. Бунга асло шубҳа қилмаймиз. Бироқ шу билан бирга ҳозирдан чорасини кўрмасак, эртага Одил Аҳмедов ёки Азиз Ҳайдаров тугул, ҳатто Марат Бикмаевнинг ўрнини босадиган ўйинчи ҳам топа олмай қолишимиз ҳеч гап эмас. ЖЧ-2018 саралаши ўз йўлига, яхшими, ёмонми у ҳам ўтади. Аммо кейин нима қиламиз?

БИЗНИНГ МАҲДИ

Аслини олсак, мақолани бежизга Маҳди Али мавзуси билан бошламадик. Иш тўғри йўлга қўйилган тақдирда иқтидорларни тарбиялаб олиш - уддаласа бўладиган иш. БААлик мутахассис ўз фаолияти орқали айнан шуни исботлаб берди.

Айни вақт юртимизда яна бир янги жамоа шаклланиб келмоқда. Яқинда Баҳрайнда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини томоша қилдик. Афсуски, ўша мусобақа биз учун кўнгилдагидек якунланмади ва вакилларимиз чорак финалда Эрондан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Бироқ натижадан қатъий назар, намойиш этилган ўйин ҳақида кўпроқ гапириш мақсадга мувофиқ. Биз анчадан буён бу қадар ёрқин, ҳужумкор ва энг муҳими - катта иштиёқ билан тўп сурадиган жамоа кўрмаган эдик. Тўғри, Жасур Абдураимов шогирдлари бу мусобақада ўз олдиларига қўйган вазифани бажара олмагандирлар, аммо мухлислар қалбида қолишнинг уддасидан чиқишди.

Жасур Абдураимовнингмураббийлик фаолияти худди Маҳди Алиники сингари бошланган. У ҳам болалар жамоасида ишлади. Узоқ йиллар давомида иқтидорларни тарбиялаб келди ва мана энди улар билан халқаро майдонга чиқиб келмоқда. Осиё чемпионатида унинг ишини ўз кўзимиз билан кўрдик.

Хушнуд Авилов, Жасурбек Яхшибоев, Достон Ибрагимов, Азизжон Ғаниев, Шароф Муҳиддинов, Бобур Абдухолиқов - бу футболчилар кашф этилишида Абдураимовнинг ҳам ўрни бор. Мураббий улардан қайсидир бирини 7-8 ёшидан буён тарбиялаб келмоқда. Бошқаларини эса терма жамоа бошқарувига тайинлангандан сўнг таркибга жалб қилди. Бироқ энг муҳими - у мана шу ёшларни бир жамоа сифатида бирлаштира олди. Баҳрайндаги Осиё чемпионати эса унинг ишига баҳо беришда асосий меъёр бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки у қиладиган иш ҳали етарли. Зиммасидаги масъулият ҳам.

Ҳозир Жасур Абдураимов худди Маҳди Али сингари миллий терма жамоа бошқарувига тайинланиши керак, демоқчи эмасмиз. Зеро бунга ҳақли эканини унинг ўзи исботлаши лозим. Аввал ўз жамоаси билан Осиё чемпионатида муваффақиятга эришсин, кейин Олимпиадага йўл олсин, у ёғи бир гап бўлар. Биз фақат шундай бўлишини истаймиз, холос. Бу истак қай даражада ҳақиқатга айланишини эса, яқин йилларда билиб оламиз...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Jasur Abduraimov terma jamoani boshqarishga loyiq ish qilib bo'ldi
08.04.2017 14:45

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz